The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Биохилмахиллик Ўзбекистоннинг келажаги учун қай даражада муҳим?

Мамлакат ва унинг халқи ривожланиши учун Биохилмахилликнинг аҳамиятини тўла тушуниб етиш учун, энг аввало, мазкур тушунчанинг мазмун ва моҳиятини билиш керак. “Биохилмахиллик нима?”, деган саволга кўпчилик мужмал қилиб бу “табиат” ёки “ёввойи ҳайвонлар” деб жавоб беради. Аммо Биохилмахиллик анча кенг тушунча бўлиб, у ҳаётнинг барча турларини ва сайёрамизда мавжуд барча табиий тизимларни ўз ичига олади.

Биохилмахиллик турғун тушунча эмас. У табиат барча биологик қисмларининг ўзаро боғлиқлиги ва бир-бирини тақозо этишини тан олади. Кўпинча мазкур тушунчанинг уч даражаси фарқланади: турларнинг биологик ранг-баранглиги – барча ўсимликлар ва ҳайвонларнинг, шу жумладан турли бактериялар ва микроорганизмларнинг ранг-баранглиги; генетик ранг-баранглик – турлардаги генетик материалнинг ранг-баранглиги ва уларнинг ўртасидаги Биохилмахиллик; экологик тизимларнинг ранг-баранглиги – экологик тизимларнинг бойлиги (масалан, тоғ ўрмонлари, чўллар ёки саванналар, саҳролар ва денгизлар ва ҳ.к.). Бу уч даража жамулжам ҳолда Биохилмахилликни ташкил этади. Шу сабабли мазкур даражаларнинг ҳар бирини асраш умуман Биохилмахилликни асраш учун муҳимдир.

altБиохилмахилликка бошқача кўз билан қараш ҳам мумкин. Чунончи, биз “биосфереа”да, яъни сайёрамизнинг жонли қисмида яшаймиз, деб айтиш мумкин. Биосфера – жуда фаол субстанция, лекин ўзининг турли биологик қисмларининг бойлиги туфайли, у ҳаётни асраш нуқтаи назаридан жуда барқарордир. Биосфера фақат биологик ҳаётнинг бойлиги туфайли сиртдан кўрсатилган таъсирлар (шоклар, қўзғатишлар)га дош беради. Бунда аралашувлар табиий (масалан, қуёш фаоллигидаги тафовут) ёки одамлар қўли билан амалга оширилган (ўрмонларни кесиш, қурилиш йўли билан вайрон қилиш ва ҳ.к.) бўлиши мумкин. Ерда ҳаётнинг ранг-баранглиги қанча камайса, биосферанинг сиртдан аралашувларга таъсирчанлиги шунча ортади. Биохилмахиллик қанча кам бўлса, сайёрамизнинг узоқ муддатли истиқболда яшаб қолиш имкониятлари шунча оз бўлади.

Биохилмахиллик мамлакатимизда халқнинг иқтисодий, эстетик, соғлиқни сақлашга оид ва маданий фаровонлигининг муҳим манбаи ҳисобланади. Аммо бутун дунёда Биохилмахиллик камайиб бораётгани, чунончи: ноёб генлар, турлар ва экологик тизимлар йўқ бўлиб кетаётгани мамлакатимизга ҳам таҳдид солмоқда. Бунинг сабаби битта – одамлар!!! Одамлар шундай бир шароитларни яратдиларки, уларда йўқ бўлиб кетган турлар миқдори 65 миллион йил олдинги динозаврлар давридан бошлаб бутун тарих мобайнида йўқ бўлиб кетган турлар миқдоридан ҳам кўпроқдир. Агар Биохилмахиллик йўқолишининг ҳозирги тезлиги сақланиб қолса, одамларнинг табиий яшаш жойларини бузиш, ифлослаш, иқлимни ўзгартириш борасидаги ҳаракатлари натижасида сайёрамиздаги турларнинг ярми 100 йилдан ҳам камроқ вақт ичида йўқ бўлиб кетади. Биохилмахилликка одамлар таъсирининг бош омиллари биологик ресурслар истеъмолининг ўсиб бораётгани, инсоннинг ишлаб чиқариш фаолияти, қишлоқ хўжалиги ҳамда одамлар яшайдиган жойлар кенгайиб бораётганидир.

Бу одамлар ривожланиш жараёнларини, ўз истеъмоли, савдо-сотиқ ва ҳоказоларни бутунлай тўхтатиши керак, деган маънони англатадими? Йўқ, англатмайди. Аммо инсоннинг ҳаёт фаолияти ва мавжудлиги учун неъматлар ишлаб чиқариш жараёнида Биохилмахилликка зиён-заҳмат етказмаслик ва уни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш йўлларини топиш устида барча одамлар бош қотиришлари лозим.

Биохилмахилликнинг аҳамияти

altБиохилмахиллик – одамлар ҳаёти учун муҳим ресурслар манбаи. Биохилмахилликнинг ёввойи ва хонаки (маданийлаштирилган) компонентларидан биз озиқ-овқат, кийим-кечак, овқат пишириш ва уй қуриш, мебель ясаш учун ёғоч, тиббиёт, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун материаллар оламиз.

Биохилмахилликдан олинадиган фойдани икки қисмга ажратиш мумкин:

  • Биологик хизматлар: Ўзбекистон асосан қишлоқ хўжалик мамлакати. Аммо қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш тўлалигича табиат сифатига боғлиқ. Биохилмахиллик мақбул сифатни қувватлаш бўйича хизматлар кўрсатади. Биологик турлар ранг-баранглиги қанча кам бўлса, улар шунча кам хизматлар кўрсатади ва қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши ҳамда қишлоқлардаги ҳаёт учун табиий ресурслар сифати шунча паст бўлади.
  • Маҳсулотлардан тўғридан-тўғри фойдаланиш: Мамлакатимизда Биохилмахиллик маҳсулотларидан фойдаланиш ёнилғи сифатида ишлатиш учун ёғоч йиғиш, овчилик, озиқ-овқат сифатида ишлатиладиган ўсимликларни, доривор гиёҳларни териш ва ҳоказолар орқали амалга оширилади. Биохилмахиллик маҳсулотларидан фойдаланиш кўпинча нооқилона амалга оширилади, яъни табиат тиклашга қодир бўлган даражадан кўпроқ йиғилади.

ГЭФ КГД Биохилмахилликни асраш учун нималар қилади?

Бу йўналишда ГЭФ КГДнинг умумий мақсади – мамлакатнинг биологик ранг-баранглигини, шу жумладан генетик, турлар ва экологик тизимлар ранг-баранглигини асраш.

Юқорида қайд этиб ўтилганидек, Ўзбекистонда Биохилмахиллик йўқолиб бораётганининг асосий сабаби Биохилмахиллик мавжуд табиий жойлар асосан қишлоқ хўжалигининг кенгайиши ҳисобига бузилиши, Биохилмахиллик маҳсулотлари ва хизматларидан оқилона фойдаланилмаслиги оқибатида Биохилмахиллик ресурслари таназзулга юз тутиши, уларнинг сони камайиб боришидир.

alt

Расмга тақриз:
Ўзбекистон Биохилмахиллиги
26 минг тур
11 минг турдаги ўсимликлар
15 минг турдаги ҳайвонлар

Биохилмахиллик – ГЭФ КГД фаолиятининг асосий йўналишларидан бири. Бу ерда атроф муҳит учун қулайликларга эришишда муваффақият гарови давлатнинг саъй-ҳаракатлари билан эмас, балки Биохилмахиллик ресурсларидан бевосита фойдаланувчи маҳаллий аҳолининг хатти-ҳаракатлари билан белгиланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда Биохилмахиллик ҳолатини яхшилаш учун ГЭФ КГДни амалга оширишдан кўриладиган самара тўлалигича маҳаллий аҳолининг ўз муаммоларини ечишдаги фаоллигига боғлиқдир.

Ўзбекистоннинг биологик ранг-баранглигини асрашда ГЭФ КГД Биохилмахилликнинг йўқ бўлиш сабабларини бартараф этишга, яъни қишлоқ хўжалиги кенгайишининг табиий яшаш жойларига салбий таъсирига чек қўйишга, Биохилмахиллик маҳсулотлари ва хизматларидан оқилона фойдаланмаслик амалиётларига барҳам беришга қараб мўлжал олади. Бошқача қилиб айтганда, ГЭФ КГД ўз лойиҳалари орқали табиий шароитларда Биохилмахилликни асраш учун шароитлар яратишга ҳаракат қилади ва аҳоли Биохилмахиллик ресурсларини табиат мазкур ресурсдан фойдаланишнинг кейинги мавсумигача тиклашга қодир бўлган миқдорда фойдаланишини назарда тутадиган амалиётни йўлга қўяди.

Лўнда қилиб айтганда, ГЭФ КГД қуйидаги йўналишларда иш олиб боради:

1.1-вазифа: Қишлоқ хўжалик ва бошқа хил экинзорлар Ўзбекистоннинг муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлари ва муҳим биологик турлар яшайдиган жойларга қараб кенгайишининг олдини олиш

Ўзбекистоннинг муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлари мамлакатда Биохилмахилликни асрашнинг ўзаги ҳисобланади. Шу сабабли ҳозирги даврда “муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда мавжуд Биохилмахилликни асраш” мамлакатимиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Асосий таҳдидлардан бири қишлоқ хўжалигининг ривожланиши, аниқроқ айтганда, қишлоқ хўжалиги учун янги ҳудудларнинг ўзлаштирилишидир. КГДнинг вазифаси – бундай кенгайишнинг олдини олиш ва имкониятга қараб, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар атрофидаги ҳудудларни тиклаш ёки муҳим биологик турлар яшайдиган жойларни тиклаш, улар ёввойи турлар яшаши учун мақбул жойларга айланишига эришиш.

ГЭФ КГД ҳудудлардан фойдаланишни тақиқлашни тарғиб қилиш лозим, деган принципдан келиб чиқмайди. Фойдаланиладиган ҳудудлар маҳаллий аҳолига даромад манбаи сифатида зарур. Уларни олиб қўйиш вазиятни ечиш йўли эмас. Шу маънода муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва муҳим биологик турлар яшайдиган жойлар атрофидаги фойдаланилаётган ҳудудларда фаолиятнинг муқобил турларини ёки уларда мавжуд фаолият турларига нисбатан муқобил ёндашув/амалиётларни жорий этиш муҳим вазифа ҳисобланади. Таклиф қилинаётган янги фаолият турлари ёки айни шу фаолиятга нисбатан ўзгача ёндашувлар экологик тизим, муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ёки муҳим биологик турлар яшайдиган жойга амалда фойда келтириши лозим.

Шу сабабли ГЭФ КГДда потенциал аризачилар учун қуйидаги саволга жавоб бериш муҳимдир: яқинроқда муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ёки муҳим биологик турлар (ўсимликлар ёки ҳайвонлар) яшайдиган жойлар борми? Агар улар бор бўлса, ГЭФ КГД сизнинг илтимосингизга кўра уларни асрашда сизга ёрдам беради.

1.2-вазифа: Таназзулга юз тутган экологик тизимларни, шунингдек Биохилмахилликнинг вазифалари ва хизматларини тиклаш ва ривожлантириш

Бу вазифа мақсади Биохилмахиллик объектларини асраш ва улардан барқарор фойдаланиш учун қулай бўлган мавжуд ҳудудларни тиклаш ёки яхшилашдан иборат бўлган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Мазкур вазифа ҳудудлар ва биологик мажмуаларни жисмоний тиклашнигина эмас, балки ушбу ҳудудларни бошқаришни яхшилашни ҳам назарда тутади.

Экологик яхлитлик ҳамда тикланаётган ҳудудлар ўртасидаги алоқасиз мазкур иш ўз мазмунини йўқотган бўлур эди. Шу сабабли тузилаётган лойиҳалар тикланаётган ҳудудлар, агар қонун ҳужжатлари бунга йўл қўйса, мавжуд муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ёки муҳим биологик турлар яшаши учун ҳанузгача қулай бўлган табиий мажмуалар ичида ёки уларнинг атрофида (ёки уларнинг яқинида) жойлашиши мақсадга мувофиқ эканлигини ҳисобга олиши лозим.

Бундан ташқари, мазкур вазифа экологик тизимнинг соғлом мавжудлигига ижобий таъсир кўрсатадиган таназзулга учраган хизматлар ва функцияларни тиклашни ҳам ўз ичига олади.

1.3-вазифа: Мавжуд табиий ҳудудлардаги Биохилмахилликка, шунингдек Биохилмахиллик маҳсулотлари ва хизматларига салбий таъсирни камайтирадиган хўжалик фаолиятининг ҳар қандай турларини ривожлантириш

Мазкур вазифа асосан табиий шароитда ўсадиган ёки яшайдиган Биохилмахиллик ресурсларидан фойдаланишни ҳамжамиятларнинг ўзлари яратган ресурслар билан алмаштиришга қаратилган. Бошқача қилиб айтганда, табиий шароитларда ўсувчи ёки яшовчи табиий биологик ресурслар истеъмолини қисқартириш учун КГД лойиҳалари ўз ўхшаш ресурсларини ишлаб чиқаришга қаратилади. Бундан ташқари, мазкур вазифа олдинги хўжалик фаолиятини маҳаллий аҳолини иш билан таъминлашнинг муқобил вариантлари билан алмаштиришни ҳам назарда тутади. Мазкур вариантлар янада даромадлироқ бўлиши ва шу билан бир вақтда экологик тизимларга тикланиш имкониятини бериши мумкин. Бундай алмаштиришга ўрмончилик бўйича Нурота лойиҳаси мисол бўлади. Мазкур конкрет мисолда яратилаётган боғлар ва ўрмонзорлар маҳаллий аҳолининг ўрмон маҳсулотларига бўлган талабини қондиради, шу тариқа табиий ўрмонларга тушувчи юкни камайтиради ва маҳаллий аҳолига анча жиддий, қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилади (батафсилроқ маълумотни бу ердан олиш мумкин).

Биохилмахилликнинг табиий ресурсларига тушадиган юкни камайтиришга бошқа бир мисол мавжуд ресурслардан фойдаланиш барқарор амалиётларини ривожлантиришдир. Бундай лойиҳалар нафақат ресурсдан фойдаланиш имконини беради, балки мазкур ресурсни тиклаш ва кўпайтириш учун ҳам имконият яратади.

Саҳифадаги расмлар муаллифи – Александра Поварич