Иқлим ўзгариши нима?
Иқлим ўзгариши муаммоси ҳақида ҳар биримиз оммавий ахборот воситаларининг турли манбаларидан ҳар куни эшитсак керак. Бу бежиз эмас.
Иқлим ўзгариши – атмосферада парник газлари ҳаддан ташқари кўп миқдорда тўпланиши натижасида дунё миқёсидаги барқарор иқлим жараёнларининг ўзгариши. Парник газлари рўйхати билан сиз қуйида, мазкур саҳифанинг охирида танишишингиз мумкин.
Атмосферада парник газларининг бундай ғайритабиий кўпайиши инсон фаолияти, чунончи: энергия ишлаб чиқаришда, кимё саноатида ва бошқа ишлаб чиқаришларда нефть, газ ва кўмирдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланилиши натижасида юз беради. Атмосферадаги миқдори йилдан-йилга кўпайиб бораётган асосий парник газлари оксидланган газ ва метандир. Маълумки, метан табиий газнинг асосий элементи ҳисобланади.
Парник газлари атмосферада тўпланиб, сайёранинг қизиган сирти таратувчи ортиқча иссиқлик космосга тарқалишига йўл қўймайди ва атмосферанинг қизишига сабаб бўлади. Ҳарорат ошиши натижасида музликлар эрийди. Музликлар эриганда океан сувининг ҳарорати ва физик хоссалари ўзгаради, океан оқимлари ўзгаради, мазкур оқимларга боғлиқ бўлган мамлакатларда иқлим ўзгаради, глобал гидрологик цикл ва иқлимни яратувчи глобал жараёнлар ўзгаради. Мазкур ўзгаришлар натижаси ўлароқ, ёғингарчиликлар амплитудасида катта ўзгаришлар юз беради – дам умуман ёғингарчиликлар бўлмайди, дам ҳаддан ташқари кўп ёғингарчилик бўлади; натижада қурғоқчилик ва тошқинлар кўпаяди; табиий офатлар – торнадо, тайфунлар, селлар, кўчкилар кўп юз беради.
Бир қарашда бу унча қўрқинчли бўлиб туюлмаслиги мумкин. Аммо Ерда ҳарорат яна 5 градусга кўтарилса, барча жараёнлар орқага қайтариб бўлмайдиган тус олади ва сайёрамизда ҳар қандай ҳаётга жиддий хавф туғилади. Инсон биологик тур сифатида яшаб қолиши масаласи кун тартибидан ўрин олади. Айни шу сабабли бу муаммо олмашумул аҳамият касб этади.
Қайси ҳаракатларимиз иқлим ўзгаришига олиб келади?
Мазкур муаммонинг оламшумуллиги барча одамлар учун умумий бўлган оқибатлар – одамзотнинг йўқ бўлиб кетиш хавфи билангина эмас, балки бу муаммога биз қўшаётган ҳисса билан ҳам белгиланади. Гап шундаки, Ер юзининг қайси нуқтасида атмосферага парник газлари ажралаётгани аҳамиятга эга эмас: мазкур жараёнлар Ўзбекистонда юз берадими, Филлипин, Хитой ёки Англиядами – бундан қатъи назар, парник газининг ҳар битта бирлиги қўшилиши бутун дунё иқлим тизимига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис газлар атмосферага қаерда чиқарилаётгани эмас, балки қанча чиқарилаётгани муҳимдир. Ҳар қандай энергия истеъмоли, чунончи: чироқ ёқиш, уй иситиш, ўтин ёқиб овқат тайёрлаш ва ҳоказолар натижасида атмосферага парник газлари чиқарилади.
Бу биз мазкур ҳаракатларга барҳам беришимиз керак, деган маънони англатадими? Йўқ, албатта. Бу ерда гап биз энергиядан фойдаланишда қай даражада тежамкор эканлигимизда. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, биз энергия истеъмолини икки баравар қисқартиришимиз мумкин ва бу қисқартириш ҳаётимизнинг сифатига салбий таъсир кўрсатмайди. Дарҳақиқат, кўпгина лампочкалар беҳуда ёнади. Ахир ёруғлик ҳеч кимга керак бўлмаганида лампочкани ўчириб қўйиш мумкин-ку. Биз қандай лампочкаларни ишлатамиз? Улар тежамлими? Ҳозирги вақтда энергияни бир неча баравар кам сарфлайдиган лампочкалар бор ва улар сотувда мавжуд. Биз ўз турар жойимизни иситамиз. Бундай иситиш қай даражада самарали? Агар уйимизда шифтда ҳам, эшикларда ҳам битта ойнали ромлар ўрнатилган, ромларда тирқишлар бор бўлса, уйимизни қанча иситмайлик, у барибир лозим даражада исимайди. Хўш, бунда қанча ёнилғи исроф бўлади? Айни ҳолда ёнилғи қаерда (ҳовлида ёки марказлаштирилган қозонхонада) исроф қилинаётгани аҳамиятга эга эмас. Уйдан бир неча юз метр нарида жойлашган дўконга машинада бориш шартми? Балки дўконга пиёда ёки велосипедда бориб келса бўлар?
Шу боис биз ҳар бир киши ўзига: “Мавжуд энергиядан мен қандай фойдаланяпман?”, деган саволни беришини истаймиз.
Расcом - Александра Поварич
Иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун ГЭФ КГД нималар қиляпти?
Иқлим ўзгаришининг олдини олиш масалаларига ГЭФ КГДнинг 2-натижаси бағишланган:
2-натижа: Маҳаллий аҳоли энергиядан фойдаланиши натижасида атмосферага чиқариладиган парник газлар миқдори қисқартирилди
Мазкур натижа маҳаллий аҳоли энергиядан фойдаланиши натижасида атмосферага чиқариладиган парник газлар миқдорини қисқартириш йўли билан глобал иқлим тизимига таъсирни камайтиришга қаратилган. КГДнинг вазифаси саноатда, энергия тақсимлаш тармоқларида ва давлат аралашуви ҳамда оқилона ҳуқуқий тартибга солиш талаб этиладиган бошқа жойларда чиқиндиларни қисқартиришдан иборат эмас. Бу борада ГЭФ КГД аҳоли энергияни бевосита истеъмол қилувчи даражада чиқиндиларни қисқартириш билан шуғулланади. Мазкур натижанинг мақсади мавжуд энергия манбаларидан фойдаланишнинг самарадорлигини оширишдир. Бунга икки йўналишни ривожлантириш ҳисобига эришилади: 1) жойларда энергиядан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш; 2) маҳаллий аҳоли томонидан энергия олиш муқобил манбаларини амалга жорий этиш.
2.1-вазифа: Маҳаллий аҳоли томонидан энергиядан фойдаланишнинг самарали йўлларини намойиш этиш ва бу борада тўпланган тажрибани кенг ёйиш
Аксарият ҳолларда аҳоли энергия истеъмолини қисқартириш йўллари ва усулларини билмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда энергия манбаларининг нархлари нисбатан арзон – давлат томонидан субсидияланган бўлиб, кўпчилик энергиядан фойдаланишни қисқартиришга ўзида рағбат сезмайди, чунки уларнинг энергия учун харажатлари вақт бўйлаб тақсимланган. Энергиядан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш учун эса, аксарият ҳолларда бир марталик инвестициялар қилиш талаб этилади. Мазкур инвестициялар миқдори одамлар кундалик асосда энергия харид қилишга сарфлайдиган харажатлардан бир қарашда бир неча баравар кўп бўлиб туюлиши мумкин. Шунга қарамай, энергиядан фойдаланишнинг самарадорлиги табиатни муҳофаза қилиш нуқтаи назаридангина эмас, балки иқтисодий нуқтаи назардан ҳам жуда муҳим эканлигини кўрсатиб бериш муҳимдир.
Шу туфайли ҳам, мазкур вазифа уйларнинг иссиқлик ўтказувчанлигини такомиллаштириш йўли билан энергиядан фойдаланишнинг самарадорлигини, рўзғор буюмлари, иситиш системалари, овқат тайёрлаш мосламалари ва ҳоказоларнинг самарадорлигини ошириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назарда тутади.
ГЭФ КГД одамлар томонидан осон идрок этиладиган, хўжалик юритишнинг кундалик амалиётига энергиядан фойдаланиш жиҳатидан самарали технологияларни жорий этишнинг афзалликларини намойиш қиладиган, кенг ёйиш қулай бўлган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши муҳимдир.
2.2-вазифа: Маҳаллий аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондириш учун энергия ишлаб чиқаришнинг самарали усулларини намойиш этиш ва бу борада тўпланган тажрибани кенг ёйиш
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон аҳолиси муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш борасида билим, тажриба ва кўникмаларга деярли эга эмас. Шу билан бир вақтда, техник жиҳатдан амалга татбиқ этиш ва фойдаланиш жиҳатидан содда ва қулай, молиявий жиҳатдан анча арзон бўлган муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг кўплаб вариантлари мавжуд.
БМТРД ва бошқа халқаро ташкилотлар, элчихоналар қошидаги турли марказлар ва бошқа тузилмалар муқобил энергия манбаларини намойиш қилиш ва амалга жорий этиш бўйича бир қанча “пилот” лойиҳаларни амалга оширганлар. Маҳаллий шароитларда муқобил манбалардан фойдаланиш борасида тажриба мавжуд. Аммо бу тажриба лозим даражада кенг тарқатилаётгани йўқ. Айни шу сабабли ГЭФ КГДнинг вазифаси тўпланган тажрибани умумлаштириш ва уни КГД лойиҳалари орқали кенг тарқатишдан иборат.
Бундан ташқари, ГЭФ КГД Киото протоколининг аксарият инвесторлар учун жалб қилувчан бўлмаган, лекин маҳаллий аҳоли ижтимоий-иқтисодий наф кўриши учун кенг имкониятларга эга бўлган Соф Ривожланиш Механизми (СРМ) лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашади. СРМ кичик лойиҳалари СРМ дастурларига бирлаштирилиши мумкин. ГЭФ КГДнинг вазифаси – ижтимоий йўналтирилган СРМ дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашадиган ҳар қандай ташаббусларни ривожлантиришга кўмаклашиш.
Иқлим ўзгариши сабаби ҳисобланган иссиқхона газлари