The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Иқлим ўзгаришига мослашиш керакми?

Иқлим ўзгариши муаммоси билан сиз юқоридаги бобда танишдингиз.Биз иқлим ўзгариши нима эканлигини биламиз. Лекин нималарга тайёр бўлишимиз керак? Иқлим ўзгариши оқибатларини ўтказиш учун тайёргарлик кўришимиз керакми?

Ҳозирда аниқ айтиш мумкинки, Ўзбекистон иқлим ўзгариши муаммоси айниқса ўткир кечадиган давлатлар қаторида бўлади. Содир бўлиши мумкин бўлган оқибатлар қаторида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

  • Сув ресурслари тақчиллигининг кучайиши;
  • Ўртача ҳароратнинг ошиши;
  • Ёғингарчиликларнинг нотекис тақсимланиши – ёғингарчиликларсиз қурғоқчилик узоқ давом этиши ва бир мартада кўп миқдорда ёғингарчиликлар бўлиши;
  • Қишлоқ хўжалигида етиштириш учун мақбул экинлар таркиби бутунлай ўзгариши;
  • Ҳарорат режими кучайиши натижасида аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар кўпайиши;
  • Ўсимликлар ва ҳайвонларнинг аксарият турлари яшайдиган ареаллар қайта тақсимланиши, демак, экологик жараёнлар, бериладиган маҳсулотлар ва бажариладиган функциялар тубдан ўзгариши;
  • Саҳролашиш жараёнларининг кучайиши, демак, яшаш ва хўжалик юритиш мумкин бўлган ерлар камайиши;
  • Иқтисодиёт секторлари таъсирининг тўлиқ қайта тақсимланиши;
  • Олдиндан аниқ айтиш қийин бўлган бошқа кўпгина оқибатлар. Кўрилиши мумкин бўлган зарарни ҳали ҳеч ким ҳисоблагани йўқ. Аммо, ўз-ўзидан равшанки, зарар етказилганидан кейин ниманидир тиклагандан кўра, зарарнинг олдини олиш арзонроқ. Шу сабабли мамлакат аҳолисига юқорида зикр этилган оқибатларга тайёргарлик кўриш ва уларга олдиндан мослашиш имкониятини берадиган ҳар қандай ҳаракатлар ўзини оқлайди.

Яхши ҳимоя қилинмаган гуруҳлар

Кўриб чиқилаётган оқибатларга қараб, аҳолининг яхши ҳимоя қилинмаган турли гуруҳлари фарқланади:

  • Сув ресурслари тақчиллигидан ҳамма жабрланади, аммо у аҳолининг ҳаёт таъминоти ва тирикчилиги сув мавжудлигига бевосита боғлиқ бўлган гуруҳлари, масалан фермерларга айниқса шикастли таъсир кўрсатади;
  • Температура режимининг ўзгариши қишда энергия ресурсларига бўлган талаб режимида акс этади;
  • Иқлимнинг салбий ўзгариши мамлакатнинг биологик ранг-баранглигига, демак биологик ресурслар мавжудлиги муҳим бўлган барча одамларга, яъни бизнинг ҳаммамизга шикастли таъсир кўрсатади.

Шу контекстда биз энергия мавжудлиги ва уни беришнинг барқарорлиги нуқтаи назаридан яхши ҳимоя қилинмаган гуруҳларга алоҳида тўхталиб ўтишни истар эдик. ГЭФ КГД нуқтаи назаридан, айнан энергия ресурсларининг мавжудлиги аҳолининг кўпгина гуруҳлари яхши ҳимояланмаганлигини белгиловчи асосий омил ҳисобланади.

ЎзР Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, 2000 йилгача бўлган ҳолатга кўра Ўзбекистонда миллий электр тармоғига уланмаган 1,500 га яқин аҳоли яшайдиган пункт мавжуд бўлган. Булар асосан тармоқдан электр билан таъминлаш транспорт харажатлари катталиги ва мазкур аҳоли тўлов қобилиятининг пастлиги ёки электроэнергия учун ҳақни йиғиш қийинлиги туфайли рентабелли бўлмаган овлоқ шаҳарчалар ва қишлоқлардир. Бундан ташқари, кўпгина минтақаларда, айниқса қишда, электроэнергия таъминотида узилишлар тез-тез юз беради, яъни электроэнергиядан фойдаланиш имконияти барқарор эмас.

Энергия таъминотининг барқарорлиги республика қишлоқлари ривожланишининг гаровига айланган. Энергия таъминотининг беқарорлиги, углеводород ёнилғини етказиб бериш нархларининг баландлиги маҳаллий қайта ишлаш корхоналарининг ривожланишига монелик қилмоқда ва ишлаб чиқариш жараёнлари учун энергиядан узлуксиз фойдаланиш талаб этиладиган бошқа ишлаб чиқаришлар, масалан, иссиқлик хўжалиги, сутни қайта ишлаш корхоналарининг ривожланишига имконият бермаяпти. Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши ривожланмагани аҳолининг ижтимоий ҳолатига ўз таъсирини кўрсатмоқда, деҳқончилик ва чорвачиликдан даромад олиш имкониятларини камайтирмоқда. Танлаш имкониятлари чекланганлиги туфайли, ўсиб бораётган қишлоқ аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланадики, айни ҳол, юқорида қайд этиб ўтилганидек, ерлар завол топиши ва биологик ранг-баранглик йўқолишининг бош омилларидан биридир.

Энергия таъминоти беқарорлигининг бошқа бир билвосита оқибати қишлоқ аҳолиси ўзини ёнилғи билан таъминлаши учун ўрмонлар ва дарахтларнинг кесилишидир. Ёзда бундай юк унча катта эмас, чунки ёнилғи асосан овқат тайёрлаш учун талаб этилади, аммо қишда турар жойларни иситиш учун ўрмонлар ва дарахтларни кесиш оммавий тус олади. Ўрмонлар ва дарахтзорларнинг сийраклашуви ерлар завол топиши ва биологик ранг-баранглик йўқолишининг бош омили ҳисобланади. Шу билан бир вақтда, бу маҳаллий аҳоли олиши мумкин бўлган даромад бой берилишига, чунончи: чорва учун яйловлар йўқолишига; ўрмоннинг дарахтлардан бошқа маҳсулотларидан олиниши мумкин бўлган даромад бой берилишига; соғлом ва эстетик жиҳатдан диққатга сазовор экологик тизимларда рекреациядан олиниши мумкин бўлган даромад бой берилишига олиб келади.

Шундай қилиб, энергия таъминотининг барқарорлиги қишлоқ аҳолисининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Айни ҳолда қишлоқ аҳолиси, шаҳар аҳолиси билан таққослаганда, яхши ҳимоя қилинмаган гуруҳ ҳисобланади.

Иқлим ўзгаришига мослашиш учун ГЭФ КГД нималар қиляпти?

Бу масалага ГЭФ КГД 3-натижаси бағишланган:

3-натижа: Иқлим ўзгаришига айниқса таъсирчан бўлган аҳоли гуруҳлари юз бериши мумкин бўлган оқибатларга тайёрланган

Ўзгараётган иқлим шароитларига мослашиш жамиятимиз учун нисбатан янги концепциядир. Шу сабабли КГДнинг вазифаси айни ҳолда иқлим ўзгаришига маҳаллий даражада қандай қилиб тайёргарлик кўриш мумкинлигини намойиш этиш ва тажрибани кенг ёйишдан иборат.

3.1-вазифа: Иқлим ўзгариши салбий оқибатларининг олдини олиш ёки мазкур ҳодисанинг ижобий оқибатларидан кўпроқ наф кўришга маҳаллий аҳолининг тайёрлик даражасини ва унинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш йўлларини намойиш этиш ва бу борада тўпланган тажрибани кенг ёйиш

Мослашиш лойиҳаларига мисол бўлиб ГЭФ КГДнинг бошқа мамлакатлардаги лойиҳалари хизмат қилиши мумкин. Мазкур вазифа билан боғлиқ тадбирлар маҳаллий аҳолининг табиий офатларни қарши олишга тайёрлик даражасини оширишни, ичимлик суви олишнинг хавфсизлигини кучайтиришни ёки кутилаётган сув ресурслари тақчиллиги нуқтаи назаридан қишлоқ хўжалиги учун сув истеъмолини камайтиришни, мазкур ҳудудда биологик масса ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига озиқ-овқат хавфсизлигини кучайтиришни ва ҳоказоларни назарда тутиши мумкин.