The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Лойиҳа қандай бошланади?

Биз лойиҳалар орқали ишлаймиз. Лойиҳа ўзи нима? Лойиҳа – бу муайян мақсад, ғояга эришиш учун аниқ вазифалар ва тадбирларни бажариш жараёнидир. Лойиҳада сиз эришмоқчи бўлган ишнинг режаси, бюджети, ишлар жадвали, вақт доираси ва бошқа жиҳатлари кўрсатилади. Аммо биринчидан...

Ҳар қандай лойиҳа ғоядан бошланади. Ғоя муайян муаммо борлигини ва уни ҳал этиш зарурати мавжудлигини кўриб турган алоҳида одамда ёки кишилар гуруҳида пайдо бўлиши мумкин. Албатта, бу муаммо у ёки бу тарзда атроф-муҳит билан боғланган бўлиши керак. ГЭЖ КГД фаолият кўрсатадиган мавзулар ҳақидаги маълумот ГЭЖ КГДнинг Тематик қизиқарли мақолалар бўлимида ёки НАШРлар саҳифасида тақдим этилган.

Шундай қилиб, аввало сизда муаммо бўлиши ва у атроф-муҳит билан боғланган бўлиши керак. Шу боис биз мавзулар бўйича бўлимларимиз билан танишиб чиқишни ҳамда конкрет нима ишлар билан шуғулланишимизни яхшилаб тушуниб олишни тавсия этамиз. Муаммонинг ўз сабаблари бўлиши табиий. Бу ҳақда аввал бошдан ўйлаб кўриш керак. Биз муаммонинг оқибатларини эмас, балки сабабларини ҳал этишга ёрдам берамиз. Масалан, агар дарёда балиқ йўқолган бўлса, унда лойиҳангиз фақат балиқни етиштириб, уни яна дарёга ташлашдан иборат бўлмаслиги керак. Чунки балиқ нима учун йўқолганини тушунмасдан туриб, муаммони ҳал эта олмайсиз: сиз балиқни яна шунчаки дарёга ташлайсиз ва бироз пайтдан сўнг у яна йўқолади.

Лойиҳа ғояси бенефициарга (манфаатдор кишига), яъни ушбу муаммонинг ҳал этилишидан фойда кўрадиган шахслар гуруҳига тегишли бўлиши маъқулроқ. Агар муаммо ер билан боғлиқ бўлса, унда лойиҳа шу ерда яшовчи ва ундан фойдаланувчи кишиларга фойдали бўлиши табиий. Аммо ғоя бошқа одамларда ҳам пайдо бўлиши мумкин – масалан, одамлар манфаатлари йўлида фаолият юритадиган ҳамда мақсади одамларнинг муаммоларини жойларда ҳал этишга ёрдам берадиган ноҳукумат ташкилотларида.

Лойиҳа ғояси устида манфаатдор кишиларнинг ўзлари ҳам шуғулланиши мумкин ёки улар учун лойиҳани ноҳукумат нотижорат ташкилоти (ННТ) ёки маслаҳатчи ишлаб чиқиши мумкин. Сизга маслаҳатчини топишда ёрдам берамиз. Лойиҳани ишлаб чиқишда бенефициарнинг (лойиҳадан манфаатдор ҳамжамиятнинг) иштироки у ёки бу тарзда мажбурий ҳисобланади.

Хўш, иш нимадан бошланади? Аввало, сизда атроф-муҳит ҳолатини ҳам, ҳаёт шароитларингизни ҳам яхшилаш учун нима қилиш кераклиги ҳақида ғоя пайдо бўлганида, норасмий тарзда дастлабки мувофиқлаштириш ишларини амалга ошириш учун Миллий Координатор Алексей Волковга ғоянгизнинг қисқача баёнини жўнатишингиз лозим. Бунинг учун электрон почта орқали ғоянгизни ўз сўзларингиз билан тасвирлаб беринг. Лойиҳа ғояси (концепцияси) аниқ ва равон тарзда 1-2 бетга ёзилиши, жуда конкрет ва ортиқча ахборотларсиз бўлиши керак. Унда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

  • Муаммо ва муаммо сабабларининг ортиқча қочирма гапларсиз ва ўша жойга боғланган ҳолдаги лўнда баёни;
  • Ушбу муаммони ҳал этиш, аниқроғи бартараф этиш ёки муаммо сабабларини камайтириш борасидаги ишларнинг қадам-бақадам изоҳи.

Бўлди, шунинг ўзи етарли. Катта баён ёзишга ҳожат йўқ. Буни лойиҳа аризасини тайёрлаётган пайтингизда ёзасиз. Концепцияни баён этиш учун махсус шакл мавжуд эмас.

Агар ўз муаммоингизни яхши билсангиз ва уни ҳал этмоқчи бўлсангиз, бироқ уни ҳал этиш йўлини билмасангиз – ҳечқиси йўқ. Барибир бизга ёзинг ёки қўнғироқ қилинг. Биз сизга бу борада ёрдам берамиз.

Фақат Миллий Координатордан концепция, яъни лойиҳа ғояси ГЭЖ КГДнинг умумий мавзусига тўғри келиши ҳақидаги хабарни олгандан кейингина лойиҳани ва лойиҳа аризасини ишлаб чиқишга киришишингиз мумкин. Албатта, сизнинг ғоянгиз бизнинг талабларга қанчалик тўғри келишини ўзингиз англаб етишингиз учун бизнинг мезонларимиз ҳақида билишингиз керак бўлади. Улар бор-йўғи 6 та:

ГЭЖ КГДнинг мезонлари

1. Атроф-муҳит учун фойдалилик

Лойиҳангиз, биринчи навбатда, атроф-муҳитга фойда келтириши зарур. Агар лойиҳангизда бу мавжуд бўлмаса, ёки иккинчи даражали бўлса, унда бу лойиҳа бизга тўғри келмайди. Хўш, бу фойда нимадан иборат бўлиши лозим? Кўриладиган фойда ГЭЖ КГД ишлайдиган йўналишларга мос келиши керак. Лойиҳангиз фаолиятимизнинг учта йўналишидан бири учун фойдали бўлиши зарур. Хусусан:

- Иқлим ўзгариши соҳасида биз иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш устида ишлаймиз. Агар лойиҳангизнинг амалга ошиши натижасида иссиқхона газларининг атмосферага ташланиши қисқарса, унда бемалол кейинги мезонни кўриб чиқишингиз мумкин. Агар бундай бўлмаса, унда бу иқлим ўзгариши бўйича лойиҳа эмас, ва агар лойиҳа ғоясида табиат учун фойдаси тегадиган бошқа ишлар мавжуд бўлмаса, унда бу лойиҳа бизга тўғри келмайди. Иқлим ўзгариши ва иссиқхона газлари тўғрисида Иқлим Ўзгариши бўлимида ўқинг.

- Шунингдек сиз ўзгараётган иқлим шароитларига қандай қилиб мослашиш мумкинлигини намойиш этувчи лойиҳани ҳам ишлаб чиқишингиз мумкин. Бунинг учун аввало мавзу билан танишиб чиқишингиз керак, яъни иқлим ўзгаришига мослашиш ўзи нимани билдириши ҳақида тушунчага эга бўлишингиз лозим. Бу Ўзбекистон учун сув борган сари камаяётган ва об-ҳаво исиётган шароитларга мослашишимиз кераклигини билдиради.

- Биологик хилма-хилликни асраш соҳасида лойиҳангиз ҳайвон ва ўсимликларнинг ноёб турларини сақлаш учун нимадир қилишни кўзда тутиши лозим. Лойиҳадан тирик жонзотларни асрашга ўз ҳиссангизни қўшадиган бирор ишни қилишингиз аниқ кўриниб туриши керак. Аммо шунингдек сиз ушбу ҳайвон ёки ўсимлик турлари йўқолиш хавфи остида эканига далиллар ҳам келтиришингиз зарур бўлади. Масалан, улар Қизил Китобга киритилган бўлиши ёки агар улар агро биологик хилма-хиллик турлар бўлса, мамлакатимизда ушбу тур йўқолиб бораётганига далиллар бўлиши зарур. Бу ҳақда Биохилмахиллик деб номланувчи саҳифамизни ўқинг.

- Ерлар деградацияси соҳасида лойиҳангиз ерлар деградациясининг олдини олиши ёки уни камайтириши, ёки ерларнинг тикланишига ёрдам бериши лозим. Ерлар деградацияси нимадан иборатлиги ҳақида билиш учун Ерлар деградацияси бўлимимизни ўқинг.

2. Қўшимчалик

Қўшимчалик муҳим мезонларимиздан бири ҳисобланади. Уни икки оғиз сўз билан тушунтириш қийин, аммо қўшимчалик иккита элементдан иборат: инновациялар ва ҳиссалар.

Инновация деганда лойиҳангиз табиат захираларидан фойдаланиш борасида бирор янгиликни, қандайдир янги ёки ҳали кам қўлланилган ёки умуман Ўзбекистонда қўлланилмаган ёндашувни жорий этиши керак. Масалан, энергиянинг янги манбалари ҳали жуда кам иш қилинган соҳалардан бири ҳисобланади. Бизда қуёш батареялари, шамол қурилмалари ва ҳоказолар жуда кам. Бундай лойиҳалар ҳақиқатан ҳам инновацион ҳисобланади. Аммо агар сиз, масалан, насосингизни дизел ёнилғисидан электр-энергиясига ўтказмоқчи бўлсангиз, бу ерда ҳеч қандай инновация бўлмайди. Тўғри, бу иссиқхона газларининг атмосферага ташланишини бироз камайтиради, бироқ табиат захираларидан фойдаланиш борасида ҳеч қандай янги ёндашувни намойиш этмайди. Бунинг учун табиат захираларидан фойдаланишнинг янги, тежамлироқ ёндашувини ўйлаб топиш талаб этилади.

Ҳамкорликдаги ҳисса – ГЭЖ фақат харажатларнинг атроф-муҳитга фойда келтирадиган қисминигина молиялаштиради. Яхшиси буни мисоллар билан тушунтирамиз. Айтайлик, сиз мактабга иситиш тизимини ўрнатмоқчисиз. Иситиш тизими электр-энергияси ёрдамида ишлашини режалаштиргансиз. Смета бўйича лойиҳангизниг қиймати 15 миллион сўмни ташкил этади. Аммо бунинг бошқа варианти ҳам бор – қуёш панелларидан қувват олиб ишлайдиган иситиш тизимини ўрнатиш. Бу вариантнинг қиймати 25 миллион сўмни ташкил этади. Бунда албатта 15 миллион сўмлик лойиҳани амалга оширишни исташингиз табиий. Чунки бу 25 миллион сўмга қараганда арзонроқ тушади. Аммо ГЭЖ сизга ўша етмаётган 10 миллион сўмни бериши мумкин, чунки мактабни иситишнинг иккинчи варианти табиат учун кўпроқ зарарсиз. Иккинчи вариантда атмосферага тушадиган иссиқхона газлари камаяди, шу боис ГЭЖ иккинчи вариантни танлашингиз учун етмаётган 10 миллион сўмни беришга тайёр. Яъни бунда ГЭЖ сиздан электрли иситиш тизимида юзага келадиган иссиқхона газларини 10 миллион сўмга сотиб олаётгандай бўлади. Аммо бу ГЭЖ 25 миллионлик лойиҳани тўлалигича молиялаштиришини билдирмайди. Сиз қандай режалаштирган бўлсангиз, ўша 15 миллион сўмни сарфлайверасиз. ГЭЖ сизга 10 миллион сўмни қўшади. Шунда сиз мукаммалроқ иситиш тизимига эга бўласиз. Лекин ГЭЖ сизнинг 15 миллион сўмингизга ўзининг 10 миллион сўмини қўшади холос. ГЭЖ лойиҳанинг асосий молиялаштирувчиси бўлмайди. Қоида шундай – ГЭЖ лойиҳа умумий қийматининг 50% дан ортиғини қўша олмайди. Лойиҳанинг қолган қисми бошқа манбалардан қопланиши керак: ариза берувчидан, хусусий бизнесдан, қарз орқали, ўз маблағлари, материаллари, меҳнатини йўналтириш ва бошқа донорларнинг ҳиссаси ёрдамида.

3. Турғунлик

Яна бир муҳим мезонлардан бири – бу лойҳа натижасининг турғунлиги. Турғунлик – бу оддий. Биз лойиҳамиз якунланганидан кейин унинг натижалари мавжуд бўлишда давом этишига ишончимиз комил бўлиши керак. Биз лойиҳа ўз фаолиятини якунлаганидан сўнг эккан дарахтларимиз қуришини истамаймиз. Бунинг учун лойиҳа дизайнини ўйлаб чиқиш лозим. Лойиҳа тугаганидан кейин унинг доирасидаги ишлар амал қилишда давом этиши учун қандайдир механизмларни ишга туширишимиз керак. Масалан, лойиҳа доирасида даромад келтирадиган қандайдир бир бизнесни ривожлантиришингиз мумкин. Ушбу даромад ҳисобига лойиҳа бўйича ўрнатилган асбоб-ускуналарнинг фаолияти ушлаб турилади. Ёки бошқа бирор бир иш. Бунда креатив ва реалист бўлиш талаб этилади. Биз айниқса мана шу бандга кўпроқ эътибор қаратамиз.

4. Конкрет жой

Лойиҳангиз конкрет жойдаги муаммони, конкрет ҳудуддаги табиий захиралардан фойдаланиш муаммосини ҳал этишга боғланган бўлиши керак. Бизнинг кучимиз миллий миқёсдаги муаммони ечишга етмайди. Дастуримиз КИЧИК грантларга мўлжалланган бўлиб, биз одамларнинг аниқ ҳамжамиятлари учун ишлаймиз. Шу боис агар бизнинг кичик лойиҳамиз орқали Орол денгизи муаммосини ёки бутун сайёрадаги иқлим ўзгариши муаммосини ҳал этмоқчи бўлсангиз, унда бу лойиҳа бизга тўғри келмайди. Агар тоғларда жойлашган бирор бир конкрет қишлоқ учун энергия муаммосини ҳал этишни кўзлаган бўлсангиз – унда бу биз учун мос лойиҳа.

5. Фойдаларни тақсимлаш

ГЭЖ кишиларнинг тор доирасига ёки битта шахсга ёки оилага фойда келтирадиган лойиҳаларни молиялаштира олмайди. Лойиҳа одамлар ҳамжамиятига фойдали бўлиши керак. Шунинг учун биз тижорат компанияларидан аризалар қабул қила олмаймиз. Чунки улар оладиган фойда фақат муассислар орасида тақсимланади.

6. Тажрибани оммалаштириш

Бу энг муҳим мезонлардан бири. Сайтимизда қайд этилганидек, биз барчага ёрдам бера олмаймиз. ГЭЖ КГД янги амалиётни намойиш этиш ва бу ҳақда бошқаларга тарқатишга чақирилган. Зеро, қолган кишилар ГЭЖнинг ёрдамисиз ушбу амалиётдан фойдалана олсин. Бошқача қилиб айтганда, биз дадил ва қўрқмас кишиларга ёрдам берамиз. Агар табиат захираларидан фойдаланишнинг бирор бир амалиёти янгилиги туфайли, одамлар ундан фойда бўлиш-бўлмаслигини ёки бу ишлайдими-йўқми билмагани учун фойдаланилмаётган бўлса, ГЭЖ таваккал қилишга тайёр бўлган одамларга ёрдам бериши ва таваккалнинг бир қисмини қоплаган ҳолда, пул ажратиши мумкин. Аммо кейин, амалиёт намойиш этилганидан сўнг, тажрибани иложи борича кенгроқ оммалаштириш, “Мана, қаранглар, биз синаб кўрдик. Бу ишлайди. Сиз ҳам биз билан бирга такрорлашингиз мумкин. Фақат тажрибамиздан фойдалансангиз бўлди” деб бошқа одамларга тушунтириш керак. Тамойилимиз – мана шу.

Агар кимдир ГЭЖ маблағлари ҳисобига ўз технологиясини синаб кўриб, кейин уни ҳеч билан ўртоқлашмаса, биз бундай одамларга ёрдам бера олмаймиз. Лойиҳаларимизнинг барча натижалари одамлар учун очиқ бўлиши керак.

Ушбу масалага қандай ёндашишимизни намойиш этадиган конкрет мисолни келтирамиз:

2001-2007 йилларда Ўзбекистонда Нурота-Қизилқум биосфера резерватини яратиш бўйича БМТТД-ГЭЖнинг ўрта миқёсли лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳамизнинг кўплаб яхши натижалари орасида (улар сайтимизда ҳам келтирилган) лойиҳа бир томчи бензинсиз, бир томчи дизелсиз ва ҳеч қандай электрсиз ишловчи гидравлик насосни ҳам синовдан ўтказишга ёрдам берди. Лойиҳа бундай қурилмани Жиззах вилоятининг Фориш туманида (Юқори Ухум, Андаген, Сентоб, Ёнбулоқ) синовдан ўтказди. Лойиҳа доирасида бундай қурилмани яратиш бўйича батафсил йўриқнома яратилди. Йўриқномада ҳар қандай киши ўзи учун шундай қурилмани ясаб олиши батафсил баён этилган эди. Йўриқномага қаранг.

Гидравлик насосни қуриш бўйича йўриқнома (ўзбек тилида).

ГЭЖ КГДнинг ҳам ёндашуви ана шундай:

Табиат учун бирор фойдали ишни қилинг, кейин олган тажрибангиз ҳақида иложи борича кўпчиликка гапириб беринг.Бошқалар ҳам шу ишни қилишсин.

Лойиҳа ёзишни нимадан бошлаш керак?

Шундай қилиб, лойиҳангиз нима иш билан шуғулланиши ҳақида умумий тасаввурга эга бўлганингиздан кейин, 1-2 бетда лойиҳанинг моҳияти ва у нима билан шуғулланишини баён этганингиздан сўнг, концепциянгиз бизнинг мезонларимизга тўғри келиши ҳақидаги Миллий Координаторнинг маъқулловчи хатини олиб бўлиб, лойиҳа аризасини тўлдиришни бошлашингиз мумкин.

Лойиҳани ишлаб чиқишда ариза берувчи потенциал ташкилот (қуйида “ариза берувчи”) лойиҳа аризасининг қабул қилинган шаклига амал қилиши лозим. Лойиҳа аризасининг шаклини қуйида юклаб олишингиз мумкин.

Лойиҳа аризасининг шаклини юклаб олиш

Бюджет шаклини юклаб олиш

Ушбу шакл ҳисоб бўйича иккинчиси бўлиб, у биринчисига қараганда анча соддалаштирилган. Аммо биз уни ариза берувчиларга қулай бўлиши учун дастурни амалга ошириш жараёнида янада мукаммаллаштиришимиз мумкин. Бунинг учун сиз ҳам ўзингизнинг фикрингизни билдиришингиз, уларни Миллий Координаторнинг манзилига жўнатишингиз ёки фикр-мулоҳазаларингизни сайтнинг ўзида саҳифанинг пастида қолдиришингиз мумкин.

Шунингдек сиз лойиҳа аризасининг шаклини тўлдириш бўйича йўриқномани ҳам юклаб олишингиз мумкин.

Аризани тўлдириш бўйича йўриқномани юклаб олинг

ГЭЖ КГДни Ўзбекистонда амалга ошириш жамоаси, хусусан Миллий Координатор ва ГЭЖ КГД Ассистенти сифатли лойиҳа аризаларини ишлаб чиқишга ҳар томонлама ёрдам беришга чақирилган. Шу боис ариза берувчилар лойиҳа аризасини ишлаб чиқиш бўйича турли масалалар юзасидан юқорида кўрсатилган шахсларга мурожаат қилишлари мумкин. Бироқ ишлаб чиқишга ёрдам бериш лойиҳа аризалари ГЭЖ КГД Миллий Кординатори ёки Ассистенти томонидан баён этилиши ва ёзилишини билдирмайди. Ишлаб чиқувчи лойиҳа аризасининг ёзилиши ва тайёрланиши учун мустақил равишда жавоб беради.

ГЭЖ КГДнинг амалга ошириш жамоасининг лойиҳани ишлаб чиқиш масалаларида ёрдам бериши, ҳеч қандай тарзда лойиҳа аризаси маъқулланиб, грант ёрдами ажратилишини билдирмайди. Агар лойиҳани сифатли ишлаб чиқиш учун потенциал ариза берувчига ахборотга аниқлик киритиш, техник экспертларни жалб этиш, ҳамжамият ичида ёки бошқа жалб этилган томонлар билан биргаликда консультациялар ўтказиш учун бироз маблағ зарур бўлса, унда ГЭЖ КГД лойиҳани ишлаб чиқишга грант кўринишидаги ёрдамни тақдим этиши мумкин. Лойиҳани ишлаб чиқишга грант олиш учун ариза шакли қуйида келтирилган.

Дастлабки лойиҳа учун ариза шаклини юклаб олиш

Шу билан бирга биз қуйидагиларни қайд этишимиз лозим:

Агар лойиҳа аризасини ўзингиз ёзишни билмасангиз, бизга мурожаат этинг, биз сизга дизайнни яратиш ва лойиҳа ҳужжатингизни баён этишга ёрдам берадиган одамларни топишга ёрдам берамиз. Айни пайтда ГЭЖ КГД потенциал ариза берувчиларга лойиҳаларини тайёрлашда ёрдам бериш учун Ёшлар Экология Тармоғи фаолларини, эркин экспертларни фаол жалб этмоқда.

ГЭЖ КГД лойиҳани тайёрлаш учун 1,000 долларгача маблағ ажратиши мумкинлигини билиб қўйганингиз яхши. Лойиҳани ишлаб чиқиш учун бериладиган грантнинг давомийлиги 6 ойдан ошмаслиги керак. Битта ариза берувчи бир лойиҳанинг ўзига ёки шунга ўхшаш лойиҳа учун икки марта грант ололмайди. Лойиҳани ишлаб чиқишга олинган грантдан фойдалангани учун ариза берувчи ГЭЖ КГДнинг бошқа грантлар учун қабул қилинган жараёнларига мувофиқ равишда ҳисобот бериши керак.

Лойиҳани ишлаб чиқишда потенциал ариза берувчи ГЭЖ КГДнинг маблағлари олдинги қарзларини узишга ва солиқларни тўлашга йўналтирилмаслигини инобатга олиши зарур. Агар ариза берувчи маҳаллий ҳамжамиятнинг (маҳалла, уй-жой мулкдорлари ширкати, қишлоқ фуқаролар йиғини ва ҳ.к.) ташкилоти бўлса, унда лойиҳаларга ушбу ташкилот ходимларининг иш ҳақи киритилмайди. Агар лойиҳадан манфаатдор шахс лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун ишлар субпудратчиси ёки фасилитатори сифатида бошқа ННТни жалб этса, унда бюджетга ННТ ходимларининг иш ҳақи ҳам киритилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам иш ҳақининг умумий суммаси ва бошқа маъмурий харажатлар лойиҳа умумий қийматининг 20% дан ошмаслиги лозим.

Натурал ҳисса суммаси ҳисоб-китоб қилинганида лойиҳа муаллифлари шу жойдаги ва шу вақтдаги оқилона ва реал мавжуд нархларга, шунингдек лойиҳа натижаларига эришиш учун сарфланадиган меҳнатга, ижарага олинадиган техника ва материалларга асосланишлари керак. Агар ГЭЖ КГДнинг амалга ошириш жамоаси томонидан натурал кўринишдаги ҳиссанинг ёлғон ошириб кўрсатилган қиймати аниқланса, ушбу ҳолат лойиҳа аризасини кўриб чиқишни рад этишга сабабчи бўлади, ариза берувчи бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилинади.

Лойиҳа ҳужжати – грант аризасини ишлаб чиқиш жараёни

Лойиҳанинг умумий ғояси маъқулланиб, лойиҳа устида иш бошланганидан кейин жуда кўплаб саволлар туғила бошлайди. Ўзингизга ва жамоамизга қанча кўп савол берсангиз, шунча яхши. Лойиҳа ҳужжатида лойиҳа тўғрисидаги барча нарсани аниқ тушунтириб беришингиз керак бўлади. Шаклга амал қилинг ва қандай маълумот лойиҳангизни яхшироқ тушунишимизга ёрдам бериши, қайсиниси эса лойиҳангизга ҳақиқатан ҳам ёрдам бериш ва грант ажратиш кераклигига бизни ишонтира олиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг.

Бунинг учун аризани тўлдираётган пайтда иложи борича аниқ ва тўлиқ жавоб беринг. Сизнинг лойиҳа ҳужжатингизни Миллий Координатордан ташқари Миллий Мувофиқлаштирувчи Қўмитанинг яна камида 9 нафар аъзоси ўқишини тасаввур қилишингиз керак. Улар бошқалар каби ўз соҳасининг мутахассислари ҳисобланади, шу боис сизнинг лойиҳа ҳужжатингизни ўқиган ҳар бир киши айнан нима қилишингизни ва буни қандай бажаришингизни тушуниши лозим. Ҳужжатни жуда тушунарли ва равон тилда ёзишингиз зарур. Ҳатто техник деталларни ҳам шундай ёзиш керакки, улар ҳар бир ўқиган кишига тушунарли бўлсин.

Эсингизда бўлсин, сизнинг лойиҳа ҳужжатингиз – бу грант олиш учун ёзилган оддий мурожаатнома эмас. Бу яна лойиҳангизнинг баёни ҳамдир. Лойиҳангиз билан эса жуда кўп одамлар танишишни хоҳлаб қолиши мумкин. Бу одамлар айнан шундай қилиш мумкинлигини тушунишлари керак.

Тез орада бу ерга лойиҳа аризасини қандай тўлдириш кераклиги ҳақидаги батафсил йўриқномани жойлаштирамиз. Анонсни кутинг.

Энди лойиҳа ҳужжатини тайёрлаш жараёнига тўхтаймиз. Сиз лойиҳа ҳужжатини тайёрлашни бошлаганингиздан кейин электрон почта ёки телефон орқали Миллий Координатор билан мунтазам алоқада бўласиз. Кўп вақт ва кучингизни сарфлаган ҳолда кераксиз нарсаларни ёзгандан кўра, ҳаммасини олдиндан сўраб билган маъқул. Шу боис лойиҳа ҳужжатини ёзиш жараёни мунтазам равишда сизнинг ва бизнинг Дастуримиз орасидаги алоқани кўзда тутади. Бизга ёзиб юборасиз, биз сизга шарҳлаб берамиз, яна саволлар, уларни охиригача етказган ҳолда ишлайсиз, яна бизга жўнатасиз, бизда яна ва яна шарҳлар ва саволлар туғилиши мумкин. Ва ниҳоят, Миллий Координаторда саволлар қолмаганида, аризангизни бизнинг Миллий Мувофиқлаштирувчи Қўмитамизга кўриб чиқиш учун тақдим этишга тайёр деб ҳисоблашингиз мумкин.