2013 йилнинг 20-22 ноябрида Тошкентда Халқаро кўргазма – Боғдорчилик, Сабзовотчилик, Асаларичилик ва Гулчилик бўйича конференция бўлиб ўтди. Кўргазма «Expocontact» МЧЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси кўмагида Ўзбекистон тадбиркорликни ва фермерликни қўллаб-қувватлаш бўйича маркази билан ҳамкорликда уюштирилди. Аввалига халқ хўжалигининг ушбу турларини бир пайтда санаб ўтиш қийин туюлди, аммо биринчи кунданоқ шу нарса маълум бўлдики, ўша куни барча соҳа вакилларига нисбатан асаларичилар кўпчиликни ташкил этди.
Кўргазмага ташриф буюрганлар учун бу тадбир кўпроқ Асал ярмаркасини эслатар эди. «Кўргазмасавдомаркази» кўргазмалар зали павильони хилма-хил асалларнинг хушбўй ҳидига тўлиб кетди: бу ерда мазали тоғ асали, оқ рангли ва жуда тотли дашт асали ва бошқа кўплаб турдаги асаллар намойиш қилинди. Ярмаркага мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларидан кўплаб асаларичилар ташриф буюргани, улар олиб келган табиий маҳсулотлар бизни қувонтирди. Республикада асаларичиларнинг қатор уюшмалари ҳам мавжуд, ана шундай уюшмалардан бирининг вакили, аниқроқ айтадиган бўлсак, Фарғона вилояти Асаларичилар Уюшмаси аъзоси Суярқулов Шерали Рустамбекович дастуримиз билан ҳамкорлик қилиш ва биргаликда Интенсив деҳқончилик шароитида асалариларнинг роли мавзуидаги лойиҳамизни илгари суришда иштирок этишга қизиқиш билдирди. У 1971 йилдан буён асаларичилик билан шуғилланиши ва ана шу даврда асаларининг табиатдаги ва халқ хўжалигидаги аҳамиятини оммалаштириб келаётгани ҳақида сўзлаб берди. Бизга у ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ишда жиддий самарага ва натижага эришиш учун бизнинг ташкилотдек тузилманинг қўллаб-қувватлаши зарур эканлигини тушунтирди. У БМТ тузилмаси мамлакатда катта нуфузга эга эканлиги, унинг ёрдамида бу борадаги ишларни ижобий томонга ўзгартириш мумкинлигини таъкидлади. Ва бу ниҳоятда маъқул! Биз ҳамкорлик ғоясини кўриб чиқамиз.
Мамлакатнинг турли вилоятларидан келган сабзовот ва мева етиштирувчилар, тропик ва манзарали экинлар заводчилари ҳам кўпчиликни ташкил этди, консервация қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сероб эди. Турли институтлар ўз ишланмаларини намойиш этди. Мева ва сабзовотларни қайта ишлаш ва сақлаш технологиялари намойиш этилди. Масалан, немис мутахассислари мева ва сабзовотларга ишлов беришнинг қизиқарли ғоясини намойиш этишди – бу энергия самарали, туннелсимон қуритгич бўлиб, унга қуёш панели ва қуритгични шамоллатиш учун вентилятор ўрнатилган. Вентилятор қуёш панели ҳисобидан ишлайди.
Кўргазма ташкилотчилари бу борада катта тажрибага ҳамда атроф-оламга ва одамларга меҳр-муҳаббатли муносабатда бўлган жамоага эга Глобал Экологик Жамғарманинг Кичик Грантлар Дастурига мурожаат қилди. КГД таклифни қабул қилди ва ўзининг қатор технологияларини тақдим этди, жумладан: кўргазманинг «хити» - Писта дарахти плантацияларини яратиш технологияси – Ўзбекистоннинг қурғоқчил тоғ олди ҳудудларидаги ерлардан самарали фойдаланишнинг янги усули сифатида. Бу лойиҳа тақдимотида дастуримизнинг барча ўрмончи ва писташунос мутахассислари иштирок этди; Энергия самарадор қуёш иссиқхоналари – иссиқхоналар ҳаракати етакчиси қуёшли Китоб тумани вакили Абдумурод Ашуров бошчилигида; ҳамда КГД томонидан қўллаб-қувватланган ЎзР ФА Микробиология институтининг янги ташаббуси – Serhosil биопрепарати. Ушбу восита тупроқнинг унумдорлигини яхшилайди ва қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини орширади. Лойиҳани ЎзР ФА Микробиология институтининг илмий ходими Гулнора Жуманиёзова ўз ҳамкасблари билан биргаликда тақдим этди.

Барча технологияларимиз кўргазма меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Микробиологларимизнинг таклифи бўйича 50 дан ортиқ мурожаатлар тушди ва биопрепарат бўйича маслаҳатлар берилди. Иссиқхоналар бўйича мутахассисимиз Абдумурод Ашуров кўргазмага ўзининг иссиқхоналарида етиштирилган Мейнер навли лимонларини – ҳосили пишиб етилган 3-4 йиллик лимон дарахтларини олиб келди. Кўпчилик бу дарахтларга харидор бўлди. Айни пайтда Абдумурод аканинг иссиқхоналар ҳақидаги ҳикоялари ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Зеро, Абдумурод ака энергия самарадор қуёш иссиқхонаси қурилишини якунлаган тадбиркорларнинг биринчисидир. ГЭЖ КГД, Ўзбекистон Савдо-Саноат палатаси ва БМТРД нинг «Ўзбекистон Бизнес Форуми, 2-босқич» лойиҳаси ҳамкорлигида мамлакат бўйлабҳаммаси бўлиб 8 та вилоятда 9 та ана шундай иссиқхона қурилмоқда. Абдумурод аканинг ҳамкасблари ҳам мақсадга яқинлашиб қолишди, ва ўйламизки, бу йилги қиш мавсуми ушбу технология учун яхши синов бўлади.
Писталарга келсак, у барча меҳмонларнинг диққат марказида бўлди. Турли навга оид писталар чиройли идшларга жойлаштирилган, меҳмонлар уларни харид қилиш истагини билдирди. Бизнинг стендимизда бундай ажойиб ҳосил берадиган писта дарахтига алоҳида эътибор қаратилди. Ўрнатилган баннерларда данакдан ниҳол ундиришдан тортиб, писта дарахти плантациясини яратишгача бўлган жараён технологияси тушунарли тарзда акс эттирилган. Мутахассисларимиз намойиш этиш учун кўргазмага писта дарахти ниҳолини олиб келишди. Кўргазма иши давомида мутахассисларимизга юзлаб марта мурожаат этишди. Одамлар писта дарахтини қаерга экиш керак, ниҳолни қаердан сотиб олиш мумкин, янги экилган кўчатларни қандай парвариш қилиш керак, қабилидаги саволларни беришди.
Икки кун давомида кўргазма билан бир пайтда конференциялар ҳам ўтказилди. Меҳмонлар уларда ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш, тармоқларнинг ривожланиши ҳақида янгиликларни билиб олиш имкониятига эга бўлди. Конференциянинг биринчи ва иккинчи кунида мутахассисимиз Гулнора Жуманиёзова "Serhosil" биопрепарати, уни қўллаш орқали экологик тоза сабзовотлар ва картошка етиштириш мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди. Г.Жуманиёзованинг тақдимоти анжуманда иштирок этган Марказий Осиё вакилларида катта қизиқиш уйғотди. - Биз органик деҳқончилик борасидаги тажрибаларимиз ҳақида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон вакилаларига сўзлаб бердик, айни пайтда ишимизга ва янги турдаги ўғитларга қизиқиш ортиб бораётганлигини мамнуният билан кузатмоқдамиз, - дейди Г.Жуманиёзова. - Органик маҳсулотларга талаб тобора ошиб бораётган бир пайтда мутахассисларимиз тақдим этган ишланма ўзининг долзарблиги билан кун тартибида алоҳида аҳамият касб этди.

Меҳмонлар, афсуски, асал ва бошқа асаларичилик маҳсулотларидан бошқа нарсаларни харид қила олишмади. Анжуман иштирокчилари кўргазманинг икки куни давомида маҳсулотларини сота олмас эди. Бор маҳсулотлар намойиш этишга қўйилган, кўп маҳсулот олиб келган тадбиркорлар уларни сота бошлаган бўлса-да, асосан бу тадбир учинчи кунга – сотувлар куни ёки Ҳосил байрамига - намойиш қилинаётган соҳаларнинг тайёр ва қайта ишланган маҳсулотларни сотиш кунига қолдирилди.
Кўргазманинг учинчи кунида сабр-бардошли харидорлар ўзлари ёқтирган маҳсулотларни сотиб олишга муваффақ бўлишди.
Жамоамизнинг фикрига кўра, кўргазма самарали ва қизиқарли ўтди. Учинчи кун якунида кўргазма ташкилотчилари ГЭЖ КГД жамоасини кўргазма ишида фаол иштирок этгани учун эсладик сертификати билан тақдирлади. Энди ушбу сертификат бизнинг «Муваффақиятлар девори»миздан муносиб ўрин эгаллайди.
Қўшимча равишда шуни айтиш мумкинки, http://www.mtrk.uz/ru/#ru/scripts/uzbekistan/5251/ ссилкага мурожаат этиб, Ахборот дастуридан ўрин олган видеорепортаж билан танишишингиз мумкин
Mezon.uz янгиликлар агентлиги журналистларининг фоторепортажи билан қуйидаги манзил орқали танишинг: http://www.mezon.uz/news-in-uzbekistan/business/14925-vystavka-agro-food-2013-glazami-fotografa