Ю.Жуманиёзова, Н.Иброҳимов, Ж.Рўзимов, Ж.Ҳайитбоев, И.Қурязов
«КРАСС» ННТ
Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи мамлакатимизда такрор ва такрор кун тартибига қўйилмоқда. Кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш учун биз қишлоқ хўжалигининг самарадорлигини оширишимиз зарур. Бироқ бу талаб ерларимизнинг ҳосилдорлиги камайиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда. Бошқача айтганда, фермерлар объектив факторларни, яъни, ернинг сифати, сув миқдори ва ҳоказоларни назардан қочирмаган ҳолда, янада кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариши лозим. Биз бу мақоламизда қишлоқ хўжалигида азотнинг ишлатилиши ва унинг ҳосилга таъсири, энг муҳими, кўпроқ ҳосил олиш учун азотни бериш меъёрига амал қилиш нақадар самарали эканлиги ҳақида ҳикоя қиламиз.
Ҳар бир фермерга маълумки, ғўза, кузги буғдой, маккажўхори ва бошқа маданий ўсимликларнинг ҳосилдорлигини оширишга қаратилган агротехник тадбирлар комлекси орасида энг олдингги ўринларда минерал, айниқса, азот ўғитини ишлатиш туради. Азот қишлоқ хўжалигида кам ҳосилли тўпроқли ҳудудларда маданий ўсимликларни озиқлантиришда жуда муҳим ўрин тутади. Тўпроқ ҳолати, иқлим шароити ва агротехник усулларига қараб азот ўғити ҳосилнинг 50% ва ундан юқорисини таъминлаб беради. Айнан мана шунинг учун ҳамма қатори фермерлар ҳам қишлоқ хўжалиги экинининг яхши ўсиши учун кўпроқ азот ўғитидан фойдаланишади. Бироқ, ҳар бир ўсимлик ўзига керакли бўлган миқдордаги азот ўғитини қабул қилади. Шу ўринда савол туғилади – оддий бир фермер ҳар бир экинга, мавсумга қараб қанча миқдорда азот зарур бўлишини қаердан билсин?
Бу савол бир қанча сабабларга кўра жуда муҳим ҳисобланади. Биринчидан, азот ўғитининг баҳоси анча қиммат. Агар фермер азот ўғитидан нотўғри фойдаланса, ўсимлик эса фақат ўзига керакли бўлганини олса, қолгани ё ҳавода парланиб ёки сув билан ювилиб кетади. «КРАСС» ННТнинг ҳисоботларига кўра Ўзбекистон далаларида азотдан нотўғри фойдаланиш туфайли йилига 36 миллион АҚШ доллари қийматидаги ўғит ҳавога буғланиб кетади. Оддийгина мисол келтирамиз. Фермерлар одатда ўғитни суғориш пайтида беришади. Бу эса ўғитнинг 40% ўсимликка етиб бормасдан, сув билан ювилиб кетишига олиб келади.
Иккинчидан, агар фермер азот ўғитини ерга нотўғри қўлласа, ўсимликни керакли миқдордаги ўғит билан таъминлай олмаса, бу ўз навбтида ҳосилга таъсир қилади. Дарҳақиқат, азот ҳаддан ташқари кўп берилганда ўсимликнинг етилиш даври кечикади, қуруқ пояси ривожланиб, буғдой ёки қулупнай, илдизмевали, зиғир ўсимликларида ҳосил камайиб кетади, азотнинг кўплиги поянинг ётиб қолишига олиб келади. Нитратлар (азот кислотаси тузи) тўпроқда осон ҳаракатланади, илдиз атрофидаги тўпроқ қатламига қўшилиб дренаж сувлари билан бирга осонгина ювилиб кетиши мумкин.
Учинчидан эса, азот – жуда учувчан модда ва у осонгина кислород билан реаксияга киришади. Кислородга қўшилиб, азот бутун планетанинг иқлимига салбий таъсир этадиган заҳарли газга айланади. Азотнинг заҳарли ҳидининг иқлим тизимига таъсири оддий ачитқи газникидан 298 борабар юқори.
Азот ўғитидан тўғри фойдаланишнинг фермер учун ҳам, мамлакат ҳамда жамики глобал жамият учун бирдек муҳим аҳамиятга эгалигининг сабаблари мана шулардир.
Ҳозирги вақтда азот ўғитини бериш муддати ва тавсия этилаётган миқдори борасида умумий тасаввур мавжуд бўлиб, камдан-кам ҳолатлардагина тўпроқ ҳолати ва қишлоқ хўжалиги экинининг ўзига хослиги, мавжуд иқлим шароити инобатга олинади. Ер таркибидаги азот ўғитининг миқдори тўпроқ ҳолати ва экологик факторлардан келиб чиқиб турли даражада ўзгариши мумкин. Шундай бўлсада, фермер ўсимликнинг азотга бўлган талабини тўғри аниқлаш ва мўл-кўл ҳамда сифатли ҳосил олиш учун берилаётган ўғит миқдорига қай даражада ўзгартиришлар киритишга қийналади.
Тўпроқ ва экиннинг азотга бўлган талаб миқдорини аниқлашнинг анъанавий усулларида намуналар олишга ва кимёвий таҳлиллар учун катта меҳнат ҳамда сарф-харажат талаб қилади. Шунинг учун амалиётда азот ўғити бериш пайтида парваришланаётган экин талабидан келиб чиқилмайди, оқибатда бу экиннинг ўсиш даврида тўпроқдаги азотнинг миқдори ё кўп, ё кам бўлиб қолишига олиб келади. Шунинг учун ўсимликлар диагностикаси бўйича таклиф этилаётган метод экинга биологик талабидан келиб чиқиб азот ўғити бериш бу борадаги альтернатив методлардан бири ҳисобланади.
Азот ўғитидан тўғри фойдаланиш оқибатида мўл ҳосил олиб, ҳавога кераксиз заҳарли газларнинг чиқишига йўл қўймасдан, ўсимликларга зарур бўлган ўғитнигина сотиб олиб, фермерларнинг маблағини тежашга қаратилган қатор альтернатив усуллар мавжуд.
Дунёнинг кўпгина мамлакатларида азот ўғитини беришда рангли диаграмма, хлоромиллметр, оптик сенсорли прибор ва бошқа шу каби кўпгина ускуналардан унумли фойдаланиб келишади. Бу ускуналар қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсиш даврида тўпроқнинг азотга бўлган талабини ўлчаб беради ва экин учун зарур бўлган азот ўғити миқдорини аниқлашга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, берилаётган азот ўғитининг самарадорлигини оширади, ортиқча сарф харажатлар ҳамда қищлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида азот ўғитидан фойдаланиш оқибатида экологияга етказиладиган таъсир зарарини камайтиради.
Рангли диаграмма – бу жуда оддий ва арзон ( нархи тахминан 1 АҚШ доллари атрофида) ускуна бўлиб, дала шароитида ундан фойдаланиш жуда қулай. Рангли диаграмманинг пластинаси акрулли пластмассадан қилинган бўлиб, яшил рангли, турли мазмундаги 6 бўлмадан иборат. Ўсимликлардаги азот миқдори ранг воситасида аниқланади. Кузги экинлар ўсиш даври рангли диаграммада ўлчанганда қишлоқ хўжалиги экинларининг барглари тўла очилиб бўлгандаги ранги билан қиёсланган ҳолда амалга оширилади. Ўсимликнинг азотга бўлган талаби япроқларнинг «яшилланиши» билан аниқланади ва шу асосда зарур бўлган ўғит миқдори берилади.
Хлорофиллметр SPAD-5021 – бу қўлай (кафтга сиғади) ва енгил (225 грамм) ускуна. Азот миқдорини дала шароитида, тез суратда аниқлаш ўсимлик новдасининг энг юқори қисмида жойлашган тўла очилган баргида амалга оширилади (расмга қаранг). Бунинг устига баргни кесиш ёхуд узиб олиш шарт эмас, бу эса, экин ўсиб турган ҳолатида ўлчаш имконини беради. Фойдаланишга қулай бўлган хлорофиллметр ўсимликнинг азотга бўлган талаби, қай пайтда кўп ёки кам талаб этишидан фойдаланувчини хабардор қилиб туради. Фермер хлорофиллметр ёрдамида экиннинг ўсиши даврида талабга қараб, унга бериладиган ўғит миқдорига ўзгартиришлар киритиши мумкин.
Бир дона хлорофиллметр SPAD-502 нинг нархи 2500 АҚШ долларини ташкил этади. Тажриба шуни кўрсатадики, 100 гектар экин майдонга эга фермер азот ўғитидан самарали фойдаланиб, ортиқча сарф-харажат қилмаслиги туфайли хлорофиллметрга сарфланган пул бир йилда тўла ўзини оқлайди.
Экиннинг азотга бўлган талабини аниқлашнинг яна бир навбатдаги йўли қўлбола оптик сенсорли ускуна GreenSeekerдир. У нафақат қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсиш пайтидаги азотга бўлган талабини, балки тўпроқ ости биомассанинг ўзгариш жараёнини ҳам назорат қилади ва кутилаётган ҳосилни чамалаб беради.

Рангли диаграмма (Nitrogen Parameters-LCC)

Хлорофиллметр SPAD-502

GreenSeeker оптик сенсор ускунаси
ЮНЕСКОнинг ЦЭФ2 лойиҳаси мутахассислари GreenSeekerни Ўзбекистон шароитига мослаштиришди ва уни Хоразм вилоятининг асосий экинларида муваффақиятли қўллаш мумкинлигини намойиш қилиб кўрсатишди.
Инновация тавсифи
Оптик сенсорли GreenSeeker ускунаси датчик(қабул қилувчи ва узатувчи қурилма), чўнтак компьютери, аккумулятор ва дастакдан иборат; шунга қарамай у жуда ихчам ва оғирлиги тахминан 6 кг бор. Ўлчаш пайти уни бир киши бемалол бошқара олиши мумкин. GreenSeeker инфрақизил нур жўнатиб, экиннинг яшил баргини ўлчовдан ўтказади, кейин сенсор (экран) ўсимликдан қайтган нурни қабул қилади ва мониторда кўринган кўрсатгич (озиқланиш даражаси) текширувдан ўтказилаётган экиннинг азотга бўлган талабини аниқлаб беради. Ушбу ускуна ёрдамида экиннинг маълум бир даврдаги тўпроқ ости биомассасини ҳам аниқлаш мумкин бўлади, бу эса келгусида кузги экиндан тахминан қанча ҳосил олиш мумкинлигини чамалаб беради. Хоразмдаги тажриба майдонларида олиб борилган экспериментлар натижасида тўпроқ ости биомасса ва кузги экиндан олинадиган ҳосилнинг бир-бирига боғлиқлиги жуда юқори (90%) эканлиги аниқланди.
Инновациянинг афзаллик / фойдали томонлари
GreenSeeker оптик сенсорли ускунанинг энг муҳим жиҳати шундаки, унинг ёрдамида экиннинг азотга бўлган талабини аниқлаш ҳамда берилаётган азот ўғити миқдорига ўзгартиришлар киритиш мумкин бўлади. Умуман олганда GreenSeekerнинг афзаллик жиҳатлари қуйидагилар:
• Қўллашга қўлай ва оддий эканлиги;
• экиннинг азотга бўлган талабини дала шароитида юқори даражадаги аниқлик билан қисқа фурсатда ўлчаб бера олади;
• эккинни парваришлаш даврида унга зарур бўлган азот миқдорини аниқлаб беради;
• экиннинг тўпроқ ости биомассаси қанчалигини аниқлаб беради;
• келгусида олинадиган ҳосилни 90% аниқлик билан айтиб бера олади;
• ортиқча сарф-харажатларни ва вақтни тежайди;
• берилаётган азот кераксиз сарфланмаслиги туфайли экологик жиҳатдан ҳам фойдаси катта.
Инновациянинг иқтисодий самарадорлиги
Моделларига қараб бир дона оптик сенсорли GreenSeeker ускунасининг нархи 2500 дан 7000 АҚШ долларигача фарқланади. GreenSeekerдан фойдаланиб азот ўғит исроф қилинишининг олди олиниб, харажатлар тежаб қолинади (№2 жадвалга қаранг), жумладан, GreenSeeker ёрдамида кўзги экиннинг азотга бўлгани талабини аниқлаб ва бундан келиб чиқиб бериладиган азот ўғитининг миқдори (мисол учун аммиак селитраси) ни 50 кг гача қисқартириш мумкин, бунда эса фермер 14. минг сўм тежаб қолади. 100 гектарлик кузги экиндан тежаб қолинган сўмма 2,8 млн сўм (ёки 1,8 минг АҚШ доллари)ни ташкил этади.
1-Жадвал. GreenSeekerдан фойдаланиб азот ўғитидан тежаб қолинган харажатлар:
Ер майдони | тежалиши, % | Пахта | Кузги экин | ||||||
Азот | Аммиак селитраси (34,5%N) | Азот | Аммиак селитраси (34,5% N) | ||||||
тонна | тонна | Минг сўм | АҚШ доллари | тонна | тонна | Минг сўм | АҚШ доллари | ||
1 | 1 | 0,002 | 0,006 | 1,6 | 1 | 0,002 | 0,005 | 1,4 | 0,9 |
| 5 | 0,01 | 0,029 | 7,9 | 5 | 0,009 | 0,026 | 7,1 | 4,5 |
| 10 | 0,02 | 0,06 | 15,8 | 9,9 | 0,02 | 0,05 | 14,2 | 8,9 |
100 | 1 | 0,2 | 0,6 | 158,1 | 99,1 | 0,2 | 0,5 | 142,3 | 89,2 |
| 5 | 1 | 2,9 | 790,3 | 495,5 | 0,9 | 2,6 | 711,3 | 445,9 |
| 10 | 2 | 5,8 | 1580,6 | 991 | 1,8 | 5,2 | 1422,6 | 891,9 |
* Ҳисоб-китоб қилинган пайт – 29.06.2010 йил ҳолатига кўра АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 1595 сўм (ЎзР МБ) ни ташкил қилди;
* Азот ўғити сифатида аммиак селитрасидан фойдаланилганда (272,6 минг сўм);
* Тавсия этилаётган норма пахта кўчати учун гектарига 200 кг., кўзги экин учун – 180 кг.

Оптик сенсор ускунасининг ташқи кўриниши ва буғдой мисолида унинг қўлланилиши. Хоразм вилояти,
Урганч тумани (Фото И.Курязовники)
Инновациядан фойдаланишнинг вилоят миқёсидаги самарадорлиги
Юқоридаги инновациядан фойдаланишнинг вилоят миқёсидаги самарадорлиги борасида ҳисоб-китоблар ҳам яхши натижаларни берди (3- жадвал). Мисол учун, Хоразм вилоятидаги фермерларни хлорофиллметр билан таъминлаш учун 2,6 млн АҚШ доллари зарур бўлса, ўғитни беришдан тежаб қолинган фойда эвазига 2 йилда бу харажат ўзини тўла қоплайди.
2- Жадвал. Хоразм миқёсида хлорофиллметрдан фойдаланиш самарадорлиги
Майдон | Харажатнинг камайиши | Ғўза | Кузги экин | ||||||
Азот | Амиак селитраси (34,5%N) | Азот | Аммиак селитраси (34,5%N) | ||||||
тонна | тонна | Минг.Сўм | долл. | тонна | тонна | МингСўм | АҚШ доллари | ||
Хоразм | 1 | 188 | 544 | 148 264 | 92 956 | 60 | 173 | 47230 | 29 611 |
| 5 | 938 | 2 719 | 741 322 | 464 779 | 299 | 866 | 236 148 | 148 055 |
| 10 | 1 876 | 5438 | 1 482 644 | 929 557 | 598 | 1 732 | 472 296 | 296 111 |
* 100 гектарлик экин майдонига битта хлорофиллметр керак бўлади.
Хоразм вилоятининг пахта далаларида хлорофиллметрдан фойдаланишда ерга бериладиган азот ўғитини 5% камайтирганда 2,7 минг тонна, айни шу ўғитни беришни 10% қисқартирганда 5,4 тонна амиак селитрасини тежаб қолиш имконияти юзага келади, бу эса 1,4 млрд сўм (930.минг АҚШ доллари)ни ташкил этади. Хлорофиллметрни кузги экинларга қўллаганда эса ерга бериладиган азот ўғитини 5% камайтирганда 236 млн. сўм (148.минг АҚШ доллари)ни, азот ўғити беришни 10% камайтирганда эса 472 млн. сўм (296 минг АҚШ доллари)ни тежаб қолиш имкониятини беради. Агар 100 гектар ерга биргина GreenSeeker ускунаси етарли эканини инобатга оладиган бўлсак, ҳисоб-китобларнинг кўрсатишича, энг арзон 2500 АҚШ доллари турадиган ускуна сотиб олинганида, GreenSeekerга сарфланган пул бир йилда, энг қиммати – 7000 АҚШ долларлиги сотиб олинганда эса беш йилда тўла ўзини оқлайди.
Ҳисоб-китоблар кўрсатиб турганидек, хлорофиллметр SPAD-502 ва оптик сенсорли GreenSeeker ускунасига кетган харажат фермер хўжалиги доирасида ҳам, кенг вилоят миқёсида ҳам тўла ўзини оқламоқда. Хорижда ушбу ускунанинг арзон турларини ишлаб чиқариш йўлга қўйила бошланди, бу эса оптик сенсор ускунаси келгусида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги амалиётида кенг қўлланилади деган умидни уйғотади. Дастлабки харид қийматидан келиб чиққан ҳолда, ушбу ускунага сарфланадиган пул 1 йилдан 5 йилгача тўла ўзини қоплайди.

Пахта мисолида оптик сенсорли ускунанинг қўлланилиши. Хоразм вилояти, Урганч тумани
(Фото И.Курязовники)
Хулоса
Ҳисоб-китоблар кўрсатдики, 100 гектар ерга эгалик қилган фермер хлорофиллметр SPAD-502 ускунасини қўллаганда азот ўғитидан тежамкорлик билан фойдаланганлигининг ўзидан энг камида 1000 $ фойда кўради. Умуман олганда, Хоразм вилоятида SPAD-502 ускунасидан фойдаланиб бир йилда N– ўғитини тежаб қолиш эвазига кўриладиган фойда пахта далаларида 930.000 $ ва кузги экин далаларида 296.000 $ ни ташкил этади.
Алмашлаб экиш (пахта, бўғдой, шоли) техникасига риоя қилган ҳолатда, Хоразм вилоятида заҳарли газнинг буғланиш даражаси ўртача кунига 6,8 кг CO2 экв/гектарни, йилиги 2,5 т CO2 экв/гектарни ташкил этади. Бу ўртачи кўрсаткични бутун мамлакатимизнинг суғориладиган экин майдонлари(4,3.млн гек.)га тадбиқ этганимизда N2O ва CH4 нинг йиллик зарари ~10,5 млн. т эквивалент қийматидаги углерод деганидир.Шундай қилиб, қишлоқ хўжалигида ерга минерал ўғит беришнинг самарадорлигини ошириш эвазига заҳарли газларнинг ҳавога чиқишини камайтириш мумкин.
Шунинг билан бир қаторда, фермерларда мазкур ускунани сотиб олиш ва экиннинг азот ўғитига бўлган талабини аниқлаш ҳамда ундан тўғри фойланиш борасида етарлича билим, зарурий маълумот ва алоқаларнинг етишмаслиги қишлоқ хўжалигида бу лойиҳанинг амалга ошишига тўсқинлик қилмоқда.
Бу муаммони ҳал этиш масаласида оптик сенсорли ускунани сотиб олишни молиялаштиришни ваколатли ташкилотлар (мисол учун ҳокимият, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари) ҳамда тижорат банклари кўмагида марказлаштирилган ҳолда амалга оширишни тавсия этиш мумкин. Айни пайтда, 100 гектарга бир оптик сенсорли ускуна ажратиб, кейинчалик уни фермерларга ижарага ҳам бериш мумкин.
Қўшимча маълумотлар учун «КРАСС» ННТнинг қуйидаги манзилига мурожаат қилинг:
Қўшимча маълумот бўйича куйдаги мутахассис-
ларга мурожаат қилинг:
Жуманиёзова Юлдузой Абдушариповна
қ.х.ф.н, УРДУ нинг катта ўқитувчиси
Уяли тел.: +998 91 430 76 23
Электрон почта: yulduz.d@gmail.com
Иброҳимов Назирбай Мадримович
Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Пахтачилик илмий текшириш инсти-
тутининг агрокимё лабораторияси етакчи илмий
ходими.
Электрон почта: nazar.ibragimov@mail.ru
Рузимов Жуманазар Шарипович
қ.х.ф.н., УДУ доценти
Уяли тел.: +998 91 434 93 79
Электрон почта: ruzimov_j@mail.ru
Хаитбоева Жамила Умаровна
УДУнинг илмий ходими
Электрон почта: jamilahaitbaeva@rambler.ru
Қурязов Иззат Ражабович
УРДнинг илмий ходими
Электрон почта: izzat_84@mail.ru
1 Гарчанд дунёда бошқа моделлар кенга тарқалган бўлсада, лойиҳа томонидан хлорофиллметр SPAD-502 тажрибадан ўтказилди.
2 ЦЭФ/ЮНЕСКО нинг Хоразм вилоятидаги лойиҳаси доирасида ҳудудда етиштириладиган асосий экинлар мисолида азот ўғитларининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган хилма хил ва чуқур тадқиқотлар
ўтказилган.