Биз қишлоқ аҳолиси билан суғориш ишлари учун каналлардан дизель ёки электр насослар қўлламасдан сув олиш ҳақида суҳбатлашмоқчи эдик. Чунки охирги пайтларда ёқилғи масаласида узилишлар юзага келмоқда ҳамда жуда қиммат.
Бу фикр Қирғизистоннинг ГЭЖ КГД тажрибаси билан танишишим вақтида Қирғизистонга қилган саёҳатим мобайнида ҳаёлимга келганди. Каналларнинг бирида мен чархпалакни кўриб қолгандим. Лекин оддиймас, замонавий чархпалак. Одатдаги чархпалак каналдаги сувни майдонни суғориш учун ўзидан пастда ёки ўзи билан тенг жойлашган каналга бевосита яқин бўлган майдонгача кўтариб беради. Спирал чархпалак (биз уни шундай атадик) сувнинг даражасидан юқорига кўтара олади.

Қирғизистондаги чархпалакнинг расми
Бу қандай қилинади? Чархпалакка оддий пластмасса шланг ўралади. Шланг таянч трубага киритилади. Ундан далага кетадиган шлангга уланади. Энг қизиғи кейингиси: чархпалакка неча метр шланг уланган бўлса, сув шунча метр баландликка кўтарилади. Бошқача қилиб айтганда, агар сиз қияликдаги кўчатни суғормоқчи бўлсангиз, қияликдан пастдаги каналдан баландликни ҳисобланг, чархпалак ясанг, сув ҳам тайёр.
Биз Ўзбекистон фермерларига бундай технологияни аллақачон кўрсатмоқчи эдик. Ниҳоят, уни амалга ошира оладиган одамни топдик. Ғоямиз ташаббускорлари бизнинг 2 та кўнгиллиларимиз бўлди - Тарас Жуканин ва Бахром Карабаев. Амалга ошириш "локомотиви", тўғридан-тўғри бажарувчи Ўзбекистон Фермерлар Ассоциацияси Сурхондарё вилояти бўлинмаси Раис муовини Рустам Худойбердиев ҳамда Сурхондарё вилояти Шеробод туманлик фермер - Хусниддин Холмаматов. ГЭЖ КГД ҳаммаси бўлиб 200 ш.б. берди ҳамда фермер ўзининг 300 минг сўмини қўшди. Жами 350 ш.б. атрофида йиғилди. Ўйлашимча, бундан нима чиққанини фоторепортаж яхшироқ кўрсатиб беради. Бизнинг суратларга ва уларга берилган изоҳларга эътибор қаратинг.
Биз яқин кунларда шундай чархпалакни ҳар бир хоҳловчининг ўзи ясашига ёрдам берувчи чизмаларни тақдим этамиз. Бундай чархпалакни нафақат қияликларни, балки сув трубалари орқали етиб борадиган майдонларни суғоришда ҳам қўллаш мумкин. Бунда сувни ерга сингишининг олдини олиш ёки бошқа мақсадларда ҳам ишлатишимиз мумкин. Бутун мамлакат бўйича қанчадан–қанча электр ва дизель насосларни четлаб ўтишни тасаввур қилиб кўринг?! Бу насос эса шунчаки сув ҳаракати ёрдамида ишлайди. Фермерлар қанча пулларни сақлаб қолишади?! Ёнилғи ёнишидан ҳосил бўлувчи қанча чиқиндиларни атмосферага чиқарилишининг олдини олиш мумкин?!