The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Дарё форелини етиштириш – Ўзбекистондаги фермерлар учун юқори даромадли агротижорий имконият

Б. Г. Комилов, И. И. Халилов

Ҳар бир фермерга маълумки, истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқариш ишончли тадбиркорлик турларидан бири бўлиб, агар маҳсулотга бўлган талаб юқори бўлса, уни ишлаб чиқариш жараёни даромадли ҳисобланади.
Чунки истеъмол молларини ҳар бир харидор ва унинг оиласидагилар доимий равишда, ҳар куни узлуксиз харид қилади. Балиқ эса фойдали ва танқис маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда балиқ ишлаб чиқариш ўзига хос аҳамиятга эга келажаги порлоқ соҳадир. Нима учун? Чунки балиқ жуда катта фойдали аҳамиятга эга бўлиб, унинг истеъмолисиз мамлакатимизда соғлом авлодни вояга етказишнинг иложи йўқ. Тиббиёт ҳар бир киши бошига йиллик энг кам балиқ истеъмолини ўртача 16 кг деб белгилади. Агар мамлакатимиз аҳолиси ўртача 30 миллионга яқинлашиб қолган деб ҳисобласак, демак йилига 400 минг тоннадан ортиқ балиққа талаб мавжуд. Унда республикамизда ҳозир қанча балиқ маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда? Йилига ўртача 30 минг тоннадан ортиқ! Демак, балиқ– энг камёб маҳсулот.

Аквакультуранинг дунё бозоридаги ўрни ҳамда ривожланаётган мамлакатлар учун алоҳида аҳамиятга моликлигини БМТнинг ОҚХТ (Озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилот)нинг балиқчилик хўжалиги ва аквакультура бўйича бош директор ёрдамчиси Арни М. Матисон аниқ қилиб, қуйидагича баён қилади: «Ҳисоб-китобларга суянадиган бўлсак, 2050 йилга бориб дунё аҳолисининг сони 9 миллиардга етишини, айниқса, хавфсиз истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш танқислиги кузатилаётган ҳудудларда аҳоли сонининг ошишини инобатга олсак, аквакультура хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда иқтисодиётнинг ўсишига сезиларли даражада улуш бўлиб қўшилиши мумкин».

Бу ҳолнинг объектив изоҳлари ҳам мавжуд. Ўзбекистон дунёдаги энг катта қитъанинг марказида жойлашган бўлиб, бизда табиий балиқчилик (ёввойи ҳолда кўпаювчи балиқни овлаш)нинг, денгизга чиқишнинг имконияти йўқ. Албатта, балиқни етишириш мумкин. Бу аквакультура деб аталади. Бироқ сунъий ҳовузларда балиқ етишириш учун ҳам зарурий шарт ва шароитлар лозим бўлади. Собиқ иттифоқ давридаги режали иқтисодий сиёсат туфайли жануб шароитида бошқа қатор соҳалар фойдали бўлишига қарамай, Ўзбекистонда, асосан, пахта етиштирилган. Балиқ эса четдан олиб келинган. Кекса ёшдаги одамлар ҳафтанинг пайшанбаси «балиқ куни» эканини яхши эслашади. Собиқ иттифоқ тугаши билан балиқ олиб келиш деярли тўхтади ва у энг танқис таомга айланди. Янги давлат учун эса бу ишларни йўлга қўйишга бир оз фурсат лозим эди. Шунинг учун ҳам ҳукуматимиз биринчи галдаги бажариладиган вазифлар қаторида озиқ-овқат масаласига, жумладан, балиқчиликка катта эътибор қаратди. Бугун эса аквакультура мамлакатимизда агротижоратни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Яъни муҳим озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланган балиқ ишлаб чиқириш борасидаги фермерларнинг қизиқишлари давлатнинг шу соҳани ривожлантириш борасидаги манфаатларига уйғун келади.

Дарё форели. Товарбоп шакли.

Фақат муаммо шундаки, Ўзбекистонда суғориладиган ерлар ҳам, сув ҳам чекланган. Агротижоратнинг бошқа соҳалари бу борада рақобатчидир. Қолаверса, қишлоқ хўжалигининг пахтачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик, чорвачилик каби соҳалари бу борада қатор устунликларга эга. Бу хўжалик сирлари кўпчиликка маълум, йиллар давомида ҳаёт синовидан ўтган, етарли технологиялардан фойдаланилади, савдо алоқалари йўлга қўйилган.

Аквакультура – мамлакатимизда кўпчиликка яхши таниш бўлмаган, тамомила янги соҳа. Ҳозирги кунда аквакультура асосан сунъий кўлларда амалга оширилиб, унумдорлик даражаси унча юқори эмас: 10-20 ц/гектар ёки 100-200 грамм/м3. Дунё бозорида эса янги технологияларга асосланган ушбу соҳа кўрсаткичи 40-200 кг/м3 ни ташкил этади. Бунинг сабаби, бизда балиқчиликда асосан экстенсив ёки ярим-интенсив усуллардан фойдаланиб келинаётганлигидир.

Мисол тариқасида оддийгина ҳисоб-китобни келтириб ўтамиз: 1 гектар кўлни (чуқурлигини ўртача 1.5 метр деб оладиган бўлсак) тўлдиришимиз учун 15 минг м3 сув керак бўлади. Иқлимимизнинг айни мавсум пайти иссиқлигини ҳам инобатга оладиган бўлсак, яна қўшимча 9 минг/м3 сув талаб этилади, демак, ўртача ҳисобда 24 минг/м3 сув сиғадиган сув ҳавзаси зарур бўлади (5-жадвал). Ўзбекистонда ҳозирги кунда 10 минг гектарга яқин сув ҳавзалари мавжуд бўлиб, ҳар бир мавсумда ўртача 240 миллион/м3 сув керак бўлади. Бу сув сарфи ўзини оқлайдими? Ўзбекистонда ишлаб чиқариш юқори бўлган йилларда бу 30-40 центр/га етади, бу эса бошқа мустақил мамлакатларга қараганда анча юқори кўрсаткич. Ҳозирги кунга келиб, комбикормлар ва балиқ етиштириш учун керак бўлган озуқаларнинг кескин камайиб кетганлиги туфайли бу кўрсатигич 10-20 цент/га гача тушиб кетди. Маҳсулот(асосан лаққа балиқ)нинг ҳозирги кунда ўртача бозор нархи 10000-20000 сўм/кг.ни ташкил этади. Демак, бир куб метр сувнинг йилига ўртача фойдаси 600-1200 сўмни (ёки 20-40 центни валюта курсида) ташкил қилади. Шу фойда учун бизнинг ҳудудимизда сувни сарфлаш мақсадга мувофиқмикан? Яна шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, кўллар сувидан ташқари катта суғориладиган майдонлар ҳамда қўшимча техника меҳнати ҳам талаб этилади. Ер ресурсларидан унумли фойдаланиш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, Ўзбекистонда сув танқислиги ва ер ресурслари муаммоси энг долзарб аҳамиятга эга.

Экстенсив ва интенсив аквакультурада балиқ
етиштиришда сув ресурсларидан фойдаланиш

Интенсив аквакультурада қанча миқдорда балиқ етиштирилади? Биринчидан, бундай ҳовузларда дўнгпешона эмас, балки бошқа сифатли, жумладан, лаққа етиштирилади. Бизда бир кило лаққанинг нархи 14000 сўм. Демак бир кубометр сувдан 560.000 – 2.800.000 сўм фойда олиш мумкин, 1 гектардан-чи? Шунинг учун савол туғилади ва ҳатто бу давр талаби ҳам – табиий ресурслардан унумли фойдаланиб, кўп миқдорда маҳсулот ҳамда даромад олиш учун мамлакатда экстенсив усул билан бир қаторда интенсив усулда балиқ етиштирилса-чи? Буни амалга ошириш осон. Муҳими, бу борада билим етарли бўлса бўлгани. Бунинг учун бизга кам миқдордаги сув ҳамда ҳудудда кўпроқ балиқ етиштиришга ёрдам берадиган, жумладан, унда сувнинг ифлосланмаслиги, беҳудага сарф бўлмаслиги ва кейинги истеъмолчига етказиб берилиши таъминлай оладиган аквакультура технологиялари зарур. Бундай технологи ялар фақатгина сўнгги ўн йилликларда (тахминан, 90-йилларда) яратилди.

Интенсив усулда балиқ етиштириш дегани нима ўзи? Умуман олиб қараганда, бу балиқ тез ўсиши учун зарур бўлган етарлича озуқа ва керакли ҳарорат мавжуд бўлган шароит яратиш ҳисобланади. Бу усул интенсив деб номланади, чунки бунда балиқ қўшимча озуқа ҳисобига катта бўлади. Бундай тажриба чорвачилик ва паррандачиликда қўлланилиб келинади. Тажриба шуни кўрсатадики, балиқ тан нархининг ошишига озуқа сабаб бўлиб, бу кўрсаткич 50-70 фоиз ташкил этади.

Озуқа қанчалик тўйимли бўлса, етиштириладиган балиқ ҳам шунча сердаромад бўлади. Тўйинтирилган озуқа зарур, унда балиқнинг яшаши ва ўсиши учун керакли бўлган барча минераллар (оқсил, ёғ, углевод, витамин, минераллар) бўлиши шарт. Бизга маълумки, балиқларга мўлжалланган комбикормлар бу талабларга жавоб бермайди. Уларда оқсил миқдори кам ҳамда бошқа керакли минераллар йўқ. Агар қиёслайдиган бўлсак, кўлларда ишлатиладиган комбикормларда протеин миқдори 12-18 фоизни ташкил қилса, интенсив аквакультурада ишлатиладиган озуқаларда протеин миқдори 30 фоиз, энг самараларида 34-45 фоизгача боради.

Чирчиқ дарёсида сув ҳароратининг динамикаси

Балиқни унумли озиқлантиришда энг муҳим бўлган масала бу тўйимли озиқлантириш усулини (бир кунлик керакли миқдорни) аниқлашдан иборат. Бу эса бир неча омилларга, айниқса, сувнинг ҳароратига боғлиқ. Ҳар балиқ турининг улғайиши учун белгиланган сув ҳарорати мавжуд. Балиқ ўсиши учун зарур бўлган сув ҳароратининг аниқ куни қанчалик яқин бўлса, озуқа миқдори ҳам ошириб борилади ва шунда балиқ ўсиши ҳам тезлашади. Мисол учун 200 грамм келадиган зоғорабалиқлар учун 150С сув ҳароратида кўлдаги балиқнинг 1 фоиз биомасса ҳисобга олинган ҳолда тўйинтирилган озуқа берилади. 240С да эса 3 фоиз. Фарқлар ўртасидаги тафовут 3 баробар эканлиги кўриниб турибди. Турли ҳароратли сувдаги балиқлар 3 баравар секин ёки тез ўсиши кундек равшан.

Юқоридаги маълумотларда анча қизиқарли жиҳатлар мавжуд. Демак, Ўзбекистон шароитида зоғора, лаққа, оқ амур балиқларини очиқ ҳавзаларда йилнинг 3 ойида (текисликдаги турғун кўлмакларда сув ҳарорати 220Сдан ортганда) яхши, яна 2-3 ой (18-220С) да ҳам ўртача, 1-2 ой (14-180С) да эса секин ўсиши мумкин. Яъни зоғора, лаққа, оқ амур балиқларини кўпайтириш учун очиқ ҳавзалар деярли ярим йил «яроқсиз» ҳолда бўлади. Бу бор ҳақиқат.

Бизнинг ҳавзаларимиздаги сув ҳароратида яхши ўсиши мумкин бўлган балиқ турлари мажудми? Бу саволга жавоб яна баъзи масалаларга ойдинлик киритади. Кўп йиллик маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларидаги дарё ва каналлар сувининг ҳарорати 180Сдан юқорига кўтарилмайди. Бу тушунарли, Орол денгизига келиб қуйилувчи дарёларнинг боши қор ва музликларга (ёғин-сочинлар дарё сувига унчалик таъсир этмайди) бурканган тоғларга бориб туташади. Дарёларимиз суви эса – тезоқар. Ҳатто ёзнинг иссиқ кунида ҳам дарё ва каналлар суви анча камайиб қолганига қарамай, илишга улгурмайди. Мисол тариқасида Чирчиқ шаҳри яқинидаги Чирчиқ дарёсининг йиллик ҳарорат кўрсаткичини келтириб ўтамиз (5-сурат).

Қайси турдаги балиқлар учун 180С ли сув ҳарорати қулай? Совуқ сувда яшовчи балиқлар учун! Дарё форели учун! Кўриниб турибдики, тўғри озиқлантиришда дарё форели йил давомида ўсишдан тўхтамайди. Бунинг устига қисқа муддатда, 6-7 ойда тез улғаяди. Лаққа ва зоғорабалиқ билан дарё форелининг улғайиши ўртасидаги фарқ жуда сезиларли, шундай эмасми? Бунинг устига, Ўзбекистоннинг тахминан 25 фоиз ҳудудида умумий аҳолининг тахминан 75 фоиз истиқомат қилади ва уларни соғлик учун фойдали бўлган юқори сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш зарур. Бундай ҳудудлар сирасига Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари киради.

Энди эса текисликда жойлашган ёзда суви яхши исийдиган сув ҳавзаларини, жумладан, кўллар ҳамда кўлмакларни қараб чиқамиз. Улар эса республикамизнинг қолган майдонларида жойлашган. Бундай ҳавзаларда октябр ойидаёқ сув ҳарорати 180С дан паст даражада совийди ва апрелнинг иккинчи ярми, майнинг бошидан кейингина 180С дан юқори бўлади. Демак, дарё форелини етиштириш учун бу ҳавзалардан 6-7 ой давомида фойдаланиш мумкин. Бунинг орасида 3 ой эса дарё форелининг тез улғайиши учун қулай пайт ҳисобланади. Текислик ҳудудларида дарё форелининг йил давомида улғайиши муддати кўрсаткичи худди лаққа, зоғорабалиқники ўхшаб кетади. Бошқача сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг текислик ҳудудларидаги барча ҳавзаларда худди зоғора каби дарё форелини ҳам самарали етиштириш мумкин.

Ўзбекистон шароитида дарё форелини етиштириш балиқчиликда энг самарали соҳа дея хулоса чиқариш мумкин!

Бироқ айрим муаммолар ҳам бор, масалан, Ўзбекистонда дарё форелини ҳали яхши билишмайди. Ҳақиқатдан ҳам республикамиз балиқчиларини зоғора балиқ етиштиришга ўргатишган, бу эса илиқ ҳароратли сув балиқчилигидир. Бунинг устига балиқчиликда экстенсив ва ярим интенсив усулдан фойдаланилади. Бу эса юқорида келтириб ўтганимиздек, самарадорлик даражаси 0.13 ва 0.26 кг/м3 (такрор ҳисобда бу – 10 ва 30 ц/га) ни ташкил этади. Айни пайтда, дунё балиқчилигида, жумладан дарё форели етиштиришда бу кўрсаткич 40 кг/м3 дан ҳам юқорини кўртсатмоқда. Бу юз баравар кўп дегани. Бизнинг балиқчиларимиз, фермерларимиз, ўқитувчи ва уларга таълим берувчилар, шунинг билан бирга тадқиқотчи, мутахассисларимиз ўзларида куч топиб, балиқ борасидаги билимларини кенгайтириши, қийин, руҳий-психологик тўсиқларни писанд қилмай, ҳар томонлама фой-

дали бўлган балиқ турини етиштиришдан асло чўчимасликлари керак.

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги форелчилик хўжалиги. ГЭФ КГД лойиҳаси доирасида ташкил қилинган

Буни албатта амалга ошириш зарур, чунки, биринчидан, бунинг келажаги бор, иккинчидан мамлакатимизда сув тақчиллиги мавжуд, учинчидан эса, бу унчалик қийин эмас. Буни балиқчиларимиз ҳамда ГЭФнинг
Ўзбекистондаги Кичик грантлар дастури лойиҳаси асосида дарё форели тўғрисида тайёрланган китоб муаллифларининг тажрибаси тасдиқлаб турибди. Биз (муаллифлар) адабиётлардан керакли маълумотларни топиб, уларни таҳлил қилиб, ўзимизга назарий база яратдик ва Тошкентнинг бўш майдонида дарё форелини етиштирадиган бир неча сунъий ҳовузларга эга хўжаликлар ташкил этдик. ГЭФнинг Ўзбекистондаги Кичик грантлар дастури лойиҳасини амалга ошириш давомида биз Сиэтл (Бу ер шарининг Тошкентдан энг узоқ бўлган жойи, ер шарининг нариги бурчи) дан тўйинтирилган увулдириқни мунтазам равишда олиб келишни, увулдириқларни авайлабасраб, парваришлаб, 6-7 ойлик дарё форелини сотувини йўлга қўйдик. ГЭФнинг Ўзбекистондаги КГД лойиҳаси шарофати билан Ғазалкент яқинида дарё форелини етиштирувчи хўжалик ташкил этилди.

Мазкур мақола эълон қилиш арафасида яна 2 та дарё форелчилиги хўжалиги ташкил этилди, яна бир нечата хўжаликнинг қўрилиш ишлари бошлаб юборилди.

2013 йилда балиқ ва балиқ маҳсулотлари экспортидан дунё бўйича олинган даромад 136 млрд АҚШ долларини ташкил этди.

1 кубометр сувдан 40 кг ва ундан кўпроқ балиқ маҳсулоти олиш мумкин. Шу билан бирга, бунинг иқтисодий фойдали томонларини олиб қарайдиган бўлсак, бу қуйидагича: балиқ турига қараб бир килоси ўртача 7-10 минг сўмга фарқланади (2014 йил ёзги маълумотларга кўра), бу эса кетадиган барча харажатларни қоплашини ва балиқчилар учун юқори даромад манбаи эканини билдиради.

Бунда озуқа учун кетадиган ўртача харажатлар 6-9 минг сўмни ташкил қилади. Хўжаликларда балиқни жойида сотишса бу рақам қанчани ташкил этади? Зоғора кузга келиб 12 минг, қолган пайтлари 15 мингдан, бошқа балиқлар эса ундан ҳам қимматроқ сотилади. Мисол учун, дарё форелининг бир килоси 30 минг сўмни ташкил этади. Яъни, 1 кг балиқ (унча катта бўлмаган зоғора балиқ) дан тушадиган фойда 5-6 минг сўм, бошқаларида ундан-да юқори бўлади. Яна ҳам аниқлаштирадиган бўлсак, ҳар бир кубометр сувдан 40 000 сўм ва ундан кўпроқ фойда олинади. Интенсив аквакультуранинг катталиги қандай бўлиши лозим? Бу сизнинг ҳавзани қандай қўришингизга боғлиқ. Ҳеч бир муаммосиз 100 кубометрлик сув ҳавзаларини қуриш мумкин.

Аквакультура билан шуғулланиш учун нима зарур? Биринчи навбатда – иқтисодий имконият ва билим. ХХI асрнинг бошланишида турибмиз. Балиқ етиштириш тобора кенгайиб бормоқда. Кун сайин тараққий этиб бораётган ва илмнинг энг кўп сармоя сарфланаётган соҳаси балиқчиликдир. Тажрибалар шуни кўрсатиб турибдики, турли кўринишдаги сув ҳавзаларида 100 турдаги балиқ ва бошқа сув ҳайвонларини парваришлаш учун зарур бўлган ускуналарнинг турлари ортиб бормоқда, уларнинг истаганини (0,1 дан 400 кг балиқ / кубометр сувга мўлжалланган) танлаш имконияти мавжуд. 2000 йилдан бошлаб сунъий усулда балиқ етиштириш инсон учун зарур бўлган оқсил етиштириб берадиган энг йирик соҳага айланиб, кейин чорвачилик, ундан кейин бошқа соҳалар туради.

Биз буни нима учун ёздик? Бошидан бир нарсани билиб қўйишимиз лозим: ҳозирги кунда билимсиз аквакультура соҳасида бирон нарсага эришаман деб умид қилиш ғирт бемаъниликдир! Чорвачилик ёки
деҳқончиликдан хабарингиз бўлса бу интенсив аквакультура усулда балиқ ҳам етиштира оласиз дегани эмас. Аквакультура юксак технологияларни талаб қилади. Яхши ишбилармон ёхуд катта сармоя эгаси
бўлганингиз учун (билимсизлигингиз туфайли каттагина сармоядан айрилиб қолишингиз ҳеч гап эмас) балиқ етиштиришда ҳам муваффақият қозонаман деб хомтама бўлманг. Бироқ, агар сармоянгиз бўлиб,
яхши режа тузган (ёки буюртирган) бўлсангиз, етарли билимни эгаллаб, тартиб-интимзом билан уни амалга оширишга киришсангиз, бу сердаромад соҳаси сизга катта фойда олиб келади.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги форелчилик хўжалиги.
ГЭФ КГД лойиҳаси доирасида ташкил қилинган

Бу борадаги билимни қаердан олиш мумкин? Бу мутахассислар билан маслаҳатлашиш (яхши натижага эришмоқ учун тўғри маслаҳат олмоқчи бўлсангиз – буни яхшиси тўлов йўли билан амалга оширинг) ва
ўз билимини оширишдир. Ўз билимини ошириш – бу зарурий адабиётларни ўқиш дегани. Керакли адабиётлар билан танишиш, бу билимларни маҳалий шароитда қўллай билиш – жуда оғир жараён бўлиб,
буни фақат мутахассисгина амалга ошириши мумкин. Энди эса, муҳтарам ўқувчилар, бизнинг Кичик грантлар дастуримиз сизларга қулай бир имконият яратиб бермоқда. Аквакультура бўйича Ўзбекистоннинг аквакультура соҳасида таниқли олимлари дарё форелини етиштириш бўйича катта ишни амалга ошириб, ўқув қўлланмаси яратдилар. Унда республикамиз шароитида дарё форели фермаларини ташкил этиш бўйича дунё тажрибаси олимларнинг ўз иш фаолиятлари мисолида умумлаштириб берилган. Ҳозирги кунда дарё форелини етиштириш билан шуғулланишга қарор қилган барча фермерлар учун зарур ушбу амалий қўлланма чоп этилган. Қўлланмадан фойдланишни истаганлар ГЭФнинг КГДга мурожаат қилиб уни текин олиши ёки www.sgp.uz сайтидан бепул кўчириб олишлари мумкин. Амалий қўлланмангизни қўлга киритинг, уни ўқинг, мағзини чақинг, бу ўз хўжалигингизда интеинсив аквакультура усулида балиқ етишириш борасида ташлаган дастлабки қадамингиз бўлади.

Қўшимча маълумот бўйича куйдаги мутахассисларга мурожаат қилинг:

Комилов Бахтиёр Ғаниевич – биология фанлари номзоди, ЎзР ФА Ўсимликлар дунёси ва ҳайвонот олами генафонди институтининг катта илмий ходими
Тел.: +998 71 269 00 61
Уяли тел.: +998 93 396 12 69
Электрон почта: bkam58@rambler.ru

Халилов Иброҳим Ильёсович - ихтиолог-балиқчи
Уяли тел.: +998 90 906 65 66