Эгамбердиев О., Эшчанов Р., Ибрагимов Н., Акрамханов А., Волков А.
Бизга маълумки, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш суғорма деҳқончиликка асосланган бўлиб, маҳсулотнинг 90–95 фоизи ушбу майдонларда етиштирилади. Экинларни парваришлаш ва етиштириш бир неча агротехник тадбирларни қўллаш орқали амалга оширилади, шулардан бири–ерларни текислашдир. Қишлоқ хўжалигида ерларни текислашдан асосий мақсад –дала майдон нишаблигини сақлаб қолган ҳолда суғориш ва механизациялашган агротехник тадбирларга тўсқинлик қиладиган баъзи нотекисликларни йўқотишдан иборат.
Ҳозирги кунда деҳқон–фермерларимиз жуда яхши билишадики, дала майдон юзаси текислиги суғориш сувларидан самарали фойдаланиш, дала майдонини бир текис намлаш, тупроқнинг мелиорация ҳолатини яхшилаш, экинларни бир текис ривожлантириш ва улардан юқори ҳосил олиш ҳамда иқтисодий самарадорликнинг ошишига кўмаклашувчи омиллардан биридир. Бундан ташқари, механизация ишларини енгиллаштириш, энергия сарфини тежаш ва иш унумини оширишга ҳам ёрдам беради. Ерларни текислашда дала майдон рельефининг баланд жойлар тупроғи паст жойларга сурилади. Ерларни текислаш ишлари трактор ва махсус (узун ёки қисқа базали) текислаш механизмларида амалга оширилиб, даланинг баланд жойлари кесиб олиниб паст жойларига ташланади.
Фермерлар билан суҳбат давомидаги маълумотларга кўра, анъанавий усулда ерларни текислаганда, ҳар бир гектар дала майдон рельефи энг камида 10–15 см га фарқ қилиши мумкин экан. Албатта, анъанавий усулда бундан ҳам аниқроқ қилиб ерларни текислаш усули бўлмаса керак.
Бир қарашда ушбу текислашдаги дала релъефи жуда кам фарқ қиладиган, ёки бўлмаса ўта аниқ қилиб текисланган бўлиб кўринсада, аслида ҳар бир гектарга сарф бўладиган ортиқча сув сарфи 1000–1500 м3 ни ташкил қилиши мумкин. Чунки, даланинг ўша 10–15 см бўлган баланд жойини ҳам суғориш керакда. Агар 100 гектар дала суғориладиган бўлса, дала майдон релъефи нотекислигдан 100.000–150.000 м3 ортиқча сув сарф қилишга тўғри келиши мумкин. Бунга қўшимча равишда, мисол тариқасида агар дала майдон насос билан суғориладиган бўлса ҳар бир куб сув учун 1 сўмдан ҳисобланганда ортиқча сув учун керагидан ортиқ 100.000–150.000 сўм пул тўлаш керак бўлади. Қолаверса, дала нотекислигидан суғоришга кетадиган ортиқча вақт ёки бўлмаса суғориш давомида 1 гектар майдонни кичик-кичик 4-5 та майдончаларга бўлиб суғоришга кетадиган қўшимча харажатлар ҳам ҳисобга олинса кўрсаткичлар янада ортиши мумкин.
Энг асосийси, ортиқча сув тупроқнинг мелиоратив ҳолатига ҳам жуда катта таъсир кўрсатади. Мисол учун, агар суғориш сувининг минерализация даражаси жуда кам ёки 0.5 г/л бўлганда, ортиқча сув орқали ҳар бир гектар дала майдонига келадиган туз миқдори 500–750 кг ни ташкил қилади. Бундан ташқари, ортиқча сув ер ости сувлар сатҳини кўтариб, тупроқ шўрланишини янада кучайишига олиб келади. Бу эса қишлоқ хўжалик экинлар ҳосилдорлигини кескин камайтиради.
Айниқса, ҳозирги глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ кейинги йиллардаги сув танқислиги, қолаверса аҳолининг кескин ўсиши ўз навбатида қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган кундалик эҳтиёжнинг янада ортиб бориши, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги мавжуд ер майдонларидан янада унумли ва самарали фойдаланиш кераклигини тақозо этади.
Шунинг учун бугунги кун суғорма деҳқончилиги олдида турган энг долзарб вазифаларидан бири қишлоқ хўжалигида ерларни аниқ қилиб текислайдиган янги инновацион технологияларни тадбиқ қилишдан иборат. Бу ҳам бўлса суғорма деҳқончиликда Ерларни лазер нивелирида текислаш.
Ерларни лазер нивелирида текислаш деганда, дала майдон юзасидаги энг паст ва баланд жойлар фарқи 1-3 см. дан ошмайдиган даражадаги, махсус жиҳозли лазер нивелирли қурилмалар ёрдамида текислаш (Расм-1) усули тушунилади.

Бундан ташқари, Ерларни лазер нивелири ёрдамида текислаш технологияси уй-жой қурилиши, магистрал трасса йўлларини ётқизишда, қишлоқ хўжалигида ерларни текислаш, суғориш каналлари, дренаж ва коллекторларни ётқизишда кенг кўламда фойдаланилади.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига ушбу технологияларни оммавий тадбиқ қилиш бўйича, Глобал Экологик фонднинг Ўзбекистондаги Кичик грантлар дастури етакчилик қилмоқда. Ушбу дастур орқали мамлакатимизнинг Кораколпоғистон республикаси, Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган вилояти фермер хўжалиги дала майдонларида бевосита амалиётга тадбиқ этилмоқда.
Ерларни лазер нивелирида текислаш бўйича олинган амалий тадқиқот натижаларга кўра, ушбу технологиянинг бир неча афзаллик томонлари мавжуд. Биринчидан–суғориш суви 20-25 фоизгача тежалади; Иккинчидан–сувдан фойдаланиш самарадорлиги ортади; Учинчидан– қишлоқ хўжалигида 1 гектар майдондан қўшимча 5–7 ц. ҳосил олишга эришилади; Тўртинчидан– қўшимча олинган ҳосил ҳисобига иқтисодий даромад 15-20 фоизга ортади. Қолаверса суғориш суви орқали ортиқча туз келишининг олди олинади, суғоришга кетадиган вақт, ишчи кучи ва энергия тежалади; дала майдонида экинлар бир текис унувчанликга эга бўлади; экинлар бир хил меъёрда озиқа моддалар ва намлик билан таъминланади; далага суғориш сувлари орқали келадиган бегона ўтлар миқдори камаяди; шу билан биргаликда, агар ерга ишлов бериш ишлари тўғри олиб борилса дала майдон 3– 5 йилда лазер нивелирида қайта текисланиши мумкин.
Ерларни лазер нивелирида текислаш ўзининг зарурий қоидаларини талаб қилади ва бу борадаги қўшимча маълумотларни қуйидаги интернет сайтидан олиш мумкин (www.sgp.uz; www.krass.uz). Лазер нивелирида текисланган майдонларда нафақат асосий экинларни, балки қўшимча полиз ва сабзавот экинларини ҳам етиштириш мумкин.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, “Ерларни лазер нивелирида текислаш – кам сув, юқори ҳосил ва қўшимча даромад манъбаи” десак муболаға бўлмайди.
Фойдаланилган манъбалар:
ZEF/UNESCO лойиҳасининг Хоразм вилоятида ер ва сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш бўйича илмий ишланмаси. ZUR №1. 2008;
ZEF/UNESCO лойиҳасининг Хоразм вилоятида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича ишланма “Инновация в сельском хозяйстве”. Урганч-2012;
“Ерларни лазер нивелири ёрдамида текислаш бўйича техник йўриқнома”. Урганч-2012.