The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Фотоов якунланди. Омадли овчилар аниқланди!

20 май кечки пайт «Фотоов» танлови бўйича охирги фотоматериаллар қабул қилинди.

Танловда республикамизнинг турли ҳудудларидан ҳаммаси бўлиб 15 киши иштирок этди. Миллий танлов учун «бу оз» дерсиз? Аммо бу гал танловни жамоаларни ташкил этмасдан ўтказшга қарор қилинди. Бунда ҳар ким ўзининг кундалик ишларидан ажралмасдан, танловда иштирок этиши мумкин. Айни пайтда иштирокчиларни жамоаларга бўлиш ўйинга айланар, тадбир Тошкент шаҳри билан чекланар эди. Натижада бошқалар унда иштирок этиш ва совринлар учун курашиш имкониятидан маҳрум бўлар эди.

Танловга умумий ҳисобда 53 та фотосурат келиб тушди. 5 киши юборган 7 та фотосурат танлов шартларига мос келмади. Айни пайтда уларда танловнинг қайси тоифасида иштирок этаётганлиги ҳақидаги қайд мавжуд эмас эди. Бир иштирокчи эса ҳаммадан ҳам ўзгача йўл тутди: у расмнинг фотосуратини жўнатган. Ҳолбуки, танлов шартларига кўра жонли ҳайвонларнинг фотосурати юборилиши керак эди. Танловда иштирок эта олмаса-да, у танлаган усул ўзига хослиги билан ёдда қолди.

Танлов эълон қилинганида сўнг айримлар танловга кам вақт ажратилганидан, ҳамманинг ҳам табиат қўйинига боришга, муваффақиятли сурат олишга имконияти йўқлигидан шикоят қилишди. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, муваффақиятли суратни олиш, кадрни топа билиш, мавзуга оид бетакрор ечимни ўйлаб топиш учун баъзан шаҳар кўчалари, ҳовли ёки дала ҳовли кифоя. Зеро, биохилмахиллик барча жойларда мавжуд! У турмушнинг ҳар бир соҳасида, ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасида намоён бўлади...

Тафсилотларга берилмасдан, ўқувчиларимизга ўз қобилиятлари ва нуқтаи назарларини намойиш қила олиши мумкин бўлган топшириқларни ёки номинацияларни эслатиб ўтамиз. Танловни эълон қилишда 5 та номинация илгари сурилган эди.

Танлов ҳайъати 6 кишидан иборат эди. Фотоматериалларни баҳолаш ишларида «Туркистон пресс» ахборот агентлиги журналисти Манзура Бечанова, биолог Сергей Загребин, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ходими Севара Давлятова, фотомухбир ва табиат шайдоси Эрнест Куртвелиев, фаол турмуш тарзи тарафдори, жараённинг фаоли иштирокчиси ва кўнгилли Андрей Малеев ва ГЭФ КГД нинг вакили Мақсад Бауетдинов иштирок этишди.

Байрам арафасида, яъни 22 май куни ҳайъати аъзолари йиғилиб, иштирокчиларнинг ишларига 3 та мезон бўйича баҳо беришди. Талаблар унчалик мураккаб эмас эди, фотосуратлар учта мезон бўйича баҳоланди (аҳамиятлилиги юқорида):

- топшириқ, мавзунинг ёритилганлиги;

- креатив, ижодий ёндашув;

- ижро сифати, фотосуратчи маҳорати.

Ташкилий қўмитанинг қарорига кўра биринчи ўринни эгаллаган иштирокчига аталган соврин - 500 гигабайт ҳажмли хотирага эга қаттиқ диск, иккинчи ўринни эгаллаган иштирокчига - 32 гигабайтли флэш карта, учинчи ўрин учун эса – соябон ҳадя қилинади. Қолган иштирокчилар танловда иштирок этганликлари муносабати билан ёдгорлик сертификатига эга бўлади.
Баҳолар якунларига кўра биринчи ўрин тошкентлик Шавкат Йўлдошевга берилди, иккинчи ўринни ҳайъат тошкентлик Фарангиз Отабоевага берди ва учинчи ўринга жиззахлик Уйғун Рахимов лойиқ, деб топилди. Табриклаймиз!!!
Танлов ғолибларига бу ҳақда хабар юборилди ва 22 май куни биохилмахилликка бағишлаб ўтказиладиган семинарда биз уларни кутиб қоламиз. Улар биохилмахиллик мавзусига қизиқиши, янгича назари ва қобилиятлари учун тақдирланади. Ғолибларнинг фотосуратларини кейинчалик эълон қиламиз. Янгиликларни кузатиб боринг.
Фотоматериалларни баҳолашда фаол иштирок этганликлари учун ҳайъат аъзоларига ва айниқса, Андрей Малеевга танловни ташкил этиш ва ўтказиш пайтидаги жонбозлиги учун ГЭФ нинг Ўзбекистондаги КГД, БМТ ва Давлат Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси қўшма ташаббусни амалга ошириш жараёнидаги ёрдами, кўмаги ва қизиқиши учун миннатдорлик билдиради.