2013 йил 26-29 ноябрда Урганчда «Қорақалпоғистоннинг жанубий ҳудудини барқарор ривожлантириш учун қишлоқ хўжалиги маслаҳатчиларини ресурсларни тежовчи технологияларга ўргатиш» мавзусидаги семинар-тренинг бўлиб ўтди. Тадбир ЮНЕСКО нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Урганч Давлат Университети ва «KRASS» ННТ мутахассислари ҳамкорлигида БМТ нинг «Орол денгизи инқирози натижасида жабрланган аҳолининг турмушини таъминлаш» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил қилинди. Ушбу семинар-тренинг Қорақалпоғистоннинг Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманлари қишлоқ хўжалиги маслаҳатчилари учун ўтказилди.
Семинарнинг очилишида ЮНЕСКО нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили, УрДУ ректори ва «KRASS» ННТ директори нутқ сўзлади. Дастлабки икки кун давомида иштирокчилар билан катта иш олиб борилди. Семинарда Барқарор ривожланиш концепцияси ва унинг Ўзбекистондаги ўзига хосликлари тақдимоти бўлиб ўтди. Уларнинг моҳиятини тушунтириш учун семинар иштирокчиларига табиий ресурсларни барқарор бошқаришнинг батафсил таърифи берилди. Бунда табиат инсон ва барча тирик жонзотлар ҳаётий фаолиятининг асоси эканлиги, унинг ресурсларни саводли бошқариш ҳозирги ва келгуси авлодларнинг ривожланиши ва хавфсизлигининг гарови ҳисобланиши тушунтирилди.

Аммо табиий ресурсларни барқарор бошқариш йўлларини билиш учун аниқ мақсадларга, вазифаларга эга бўлиш ҳамда буларнинг барчаси қанчалик самарали амал қилишини тушуниш керак. Бунинг учун мутахассис-мураббийлар семинар иштирокчиларини жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги маслаҳатлари мақсади, вазифалари ва усулларини аниқлашга киришишди. Кейинчалик, қишлоқ хўжалиги маслаҳатчиларининг вазифалари, режалаштириш ва маслаҳат ишлари белгилангач, фермерларнинг муаммоларини ойдинлаштирилиб, уларни ҳал қилиш усуллари аниқлаштирилди. Қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни аниқлаш усули сифатида сўровлар ўтказилди ва уларнинг асосида семинар иштирокчилари таҳлил ўтказиб, ушбу муаммоларни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилишди.
Семинарнинг охирги икки куни иштирокчиларни деҳқончиликка оид инновацион технологиялар билан таништиришга бағишланди. Ушбу технологиялар қаторида муқобил экинлар, агроўрмон мелиорацияси, шу жумладан, сувдан фойдаланишга оид илғор технологиялар – далаларни лазерли текислаш, канал тубини изоляция қилиш ва далаларда сувни тежашнинг самарали усуллари бор. Семинарнинг назарий қисмида амалий машғулотлар бўлиб ўтди, уларда иштирокчилар энг янги асбоблар ва инновацион технологиялар билан амалиётда танишди.
