Лойиҳа Қорақалпоғистондаги фермерлик хўжаликлари мисолида ерлар мелиорацияси (ҳосилдорликни тиклаш)нинг муқобил, арзон усулини намойиш этишга йўналтирилган. Ушбу усулни кенг жорий этиш ерлар деградациясини ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлардан органик моддалар йўқолишини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
Муаммонинг моҳияти
Айни пайтда мамлакатимизда суғориладиган ерлар билан ишловчи деярли барча фермерлар экадиган иккита асосий қишлоқ хўжалик экини мавжуд. Бу пахта ва буғдой. Афсуски, узоқ вақт давомида ҳамма жойда фақат ғўза ва буғдойни етиштириш тупроқнинг заифлашувига олиб келди. Тупроқдаги озиқ моддалар таркиби, органик моддалар сезиларли даражада камайиб кетди, тупроқдаги кўпгина экологик жараёнлар бузилди, унумдорлик тушиб кетди, бу эса охир-оқибатда ҳосилдорликнинг камайишига олиб келмоқда.
Мамлакатимизда фермерлар фойдаланадиган одатий экин экиш схемаси қуйидагича амалга оширилади: 1-йил – пахта, 2-йил – пахта; 3-йил – буғдой ва яна бир йил – буғдой. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир далада ҳар бир асосий экин камида 2 йилдан туради.
Пахта 1-йилдан кейин тупроқдаги фосфор ва азотни сўриб олган ҳолда, уни жуда заифлаштиради. Пахтани иккинчи йили ҳам экар экансиз, заифлашган ерга нисбатан босимни янада кучайтирасиз. Бошоқли экинлар йиғиб олинганидан сўнг ерга деярли ҳеч нарса экилмайди. Ёзги жазирамадан ҳимояланмаган тупроқдан намликнинг жуда тез буғланиб кетиши туфайли ер тезлик билан шўрланади. Тупроқ юзасидан буғланишлар миқдори бир ойда 1,5-3,0 минг м3/га га етади, бу эса ер ости сувларининг минераллашуви 3 г/л бўлганида, илдизлар яшайдиган зонага ёзги даврда 20 т/га дан зиёд тузларнинг тортилишини билдиради.
Афсуски, фермерлик хўжаликлари қишлоқ хўжалигини юритиш соҳасида янги агротехнологиялар ва инновацияларни камдан-кам ҳолатларда қўллайдилар, пахта ва буғдойни ерга ишлов бериш ва суғориш техникасининг эски технологиялари ёрдамида етиштиришда давом этадилар. Шу боис ер ва сувдан нооқилона фойдаланиш, иккиламчи шўрланиш, тупроқ унумдорлигининг пасайиши каби муаммолар ҳамон мавжуд.
Нима қилиш мумкин?
Тупроқни жонли ўсимлик қопламаси билан ҳимоялаш суғориладиган ва айланма экишда фойдаланиладиган ерлар деградацияси муаммосини ҳал этишдаги энг оптимал вариантлардан бири ҳисобланади. Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Людмила Георгиевна Шчурова бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислари ана шундай методни таклиф қилишмоқда. Ушбу методнинг моҳияти мавжуд ғўза-буғдой экинлари айланмасига бир йиллик дуккакли ўсимликларни киритишдан иборат. У қўшма ва оралиқ экинлар дейилади. Бу жуда янги, тупроқни ҳимоялаш тизими бўлиб, ҳосилдорликни, намликни сақлашни ва чорвачилик учун ем-хашак базасини ошириш усули сифатида жуда унумли метод ҳисобланади.
Таклиф этилаётган тупроқдаги органик моддалар миқдорини яхшилаш усули қуйидагилардан иборат:
1-йил
Пахта экилди. Пахта ҳосили йиғиб олинди. Пахта териб олинганидан кейин тритикале+нўхат (дуккакли-бошоқли аралашма, у бошқача вариантларда ҳам бўлиши мумкин) экилади. Ушбу аралашма илдиз тизимининг ривожланиши ва кейинчалик ўсимлик қолдиқларининг тупроқ билан бирга ҳайдалиши ҳисобига тупроқни органик моддалар билан бойитади. Шунингдек, бир гектардан 100 центнергача миқдорда ем-хашак ҳосилини беради.
2-йил
Май ойининг бошида дуккакли-бошоқли аралашма массаси йиғиб олинганидан кейин яна иккинчи йилга ҳам ғўза экилади. Иккинчи йили пахта териб олинганидан кейин кузда кузги буғдой экилади.
3-йил
Кейин ёзда буғдойли далага қўшимча равишда беда экилади, у ҳам азотни жалб этиш орқали ва ўсимлик қолдиқлари мавжудлиги ҳисобига тупроқни органик моддалар билан бойитади. Беда асосий экинни (буғдойни) эзиб қўймаслиги учун баҳорда экилади. Буғдой йиғиб олинганидан кейин фермер 2 та беда ҳосилини олади, тупроқ эса йиғилган азотга ҳамда шохлаб кетган илдиз тизими ва ўсимлик қопламаси кўринишидаги органик моддаларга эга бўлади. Бунинг устига ўсимлик қопламаси тупроқдаги намликнинг буғланиш ва унинг шўрланиш даражасини камайтиради. Кейин яна қишга кечки экинлар экилади.
4-йил
Яна беда экилади. Кузги экинлар йиғиб олинади. Иккита беда ҳосили йиғиб олинади. Беда далада қишга қолдирилади.
5-йил.
Беда йиғиб олинади. Пахта экилади ва схема яна биринчи босқичдан бошлаб давом этади.
Шундай қилиб, асосий экинларга (пахта ва буғдой) қўйиладиган талабларни бузмаган ҳолда, биз тупроқда фито-мелиорация жараёнини ўтказишга ҳамда фермерга қўшимча даромад, тупроққа эса фойда келтирувчи қўшимча экинларни экиш ёрдамида уни органик моддалар билан бойитишга ёрдам берамиз. Бундан ташқари, тупроқни ювишни камайтириш ҳисобига сув ҳам тежалади. Бу жараён бедани суғориш жараёни билан алмаштирилади.
Мазкур усул 1-Инновациялар ярмаркасида намойиш этилиб, уни кенг синаб кўриш ва жорий этиш учун мамлакат раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланган. Ушбу лойиҳа, мазкур усулни келгусида мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам оммалаштириш учун, Қорақалпоғистон ҳудудидаги фермерлик хўжаликлари миқёсида синовдан ўтказишни ўз олдига вазифа қилиб қўйган.
Лойиҳа ҳужжатини юклаб олиш
Лойиҳа бюджетини юклаб олиш