Ўзбекистонда фаолият юритаётган Глобал экология фондининг Кичик грантлар дастури кўмагида Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл туманида 2010 йилдан бери ерни шудгорламай деҳқончилик қилишни синаб кўриш ва жорий қилиш мақсадида “Тупроқни ҳимоя қилувчи технологияларни жорий қилиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида махсус техника сотиб олинди ва Қорақалпоғистон шароитида ерни шудгорламай экин экиш синаб кўрилди, шунингдек, ерни шудгорламай деҳқончилик қилиш усулларининг Қорақалпоғистонда ишлов берилаётган тупроқ намлиги, асосий экинлар ҳосилдорлиги ва иқтисодий самарадорлигига таъсири баҳоланди. Қуйидаги мақолада ушбу амалиётни жорий қилиш чоғида олинган баъзи сабоқлар билан танишасиз.
Дастлабки шартлар ва муаммо баёни
Қорақалпоғистонда тупроқ емирилишининг бир неча сабаблари бор ва улар бир-бири билан боғлиқ:
Бундан ташқари, сув тақчил, қурғоқчилик йиллари сони ортиб бормоқда, бу қурғоқчил минтақамизда деҳқончилик қилишни янада мушкуллаштиради.
Афсуски, аксарият ҳолларда деҳқонлар кам ҳосилдорлик сабаблари қолиб оқибатларига қарши кураш олиб бормоқда.
Тупроқ ҳосилдорлигини сақлаб қолишга ўта салбий таъсир кўрсатадиган бир қанча омилларни санаб ўтамиз:
Ҳаддан зиёд механик ишлов бериш
Ҳар бир фермер ҳар йили тупроқни 4-5 марта механик тарзда безовта қилиш операцияларини бажаради. Ерни ҳайдаш,мола босиш, текислаш тупроқнинг юқори қатламларида минераллашиш жараёнларини тезлаштиради ҳамда дастлаб ўсимликлар ўсиши, бинобарин, экинлардан ҳосил олишга ижобий таъсир кўрсатади. Бироқ фермерлар кўникиб қолган ушбу қолоқ тадбирлар юзлаб йиллар давомида фойдаланиш оқибатида тупроқ ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатадиган бир қанча нохуш омилларга эга.
Ҳаддан зиёд механик ишлов бериш тупроқни ҳавонинг жизғанак ҳарорати ва ҳамма нарсани қуритиб юборадиган қуёшга очиқ қолдириш билан тупроқ зарралари уваланишига, бинобарин, шамолнинг тупроқни кўплаб миқдорда учириб кетишига олиб келади. Оқибатда ушбу амаллар шамол емиришига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, ёз мавсумида тупроқнинг ички қатламлари билан ташқи муҳит ўртасида катта тафовут бўлади. Ёзда буғдой ҳосили йиғиб олингандан сўнг ерга ишлов бераётганда ҳавонинг жизғанак ҳарорати ҳаёт фаолиятига зарар етказади, кўпинча тупроқдаги фойдали микроорганизмлар ҳалокатига сабаб бўлади.
Лекин ҳарорат ягона омил эмас. Ерни ҳайдаётганда ҳаво тупроқнинг ички қатламларига кириб боришига йўл очамиз. Тупроқнинг юқори қатламида кислород зарур бўлган аэроб микроорганизмлар, қуйи қатламида эса кислород қирон келтирадиган анаэроб микроорганизмлар яшайди. Айнан ўша микроорганизмлар барча ўсимлик қолдиқларини органик ўғитлар, чириндиларга айлантириб беради. Ерни ҳайдаш ўша микроорганизмларни йўқотади, демак, чиринди ишлаб чиқарадиган табиий организмлар қолмайди.
Экинларни алмашлаб экишнинг йўқлиги
Бу ўринда экинларни амлашлаб экишнинг йўқлиги зарар экани хусусида сўз юритмоқчи эмасмиз. Фақат унинг йўқлиги тупроқни ориқлатиб, чириндиларни кескин камайтириб юбориши ва тупроқда зарарли патогенлар – микроорганизмларнинг урчиб кетишига олиб келишини айтмоқчимиз. ГЭФнинг КГД пахта ва буғдой сингари асосий экинлардан воз кечмаган ҳолда алмашлаб экиш тизимини жорий қилиш учун бир қанча усулларни таклиф қилмоқда.
Ўсимлик қолдиқларини далалардан йиғиштириб олиш ёки уларни ёқиб юбориш
Фермерлар ўсимлик қолдиқларини далада қолдириш ўрнига уни тозалаш мақсадида тўлиқ йиғиштириб олади ёки уларни ёқиб юборади. Қурғоқчил иқлим шароитимизда тупроқни ўсимлик қолдиқларисиз қолдириш унинг нами тезда йўқолишига олиб келади. Юқори қатлам қаттиқ қизиб кетиши оқибатида тупроқ қуриб қолиши уни ҳосилдор қиладиган микрооганизмлар қирилиб кетишига сабаб бўлади. Тупроқ қуриб қолиши унинг структурасини йўқотади – тупроқ уваланиб кетади. Бу шамол емириши ва тупроққа ҳаддан зиёд механик ишлов бериш орқали тупроқнинг ҳосилдор қатлами йўқолиши хавфини кучайтиради.

Сувдан ҳаддан зиёд фойдаланиш
Афсуски, кулгили ҳолат юз бермоқда – мамлакатимизда сув кам ва у барча фермерларга етмайди. Айни пайтда сув олаётган ҳар бир фермер даласига, захирага йиғиб қўймоқчидай, имкон қадар кўпроқ сув олишга ҳаракат қилади. Даласини керагидан ортиқ суғораётган ҳар бир фермер сув ола билмай қолиши мумкин бўлган бошқа фермердан уни “ўғирлайди”. Бироқ масаланинг бошқа муҳим жиҳати ҳам бор: даладаги ортиқча сув фақат салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
Ошиқча сув муҳим минерал ва озуқа моддаларининг тупроқдан ювилиб кетишига олиб келади. Масалан, бу ерда ҳар йили тупроқдан сувларни ювиш учун ҳар гектар ерга 3000-6000 м3 сув сарфланади. Ерни ювиш учун сувни бунчалик кўп қўллаш нафақат тузларнинг, қолаверса, ўсимликнинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган азот ва калий сингари озуқа элементларининг тупроқнинг қуйи қатламларига ювилиб тушишига сабаб бўлади.
Кўпинча ҳаддин зиёд суғориш тупроқ таркибидаги тузни ювиш билан камайтириш ўрнига туз миқдори кўп бўлган ер ости сувлари сатҳини кўтаради ва уни сув буғланиб кетгандан сўнг тупроқ юзасида қолдиради. Бу билан фермернинг ўзи тупроқнинг юқори қатламларида туз йиғилишига сабабчи бўлади.
Бундан ташқари, фермерлар суғориш учун кўпинча минераллашган сувдан фойдаланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Агар сувнинг минераллашувини, бор-йўғи, 0.5 г/литр деб тахмин қилсак, ҳар бир кубкилометр ошиқча сув тупроққа қўшимча 500 кг туз олиб келади.
Тупроқ ориқлашининг кенг тарқалгани мамлакат қишлоқ хўжалигин барқарор ривожланиши ва озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таҳдиддир.
Муаммони ҳал этиш йўли
Тупроқ ҳосилдорлигини оширишга ёрдам берувчи илғор, тупроқни ҳимоя қилувчи, намликни сақловчи технологиялардан бири ерни шудгорламаслик бўлиб, у деҳқонларимиз учун янги, аммо бутун дунёда кенг қўлланилаётган технологиядир.
Тупроққа ишлов бермай деҳқончилик қилиш – ўтган йилдан қолган анғиз ер ва ўсимлик қолдиқлари устига тупроққа ҳеч қандай ишлов бермасдан, шу ишни бажаришга мўлжалланган дискли плуг тиши бор сеялка ёрдамида тўғридан-тўғри экин экишдир. Бу тупроқда кечадиган табиий жараёнлар ёрдамида ҳосилдорликни тиклаш ва сақлашдир.
Ерни шудгорламай деҳқончилик қилишнинг асосий принципи тупроқдаги умуртқасизлар ва микроорганизмларнинг ҳаётий фаолияти учун табиий шароитни тиклашдан иборатдир, бу йўқотилган тупроқ ҳосилдорлигини аста-секин тиклаш ва унинг барқарор сақланишига ёрдам беради.
Технология, айниқса, ёғингарчилик кам бўлган ва сув тақчил йилларда ҳосилнинг битмай кетиш хавфи юқори бўлган қурғоқчил зоналар учун долзарбдир. Шунинг учун, назаримизда, ерни шудгорламай деҳқончилик қилиш, умуман олганда, Ўзбекистон, хусусан, Қорақалпоғистон учун бугунги кунда долзарб аҳамият касб этади, чунки бу ерда тупроқ ҳосилдорлиги узлуксиз камайиб, кам сувлик тез-тез такрорланаётгани сабабли ҳосил битмай кетиши хавфи ошиб бормоқда.
Ерни шудгорламай деҳқончилик қилишнинг асосий афзалликлари қуйидагилардан иборат:
Тупроқ ҳосилдорлигини қайта тиклаш - Ерни шудгорламай деҳқончилик қилишнинг барча усуллари тупроқнинг биологик фаоллиги ошишига ёрдам кўрсатади. Тупроқдаги микроорганизмларнинг ҳаётий фаолияти учун қулай шароитни сақлаб туриш (ҳарорат ва ҳаво билан боғлиқ танг вазиятлар йўқлиги) табиий жараёнлар ёрдамида тупроқ унумдорлигини тиклаш жараёнлари фаоллашишига кўмаклашади. Йиғиштириб олинмаган ўсимлик қолдиқлари микроорганизмлар учун озуқ ҳисобланади, улар бу қолдиқларни чириндига айлантириб беради. Сомоннинг ҳар тоннаси 170-180 кг, айни чоқда бир тонна гўнг, бор-йўғи, 65-75 кг чиринди беради, холос (Лыков А.А., Земледелие, ОЎВ юртлари учун дасрлик, М. «Агропромиздат», 1991, 77-б.). Тупроқдаги органик моддалар таркибини кўпайтириш қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлиги ошишига сабаб бўлади.

Тупроқдаги намликни сақлаш – Ерни шудгорламай деҳқончилик қилишнинг асосий усулларидан бири анғиз ва ўсимлик қолдиқларини сақлаш, ундан ҳам яхшироғи, тупроқ юзасида йиғиб олинмаган экин қолдиқларидан қоплама яратишдир. Қурғоқчил минтақаларда қоплама яратиш сувнинг тупроқ юзасидан буғланишини камайтиради, бинобарин, йиғилган намликни сақлайди ва бутун вегетация давомида ўсимликларга ўша намликдан тежаб фойдаланиш имконини беради, ерни суғориш эҳтиёжини камайтиради – бу сув кам бўлган йилларда муҳим аҳамиятга эга. Тадқиқотларимиз кўрсатишича, тупроқни сомон билан қоплаш қопланмаган жойга нисбатан юқори 0-5 см.лик қатламдаги намликни 3,2-4,2 марта ва 5-10 см.лик қатламдаги намликни 1,2-1,5 марта сақлашга ёрдам беради. Ҳисоб-китобларимизга кўра, тупроқни сомон билан қоплаш натижасида сақланган тупроқ намлиги 1 гектар ерда 233,4-276,9 м3 сувга тенгдир. Қопламаси бор тупроқдан намликнинг буғланиб кетиш жадаллиги бўйича ҳисоб-китобларимиз вегетация даврида экинларга сув беришни икки марта қисқартириш мумкинлигини кўрсатди, яъни норма 500 м3/ га бўлган ҳолда 1000 м3/га сув тежалиши мумкин.
1-жадвал. Йиғиб олинмаган экин қолдиқларидан қоплама яратишнинг тупроқ намлиги ва намлик буғланиб кетишига таъсири
| ||||
Кузатиш санаси | Қатлам чуқурлиги, см | Қопламасиз даладаги тупроқнинг намлиги, % | Буғдой сомони қопламаси бор даладаги тупроқнинг намлиги,% | Сомон билан қоплаш натижасида тупроқнинг сақлаб қолинган намлиги, % |
31.08.2011 | 0-5 | 2,90 | 9,49 | 6,59 |
| 5-10 | 6,65 | 8,34 | 1,74 |
10.09.2011 | 0-5 | 2,21 | 9,30 | 7,09 |
| 5-10 | 5,30 | 8,10 | 2,80 |
Қатламдаги намликнинг 10 кун ичида буғланиш жадаллиги | 0-5 5-10 | 0,69 1,35 | 0,19 0,24 |
|
Тузнинг мавсумий йиғилишини камайтириш – йиғиштириб олинмаган ўсимлик қолдиқлари тупроқдаги буғланишни пасайтиради ва ўсимлик қопламаси бўлмаган жой билан солиштирганда мавсумий туз йиғилишини 1,6-4 марта камайтиради. Ўсимлик қолдиқлари ва шўрланишнинг камайиши ҳам ер шўрини ювиш учун ишлатиладиган сув сарфини камайтириш имконини беради. Масалан, биз тажриба ўтказган жойда тупроқ ўсимлик қолдиқлари билан қопланганда шўрланишни паст даражада сақлаб қолиш (зичлик қолдиғи бўйича 0,2-0,5 фоиз) мумкин бўлди, айни чоқда усти ҳеч нарса билан қопланмаган далада шўрланиш ўртача даражага етди (зичлик қолдиғи бўйича 0,8 фоиз). Шўрланиш паст даражада бўлганда уни ювиш учун сув меъёри 3000 м3/га, ўртача даражада эса 4000 м3/га бўлади. Бинобарин, тупроқ ўсимлик қолдиқлари билан қопланганда ер шўрини ювиш учун сарф қилинаётган сув миқдорини камида 1000 м3/га қисқартириш имкони мавжуд. Шу тариқа вегетация даврида тупроқдаги намликни сақлаб қолиш ва тупроқни ўсимлик қолдиқлари билан қоплаш ҳисобига туз йиғилишини камайтириш билан умумий сув сарфини ҳар йили 2000 м3/га камайтириш мумкин.
Экинларга ишлов беришда фермер харажатларини камайтириш – ҳосилдорлик ва ерга ишлов бермасдан деҳқончилик қилиш бўйича ғўза ва кузги буғдойга ишлов бериш харажатларини мониторинг қилиш жараёнида ҳосилдорлик нисбатан кам бўлишига қарамасдан рентабеллик оддий ишлов бериш билан солиштирганда юқорироқ бўлиши аниқланди. 2011 йили суғориш учун сув бўлмагани сабабли экинлар ҳосилдорлиги ўта паст бўлди. Шундай қилиб, кузги буғдой ҳосилдорлиги ерга ишлов берилмаганда 18,9 ц/га, оддий ишлов берилганда эса 23,3 ц/га бўлди. Кузги буғдойнинг нисбатан паст ҳосилдорлигига қарамай, рентабеллик даражаси оддий ишлов берилган майдондагига нисбатан 17,2 фоиз баланд бўлди. Пахта хом ашёси ҳосилдорлиги ерга ишлов берилмаганда оддий ишлов берилган майдон ҳосилдорлиги билан солиштирилганда 6,9 ц/га кам бўлди, аммо шунга қарамасдан, ишлов берилмагандаги рентабеллик даражаси оддий ишлов берилган майдон ҳосилдорлиги билан солиштирилганда 11,8 фоиз баланд бўлди. Рентебалликнинг юқори даражасига экинларга ишлов беришга моддий ва меҳнат ресурсларини қисқартириш ҳисобига эришилди. Масалан, ерга ишлов берилмай кузги буғдой экилганда ёнилғи харажатлари 62 фоиз, ғўза экилганда эса 80 фоиз қисқарди.
2-жадвал. ҚРнинг Қонликўл туманида ғўзага ишлов беришнинг иқтисодий самарадорлиги (2011 йил)
Кўрсаткичлар | Формулалар | Оддий ишлов бериш | Нолга тенг ишлов бериш |
Ҳосилдорлик, ц/га | Ҳ | 14,2 | 7,3 |
1 кг пахта хом ашёсининг баҳоси, сўм | Б | 760 | 760 |
Ялпи даромад, минг сўм | Я = Ҳ*Б | 1079,2 | 554,8 |
Харажатлар, минг сўм | Х | 1064,3 | 490,5 |
Таннарх | Т = Х / Ҳ | 749,5 | 671,3 |
Соф даромад, минг сўм | С.д. = Я - Х | 14,9 | 64,7 |
Рентабеллик, % | Р = С.д. / Х | 1,39 | 13,2 |
Барча экинларни ҳам ишлов бермасдан етиштириб бўлмайди. Тадқиқотларимиз кўрсатишича, индигофера, ем лавлаги ва бошқа бир қанча сабзавот ва полиз экинларини ишлов бермасдан экиб бўлмайди. Ишлов бермасдан экишга буғдой, тритикале, маккажўхори, соя, мош, кунжут ва бошқа экинлар жуда яроқлидир – улар бундай усулни қўллашнинг дастлабки йилларида ҳам ишлов берилмай экилганда яхши ўсади.
Мавжуд афзалликларига қарамасдан, фермерлар ерни шудгорламай экин экишни дарров қабул қилаётгани йўқ. Қуйида биз ерни шудгорламай экин экиш ташаббусини ёйиш дуч келаётган муаммолар билан боғлиқ ташаббусни йиғишга ҳаракат қилдик:
1. Психологик муаммо
Ерга ишлов беришга бўлган соф психологик муносабат муҳим роль ўйнайди. Чунки ҳар ким ҳам минг йиллардан бери қўлланиб келаётган ерни одатий ҳайдашдан воз кеча олмайди. Фермерларнинг ерни ҳайдаш ва тупроққа ишлов беришнинг бошқа турлари кутилган самарани бермаслиги ва ҳатто тупроқ учун ҳалокатли бўлиши тўғрисидаги фикрни рад қилиши осон эмас. Чунки ерга асрлар давомида ана шундай ишлов берилган. Юқорида ерга механик таъсир кўрсатишнинг камчиликлари айтилди. Лекин далиллар тупроқ емирилиши кучайиб бораётганини, бу эса табиий жараёнлар бузилганини кўрсатмоқда. Бундай ҳолларда яккаю ягона нажот табиат қонунлари ва унинг табиий жараёнларини тиклашга уриниб кўриш бўлиб қолмоқда. Фермерлар ва қишлоқ хўжалик сектори раҳбарлари табиатнинг ўзини-ўзи тартибга солувчи жараёнларини, ерни плуги бор оғир тракторлар эмас, Д.И.Менделеев юз йилдан ошиқ вақт олдин кўрсатиб берган табиий жараёнлар (тупроқ организмлари, ўсимлик қолдиқлари билан тупроққа соя солиш, тупроқ қатламларини совуқ уриши ва эриши, илдизларнинг чириши) шудгорлашини қабул қилиши қийин. Ерни шудгорламаслик айнан мана шу табиий жараёнларга асосланади.
2. Технологияни қўллашнинг илк йилларидаги паст ҳосилдорлик
Технологияни қўллашнинг илк йилларида анъанавий усулдан ерни шудгорламаслик технологиясига ўтишда ҳосилдорликнинг 5-10 ц/га тушиб кетиш хавфи бор. Бу тушунарли, чунки ишлов берилмайдиган майдонлар тупроғи табиий йўл билан “юмшаш” даражасига ҳали етмаган бўлади. Кўплаб мамлакатларнинг олим ва амалиётчилари тадқиқоти кўрсатишича, тупроққа ишлов берилмаганда юмшоқлик ҳолатига ундан беш йил узлуксиз фойдаланилгандан сўнг эришилади. Дастлабки йилларда ҳосилдорликнинг пасайиши унинг кейинги йилларда ортиши ва технологиянинг нисбатан юқори рентабеллиги ҳисобига қопланади.
3. Экин майдонининг пала-партиш кўриниши
Ер шудгорланмаганда экин майдони ҳар доим ҳам тартибли кўринмайди ва бу ҳол ишлов бермаслик технологияси мавжудлигидан бехабар барча кишиларни чўчитиб юборади. Ушбу далил ҳамиша шудгорламасликнинг тирноқ орасидан кир қидирадиган мухолифларини хурсанд қилади, улар ҳақ эканини исботлашга уриниб, “ерни шудгорламаслик бизнинг шароитга тўғри келмайди”, дейишдан чарчамайди. Ушбу далил фермерларни ҳам чўчитиб юборади. Яна миямизга ўрнашиб қолган тушунчага кўра, экин майдонидаги ўсимлик қолдиқлари унинг парваришланган ва тоза кўринишига халал беради. Бироқ ўсимлик қолдиқлари тупроқни йилдан-йилга яхшилаб боради – энг муҳими шу.
4. Бегона ўтлар мавжудлиги
Экин майдонларининг кўпйиллик бегона ўтлар ва буталар билан қопланиш хавфи мавжуд. Кўпгина мамлакатларда бегона ўсимликларга қарши кураш самарали бўлиши учун экин экишдан олдин ҳар гектар ерга 5 литр глифосфат гербицидлари сепилади. Ҳар қандай кимёвий препарат тупроқни булғаши ва гербицидлар нархи қимматлиги сабабли биз бегона ўтларга қарши курашнинг бошқа, арзон, бироқ анча меҳнат талаб қилувчи усули – қўл билан яганалашни тавсия қиламиз.
Шунингдек, механизациялаштирилган усул – тупроқнинг юза қатламини юмшатиш ҳам бор, у бир вақтнинг ўзида тупроқ остидаги зич қатламни юмшатади ва ёввойи ўтлар илдизларини кесади, айни чоқда анғиз ва ўсимлик қолдиқлари бутун ва бузилмасдан қолади. Тупроқнинг юза қатламини юмшатиш анғизларни юзада сақлаб қолган ҳолда қатламни ағдармай юмшатишдир.
5. Зарур бўлганда техниканинг мавжудлиги
Кўпинча фермерларнинг сеялкани кўтара оладиган кучли трактори бўлмайди. Тупроққа ишлов бермайдиган сеялкалар одатда оғир бўлади, шунинг учун уруғни керакли чуқурликка қадаш учун сомон қатламини кесиб ўтадиган бўлади. Фермерлар туман МТПдан тракторни ижарага олишга мажбур. Бироқ МТП экиш мавсумида фақат асосий экинларга мўлжаллаб, ер ҳайдаш учун трактор беради. Тракторни фақат давлат буюртмаси бўйича экиладиган экинлар режаси бажарилиб бўлгандан сўнг ерни шудгорланмай экин экиш учун олиш мумкин. лекин у пайтда экин экиш муддатлари ўтиб бўлган бўлади. Кузги буғдой ва бошқа ёзги экинларни кечикиб экишимизга тўғри келган ва бу ҳол ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатган. Ҳар қандай усул ёки технологияни исталгандай жорий қилиш учун унинг энг яхши намунасини намойиш қилиш керак бўлади. Фермерлар технологиянинг фойдали тарафларини ўз кўзи билан кўрмагунча уни қўллашга журъат қилмайди. Афсуски, шу пайтгача ерни шудгорланмай экин экишни қўллашнинг энг яхши намунасини кўрсатиб бериш имконимиз бўлмади, чунки трактор ҳамиша бизга экин экишнинг энг сўнгги муддатида, яъни давлат буюртмаси бўйича режа бажарилиб бўлгандан сўнг тегар эди. Бундай тўсиқларга қарамасдан, биз ушбу технология (қачон ва қандай шароитларда қайси экинларни экиш, уларни қачон суғориш ва ҳк.) бўйича экинларни етиштириш бўйича етарли тажриба орттирдик.

Бундан ташқари, технологияни ёйиш билан бирга ерни шудгорламайдиган сеялкаларни етказиб бериш ёки уларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарур.
6. Тупроқни ўсимлик қолдиқлари билан қоплаш учун зарур техника
Биз далада фақат анғиз қолганда ҳам ажойиб натижаларга эришдик. Бу тупроқ юзасини қоплаш имконини берди, бироқ уни тўлиқ соя билан қоплаб бўлмади. Афсуски, комбайнларнинг сомонни майдалаш ва ерга сочиш мосламаси йўқ. Похолни майдалаш ва тупроқ юзаси бўйлаб тенг миқдорда тақсимлаш ерни шудгорланмай деҳқончилик қилишнинг ижобий самарасини янада ошириши мумкин эди. Биз ушбу омилни ҳисобга олмабмиз ва буни тузатиш зарур. Ерга ишлов бермайдиган сеялкаларга қўшимча равишда ўсимликлар қолдиқларини тупроқ юзасига тенг тақсимлаб чиқадиган агрегатлар ҳам зарур. Илгари барча Кейс ва Клаас комбайнлари сомон майдалагич ва сочгичлар билан жиҳозланган эди, афсуски, механизаторлар уларни қайсидир сабабларга кўра олиб ташлади (ошиқча деб ҳисоблаган бўлса керак). Ўсимлик қолдиқларини майдалаш учун ўт-ўланни силослашда фойдаланиладиган Полесье, Ягуар, КИР-1,5М, КИП-1,5, Kiwi, агрегетларидан фойдаланиш мумкин. Kiwi сомон майдалагичи кўп вазифаларни бажаради: ҳар қандай маҳаллий ёки чет эл ғалла йиғиш комбайнидан қолган сомон уюмларини йиғиштириб олади, сомонни икки марта майдалайди ва далага сочади. Майдалагич ерни ҳайдаб, тупроқ остига тушириладиган сомон органик ўғит бўлишини ҳисобга олиб тайёрланган. Бундай ўғит ҳосилдорликни оширади ва тупроқнинг фойдали микрофлораси ривожланишига кўмаклашади (Интернетда Kiwi-нинг баҳоси – 4000 АҚШ доллари).
7. Маъмурий кўмак йўқлиги
Узоқ вақт мобайнида ҳеч бўлмаса битта майдонни ерни шудгорланмасдан қолдиришга бўлган уринишлар бефойда бўлди. Барча фермерларнинг буғдой ҳосили йиғиштириб олингандан сўнгги экин майдонларини шудгор қилиш бўйича мажбурий режаси бор (бу “пешма-пеш” деб аталади, бу комбайн буғдойини ўриб бўлган экин майдонига шудгорлаш агрегатини солишни англатади), буни раҳбарият қаттиқ назорат қилади. Лойиҳа эришган натижа ерни шудгорламай экин экиш усулини икки йил қўллаш бўлди. Ерни шудгорламай экин экиш усулини уч ёки ундан ошиқ йил мобайнида қўллаш имкониятини ҳозирча қўлга кирита олмадик.
Олинган амалий натижалар аста-секин ерни шудгорламай экин экишга ўтиш мумкинлиги ва мақсадга мувофиқлигини кўрсатмоқда. Бу усул бозор иқтисодиёти шароитида долзарб бўлган ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини камайтириш, айниқса, сув танқис бўлган йилларда тупроқ намлигини сақлаш ёрдамида ҳосил ола билмаслик хавфини пасайтириш, мамлакат сув ресурсларини анча-мунча тежаш ва аста-секин тупроқ ҳосилдорлигини тиклаш имконини беради.
Мақола сўнггида ушбу технологияни қўллаш зарурлигига ишонч ҳосил қилишнинг оддий усулини таклиф қилмоқчимиз:
Уни экин майдони четидаги ҳеч қачон шудгор қилинмаган юмшоқ жойда синаб кўринг. Ўша ердаги ёввойи экинлар қандай баравж ўсаётганига бир қаранг. Ҳеч қандай техника кира олмайдиган ва ери ҳеч қачон ҳайдалмаган майдон четига (бизда етиштириладиган асосий экин) бир-икки туп чигит қаданг. Ернинг мана шу қисмидаги ўсимликлар қанчалик яхши ўсиб ривожланаётганини кўрасиз. Улар ривожланишини экин майдонингизнинг шудгорланган қисми билан солиштиринг.
Кунларнинг бирида фермерлар ва иштирокчилар ўсимлик тупроқ ҳеч қачон ҳайдалмаган жойда қандай яхши ўсиб, ривожланаётганига ишонч ҳосил қилди. Бу ажойиб самара берди ва кўпчилик бундай далилни кўриб ҳайрон бўлди. Шундан сўнг бир қанча фермерлар ерни шудгорламай экин етиштиришни ўз майдонларида синаб кўришга рози бўлди.
Шундай қилиб, тажриба лойиҳаси амалга оширилгандан сўнг Ўзбекистонда ерни шудгорламай экин етиштириш технологиясини жорий қилиш бўйича қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:
фермерларнинг ушбу технологияга ўтиш ишини давом эттириш керак. Лекин бунинг учун технология қанчалик фойда беришини энг яхши шароитларда кўрсатиб бериш лозим. Бир майдонда ерни шудгорламай экин етиштиришни беш йилдан кам бўлмаган муддатда, яъни тупроқ унумдорлиги табиий жараёнлар таъсирида тиклангунга қадар намойиш қилиш даркор. Биз туман ва вилоят ҳокимларига мурожаат қиламиз – агар ушбу технологияга қизиқишингиз пайдо бўлган бўлса, уни жорий қилиш ишларини қўллаб-қувватламоқчи бўлсангиз, ГЭФнинг КГД сизга ёрдам беришга тайёр;
ҳар 5-6 йилда бир марта тупроқни юза қатлами юмшатгичи ёрдамида чуқур юмшатиш мақсадга мувофиқ, чунки у анғиз ва ўсимлик қолдиқлари бор юқори қатламни шикастламайди. Бу ёввойи ўтларни йўқ қилиш ва тупроқнинг зичлашиб қолган қуйи қатламларини бузиш имконини беради;
тупроқнинг ўсимлик қолдиқлари билан қопланиши самарадорлигини орттириш учун ўсимлик қолдиқларини майдалаб, уларни экин майдони юзасига тенг тақсимлаш учун қўшимча техникани қўллаш мақсадга мувофиқдир;
технология самарадорлигини танг вазиятлар – сув тақчил бўлган шароитларда намойиш қилиш. Бу жамиятни ерни шудгорламай экин етиштиришга бўлган ишончини оширади;
усул тарғиботини фермерлар, қарор қабул қиладиган ҳокимлик, вазирлик ва идоралар ходимлари ўртасида кучайтириш, бу усулни жорий қилишга кўмаклашишни ошириш учун керак. Шунингдек, қишлоқ хўжалик соҳаси ходимлари малакасини ошириш ишини давом эттириш, ушбу усул бўйича ёш олимларни тайёрлаш, ушбу амалиёт бўйича бошқа мамлакатлар тажрибаси билан таништириш ва ҳк. зарур;
ерни шудгорламай экин етиштириш технологияси соҳасига ерни шудгорламай экин етиштириш, ўсимлик қолдиқларини майдалаб, экин майдонларига сочиш ускуналарини сотувчи ва лизингга берувчи савдо фирмалари сингари бизнес тузилмалари, шунингдек, бундай ускуналарни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқариш тузилмаларини жалб қилиш бўйича ишларни давом эттириш.
Б.Айбергенов, А.Волков
1БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг «Қурғоқчиликдан зарар кўрган Қорақалпоғистон минтақасида барқарор қишлоқ хўжалиги амалиёти" лойиҳасининг тупроқ ва ерни бошқариш бўйича консультанти ҳисоботи, 2006