Азиз дўстлар,
Бизга ёрдамингиз керак, сизнинг муҳокамадаги иштирокингиз тўғри қарор қабул қилишимизга ёрдам беради. Масала қуйидагича:
Айни пайтда ГЭЖ КГД Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги ботаника боғидан лойиҳа аризаси келиб тушган.
Лойиҳа аризасининг матни билан танишиш (рус тилида)
Лойиҳанинг ғояси ажойиб. Ҳаммамиз Оролбўйи ҳудудидаги оғир вазиятни биламиз. Биз энг катта муаммоларни, яъни бутун Ўзбекистондаги ирригация муаммоларини тўғирлай олмаймиз, бу давлат миқёсидаги иш. Аммо биз Оролбўйидаги инқироз оқибатларини бироз камайтиришга ёрдам беришимиз мумкин. Қандай қилиб, дейсизми? Ўсимликлар дунёсини тиклаб.
Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштириш – жуда чигал ва ҳал этилиши оғир бўлган муаммо. Шўрланиб кетган тупроқ, қурғоқчил шароит, қаҳратон қиш ва ер ости сувларининг ер сатҳига яқинлиги. Бундай шароитда ўсадиган нарса кам. Аммо бор.
Ўсимликлар қанча кўп бўлса, шунча яхши бўлади, экотизим ҳам соғломлашади, ҳаммамиз учун яхши бўлади. Аммо Қорақалпоғистондаги суғорилмайдиган ерларда бирор нарсани етиштириш учун айни пайтда одамларда бўлмаган алоҳида кўникмалар зарур. Ботаника боғининг директори Рустам ака Бобожонов гапириб берган оддий мисолни олайлик. Одамлар унга шундай савол беришаркан: “Биз боғларимизга мунтазам равишда кимёвий моддалар билан ишлов берамиз, мевахўр эса барибир йўқолмаяпти. Нима учун? Нима қилиш керак?”. Рустам ака уларнинг новдаларни болта билан кесишини, бунда дарахт поясида ҳам, шоҳларида ҳам кичкина кертиклар қолишини кўрган. Бундай кертикларнинг орасига личинкалар жойлашиб олади. Мана сизга натижа. Бир томондан сиз паразитларга қарши курашасиз, иккинчи томондан эса, уларнинг кўпайиши учун шароит яратиб берасиз. Бундай майда жиҳатлар жуда кўп.
Одамлар нима экишни, қандай экишни, қандай парвариш қилишни билмайдилар. Бу билимлар ҳар доим сақланиб келинган ва олимлар ишлайдиган марказлар томонидан бериб келинган. Масалан, бир пайтлар Қорақалпоғистонда бўлган Шредер номли институтнинг филиалига ўхшаб. Ёки Бўстон шаҳридаги ботаника боғини олайлик. Аммо у Қорақалпоғистоннинг жанубида жойлашган, шимолда эса билимларни ва ниҳолларни тарқатишга ёрдам берадиган бундай марказ айни пайтда йўқ.
Бошқача қилиб айтганда, Қорақалпоғистоннинг шимолида а) одамлар керакли экин материалларини олиши мумкин бўлган; б) атрофдаги муҳитни қандай кўкаламзорлаштириш мумкинлиги ҳақидаги билимларни берадиган, қисқаси тузук ишлайдиган марказ йўқ.
Шу аснода лойиҳанинг ғояси ҳам Қорақалпоғистоннинг шимолида биз юқорида тилга олган мақсадларга хизмат қилувчи питомникларни яратишдан иборат. Хуллас, Амударёнинг ўнг ва чап қирғоқларида 2 та питомникни ташкил этишга қарор қилинди. Биттаси – Кегейли шаҳрида, у ерда асосан мева дарахтлари кўпайтирилади, иккинчиси – Қўнғирот шаҳрида, бу ерда кўкаламзорлаштириш учун дарахтлар етиштирилади.

Ботаника боғининг директори Рустам ака Кегейли тумани ҳокими билан питомник учун ажратилган ҳудудда.
Аммо иккинчи питомник бўйича бизда саволлар пайдо бўлди, уларни сизнинг ёрдамингизда ҳал этишга умид қиламиз.
Ботаника боғи маҳаллий шароитларга мослашиб кетиши керак бўлган бир талай ўсимлик ва дарахтларни таклиф қилмоқда. Қуйида ана шу дарахт ва ўсимликларнинг рўйхатини келтирамиз.
Қорақалпоғистонда кенг кўпайтриш учун ботаника боғи томонидан таклиф этилаётган дарахт ва ўсимликларнинг рўйхати билан танишиш (рус тилида)
Ёмон томони шундаки, бу ўсимликларнинг кўпчилиги бошқа жойдан келтирилган, интродукцияланган ва/ёки инвазив турлардир. Бошқа қилиб айтганда, бизники эмас. БМТнинг биохилмахиллик бўйича конвенциясида бегона турлар Ўзбекистонда илдиз отишига йўл қўя олмаслигимиз аниқ айтиб ўтилган. Конвенцияда шундай дейилади:
« 8-модда. In-Situ ни асраш
Ҳар бир келишаётган Томон, иложи борича ва мақсадга мувофиқ тарзда:
....
h) экотизимларга, яшаш жойларига ёки турларга таҳдид солувчи бегона турлар интродукциясининг олдини олади, назорат қилади ёки бундай бегона турларни йўқ қилади;
….
9-модда. Ex-Situ ни асраш
Ҳар бир келишаётган Томон, иложи борича ва мақсадга мувофиқ тарзда, ва, биринчи навбатда, in-situ чораларини тўлдириш мақсадларида:
a) биологик хилма-хилликнинг ex-situ компонентларини асраш чораларини қабул қилади, айниқса шундай компонентлар келиб чиққан мамлакатда;
…
c) хавф остида бўлган турларни тиклаш ва реабилитация қилиш ҳамда тегишли шароитларда уларнинг табиий яшаш жойларига реинтродукция қилиш учун чоралар кўради;...»
Бошқа сўзлар билан айтганда, биз интродукциянинг олдини олишимиз ва ўз ҳудудимизга хос бўлган турларни асрашга кўмаклашишимиз зарур. Албатта, конвенция матни қатъий эмас. Матнда “таҳдид солаётган бегона турлар” дейилган, “биологик хилма-хилликнинг ex-situ компонентларини асраш чораларини қабул қилади, айниқса шундай компонентлар келиб чиққан мамлакатда” дейилган гаплар бор.
Шу боис ҳам биз қатъий бўлолмаймиз. Кўпгина турлар бизда аллақачон интродукция қилиб бўлинган. Уларнинг кўплари табиат учун катта фойда бермоқда. Бошқа бир жиҳат, биз ушбу турлар бизнинг, маҳаллий турларга хавф солмаслигига ва уларни сиқиб чиқармаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак.
Шунинг учун биз ҳаммага маслаҳат сўраб мурожаат қиляпмиз. Биз Қорақалпоғистон шароитларига мос келадиган, юқори экологик ва санитар-гигиеник (чангни ушлаб қолиш, соя бериш, ҳидининг йўқлиги ва ҳ.к.) сифатларга эга бўладиган ҳеч бўлмаганда 10 та турни танлаб олишга қарор қилдик. Айнан шу турларни биз питомникда кўпайтирамиз. Ўзимизнинг маҳаллий турларни афзалроқ деб биламиз. Аммо агар бизнинг турларимизга хавф соладиган ва шу билан бирга бу хусусиятларнинг барчасига эга бўлган ҳамда Қорақалпоғистоннинг табиатига ёрдам бера оладиган интродуцентлар бўлса, улар ҳам тўғри келади.
Илтимос, таклифларингизни бевосита менга - alexey.volkov@undp.org жўнатинг ёки ўз шарҳингизни шу ернинг ўзида, сайтда қолдиринг.
Биз ёрдамингизга умид қилиб қоламиз.
Яна бир илтимос, бу маълумотни, сизнингча бизга ёрдам бера оладиган кишилар орасида иложи борича кўпроқ тарқатинг.