Ушбу материал «Халқ сўзи» газетасининг 01.06.2013 йилдаги 106-сонида чоп этилган
Мамлакат Президентининг «Энергиянинг муқобил вариантларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида Ўзбекистоннинг бой салоҳиятидан, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш чоралари белгиланган.
Дарҳақиқат, бу улкан салоҳият бўлиб, нефть, газ ва кўмир каби табиий заҳираларга нисбатан туганмас манба ҳисобланади. Айни пайтда шуни эътиборга олиш керакки, қуёш, сув, шамол ва бошқа муқобил энергия манбалари энергиясидан фойдаланиш атмосферага зарарли чиқиндиларнинг чиқарилишига олиб келмайди, яъни атроф-муҳитга зарар етказилмайди. Шуниси ҳам муҳимки, кенг кўламли ишда республикада жамланган бой тажрибадан фойдаланилади. Зеро, бу ерда энергиянинг муқобил вариантларидан фойдаланиш соҳасидаги илмий ва экспериментал тажрибалар узоқ йиллардан буён олиб борилмоқда.

Шу муносабат билан айтиш мумкинки, масалан, мамлакатнинг турли ҳудудларида қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича ўнлаб қурилмалар ишламоқда, улар ёрдамида алоҳида объектлар барқарор равишда электр қуввати ва иссиқлик билан таъминланмоқда. Аммо бугунги кунда муқобил энергия манбаларининг яқин келажакда анъанавий манбалар даражасида қўлланилиши ҳақида гапириш ўринли эмас. Бу ҳол қуёш ускуналари ёрдамида олинадиган электрэнергия иссиқлик электрстанцияларида олинадиган электрэнергиядан анча қимматга тушиши билан ҳам изоҳланиши мумкин.
Шунга қарамай, энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш бўйича ишларнинг жонлантирилиши нефть, газ ва кўмир заҳираларининг муқаррар равишда қисқариши билангина боғлиқ эмас. Масалан, республикада ҳамон шундай олис ва етиб бориш мушкул бўлган ҳудудлар борки, у ерларга аҳолини электр энергияси билан таъминлаш учун электр узатиш линияларини тортишнинг имкони йўқ. Айнан шу ерларда, харажатларидан қатъий назар, энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан фойдалироқ.

Ўзбекистондаги Глобал Экологик Жамғарманинг (ГЭЖ) КГД томонидан БМТРД кўмагида республиканинг айрим ҳудудларида ушбу йўналишдаги лойиҳаларни ташкил қилиш ва молиялаш бўйича муайян тажриба тўпланган.
Масалан, микрогидроэнергетиканинг ривожлантирилиши жиддий самара бериши мумкин. Амалиёт шуни кўрсатадики, республиканинг турли жойларида табиий сув оқимлари, хусусан, тоғ дарёлари, текислик дарёлари ва каналлар кўп учрайди. У ерларда зарур шарт-шароитларни яратиб, тегишли ускуналарни ўрнатиш ва уларнинг ёрдамида сув энергиясини электр энергиясига айлантириш, яқин-атрофдаги аҳоли пунктларини қувват билан таъминлаш мумкин.
Масалан, Сурхандарё вилоятининг Узун туманида икки минг метр баландликда тоғларда жойлашган Чош қўрғони бор, у ерда минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Яқин пайтларгача ҳам поселкада электр токи ўчиб-ўчиб турар эди. Қиш фаслида эса қор уюмлари электр узатиш линияларини қўпориб юборган ҳолатлар ҳам бўлган.
Электр таъминоти муаммоларини ҳал қилиш учун маҳаллий ташаббускорлар ўз лойиҳаларини ишлаб чиқди, ва бир неча вариантларидан энг мақбулини танлашди – бу Тўполон тоғ дарёсида микрогидроэлектростанция қуриш лойиҳасидир. Бу дарё Чош қўрғони орқали оқиб ўтади ва ҳатто қишда ҳам музламайди. Технологияни ҳам танлашди, унга кўра сув баландликдан ғилдиракка қуйилади ва электр токи ишлаб чиқарилади. Буюртмали лойиҳани бизга йўллашди. Лойиҳа маъқуллангач, ГЭЖ Кичик грантлар дастури зарур ускуналарни харид қилди, маҳаллий ташаббускорлар эса уни қуриш ва ишга тушириш ишларини ўз қўллари билан бажаришди.

Эндиликда 3,5 метр баландликдан тушадиган сув гидрогенератор орқали 12—15 кВт/с ҳажмида электр энергия ишлаб чиқаради. Бу қувват ёритиш мақсадларидан бошқа ишларга ҳам йўналтирилмоқда. Маҳаллий тегирмон ишга туширилди, у ерда қўрғон аҳолиси ун тортиши мумкин. Ҳолбуки, бунинг учун илгари мураккаб тоғ йўлидан юз километр масофани босиб ўтиб, туман марказига бориш керак эди. Яқин атрофдаги бешта бошқа поселкалар аҳолиси ҳам тегирмон хизматидан фойдаланиши мумкин. Аҳоли учун қулайлигидан ташқари, яна бир муҳим омил бор – ушбу микроГЭС иши натижасида атмосферага эквиваленти 32 тонна СО2 га тенг чиқаришларнинг олди олинади.
Қишлоқ аҳолисини узлуксиз равишда электр энергияси билан таъминлаш йўлидаги муҳим қарорларидан бири бўлган электроэнергетиканинг ривожлантирилиши Ўзбекистондаги ГЭЖ КГД фаолиятининг муҳим йўналишларидан бирини ташкил этмоқда.
Ҳозирги пайтда шундай лойиҳалардан бири Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Оқмачит қишлоғида амалга оширилмоқда.
Бу қишлоқда тадбиркор Раҳматулло Шодиев истиқомат қилади ва у ўз ишини ривожлантиришга, қишлоқдошларига ёрдам беришга интилади.
2002 йилда у пахта титиш цехини қурди ва у ерда 15 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланди, 2010 йилда эса у шолини оқлаш цехини барпо этиб, яна 10 кишини иш билан таъминлади. Рахматулла тикувчилик цехини яратиб, хотин-қизларни иш билан таъминлашни ҳа мўлжалламоқда. Аммо электр энергиясини узатишда учраб турадиган узилишлар бу йўлда тўсқинлик қилмоқда. Бу муаммони ҳал қилиш учун Шодиев қишлоқ яқинида оқиб ўтадиган каналда 25 25 кВт қувватга эга микроГЭС қуриш ташаббуси билан чиқди. Бу қувват ускуналарнинг узлуксиз ишлаши учун етарлидир.

ГЭЖ КГД томонидан кўрсатиладиган ёрдамнинг мезонларидан бири шу шартга боғлиқки, лойиҳадан олинадиган фойда ҳамжамият аъзолари, яъни қишлоқ аҳоли ўртасида тақсимланиши керак. Бундан ташқари, тижорий ташкилотлар лойиҳалар буюртмачиси бўла олмайди. Нима қилиш керак? Ушбу ҳолатда бунинг йўли топилди. Гап шундаки, Раҳматулло ҳозирги пайтда ишлаб туриб, қишлоғига қўлидан келганча ёрдам бермоқда ва унинг ғоясига кўра, микроГЭС нинг қурилиши ишлаб чиқариш объектларини электр қуввати билан таъминлаш билан чекланмайди. Ўрнатилган микроГЭС ишлаб чиқарадиган энергиянинг ярми электр токидаги узилишлардан азият чекувчи маҳаллий поликлиника ва мактаблар эҳтиёжларига йўналтирилишига келишиб олинди. Маҳалла фуқаролар йиғини билан тадбиркор ўртасида фойданинг тақсимланиши ҳақида битим ишлаб чиқилди ва имзоланди. Бунда маҳалла фуқаролар йиғини ГЭЖ КГД га арза берувчи бўлди ва аҳоли номидан микроГЭС қуришда ёрдам бериш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат этди.
Лойиҳанинг амалга оширилиши қишлоқнинг барча аҳолисига фойда келтиради. Биринчидан, барқарор электр таъминоти маҳаллий касалхонадаги вазиятни яхшилашга хизмат қилади, у ерда барча ускуналар узлуксиз ишлайди, демак аҳолига исталган пайтда сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш мумкин бўлади. Иккинчидан, электр энергияси мактабга ва болалар боғчасига узатилади, бу ҳам нормал иш шароитини таъминлайди. Учинчидан, қишлоқда кичик бизнес ривожланади, иш ўринларининг сони ортади, ва тегишли равишда, маҳаллий аҳолининг турмуш шароити яхшиланади, даромади кўпаяди.
Яна бир мисол. Андижон вилоятида Рустам Тошматов бутун бир қўрғонни электр токи билан таъминлашга қодир 200 кВт элекстанция қуриш йўлида кўп сайъ-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу ишлар Андижон туманининг Заврак қишлоғида амалга оширилмоқда.

Айтиш керакки, унинг ғояси маҳаллий ҳокимлик томонилан қўллаб-қувватланмоқда, унга алоҳида участка ажратилган. Андижондаги саноат корхоналари цехларида Рустам ака ўз қўллари билан турбина ясаган. Сўнгра канал тармоғини қуриб, сув 8 метр баландликдан тушадиган бўлди. Ускуна ўрнатилди ва синов тартибида ишга туширилди. Турбинанинг қуввати200 кВт, генераторники эса 63 кВт эканлигини ҳисобга олиб, кучлироқ генератор қўйишга қарор қилинди. Янги ускуна ўрнатилди, синовдан ўтказилди. У қиш бўйи узлуксиз ишлади, яхши натижаларга эришилди. Рустам Тошматов ва унинг маслакдошлари бу йўналишдаги ишларини давом эттирмоқда. Бунда унга ёрдам зарур, ва биз биргаликда фаолият юритишга келишиб олдик.
Ушбу материал «Халқ сўзи» газетасининг сайтида чоп этилган: http://narodnoeslovo.uz/index.php/policy/by-line-decree/4168-politika