The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Сарф-харажатсиз яхши ҳосил ва сув тежамкорлиги!

Барча фермерлар ҳар йили баҳорда, ёзда ва кузда – улар учун қизғин бўлган палла, яъни тупроққа ишлов бериш, уни ҳайдаш, майдалаш ва молалаш вақти келишига кўникиб қолишган.

Аммо камдан-кам одам бу ишловларнинг тупроқ учун зарарли эканини билади. Бундан ташқари бу амалиётларнинг барчаси тупроқнинг тезкор минераллашиши ва атмосферага иссиқхона газлари ташланишининг сабабчиси ҳисобланади. Уларнинг асосийси азотнинг чала оксидидир. Бу газ иқлим тизими учун метандан ҳам кўра зарарлироқ. У жуда катта иссиқлик ҳажмига эга.

Буларнинг барчасининг олдини олиш мумкин. Айнан шу иш билан лойиҳамиз Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл туманидаги Жайхун қишлоғида шуғулланмоқда.

Муаммо ўзи нимада?

Ўзбекистонннинг деярли барча вилоятларидаги тупроқда органик модда, яъни чириндининг жуда камлиги ерлар деградациясининг асосий шакли ҳисобланади. Деградацияга сабаб ерга бир хил экин экишда (алмашлаб экишнинг йўқлигида). Аммо ҳозирги давлат буюртмаси шароитларида фермерлар бу муаммонинг сабабини бартараф этишга имкониятлари йўқ. Шу боис мавжуд шароитлар доирасида ҳаракат қилишга тўғри келади.

Деградациянинг иккинчи муҳим муаммоси тупроқнинг шўрланиши ҳисобланади. Ер ости сувлари сатҳининг кўтарилишига ва шунга кўра улар билан бирга тузнинг кўтарилишига туртки бўладиган ҳаддан ташқари кўп суғориш амалиёти ерлар шўрланишининг асосий сабабчиси ҳисобланади. Ўзбекистон қурғоқчил, жазирама иқлимга эга. Шуниг учун тупроқ юзасидан буғланиш даражаси юқори, ҳатто ерга тушадиган ёғинлар миқдоридан ҳам юқори. Буғланишнинг катта даражаси тупроқнинг қуришига ва ундаги гумификацияларнинг йўқолишига олиб келади. Чиринди фақат тупроқ микроорганизмлари яшайдиган жойда бўлади. Қуриган тупроқда микроорганизмлар нам тупроққа қараганда анча кам бўлади.

Тупроқнинг шўрланиш муаммоси яна сув тақчиллиги билан ҳам чуқурлашади. Қурғоқчилик туфайли фермерлар далани суғориш учун қанча кўп сув ишлатилса, шунча яхши бўлади, деб ўйлашади. Бундан ташқари ҳар бир фермер унга сув етмай қолишидан қўрқади ва ҳар қандай имкониятдан фойдаланиб, иложи борича кўпроқ сув олишга ҳаракат қилади. Аммо бу тўғри эмас. Чунки ёзда бутун ҳудуд бўйлаб юқори ҳарорат ҳукм суради. Тупроқда қалин вегетацион қоплама йўқ бўлса, ундаги намлик кўпроқ буғланади ва тупроқ янада қуриб кетади.

Афсуски, далаларни керагидан ортиқча суғориш, худди даладаги анғизни ёққан каби одатий ҳолга айланган. Ҳолбуки бунинг олдини олиш зарур. Тупроқ мунтазам равишда вегетацион қатлам билан қопланган бўлиши керак. Вегетацион қатлам ердаги намликни сақлайди ва суғориш учун кўп сув талаб этилмайди. Демак, сув фермерларнинг кўпчилигига етади. Сув нооқилона сарфланиши ва унинг борган сари кўпроқ етишмаслиги сабабли олдин суғориладиган ерларнинг кўпчилиги суғорилмасдан қолиб, ишдан чиқди.

Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган Қорақалпоғистон аҳолиси, хусусан Жайхун овулининг фуқаролари борган сайин сув танқислигини ҳис қилишмоқда. Ҳудуддаги суғориладиган ерларга ажратилган 5,000 гектар ердан сув танқислиги туфайли фермерлар фақат 3,000 гектарини ижарага олишган. Ушбу 3,000 гектар ернинг ҳам анчагина қисми фойдаланилмасдан, гребенщик билан қопланган (аммо бу ҳам ёмонмас).

Бошқача қилиб айтганда, суғориладиган ерлар деградациясига кўп ҳолларда фермерларнинг кўп суғормасдан туриб ҳам тупроқда намликни сақлаш имконини берувчи ҳамда тупроқдаги органик моддаларни асраш ҳисобига тупроқ унумдорлигини сақловчи амалиётларни билмаслиги сабаб бўлмоқда.

Бу масалани қандай ҳал этиш мумкин?

Тупроқни ҳимоя қилувчи деҳқончилик кўпгина саволларга жавоб бўла олади. Бу ўзи нима? Ушбу туншунча қуйидаги таркибий ва ажралмас қисмларни ўз ичига олади:

Тупроққа ишлов бермаслик – бу ерни ҳайдамасликни билдиради. Ер ҳайдалмаганида тупроқда микроорганизмлар ва органик моддалар сақланиб қолади, шамол эрозияси юз бермайди ва тупроқнинг устки ҳосилдор қатлами йўқолмайди. Тупроқ унумдор бўлиб қолади, демак фермернинг ишлаб чиқариш унумдорлиги ва ҳосилдорлиги ҳар доим юқори бўлади.

Мулчалаш – тупроқни бевосита қуёшнинг жазирама нурларидан асраш учун зарур, чунки бу тупроқдаги намликнинг буғланиб кетишига сабабчи бўлиши мумкин. Бу турли қолдиқларни майдалаб тупроқ устида қолдириш орқали бажарилади. Уларга кузги экинларнинг похоли, пахта ғўзапояси, бошқа турли экинларнинг қолдиқлари киради.

Далани ҳимоя қилувчи тасмаларни яратиш – яъни далалар периметри бўйлаб уларни ҳимоя қилувчи дарахтларни экиб чиқиш олдиндан маълум. Бундай тасмалар намлик йўқолишининг олдини олади, шамол тезлигини камайтиради ва тупроқнинг устки ҳосилдор қатламининг шамолдан эрозияг учрашига йўл қўймайди. Бундан ташқари, ушбу тасмалар ўтин, қурилиш материали, ҳосил ва ҳоказолар каби қўшимча фойда ҳам келтириши мумкин. Бир қатор дарахт навларидан чорва учун ем олса бўлади. Масалан, эман ёки акациядан. Мамлакатимизда тут дарахтларидан жуда кўп фойдаланилади. Аммо сўнгги пайтларда далаларни ҳимоя қилувчи тасмалар кўпроқ кесилмоқда, ўрнига эса янгилари экилмаяпти.

Нима учун тупроқни ҳимоя қилувчи деҳқончилик Ўзбекистонда қўлланилмайди – бу очиқ савол. Биз унга жавоб бера олмаймиз. Аммо биз қишлоқ хўжалигини юритишнинг ушбу фойдали амалиётини оммалаштиришга ҳаракат қилиб кўришимиз мумкин.

Лойиҳа қаерда амалга оширилади?

Жайхун овули Қорақалпоғистоннинг шимоли-ғарбий қисмида Нукус шаҳридан 85 км узоқликда жойлашган. Аҳолисининг сони 2068 киши, овулда 356 та уй хўжалиги мавжуд. Ғалла, кунжут, жўхори ва полиз экинларини, майда ва йирик шохли чорвани етиштириш ҳамда паррандачилик маҳаллий аҳолининг асосий машғулоти ҳисобланади. Бу ерда саноат ишлаб чиқариши йўқ. Ичимлик суви ва қишлоқ хўжалик далалари ҳамда томорқаларни суғориш учун сув (йилига 10-11 млн.кубометрга яқин) овулнинг шарқий қисмидан оқувчи каналдан олинади. Каналда сув бўлмаганида одамлар ичимлик сувини овулда ўрнатилган трубали қудуқлардан (2 та қудуқ) олишади. Чорвани ичимлик суви билан таъминлаш учун қанал яқинидаги кичик ҳовуздан фойдаланилади, унга сув каналдан келиб тушади.

Аҳоли асосан қорақалпоқлардан иборат. Жайхун овулининг одамлари анъанавий тарзда асосан деҳқончилик билан шуғулланиб келган. 1999 йилгача, яъни сув танқислиги бошлангунга қадар бу ерда шоли етиштириш билан шуғулланишган. 1999 йилдан бошлаб улар мунтазам равишда сув танқислигини сезишмоқда. Ҳозир улар бир пайтлар суғориш имконияти бўлган далаларда асосан пахта етиштиришади.

Лойиҳа нималарни амалга оширади?

Лойиҳа овул аҳолисини маҳаллий шароитга тўғри келадиган тупроқни ҳимояловчи деҳқончилик амалиётига ўргатишни режалаштирган. Ушбу технология қуйидагиларни ўз ичига олади:

пахта ва ғалла экиш учун мунтазам қиррасимон тасмаларни яратган ҳолда тупроққа ишлов бермаслик амалиёти;

ғалла ва пахтага бўлган давлат буюртмаси шароитларида алмашлаб экиш имконияти;

мулчалаш амалиёти;

далаларни ҳимоя қилувчи ўрмон тасмаларини яратиш.

Лойиҳадан нима кутилмоқда? Қандай натижалар?

Лойиҳани амалга ошириш натижасида:

Сув истеъмолини 25-30% га қисқартириш усули намойиш этилади;

Меҳнат ва электр-энергиясига кетадиган харажатларни тахминан 70% га қисқартириш усули намойиш этилади.

Майдони 10 гектардан иборат тупроқни ҳимоя қилувчи деҳқончиликни намойиш этувчи участка яратилади. У ерда тупроқнинг йўқолган ҳосилдорлигини тиклаш, сувни тежаш, алмашлаб экиш, биологик деҳқончилик ва агро-ўрмон мелиорацияси усуллари кўрсатиб берилади. Бунда асосий эътибор тупроққа ишлов бермасликка қаратилади. Ушбу усул қурғоқчилик шароитларида энг барқарор ва тупроқ ҳосилдорлигини тикловчи деҳқончилик тизими ҳисобланади. Намуна участкаси Жайхун қишлоқ фуқаролари йиғини фермерлари, бевосита манфаатдор шахслар ҳамда Қонликўл ва Қорақалпоғистоннинг бошқа туманларидаги фермерлар учун яратилади.

Лойиҳа натижасида иссиқхона газларининг атмосферага ташланишининг олди олинади, у бўйича ҳисоб-китоблар лойиҳа якунида амалга оширилади. Газларнинг қисқариши, ерга ишлов бериш амалиётидан воз кечиш ҳамда ишлов беришга кетадиган ёқилғини тежашни ҳам ҳисобга олган ҳолда, СО2 эквивалентида ҳисобланади. Ҳисоб-китоблар намуна участкасидан эмас, балки бошқа майдонлардан, яъни лойиҳа бўйича ерга ишлов беришнинг янги усулига ўтадиган ерларнинг кўрсаткичи бўйича амалга оширилади.

Қисман деградацияга учраган ерларнинг 10 гектаридаги ҳосилдорлик яхшиланади, яъни тупроқдаги чириндилар миқдори 0,02-0,04% га ошади; тупроқдаги намлик анъанавий технология бўйича ишлов берилган далаларникига қараганда 2,5-3,2% га кўпроқ сақланади; намуна участкасидаги тупроқнинг устки қисмида мавсумий туз йиғилиши 1,6-3,0 бараварга камаяди.

Лойиҳа натижасида тупроқни ҳимоя қилувчи деҳқончилик технологиясини камида 14 нафар фермер ўзлаштириб олади, улар олган билим ва кўникмаларини ўз ерларида синаб кўришлари мумкин бўлади. Бошқа туманлардан келган яна камида 30 нафар фермер ушбу технология ҳақида билиб олишади ва уни қўллаш бўйича йўриқномага эга бўлишади.

Мазкур технологияни қўллашда давом эттиришлари учун фермерларга асбоб-ускуналар сотиб олинади.

Янги технологияни қўллаш бўйича батафсил йўриқномадан 1000 дона тайёрланиб, манфаатдор шахслар орасида тарқатилади.

Ускунанинг ўзи“Тўқай” лойиҳаси доирасида яратилаётган Қуйи Амударё биосфера резерватининг мулкига ўтказилади. Келажакда ушбу техника фермерларга ижарага берилади ва ускуна учун тўлов биосфера резервати учун қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилади, яъни. пуллар Қорақалпоғистондаги ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва сақлашга ё‘налтирилади.

Лойиҳа ҳужжатини ўқиб, у билан батафсил танишишингиз мумкин.

лойиҳа ҳужжатини юклаб олиш

Лойиҳанинг расмий номи:

«Жайхун қишлоқ фуқаролар йиғинининг намуна даласида тупроқни ҳимояловчи деҳқончилик технологиясини жорий этиш атмосферага иссиқхона газлари ташланишини қисқартириш воситаси ҳамда иқлим ўзгариши туфайли юзага келган сув танқислиги шароитларида барқарор деҳқончиликни юритиш усули сифатида»

Лойиҳа қиймати:

ГЭЖ КГД дан

41,539 USD

Бошқа молиялаштириш манбаларидан

39,817 USD

Лойиҳанинг умумий қиймати

81,356 USD

Алоқалар

Лойиҳа бўйича алоқа қилувчи шахс -Бахит Айбергенов

Телефон +998 90 575 05 14

Электрон почта aybahit@rambler.ru

Лойиҳа ҳудудида:

Алоқа қилувчи шахс Тлепбай Бердимуратов

Телефон +998 93 489 03 50

Манзил - Қорақалпоғистон Республикаси, Қонликўл тумани, Жайхун овули