Шерали Суярқулов, Фарғона асаларичилари уюшмаси fspbee@gmail.com
Асалариларнинг ўсимликлар, ва аввало қишлоқ хўжалиги экинларининг чанглатувчиси сифатидаги вазифасига тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Ер юзида табиий чанлатувчи ҳашорталарсиз ҳосил олиш мумкин бўлган жойлар тобора камайиб кетмоқда.
Аҳоли сонининг кўпайиб бориши билан боғлиқ равишда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг кучайиши қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувининг жадаллашуви, илғор технологиялардан фойдаланиш, ҳосилдорликнинг ортиши, ва оқибатда, кимёвий препаратларга қарамликнинг ўсишига сабаб бўлмоқда. Қишлоқ хўжалигининг кимёлашуви, зараркунандаларга қарши курашнинг ҳаддан зиёд ва ўйланмасдан қўлланилиши нафақат ҳашоратларнинг камайишига олиб келди, айни пайтда табиий чанглатувчиларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлди.
Шафтоли дарахтидаги изолятор - Фарғона вилоятининг Қувасой туманидаги «Толибжон-Ғанижон асаларичи» асаларичилик хўжалигида Чемпион навли шафтоли дарахти шохига ўрнатилган қоп шаклидаши тўрсимон изолятор.
Барча ҳашоратлардан қишлоқ хўжалиги энтомофиль экинларни чанглатишда асаларилар алоҳида муҳим ўрин эгаллайди. Гуллаётган экинларга оммавий қўниб, уларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда чанглатилишини таъминлайди. Турли ўсимликларда асалар чанглатиш ишларининг 80-95% ни бажаради. Ёввойи ҳашоратлар ўсимликларнинг чанглатувчи ҳашоратларнинг 10-20% гача бўлган қисмини ташкил этади. Америкалик тадқиқотчиларнинг фикрича, олма, бодом, ўрик дарахтлари ҳосилдорлигининг чанглатувчиларга боғлиқлиги 100 фоизни, қолган мевали дарахтлар бўйича 10 дан 90%, полиз экинлари ва сабзовотларда – 70-100% ни ташкил этади. Табиий чанглатувчиларнинг кескин камайганлигини эътиборга олиб, уларнинг яшаш муҳити қисқарганлиги ёки тўлиқ йўқ бўлиб кетганлиги, зараркунандаларга қарши кимёвий препаратларнинг фаол, баъзан ўйланмасдан ишлатилиши оқибатида қишлоқ хўжалиги экинларини чанглатиш бўйича асосий оғирлик асаларилар зиммасига тушмоқда.
Ўсимликлар чанги ёки шираси билан озиқланувчи, баъзилари томонидан личинкаларини ҳам боқувчи ҳашоратларнинг ҳар хил тури экинларни чанглатишдаги аҳамияти бир хил эмас. Пашша, қўнғиз, капалак, айдоқчи, ари каби ҳашоратлар ҳам гулга қўнади, ўсимликларни чанглатишда иштирок этади. Аммо улар гул чанги ва ширасини йиғмайди, шу сабабли уларнинг аҳамияти муҳим эмас. Уларнинг кўпчилиги гулдан гулга чанг кўчиришга қодир эмас.
Асалариларнинг чанглатувчи сифатидаги муҳим роли шу билан изоҳланадики, улар йил давомида катта оила бўлиб яшайди, бизнинг ҳудудимизда асаларилар оиласи аъзолари сони 40-50 мингтачага етади. Баҳор-ёз мавсумларида асаларилар кўп ҳажмда асал ва чанг йиғиб, заҳира яратишга қодир. Бунинг учун улар кўпдан кўп гулларга қўниб, кенг кўламли чанглатиш вазифасини бажаради. Ишчи асалари ҳар учиб чиққанда 100-150, баъзан ундан кўп гулларга қўнади. Ўртача ҳажмдаги бир асалари оиласи аъзоларининг юқори ишга лаёқатлилиги туфайли кунига 40-50 миллион гулларни чанглатишга қодир. Шуниси муҳимки, асалариларни режали равишда кўпайтириш ва улар талаб қилинадиган жойларга кўчириш, экинларга кимёвий ишлов берилаётганда асалариларни ҳимоялаш мумкин.
Пахтадаги изолятор – металл тўрга (ячейкалари 2 мм) эга каркасли изолятор: ўлчами 2 х 3 м ва баландлиги 1,2 м, пахтазорда ўрнатилган.
Сўнгги пайтларгача Ўзбекистонда асалариларга ва асаларичиликка қишлоқ хўжалиги экинларини чанглатувчиси сифатида алоҳида эътибор қаратилмаган бўлса-да, етиштирилаётан экинлар кўпчилигининг ҳосилдорлиги асаларилар билан чанглатилишига боғлиқ. Айниқса, мева-резворлар, полиз экинлари, беда, пахта қатор сазбовот экинларида чанглатувчи асалариларга эҳтиёж катта. Бундан ташқари, катта майдонда ўзини ўзи чанглатувчи экинлар (узум ва б.) етиштирилади, асаларилар уларнинг ҳам гулларига қўниб, қўшимча чанглатишга ижобий таъсир кўрсатади.
Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, асаларилар томонидан қишлоқ хўжалиги экинларининг бутун массиви тўлиқ чанглатилганда ҳосилдорликнинг ортиши асаларичилик маҳсулотларидан (асал, мум ва б.) олинадиган тўғридан тўғри даромаддан 10-12 баравар юқори бўлади. Асаларилар исталган пайтда муайян жойга етказилиши ва ҳар қандай массивни бир текис чанглатиш учун қулай тарзда жойлаштирилиши мумкин. Самарали ва тўлиқ чанглатишга эришиш учун асалариларни экинзорларга улар гуллашидан 1-2 кун аввал кўчириб бориш керак.
Асалариларни имкон қадар чанглатилаётган экинларга яқин жойлаштириш керак. Бу вақт ва энергиянинг самарасиз сарфланишининг олдини олади, гулларга қўниш ва чанглатиш самарадорлигини оширади. Йирик ёки чўзилган экинзорларда алоҳида асаларилар хўжалигиклари бир-биридан 1-2 км дан узоқ жойлаштирилмаслиги керак, бу асалариларга парвознинг самарали радиусини таъминлайди ( 0,5-1 км.гача). Ушбу талаб мевали дарахтларни чанглатишда айниқса муҳим аҳамиятга эга, чунки уларнинг барвақт гуллаши ва шох-шаббаларининг қалинлиги асалариларнинг парвози радиусини камайтиради. Йирик боғларда асалариларни 0,5 км оралиғида 50-60 оилали гуруҳлар шаклида жойлаштириш мақсадга мувофиқ.
Асаларилар хўжалигидаги изоляторлар олма дарахтига ўрнатилган бўлиб, цилиндрсимон шаклдаги тўрсимон қоп шаклида тайёрланган. Фарғона вилояти, асаларичилик хўжалиги.
Қарама-қарши чанглатиладиган экинларда ҳосилдорликка гуллаётган экин ва ўсимликларнинг асаларилар билан тўйинганлиги катта таъсир кўрсатди.
Чанглатувчи асалари хўжаликларининг умумий ҳажми нафақат участка майдонига, балки чалғитувчи микрофлоранинг мавжудлиги, асаларилар парвози учун об-ҳаво шароити, асаларилар оиласининг кучига ва ҳ.з.ларга боғлиқ бўлади. Айни пайтда ушбу асаларилар кўпинча турли вақтда гуллайдиган бир неча хил экинларни чанглатишда фойдаланилади, ва ўзига хос чанглатувчи конвейер ҳосил қилинади.
Адабиётларда асалариларнинг мевали дарахтлар ҳосилдорлигига таъсири ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган, аммо ушбу маълумотларнинг барчаси асосан 50-70 йилларда ва Россиянинг ўрта полосалари бўйича олинган.
Ушбу масала айниқса Фарғона вилояти учун долзарб ҳисобланади. Бу ерда деҳқончилик жадал суръатларда олиб борилади, пестицидлар кенг кўламда ва барча жойларда ишлатилади, барча майдонлар ҳайдалган ва қишлоқ хўжалиги айланмасига жалб қилинган, ёввойи чанглатувчи ҳашоратларнинг яшаши учун имконият қолмаган, ана шундай шароитларда асалариларнинг чанглатувчилик роли бир неча баравар ортади.
Энг катта изолятор.
Энг катта изолятор Субхон навли ўрик дарахти учун яратилди – ўлчами 6 х 4 метр, баландлиги 5,2 метр. Изолятор атрофида 20 та асалари оилали 10 та асалари хўжалиги ўрнатилган, бунда асаларилар сони 300-400 мингтагача етган.
Фарғона асаларичилар иттифоқи олдига вилоят маъмурияти (ҳокимияти) томонидан Агролинкс лойиҳаси кўмагида Фарғона вилоятида асалариларнинг энтомофиль қишлоқ хўжалиги экинларига таъсирини ҳамда саноатлашган қишлоқ хўжалиги ва ўсимликларни ҳимоялаш бўйича кимёвий воситалардан фаол фойдаланиш шароитларида уларнинг ҳосилдорлигини ўрганиш вазифаси қўйилди. Дастлабки босқичда асалариларнинг мевали дарахтлар, пахта ва кунгабоқарга таъсирини ўрганиш вазифаси қўйилган эди. Тажрибалар Россия Асаларичилик ИТИ нинг «Асаларичиликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш усуллари», ва «Қишлоқ хўжалиги экинларини асаларилар томонидан чанглатилиши самарадорлигини ўрганиш» усуллари асосида амалга оширилган.
1-жадвал.
Асаларилар томонидан мевали дарахтларнинг гулларнинг чанглатилиши ҳосилдорликнинг ошишига таъсири
Тури | Назорат тугунча, % | Тажриба тугунча, % | Асалариларнинг ҳосилдорлик ошишига таъсири, баравар |
Шафтоли | 35,8 | 30,2 | 1,19 |
Паст бўйли олма | 41,9 | 13,3 | 3,16 |
Хурмо | 18,9 | 4,7 | 4,1 |
Ўрик | 5,9 | 1 | 5,9 |
Олма | 10,5 | 1,3 | 8,3 |
Олхўри | 42,2 | 3,8 | 11,2 |
Бодом | 7,3 | 0,4 | 16,9 |
Олча | 37,5 | 1,7 | 22,5 |
Гилос | 8,6 | 0,32 | 26,4 |
Баҳор фаслида 9 навли мевали дарахтларда 200 дан ортиқ тадқиқот ўтказилган. Биз эришган дастлабки натижалар адабиётларда қайд этилган натижалардан жиддий фарқ қилади. Жумладан, асаларилар томонидан чанглатишнинг ҳосилдорликнинг ортишига энг кучли таъсири гилос мисолида қайд қилинган – асаларилар ҳосилдорликни 26,4 баравар орттирган. Айни пайтда таъкидлаш керакки, изоляторда фақат бир ҳолатда 299 та гулдан 7 та гилос олинган, яъни тугунакларнинг 2% ҳосил берган. Қолган 10 тадқиқотда изоляторда биронта мева олинмаган.
Олхўри. Паст бўйли олхўри мисолидаги тажрибалар натижалари. Юқорида шох изоляторда бўлган, фақат 4 та олхўри кўринмоқда, қуйи шохга асаларилар эркин қўниб, чанглатган.
Олчада ўтказилган тажрибалар ҳам шунга ўхшаш натижаларни берган – асаларлар билан чанглатилган дарахтлар ҳосилдорлиги 22,5 маротаба ортган.
Бизнинг тадқиқотларимизда асаларилар билан чанглатилган бодом дарахти ҳосилдорлигининг 17 маротаба ошгани кўрсатилган. Маълумки, мевали дарахтлар орасида бодом қишки совуқлар тугаши билан дарҳол гуллайди. Бу пайтда асаларилар қишки уйқудан уйғонади ва ҳали унчалик фаол бўлмайди. Об-ҳавонинг совуқлиги туфайли бошқа чанглатувчилар сони чекланган бўлади, демак асаларилар бодомни чанглатувчи ягона ҳашоратлардир.
Асаларилар олхўри ва олма дарахтлари ҳосилдорлигига катта таъсир кўрсатди, уларнинг ҳосилдорлиги тегишли равишда 11 ва 8 маротаба ошди. Олма дарахти асалариларни жалб қилади, ундан гул чанги ва шираси олинади. Фарғона водийси шароитида қулай об-ҳаво шароитида олмазорлардан тўпланган асал 1,1,2 кг гача етади. Боғлар сони чеклангани туфайли улар товар сифатида аҳамиятли эмас, ва асосан ёш асалариларни боқиш учун фойдаланилади.
Баҳорги асал-чангли мувозанатда ўрик дарахти алоҳида ўрин тутади. Бодомдан кейин гуллайдиган ўрик кўп миқдорда гул чанги ва ширасини беради. Ўрик гуллайдиган пайтда асаларилар уясининг назорат ўлчови 1 кг дан 2 кг гача оғирлашади. Қулай об-ҳаволи йилларда қуёшли кунлар сероб бўлганда Фарғона водийсида уяларга олиб келинадиган шира 5 кг ҳажми гача етар эди. Субхон навли дарахтлар ўсадиган ўрикзорда «Баходир» фермер хўжалигида гулларга қўнаётган ҳашоратларнинг 30 % бошқа турдаги арилар ва пашшалардан иборат эди. Асалариларсиз изолятор остидаги ўрик гуллари тугунчалари 1 % ни ташкил этди, айни пайтда ҳашоратлар, ва айниқса асаларилар ёрдамида ўрик тугунчалари 5,9 % га етди. Яъни асаларилар ҳосилдорликни 590% ёки 5,9 маротабага кўпайтирди.
Гилос. Гилос дарахти мисолида ўтказилган тадқиқотлар натижалари. Юқорида - изоляторсиз назорат шохи, унга арилар эркин қўнади. Қуйида – изолятор остидаги тажриба шохи – унда мевалар йўқ. Шохларнинг бошланиш қисмига белги қўйилган.
2010 йилда «Баходир» фермер хўжалигидаги 0,8 га ўрикзорда 10 км ли радиусда асаларилар бўлмаган шароитда 480 кг баргак олинди, 2011 йилда эса боғга 20 та асалари оиласи бор 10 та уя қўйилгач, фермер 2100 кг баргак олди, яъни 4,4 баравар кўп ҳосил олинди. Амалда боғда асаларилар қўйилгани туфайли олинган фойда 1 кг баргакнинг нархини $2 деб оладиган бўлсак, 3200 долларни ташкил этди. Амалда бундай даромад ўрикзорларга 1 та асаларилар уяси қўйилиши натижасида олинди. Кейинги 2 йилда ҳам ана шундай ҳосил олинди.
Хурмо баҳорда барча дарахтлардан кейин гуллайди, у ҳам асалариларни ширадорлиги билан жалб қилади. Фарғона вилоятининг турли туманларида тўрсимон қоплар – изоляторларни қўллаган ҳолда 7 мингта тадқиқот ўтказилди. Асаларилар хурмо гулларини чанглатган ҳолда унинг ҳосилдорлигини 4,1 маротаба 1ёки 410% га оширди. Айни пайтда қайд қилиндики, изоляторда асаларилар иштирокичисиз ҳосил бўлган тугунчалар вақт ўтиши билан тўкила бошлайди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида сувни тежовчи технологиялардан фойдаланган ҳолда интенсив боғлар кенг жорий қилинмоқда. Асалариларнинг ҳосилдорликка таъсирини ўрганишга бағишланган тадқиқотлар Сербиядан олиб келинган Золотой грин навли олмалар мисолида ўтказилди. Олиб борилган кўп сонли тадқиқотлар шуни кўрсатадики, олмалар ҳосилдорлиги асаларилар билан чанглатилганда 316% фоизга ёки 3,16 баравар ошади.
Паст бўйли олмалар. Паст бўйли олмаларда ўтказилган тадқиқотлар натижаларининг ҳисоб-китоби.
Шафтоли дарахтларида кўп сонли тадқиқотлар ўтказилган. Аммо шафтоли ўзини ўзи чанглатишга мойиллигини ҳисобга олган ҳолда шу нарса аниқландики, асалариларнинг шафтоли тугунчаларига таъсири жуда кам бўлган – ҳосилдорлиги фақат 19 фоизга ошган.
Ёз мавсумида дастлабки тадқиқотлар техник экинларда – пахта ва кунгабоқарда ўтказилган.
Пахта Ўзбекистонда етиштириладиган асосий экин тури бўлиб, унга суғориладиган майдонларнинг қарийиб ярми ажратилган. Шундай фикр мавжудки, пахта ўрта ҳисобда фақат 20% га чанглатувчи ҳашоратларга боғлиқ, бунда 80% асаларилар эгаллайди. Аммо шунинг ўзи ҳам пахта ҳосилдорлигини сезиларли даражада оширишга имкон берди.
70-нчи йилларда қайд қилиндики, пахтани асаларилар билан қарама-қарши чанглатиш пахта хом ашёси ҳосилини 19-33% га оширади. Чанглатувчилар етишмаган ҳолларда экин ўзини ўзи чанглатиши натижасида тугунчалар ҳосил бўлади. Айни пайтда уруғ ва тола ҳосилдорлиги пасаяди.
2-жадвал.
Асалариларнинг пахта ҳосилдорлигига таъсири
Кўрсаткичлар | Ўлчов бирлиги | Назорат | Тажрибага оид (тўр остида) | Асалариларнинг кўрсаткичга таъсири, % |
Кўсаклар сони | Дона | 369 | 257 | + 43,6 |
Гулларнинг тўкилиши | Дона | 79 | 148 | - 87 |
1 та кўсакдаги пахта вазни | Грамм | 5,12 | 4,54 | + 12,8 |
1000 та чигит вазни | Грамм | 114,4 | 99,1 | + 15 |
Таркибидаги мой миқдори | % | 20,0 | 19,54 | + 2,3 |
Толасининг узунлиги, L | Дюйм | 1,03 | 1,07 | - 3,8 |
Толасининг чиқиши | % | 32.2 | 32.5 | -1,0 |
Тола микронейри, Mic | Бирлик | 4,6 | 4,4 | - |
Тадқиқотлар Фарғона вилоятининг турли туманларида «Султон», С6524 и Ан 35 в навларида ўтказилган. Пахта далаларига ғўза гуллашидан аввал 2 х 3 м ўлчамли ва баландлиги 1,2 м га тенг тўрсимон изоляторлар ўрнатилган. Фойдаланилган металл тўр тешиклари 2-2,5 мм, бу тажриба далаларига асаларилар кириб қолишининг олдини олди, айни пайтда тўр шамол эсишига тўсқинлик қилмаган. Тажриба майдони ёнидаги дала ҳам назорат учун ажратилди. Участкалардаги экинлар сони, агротехника, суғориш ва ўғитлаш деярли бир хил бўлди. Асаларилар чанглатган ғўзаларда кўсаклар сони 43 % га ортди, бунда гулларнинг тўкилиши қарийиб икки баравар камайди, битта кўсакдаги пахта вазни 13 % га ортди. Умуман, асаларилар таъсирида пахта ҳосилдорлиги 56 % га ошди. Асаларилар билан чанглатилганда пахта чигити оғирлиги 15 % га кўпайди. Айни пайтда пахта толасининг сифат кўрсаткичлари – узунлиги, микронейри ва чиқиши, шунингдек чигит таркибида мой миқдори ўзгаришсиз қолди.
Пахтани асаларилар билан чанглатиш каби агротехник усулнинг иқтисодий самарадорлигини ҳисоб-китоб қилиш унчалик мураккаб иш эмас. Чалғитувчи микрофлора бўлмаган ҳолларда 1 га пахта даласига 1-2 та асаларилар оиласини яқин олиб келиш кифоя. Америкалик олимларнинг фикрича, пахта фақат 20 % га чанглатувчи ҳашоратларга боғлиқ бўлиб, уларнинг 80 % ни асаларилар ташкил этади. Яъни, асалариларнинг пахта ҳосилдорлигига таъсири бошқа агротехник тадбирларга риоя қилинганда 16,5 ни ташкил этади, бу эса биз эришган тажриба натижаларига нисбатан 3 баравар кам. Ана шу камайтириб кўрсатилган маълумотларга таянган ҳолда ҳам, пахта далаларининг ўртча ҳосилдорлиги гектарига 30 % бўлганда, асаларилар унинг ҳосилдорлигини 4,8 центнерга оширди. Пахта тайёрлашнинг 1 кг 0,4 долларни ташкил этиши ҳисобга олинса, асаларилар ёрдамида ҳар бир гектардан олинган қўшимча ҳосил қиймати $192 ни ташкил этади. Бунга эса фақат 1-2 асаларилар оиласининг дала яқинига олиб келиш ҳисобидан эришилди.
7+21 паст бўйили олма дарахтлари. Назорат дарахтида олмалар сони 21 та ва тажриба дарахтида – 7 та мева бор.
Гуллаш даврига яқин пахта далаларига яқин олиб келинган 100-150 та асаларилар оиласида иборат 50-60 қутили асалари хўжаликлари 1 км ли радиусдаги экинларни самарали чанглатишга қодир. Ушбу ҳудудларнинг 60 % ни бошқа экинлар, йўл, ариқ ва иншоотлар эгаллашини ҳисобга олсак, пахта далалари 125-130 гектарни ташкил этади. Асаларилар ҳисобидан олинган қўшимча ҳосил қуйидагича бўлади: 125 га х 4,8 ц = 600 ц ёки умумий ҳисобда $24000. Яъни, пахта даласига яқин олиб келинган 2-3 та асаларилар оиласидан ташкил топган қути 400-500 доллар фойда келтиради. Чанглатиш каби самарадор агротехник усулдан фойдаланиш учун пахтакордан қўшимча харажат талаб қилинмайди – асаларичи билан дўстона муносабатда бўлиш, унга қутиларни дарахтлар остида жойлаштириш учун жой ажратиш, уларни заҳарли кимёвий воситалардан асраш кифоя.
Худди шундай иш кунгабоқар ўсадиган далаларда ҳам амалга оширилди, Қувайсойда 2 х 3 м ўлчамли баландлиги 2,5 м бўлган тўрсимон изолятор ўрнатилди.
3-жадвал.
Асаларилар чанглатишининг кунгабоқар ҳосилдорлигига таъсири
Кўрсаткичлар | Ўлчов бирилиги | Назорат | Тажрибага оид (тўр остида) | Асалариларнинг таъсири, кўрсаткич, % |
Олинадиган уруғ | кг | 2,17 | 0,95 | + 228 |
1000 уруғ оғирлиги | грамм | 102,8 | 60,3 | + 70,5 |
Таркибидаги мой миқдори | % | 25,95 | 22,74 | + 14 |
Изолятор остига 35 та кунгабоқар пояси сиғдирилди, ёнида назорат участкаси танланди. Изолятор гуллаш даври бошлангунча ўрнатилди, ҳосил йиғиб олинаётганда ечилди. Асаларилар чанглатишда иштирок этмаган тажриба майдонидан 0,95 кг уруғ олинди, назорат даласида эса асаларилар эркин қўнган жойларда – 2,17 кг ҳосил олинди, яъни ҳосилдорлик 2,3 баравар ортди. Тўр остидаги уруғлар майда бўлиб, пучлари кўп эди. Асаларилар чанглатган уруғлар тўқ, вазни 70,5% га оғирроқ бўлди. Қарама-қарши чанглатиш сифат кўрсаткичини оширишга ҳам ёрдам берди – мой миқдори 14 % га ортди.
Кунгабоқарларни асаларилар билан чанглатишдан эришиладиган иқтисодий самарадорликни ҳисоблаб чиқиш осонроқ – ҳосил бир марта ўрилади, гуллаш даври нисбатан қисқа. Олимларнинг маълумотларига кўра, кунгабоқарнинг ҳосили 100 % чанглатувчи-ҳашоратларга боғлиқ, ва уларнинг орасида асаларилар 90 % ни ташкил этади. Бу майдонда кунгабоқарнинг оқ нави етиштирилади, ҳосили ўриб олингач, дарҳол 1 кг учун 1 доллардан сотилди.
Назарий жиҳатдан, асаларилар чанглатмаган даладан олинган ҳосил 15,8 ц/га (0,95 кг : 6 м2 х 10000м2 = 15,8 ц/га). ташкил этди. Асаларилар томонидан чанглатилган тажриба даласидан олинадиган ҳосил 36,2 ц/га (2,17 кг : 6 м2 х 10000м2 = 36,2 ц/га) ни ташкил этиши керак. Яъни асаларилар қўшимча равишда 20 ц/га ҳосил олишга ёрдам берди.
Аммо амалда ушбу даладан 27 ц/га ҳосил олинган, бу ҳосил ўрими, сақлаш, оқлаш пайтидаги кутиладиган йўқотишлар билан изоҳланади. Асаларилар кунгабоқар далаларини чанглатар экан, қўшимча равишда 27 ц/га – 15,8 ц/га = 11, 2 ц/га ҳосил олишга имкон берди, бу эса ҳар бр гектардан 1120 доллар даромад олинишини англатади.
Ўтказилган тадқиқотларга якун ясар эканмиз, ва буни асаларнинг мевали дарахтлар ва техник экинлар ҳосилини чанглатишни ўрганиш бўйича дастлабки натижа деб қабул қилар эканмиз, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
- Жадал деҳқончилик ва ерларнинг барча жойларда ҳайдалиши шароитида ёввойи асалариларнинг яшаш ва кўпайиши жойи бўлган дашт майдонларининг йўқлиги ёки кескин қисқариб кетиши асалариларнинг қишлоқ хўжалиги экинларини чанглатувчиси сифатидаги ролини кўп маротаба оширади. Аксарият ҳолларда асаларилар чанглатишнинг ягона манбаи бўлиб қолади;
- Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг кимёлашуви, зараркунандаларни қириш мақсадида кимёвий воситалардан ортиқча ва ўринсиз фойдаланиш нафақат ҳашоратларнинг камайишига олиб келди, балки амалда чанглатувчи ҳашоратларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлди, асаларилар таъсири остида мевали дарахтларнинг ҳосили бир неча баравар ортиши ҳам шундан дарак беради;
- Фермерлар ўртасида асаларилардан чанглатувчи сифатида фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш зарур;
- Асаларичиликда асаларилардан қишлоқ хўжалиги экинларининг чанглатувчи сифатида фойдаланишга устувор аҳамият қаратилиши лозим, зеро бу асаларичиликдан олинадиган даромадга нисбатан 10-20 барвар кўп даромад келтиради.