The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Шўрлик сайғоқни ҳимоя қилинг! Ёки бизга тадбиркорларнинг ва ҳуқуқшуносларнинг маслаҳати керак...

Шўрлик сайғоқ ҳақида бир-икки оғиз сўз айтинг! Бизга бизнесдан хабари бор одамларнинг маслаҳатлари, мулоҳазалари, йўл-йўриқлари керак... Илтимос, маслаҳатингизни аяманг... Бу жуда муҳим...

Бу она табиатга амалий ёрдам бериш имкониятдир, бу ёрдам қуруқ мулоҳазалардан иборат бўлмай, аниқ таклифлар шаклида бўлиши мақсадга мувофиқ. Тафсилотлар кўпайиб кетгани учун олдиндан узр сўрайман, аммо муаммонинг моҳиятини очиш учун бу зарур.

Диққат.

Ҳозирги пайтда ГЭЖ КГД да сайғоқни ҳимоя қилиш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда. Лойиҳа Елена Бикова томонидан тайёрланмоқда, у нафақат Ўзбекистонда, балки умуман минтақамизда сайғоқлар бўйича энг катта мутахассис ҳисобланади. У ўз лойиҳасини Сайғоқларни сақлаш бўйича альянс ва маҳаллий Қорақалпоғистон ННТ кўмагида тайёрламоқда.

Сайғоқ нималигини билмайдиганлар учун айтиш мумкинки, бу динозаврлар давридан буён яшаб келаётган, аммо ҳозирги пайтда сайёрамизда йўқолиб кетиш хавфи энг кучли бўлган тур ҳисобланади. 30 йилдан сал кўпроқ давр мобайнида Устюртда миллионлаб сайғоқлар истиқомат қилган. Ҳозир эса 2-4 та жонивордан ортиқ гуруҳни кўриш катта омад бўлиб қолди. Сайғоқлар ҳақидаги очерк билан Сайғоқларни сақлаш бўйича альянс сайти орқали (бу ерга босинг) танишигингиз мумкин. У ерда рус тилидаги барча нашрлар бор. Афсуски, сайтнинг ўзи инглиз тилида.

Сайғоқ эркагигинг фотосурати (Saiga Conservation Alliance сайтидан олинган)

Лойиҳанинг ғояси сайғоқларга боғлиқ муаммони ҳал қилишга иқтисодий нуқтаи назардан ёндашиш билан боғлиқ. Гап шундаки, маҳаллий аҳоли сайғоқларни мажбурлигидан қириб ташламоқда. Буни тушунтириш ва тушуниш мумкин. Гўштини сотишади ёки ўзлари овқатга ишлатишади. Яқин ўтмишда эса сайғоқларни асосан шохи учун овлашарди, шохини эса халқ табобати учун асосан Хитойга сотишар эди.

Муаммони ҳал қилишнинг иккита йўли бор: 1) Устюрт бўйлаб браконьерларни қувлаш, ва/ёки бошқа куч ишлатиш йўли билан уларни сиқиб қўйиш – бу фойдали ва керакли усул, аммо уни амалга ошириш учун давлатнинг иродаси ва хоҳиши зарур. Биз (ГЭД КГД) бу билан шуғиллана олмаймиз. 2) Уларни бошқа бир тарзда рағбатлантириш, эътиборини даромад олишнинг бошқа усулларига қаратиш мумкин. Бунда браконьерликка нисбатан бошқа иш билан шуғилланиш даромадли бўлиши лозим. Бу борада ҳам, аҳоли кам сонли бўлган Устюрт платосида гуллаб-яшнаётган бозорни яратишга қодир эмасмиз. Ишни бирон бир нарсадан бошлаш керак.

Ташаббускорларда бизнесга хотин-қизларни жалб қилиш ғояси туғилди. Нима учун дейсизми? Чунки Устюртда асосан қозоқлар яшайди, қозоқ оилаларида эса анъанавий ўзбек оилаларига қараганда аёлларнинг сўзи аҳамиятлироқ бўлади. Оилада аёлнинг фикри эркакнинг нима билан шуғилланишига кучли таъсир кўрсатиши мумкин. Айни пайтда хотин-қизлар оилага кўпроқ фойда келтирадиган нарсалар билан шуғилланишни маъқул кўришади.

Аммо қайси бизнес реал даромад келтиради, ва уни муқобил деб ҳисоблаш мумкин?!

Оддий фикр бўлиб туюлиш мумкин, аммо модель сифатида маҳаллий нақшли кашталарни тикиш таклиф қилинмоқда. Балки бу сайғоқлар мавзусига оид бўлар. Хорижий ҳамкорларимиз бундай кашталарни Буюк Британия ва Европа ҳайвонот боғларида сотишга ёрдам бера олишади. Нима учун айнан у ерда? Чунки у ерда алоқалар йўлга қўйилган. Кейинчалик бозор Америкадан Австралиягача кенгайтирилиши мумкин. Каштали маҳсулотнинг ўзи ноутбук ёки телефон солиш учун қопча шаклида бўлиши мумкин. Албатта, бу ўринда сайғоқларнинг тарихи ҳам ёритилади... иловада ҳам айтиладики, «ушбу маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар сайғоқларни сақлашга йўналтирилади». Аммо...

Ушбу маҳсулотлар ҳайвонот боғларида экстра устама ҳақ билан сотилади. Экстра устама ҳақни қўллашдан мақсад шундаки, маҳсулотни сотишдан тушадиган фойда табиатни асрашга йўналтирилади. Бу ҳолда – сайғоқларни сақлашга. Ҳайвонот боғлари бунга ишончи комил бўлса, сотишни йўлга қўяди. Демак, ана шундай механизмни яратиш керак. Ҳозирча бу фақат ғоя: цех, ширкат яратиш (3 та қўрғонда), ва у ерда кашталарни тайёрлашни йўлга қўйиш. Ширкатда хотин-қизлар (балки эркаклар ҳам) ишлайди, бунда ишчиларнинг оила аъзолари сайғоқларга зарар етказадиган фаолият тури билан шуғилланишига йўл қўйилмайди.

Масалан, оила сайғоқнинг гўштини сотиб олса, ёки уни овласа, улар учун бу турдаги бизнесдан даромад олиш имконияти ёпилади. Устюртда бор-йўғи учта қўрғонча бор. Ҳамма бир-бирини танийди, ҳеч нарсани яширишнинг иложи йўқ. Ҳар бир қўрғонда 1 тадан цех тузиш ниятидамиз. Бошқача айтганда, ҳеч бир оила сайғоқ гўшти сотганлигини яшира олмайди... Бизнесда одамларнинг сони қанчалик кам бўлса, бошқаларнинг даромади шунчалик кўп бўлади. Умуман олганда, жамоатчилик танбеҳи самара бериши лозим. Мақсадимиз – сайғоқни ўлдириш жамиятга қарши ва оила учун шармандали ҳолат бўлишига эришиш.

Бу ишни мувофиқлаштириш ва уни назорат қилиш Нукус шаҳридаги маҳаллий ННТ га юклатилиши мумкин.

Энди ёрдам масаласига келсак. Бизга бизнес соҳаси мутахассисларининг ишни тўғри ташкил этиш борасидаги маслаҳатлари зарур. Бизни қуйидаги масалалар ташвишлантиради:

1) Юридик шахснинг лойиҳамиз мақсадларига мос келадиган энг қулай шакли қандай? Ширкат тузиш керакми, ёки МЧЖ ёки ЁАЖ ми? Фуқаролик кодексида кўзда тутилган бошқа шакллар борми? Бугунги кунда энг кенг тарқалган шакл МЧЖ. Кодексда бошқа шакллар ҳам кўзда тутилган. Ишлаб чиқариш ва фойдани тақсимлаш жарёнига Устюртдаги 3 та қўрғондан имкон қадар кўпроқ хотин-қизларни жалб қилиш биз учун муҳимдир. Бизнесни яхши билмаслигимиз оқибатида йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак.

2) Юридик шахснинг у ёки бу шаклини маслаҳат берар экансиз, балки бундай фаолиятнинг қонуний жиҳатлари бўйича ҳам маслаҳат берарсиз? Бизнеснинг у ёки бу шаклини яратишда қандай салбий ва ижобий жиҳатлар мавжуд? Бундай ташкилот ишини қандай қилиб яхшироқ ташкил қилиш мумкин?

3) Бундай ташкилот маҳсулотини экспорт қилиш, яъни товарларни хорижда учинчи шахсларга сотиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини ҳисобга олиш зарур. Бу йўлда қандай қийинчиликлар учраши мумкин? Бундай товарларни хорижга, валютага сотишдан юқори даромад олиш учун нималар қилиш керак? Ундан сўнг валютани қандай сотиш керак? Ундан фойдаланиш бўйича қандай тавсиялар ва маслаҳатлар бера оласиз?
4) Тузилаётган ташкилот учун солиқ солишнинг қандай шакли энг мақбул ҳисобланади? Ўзбекистонда экспорт бизнесига қўл урар экансиз, қандай тўловлар ва бошқа харажатларни назарда тутиш керак?

5) Компаниянинг Ўзбекистондаги ҳисобрақамига валюта олиш бўйича қандай махсус меъёрлар ва тартиблар мавжуд?

Маслаҳат бериб, ёрдамингизни аямасангиз, ниҳоятда миннатдор бўлар эдик. Ҳар қандай шарҳлар билан танишамиз. Ўз алоқаларингиз, ижтимоий тармоқлар орқали ушбу мунозарани ўртоқлашишингизни илтимос қилар эдик. Сайт орқали оммавий тарзда жавоб беришингиз мақсадга мувофиқ – бунда бошқалар мунозара билан танишиб, бизнинг электрон манзилларимизни билиб олади - alexey.volkov@undp.org ёки қуйидаги манзил бўйича Елена Бикова учун esipov@xnet.uz.

Бизнинг мунозарамизни ГЭЖ КГД нинг фейсбукдаги саҳифаси орқали ҳам кузатиш мумкин. У ерда ҳам шарҳларингизни қолдирсангиз.

Фикр-мулоҳазаларингизни кутамиз. Жавоб бериб, Ўзбекистонда сайғоқларни сақлашга ёрдам беринг.

Яна бир фикр – реал вақт ҳисобида давра суҳбатини ташкил қилсакмикан? Бунда одамлар келиб, ўз нуқтаи назарини билдириши мумкин бўлади? Нима деб ўйлайсиз? Биз иш одамлари келиб, ўзларининг аниқ таклифларини билдиришларини истар эдик.