The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Сув ва энергияни сақлаш учун канал тубини изоляциялаш технологияси

Хоразм вилоятидаги хўжаликлараро ва хўжаликлар ҳудудидаги каналлар қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини жадаллаштириш даврида очиқ ердан ўтказилди ва уларнинг сингиб кетишга қарши қопламаси йўқ. Оқибатда каналларнинг фойдали иш коэффициенти жуда паст ва сувнинг кўп қисми сув манбасидан далага етказиб бериш вақтида сингиб кетиш ҳисобига йўқ бўлмоқда.

2009-2012 йиларда Урганч давлат университети (УрДУ) ходимлари ГЭФ КГД кўмагида алоҳида олинган СФУда сувнинг сингиб кетиш жараёнларини камайтириш учун канал туби ва четларини полиэтилен плёнка билан изоляциялаш технологиясини синовдан ўтказди. Ишни амалга ошириш учун Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани ҳудудида жойлашган, узунлиги 2,6 км бўлган “Наврўз-ёп” канали танлаб олинди.

Сув сингиб кетишига қарши тадбирлар амалга оширилмасидан олдин канал 400 гектар ерни сув ва унга туташ ҳудудда истиқомат қилувчи 2500 дан ошиқ кишини ирригация суви билан таъминлар эди. Каналнингг сув ўтказиш қобилияти 1,5 – 2 м3/сония эди, бироқ сув ерга сингиб кетиши оқибатида далаларга етарли миқдорда етиб бормас, бу суғориш сувининг доимий танқислигига сабаб бўлар эди. “Наврўз-ёп” каналининг фойдали иш коэффициенти мавсумига қараб 0,43 дан 0,52 гача ўзгариб турар, вегетация вақтида ўртача 0,49 дан иборат бўлар эди. Бошқа айтганда, каналдаги суғориш учун керак бўлган сувнинг 51 фоизи ерга бефойда сингиб кетар ва сизот сувига айланар эди.

Лойиҳа иши доирасида “Наврўз-ёп” каналида тозалаш ва кўмиш ишлари экскаватор ёрдамида амалга оширилди, канал четлари ва туби қўл билан тайёрланди. Айни пайтда каналнинг қиялик бурчаги, туби ва нишаблари сувнинг суғориладиган майдонларга ўзи оқиб боришини таъминлайдиган қилиб тайёрланди. Шундан сўнг қалинлиги 100 микрон бўлган полиэтилен плёнкани ётқизиш учун 10-15 сантиметрлик қум қатлами плёнка шикастланиши олдини олиш учун тўшалди (1-2-расм). Ниҳоят қум устидан канал тубига қалинлиги 1 метр, четларига эса 0,5-0,6 метр бўлган тупроқ ётқизилди.


1-расм. Каналнинг тайёрланган тубига плёнка ётқизиш.

2-расм. Плёнка устидан қум ва тупроқ солиш.

Канал тубини изоляциялаш бўйича ўтказилган тадбирлар ажойиб натижалар берди. Ўртача фойдали иш коэффициенти 0,89 га кўтарилди. Жуда кўп сувни тежаб қолиш ва уни қўшимча ер гектарларини суғоришга йўналтириш, бинобарин, кўпроқ ҳосил ва кўпроқ фойда олишга муваффақ бўлинди. Рақамлар қуйидаги иқтисодий ҳисоб-китобларда келтирилади.

«КРАСС» ННТ мутахассислари ўтказилган тадбирларнинг иқтисодий самарадорлигини таҳлил қилиб чиқди. Лойиҳа доирасида ҳаражатлар, чиқимларни қоплаш муддати, шунингдек, сувнинг ерга беҳуда сингиши олдини олишга бағишланган тадбирлар ўтказишдан олинган бевосита ва билвосита фойда ҳисоблаб чиқилди. Қулай бўлиши учун ҳисоб-китоблар узунлиги 1 км ҳамда туб ва ён тарафлар периметри 5 метрга тенг бўлган канал бўйича қилинди.

Каналнинг 1 км.лик тубини пластик қоплама билан изоляциялаш учун умумий харажатлар 32,2 миллион сўм бўлди (жадвалга қаранг). Ушбу сувнинг беҳуда сингишига қарши тадбир амалга оширилиши ва каналнинг ФИК кўтарилиши натижасида 1 йил давомида 4 миллион м3 сув тежалди (1 км канал ҳисоб-китоблари). 1 м3 суғоришга мўлжалланган сувни етказиб бериш харажати 5 сўм эканини ҳисобга олганда суғоришга мўлжалланган сувни етказиб бериш харажатлари 20.1 миллион сўмга қисқарди. Қўшимча гидроиншоотлар пайдо бўлгандан кейин энди сув ўзи оқиб борадиган бўлди, бу кўп электр қуввати сарфлайдиган анча-мунча насослардан воз кечиш имконини беради. Натижада электр қуввати харажатлари 9.4 миллион сўм камайди.

Ўтказилган тадбирлар далаларни ўз вақтида ва етарли даражада сув билан таъминлаш, шунингдек, дастлабки йилда ҳосилдорликни 1 гектар ердан 1,5 центнер, кейинги йилларда эса 2-3 центнер кўтариш имконини берди. Қўшимча олинган ҳосил даромади ҳисоб-китоблари ушбу минтақада асосий қишлоқ хўжалик экини бўлган пахта асосида амалга оширилди. Каналга ёндош далаларда етиштириладиган пахта хом ашёсининг рентабеллиги 15 фоиз бўлди, қўшимча ҳосил эса 71,5 тонна (476,5 гектар) бўлади. 1 тонна пахта хом ашёсининг ўртача нархи 700 минг сўм бўлганда қўшимча ҳосилдан умумий даромад 7,5 миллион сўм бўлади (1 км канал ҳисоб-китобларига кўра). Келгуси йилларда ҳам ҳосилдорлик ўсишини ҳисобга олиб, даромад аста-секин ўсиб боришини тахмин қилиш мумкин.

Жадвал. Периметри 5 метр бўлган 1 км узунликдаги канал тубини полиэтилен плёнка билан изоляциялашнинг иқтисодий самарадорлиги

Кўрсаткичлар

Рақамлар

1.

Лойиҳа қиймати, сўмда

32 181 169,9

2.

Қўшимча суғориладиган майдон, га

276,3

3.

Умумий суғориладиган майдон, га

476,3

4.

Сувни тежаш, м3

4 019 593,8

5.

Сувни етказиб бериш харажатлари қисқариши, сўмда

20 097 969,2

6.

Насослар учун электр қуввати қисқариши, кВт

90 000

7.

Электр қуввати харажатлари қисқариши, сўмда

9 396 000

8.

Ҳосилдорлик ўсиши, тонна/га

0,15

9.

Юқори ҳосил даромади (рентабеллик 15 фоиз бўлганда), сўмда

7 500 938

Фермер хўжалиги даражасида

10.

Канал тубини изоляциялашдан олинадиган умумий фойда, сўмда (7+9)

16 896 938

11.

Соф фойда, 1 йил учун сўмда (10-1)

-15 284 232, 4

12.

Чиқим қопланиши, йилларда (1/10)

1,9

СФУ даражасида

13.

Канал тубини изоляциялашдан олинадиган умумий фойда, сўмда (5+7+9)

36 994 907

14.

Соф фойда, сўмда (10-1)

4 813 736,9

15.

Чиқим қопланиши, йилларда (1/10)

0,9


*- 1 кВт электр қуввати баҳоси = 104,4 сўм (2012 йил)

Лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини 2 сценарийга кўра, яъни фермер хўжаликлари даражаси, шунингдек, СФУ ва фермер хўжаликлари даражасида кўриб чиқиш мумкин. Биринчи сценарийга кўра, ҳисоб-китобларда суғоришга мўлжалланган сувни далага етказиб бериш харажатлари ҳисобга олинмайди, чунки фермер хўжаликлари СФУга суғориладиган майдон ҳажмидан келиб чиқиб, олинган сув ҳажмидан қатъи назар, бадал тўлайди. Айни пайтда сувнинг ерга беҳуда сингишига қарши чоралар амалга оширилгандан сўнгги умумий фойда 16,9 миллион сўм бўлади (жадвал), бу 2 йил давомида харажатларни тўлиқ қоплаш, кейинги йилларда эса қўшимча фойда олиш имконини беради. Иккинчи сценарийга кўра, СФУ даражасида фойда ҳисоб-китоб қилинаётганда суғоришга мўлжалланган сувни фермер хўжаликлари даласига етказиб бериш бўйича маблағларни тежаш ҳисобга олинади. Бу ҳолатда ушбу технологияни қўллашдан олинадиган йиллик умумий фойда 37 миллин сўм бўлади, бу харажатларни биринчи йилдаёқ тўлиқ қоплаш имконини беради.

Хотима сифатида сувнинг ерга беҳуда сингиши олдини олишга қаратилган тадбирлар доирасида канал тубини полиэтилен плёнка билан изоляциялаш бўйича лойиҳа ҳам экология, ҳам иқтисодиёт нуқтаи назаридан ўзини оқлашини айтиш мумкин. Маълумки, ҳар қандай лойиҳани амалга ошириш учун биринчи навбатда унинг иқтисодий самарадорлиги муҳимдир. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, айни ҳолатда гап сув, сув ресурслари ҳақида кетмоқда. Сув – ҳаёт. Сув – ушбу ҳудудда яшайдиган кўплаб одамларнинг тақдири, ризқи. Шунинг учун сувни тежаш бўйича ҳар қандай тадбирни амалга ошириш зиён қилмайди.

Р.А.Эшчанов, Х. Жаббаров, П.Саидов,
Урганч давлат университети

И. Руденко, К. Нурметов
«KRASS» ННТ

Манзиллар:

Проф. Р.А.Эшчанов, б.ф.д., УрДУ ректори, (998 62) 226 61 66, ruzimboy@mail.ru

Х. Жаббаров, т.ф.н, УрДУ доценти (998 90) 126 13 49, jxujyaz@mail.ru

Ж.Нурметов, УрДУ илмий ходими, (998 91) 917 37 67, jamshid.nurmetov@list.r