The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Томчилатиб суғориш ташаббускорлари

Фарғона водийсига бориш учун тоғли Қамчиқ довонидан ошиб ўтиш керак. Юқорида ҳаво топ-тоза, симириб, тўймайсиз, тоғ чўққиларидаги қордан, тоғ ён бағирларидаги ям-яшил майсадан кўзингиз баҳра олади. Фарғона водийси шакли жиҳатидан нокка ўхшайди. Сирдарё ирмоқлари ва каналлари уни гўёки бўлиб ўтади. Довондан пастга тушар экансиз, «нок»нинг четларини – қуриб ётган даштни кўрамиз, бу ерга сув етиб келмайди. Сув танқислиги ёзнинг жазирамасида сув оқимларига яқин жойларда ҳам билинади. Айтишларича, муаммони томчилаб суғориш йўли билан ҳал қилиш мумкин экан. Буни ўз кўзимиз билан бориб кўрмоқчимиз.

Қўшнилар ҳайрон

2009-нчи йилда Абдулвоҳид Болтабоев ўзининг «Жамолиддин-Сардор Ҳамкор» фермер хўжалигида томчлаб суғоришни йўлга қўйишга қарор қилганида, унинг қўшнилари ҳайрон қолишди. Ахир, далаларни каналдан насос ёрдамида тортиб олинган сув билан оқаётган ариқлардан суғориш қулай-ку. Аммо анъаналарда ҳам айрим салбий жиҳатлар бор. Сув ортиқча кетиб қолса шўрни келтириб чиқарувчи тупроқ ости сувлари сизиб чиқади. Буғдой ўриб олингач, сув оқими кескин камайиб кетади ва шунда сув чекка участкаларга етиб бормайди. Сув тақчил бўлиб қолганда, қўшнилар уни кўпроқ ўзига олиб қолишга ҳаракат қилади, низолар келиб чиқади. Натижада ҳосил учун курашнинг натижаси кутилганидек бўлмай қолади. Ҳар ҳолда, Наманган вилояти Уйчи туманида фермерларга тарқатиб берилган ерларда ана шундай ҳолат кузатилди. Дарё аллақачон ўзанини ўзгартирган, фақат тошлари қолган. Нечталаб машиналар ёрдамида далалардан тош ташилганини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Барибир, ерларни тошлардан батамом холи, деб бўлмайди, тупроқнинг сифати паст. Тупроқнинг бонитетини юз балл деб олсак, бу ерлар кўрсаткичи – ўттиз баллга тенг. «Бу ер тажриба қилиш мумкин бўлган жой эмас». Аммо Абдулвоҳиднинг фикри бошқача эди. Беш гектарлик ер майдонида у томчилаб суғоришнинг икки хил тизимини синаб кўрди. Унга сувнинг лойқалиги, капельница-эмиттерларга тиқилиб қолиши мумкинлигини айтишди. Маълумоти бўйича мухандис бўлгани ҳолда фермер поғонали тиндиргичларни яратди. Кузда эса қўшнилари кўпи билан гектаридан йигирма центнер ҳосил олганда, у гектаридан 38 центнер ҳосил кўтарди.

Ҳосилни йиғиб-териб бўлгач, у Хитойга йўл олди, мақсади – томчилаб суғориш тажрибасини ўрганиш, айни пайтда ишлаб чиқариш билан танишишдан иборат эди. Қўни-қўшниларини ҳам эсдан чиқаргани йўқ. Импорт тизимларини харид қилишга катта маблағ керак. Балки Хитойда махсус ускуна харид қилиб, Уйчида маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрироқ бўлар эдими. Хуллас, у ускунани харид қилди ва 2012 йилда тизимларни ишлаб чиқара бошлади. Ҳозирги пайтда давлат тендерида иштирок этмоқда. Рақобатчиларида бир гектар боғ учун мўлжалланган тизимлар 4 минг доллар туради, Абдулвоҳиднинг тизимлари – сўмда икки баравар арзон.

Ҳамроҳларимиз уйчилик томчилаб суғоришнинг ташаббускори ҳақидаги бу воқеани сўзлаб беришганда, буни эртак деб ўйлаш мумкин эди. Капельницалардан суғоришни йўлга қўйди, ўз ҳисобидан Хитойга бориб келди. Ускунани танлаб, нархини келишиб олди. Ундан кейин ҳам минглаб муаммоларни ҳал қилиши керак эди: банкдан 92 минг долларлик кредит олиш, харид қилиш ва ускунани олиб келиш, бинони ижрага олиш ва уни таъмирлаш, хом ашё сотиб олиш ... у ҳамма ишнинг уддасидан чиқди.

Глобал экологик жамғарманинг Ўзбекистондаги Кичик грантлар дастурида ишловчи ҳамроҳларим Абдулвоҳид ҳақида сўз кетганда: «Унинг ғоялари бор, айнан шундай одамлар ҳаётни олдинга ҳаракатлантиради» дейишади. Улар ҳам Фарғона водийсида томчилаб суғоришнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшган. Ерларнинг емирилишига қарши кураш, сувни тежаш – булар дастурнинг устуворликлари ҳисобланади. Болтабоев уларга мурожаат қилиб, кредит олмоқчилиги, айни пайтда ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун ёрдам кераклигини айтганида, ГЭЖ КГД ходимлари фермернинг даласида томчилаб суғориш қандай натижаларни бераётгани билан танишмоқчи бўлишди. Унинг қилган ишларини баҳолашди. Сув ва минерал ўғитлар тежалмоқда, электрэнергия сарфи қарийиб икки баравар арзон. Ҳосил барвақт етилмоқда, ўстирилган экиларнинг ҳосилдорлиги юқорироқ. Яна қатор афзалликлари борки, одамлар бунга ишонч ҳосил қила олишлари керак.

Одамларни фойда олишга қандай қилиб даъват этиш мумкин, токи улар ҳайрон бўлиб ўтирмай, жорий этишга киришсин. Абдулвоҳид бутун республика бўйича 20 гектардан ортиқ майдонга эга бўлган фермер ва деҳқон хўжаликларига уларда тизимни жорий этишни, ва бунда 1 гектарни тизим билан бепул таъминлашни таклиф қилди. Аёл фермерлардан буюртма тушса, уларга 10 гектардан 3 гектар ерга тизимни бепул ўрнатишни таклиф қилди. Ушбу уч йиллик дастурни ГЭЖ нинг Кичик Грантлар Дастури қўллаб-қувватлади.

Адирлардаги иссиқхоналар

Биз Намангандан ўтиб бормоқдамиз, ундан кейин бир неча километрдан сўнг – Уйчи тумани, у ерда бизга Абдулвоҳид келиб қўшилди.

– Маълумотингизга кўра – мухандиссиз, қандай қилиб ерда самарали фаолият олиб бормоқдасиз?
– Менинг отам агроном бўлган. Ундан кўплаб махсус адабиётлар мерос бўлиб қолган. 1968 йилда у бир гектарлик мевали боғда Ўзбекистонда биринчи бўлиб томчилаб суғориш тизимини жорий этган. Мих билан шлангда тешик ўйиб, унга тугма ўрнатган ва ундан сув томчилаб турган. Мен ёш бола эдим, отам ўзи билан бир неча бор далага олиб чиққан. Дердики: «Қара, ўғлим, тизим қандай ишламоқда. Томчилаб суғоришнинг келажаги порлоқ». Нима сабабдан бир гектар билан чегараланган? Отам яхши ташкилотчи эди,ва уни янги совхозларни ўзлаштиришга юборишар эди. Аввал биринчиси, кейин иккинчиси, учинчисига... Бу гал ҳам шундай бўлди. Томчилаб суғоришга талаб бўлмади, сув етишмас эди. Тўхтагул сув омбори ирригация режимида ишлар эди. Қиш бўйи йиғилган сув ёзда далаларга узатилар эди. Иттифоқ таназзулга учрагач, кўп нарсалар ўзгариб кетди. Тўхтагул сув омборининг режими ҳам, менинг касбим ҳам. Фермер бўлдим, 70 гектарлик ерга эгаман. Экинларга сув керак пайтида, унинг ҳажми ниҳоятда кам бўлади. Отамнинг томчилаб суғориш ҳақидаги гапларини эсладим.

Машина шимолий Наманган канали ёқлаб бормоқда, унинг сувлари тумандаги далаларни сув билан таъминлайди. Каналда сув бор, аммо вегитация даврида сув ҳажмининг етарли бўлиши номаълум. Канал бўйлаб ўрнатилган насослар паст-баланд адирларга сув тортиб чиқараётганини кўриб турибмиз. Адирлар тошқотишмалардан иборат, ва бундай далаларни оддий усулда суғориш учун кўп ҳажмда сув талаб қилинади. Ён бағирларида буғдой кўкариб турибди, ҳайдалган далалар, токзорлар, боғларни кўриш мумкин.

Яна бир километр йўл босдик, ва ниҳоят Абдулвоҳид Болтабоев ишора қилди: «Қаранг, ана иссиқхоналар». Улар адирнинг тепасида жойлашган эди. Оқ полиэтилен иншоотларнинг ҳар бири қарийиб эллик метрга чўзилган. Пиёз плантациялари оралаб улар томон юриб борамиз ва бочка олдидаги эшик ёнида тўхтаймиз. Унга бир тонна сув кетар экан – бу битта суғоришга етарли. Унга ариқдан сув тортиб қуйилади, сув тиниб туради, сўнгра қувурлар бўйлаб оқизилади.

Биз ҳам иссиқхонага кириб борамиз. Иссиқхонанинг ойна ва эшиклари очиқ. Унинг эгаси Носиржон Сайфуллаев бизни киришга таклиф этади. Биттасида бодиринг, иккинчида помидор етиштирилмоқда. Помидорларга ҳали ранг кирмаган, бодиринглар эса етилиб турибди. Ғуддали бодиринглар шода-шода бўлиб осилиб турибди. Меҳмонлар терга ботиб кетишди: пленка остидаги иссиқхонада ҳаво илиқ ва нам экан.

Биринчи иссиқхонасини Носиржон ўтган йили ясаган. Рубероидда тешиклар ясаб, у орқали уч кун суғорди. Сув орқа қаторларга етиб бормас эди, у ердаги экинлар нимжон бўлиб қолди. Абдулвоҳидга ёрдам сўраб мурожаат қилди. У эса лойиҳада иштирок этишни таклиф қилди. Томчилаб суғоришнинг сарф-харажатларини ҳисоб-китоб қилишди, ва шу йил баҳорда тизимлар ўрнатилди. Эндиликда суғоришга уч-тўрт соат вақт сарфланади. «Қуёш ботгач, ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин». Аммо қуёш ботишини кутишга вақт йўқ. Сувни узатишни бошлашни сўраймиз. У аввалига магистрал қувурдан оқади. Ундан шлангларга тарқалади. Иссиқхонада – 11 та қатор бор, ҳар қаторнинг икки томонидан шланглар тортилган. Тешиклар оралиғи – 30 сантиметр. Деҳқон хўжалигида жами икки гектар ер бор. Бу ерда пиёз ҳам, боғ ҳам, полиз экинлари ҳам ўсмоқда. Ҳозирча фақат иккита иссиқхона бор, аммо Носиржон яна битта иссиқхона қурмоқчи, сентябрда экин экиб, Янги йилгача помидор ва бодиринг ҳосилини етиштирмоқчи. «Эҳтиёт шарт, беш тонналик бочкани олиб келаман. Эндиликда сув сарфи камаяди, меҳнат сарфи ҳам кўп эмас. Бутун хўжалик бўйлаб томчилаб суғоришни жорий этишни орзу қиламан».

Нархи ҳамёнбоп бўлиши керак

Вақтимиз зичроқ, айвондан туриб, ён-атрофини томоша қилиб ўтиришга имкон йўқ. Булутлар адир ён-бағирларига соя солмоқда. Оёғимиз остида ўсаётган пиёз яхши етилмоқда, ишончим комилки, экологик жиҳатдан тоза. Ариқ бўйида кўк рангли мотор, бир тонналик бочка турибди. Дастуримизда яна нималар кўзда тутилган? Томчилаб суғориш тизимларини ишлаб чиқариш ва лимонарий. Ҳар икки объект Уйчи тумани машина-трактор парки ҳудудида жойлашган.

МТП ҳудудига кириб борар эканмиз, тепаликка ўрнатилган эски тракторга кўзимиз тушади, бу биринчи техника бўлса керак. Ичкарида замонавий машиналар қаторлашиб турибди, аммо уларни томоша қилишга вақтимиз йўқ. Диққат марказида – янги технологик линия. Уни барпо этиш учун Абдулвоҳид Болтабоевга қатор тўсиқларни енгиб ўтишга тўғри келган. Биринчи сафар у агробанка рисола олиб келган. Томчилаб суғоришни жорий этишга нима учун кредит кераклигини тушунтирмоқчи бўлган. Қуриб бораётган Орол денгизининг фотосуратини кўрсатди. «Бу сенинг муаммонг эмас» дейишди. «Кимнинг муаммоси бу?» деб сўради. «Пул йўқ». Бизнес-режани уч марта ўзгартирди, бунга бир йилча вақти кетди. Сан-салорлик жонига теккач, Бош прокураторага хат ёзди. Текширувдан сўнг кредит олди. Хариднинг қийматини тўлади. Ижарага олинган цехда таъмирлаш ишларини бажарди. Хитойдан созловчилар келиб, техникани ўрнатишди ва унда ишлашга ўргатишди. Шу ўринда фермерга мухандислик билими асқотди.
Цехда унинг бошчилиги остида олти киши ишламоқда, агарда ҳажм ортса, саккиз кишидан уч сменада ишлаш мумкин. Жараён бошланадиган энг олис цехга борамиз. Болтабоев хом ашё ҳақида маълумот беради. «Ҳозирги пайтда хом ашёни биржа орқали «Шўртангаз»дан сотиб оламан. Орада воситачи йўқ, тўғридан тўғри – хом ашё арзон бўлса, маҳсулот ҳам арзонлашади. Хат ёзиб, харидорларга тизимнинг афзалликларини тушунтираман. Бир гектар ерда жойлашган боғга 330 кг хом ашё, ёки 2500 метр шланг зарур. Бир йилда 500 тонна хом ашёни қайта ишлаймиз, бир ярим минг гектарни шланг билан таъминлаймиз. 2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича давлат дастурида томчилаб суғоришга муҳим ўрин ажартилган. Нархини арзонлаштиришга эришсак»…

Барабанга кўк рангли шланг ўралишини кузатамиз. Бир дақиқада – 14 метр, соатига - 840 метр. Кўк рангли бўлишини, маҳсулот ажралиб туриши учун Болтабоев ўйлаб топган. Пластик қуёшга чидамли, беш йил хизмат қилиши мумкин. Аммо мухандис унинг қайишқоқлигини ошириш йўлларини ўйлаб топган, ва бу ҳақда фахр билан сўзламоқда. Цехни ижарага олиш ҳақини қандай тўлашини ҳам гапирди: уни томчилаб суғориш тизими билан қайтаради, зеро цех ёнида лимонарий ҳам жойлашган.

Уйчи тумани МТП директори Бахром Расулов бизни лимонарий билан таништирмоқда:

– Биз 250 метр қувр ўрнатдик. Лимонарийнинг майдони – ўн сотихдан кўп. Уни қурганимизга олти йил бўлди. Томчилаб суғоришни шу йилнинг баҳорида жорий қилдик. Самараси дарҳол кўринди, сув тежалмоқда. Яна учта лимонарий қуриш ниятидамиз. Бу ишни шу йил бошлаймиз. Бошиданоқ томчилаб суғоришни жорий қиламиз. Артезиан қудуғини қазамиз, сув учун қўшимча идишлар ўрнатамиз, ўн беш тонналик заҳира яратамиз. Ҳозир 80 та дарахтимиз бор, уларни уч баравар кўпайтирамиз. Ахир бу зўр-ку!

Ҳайрлашар эканмиз, уларга куч-қувват тилаймиз. Мухандис-фермерга эса яна бир саволимиз бор: фермер хўжалигининг номини қандай ўйлаб топган? «Отамнинг оти - Жамолиддин эди, Сардор – ўғлим. Менга отам кўмаклашган, ўғлим ҳам менга кўмаклашмоқда. Унинг ғоялари олға интилишимизга ёрдам бермоқда».