
Қуйидаги эътиборингиз учун тўла шаклда мақолани ўзи ҳам келтирилган.
Ўзбекистонда қанча ва қандай ўсимликлар ўсишини билиш нима учун зарур?
К.Ш.Тожибоев, Н.Ю. Бешко
ЎзР ФАнинг Ўсимлик ва ҳайвонот олами Генофонди институти
Ўзбекистон ҳудуди ўзининг ранг-баранг ландшафтлар, флора ҳамда фауналари билан ажралиб туради ва Ер сайёрасидаги тирик табиатнинг ранг-баранглигини асраб қолишда алоҳида аҳамиятга молик деб топилган дунёнинг 200 та экоҳудудидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудудида кўплаб жайдари ҳамда йўқолиб кетиш хавфи остида турган глобал аҳамиятга молик ўсимлик турлари ўсади. Бу ерда антиқа ва ранг-баранг ўсимлик турларининг табиий кўпайиш марказлари, жумладан, кўплаб жуда камёб маданий ўсимликлар авлоди аниқланган.
Ўзбекистон Ўрта Осиёда аҳоли энг зич жойлашган мамалкатдир. Қадим даврлардан бошлаб, айниқса, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан сўнг инсоннинг мамлакатнинг экотизимига таъсири омили кўчайиб борган. Ўзбекистоннинг Фарғона, Зарафшон водийси, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент воҳаларининг ўзлаштирилиши оқибатида табиий экотизим ўрнини бутунлай антропоген ландшафтлар эгаллади. Маълум бир ноёб турлар йўқолиб кетди, баъзилари эса йўқолиш арафасида.
Ўзбекистондаги бир ярим асрлик тарихга эга ботаник тадқиқотлар натижасида ўсимликларнинг ранг-баранг олами борасида ўлкан маълумотлар заҳираси тўпланган. Олти жилдлик «Ўзбекистон флораси» (1941-1962) китобида 3663 номдаги ўсимлик (интродуцентлар билан бирга 3824) турлари келтирилган. Мутахассислардан иборат катта бир гуруҳнинг ўзаро ҳамкорликдаги тадқиқоти самараси улароқ 1963-1993- йилларда 10 томлик «Ўрта Осиё ўсимликлари таърифномаси» китоби чоп этилди. Бу китоб ҳозирга қадар Ўзбекистондаги ўсимликлар ранг-баранглиги ҳақида асосий манбалардан бири ҳисобланади.
Дарҳақиқат, ўшандан буён кўплаб ботаник топилмалар кашф қилинди, янги тур ва навлар тавсиф этилди. Бироқ, афсуски, мамлакатимизнинг флораси ҳақидаги бой маълумотлар фақатгина қоғозлар, тор доирадаги мутахассисларга мўлжалланган илмий ҳисоботлар ҳамда гербарий намуналари қайдларида қолиб кетмоқда.
Ҳозирги кунгача Ўзбекистон амалиётида ўсимликлар дунёси объектининг тўлиқ кадастри тузилмаган. Қанчалик ғалати туюлмасин, бугунга қадар Ўзбекистон флорасининг замонавий руйхати ёхуд флоранинг республикамиз бўйича маъмурий ва ҳудудий рўйхати чоп этилмаган. Бу муаммонинг асосий сабабларидан бири мавжуд маълумотларнинг тарқоқлиги, ягона ахборот муҳити етишмаслигидир. Ўзбекистоннинг кўпгина ҳудудларидаги ўсимликлар етарли даражада ўрганилган эмас. Ўсимликларнинг географик тарқалиши ҳамда уларнинг эндемик кўпайиши ва ноёб турларининг ҳозирги ҳолати бўйича аниқ маълумотлар етишмаслиги оқибатида Ўзбекистоннинг «Қизил китоб»и халқаро IUCN талаблари асосида юритилмаяпти. Бир қатор доривор гиёҳлар ва бошқа иқтисодий самарадор бўлган ўсимликларнинг ёввойи турларига ҳар йили квоталар эълон қилинади, бироқ уларнинг ҳудудларда тарқалиши ва заҳираси борасида бугунги кунда аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Шунинг учун гиёҳлардан дори таёйрлашнинг кўлами ошиб кетмоқда ва оқибатда ушбу турларнинг кўпайишига бу ҳол салбий таъсир кўрсатаяпти.
Худди шундай ҳолат Ўзбекистоннинг қўриқланадиган табиий ҳудудларида (ҚТҲ) кузатилади. Бор-йўғи, учта (Чотқол, Нурота, Зомин) қўриқхонадаги ўсимликлар рўйхати чоп этилган, холос. Бошқа қўриқхона ва миллий боғлардаги ўсимликлар борасидаги маълумотлар табиат ихлосмандларининг кенг қатламига етиб бормасдан, ҳисобот ёки диссертациялардагина қолиб кетмоқда. Қўриқланадиган табиий ҳудудларнинг (ҚТҲ) бошқа тоифалар (буюртма майдонлари, қўриқланадиган ландшафтлар, ўрмон хўжалиги ва ҳ.з) флораси борасидага маълумотлар умуман мавжуд эмас. Ўрмон хўжалиги, миллий парк, қўриқхона, вилоят ва туман табиатни муҳофоза қилиш қўмитаси инспекторлари қўриқланадиган ҳудуд, у ерларда ўсадиган ноёб ўсимлик тури ва уларнинг ўниб-ўсиши борасида етарли маълумотга эга эмаслар.
Бундан ташқари ботаник-мутахассисларгагина мўлжалланган фундаментал илмий тадқиқотларни истисно қилганда жойларда табиат ихлосмандларининг кенг қатлами, талабалар, ўқувчилар, сайёҳлар фойдаланишига мўлжалланган ўсимликларнинг рангли, кўргазмали таърифномаси Ўзбекистонда йўқ. Зотан, мана шунга ўхшаш китобларга республикамиз ҳудудида жуда катта эҳтиёж мавжуд.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти ГЭФнинг Кичик грантлар дастури лойиҳаси кўмагида Ўзбекистоннинг ранг-баранг ўсимликлари ҳақидаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистондаги ранг-баранг ўсимликлар олами борасидаги барча манбаларни таҳлилдан ўтказиш ва мавжуд флораларнинг тури, таксономияси, морфологияси, экология, географик тарқалиши, хўжаликдаги аҳамияти хусусидаги фактларни тўлдириб, ягона электрон маълумот базасини яратишдан иборат.
Флора борасидаги маълумотлар базасини яратишда қуйидаги имкониятларга эга бўлган геоинформацион тизимдан (ГИТ) фойдаланилади: ўсимликлар олами ранг-баранглигининг ўтмишдаги ва ҳозирги ҳолати таҳлили, сунъий йўлдошдан олинган суратларга қараб экотизимни баҳолаш, экологик мониторинг ва вазиятнинг кейинги ривожини чамалаб кўриш, асосий ботаник ҳудудларни аниқлаш, қўриқланадиган табиий ҳудудлар ларнинг (ҚТҲ) тармоқларини режалаштириш ва ҳк.
Ўсимлик олами борасида мукаммал давлат кадастри юритиш билан бир қаторда ўсимликлар заҳирасини қўриқлаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасидаги асосли қарорнинг қабул қилиниши бундан кейин «Қизил китоб»ни IUCN талаб ва меъёрлари асосида олиб боришга ёрдам беради, экологик таълим ва экотуризмни тараққий эттиришда зарур бўлган илмий кадрларни тайёрлашда уларни керакли маълумотлар билан таъминлайди. Маълумотлар базасида маълумот матни билан бир қаторда ҳар бир турнинг тарқалиш харитаси ҳамда мавжуд ўсимликлар гербарийсининг сканердан ўтказилган тасвири ҳамда фотосуратлари тақдим этилган.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон марказий гербарий фондининг .5 млн.дан кўпроқ намунасига эга коллекциялар фонди асосий маълумот манбаси ҳисобланади. Ўсимликларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида янги маълумотлар йиғиш учун лойиҳа давомида шу пайтга қадар кам ўрганилган тоғли ва тоғолди ҳудудларига дала экспедициялари уюштирилади.
Лойиҳа бошлангандан буён орадан бир ярим йил ўтди. Бугунги кундаги асосий якун қуйидагича:
Маълумотлар базасига 2150 дан кўпроқ тур (Ўзбекистонда мавжуд флора турларининг 50% яқини) ҳақида 100 мингга яқин маълумот киритилди. Ўсимликларнинг тарқалиш харитаси ҳамда уларнинг табиий ўсиб турган ҳолатдаги суратларини саралаш устида иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистон флорасининг 116 та янги тури, шу жумладан, ҳали илмга маълум бўлмаган 20 тури аниқланди.
Ўзбекистон флорасининг ҳозирги ҳолати (Бегона ва бошқа жойдан кўчириб ўтказилганларни ҳисобга олмаганда 4291 ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар турлари) ҳақидаги янги рўйхат тузилди. Бегона турларнинг сони тахминан 500 ташкил этади.
Чотқол, Зомин, Нурота ва Сурхон қўриқхоналаридаги ўсимликларнинг рўйхатига қўшимчалар киритилда. Ҳатто шу пайтга қадар энг яхши ўрганилган деб ҳисобланувчи Чотқол қўриқхонаси ҳудудида 12 та янги тур аниқланди. Шуни айтиб ўтиш керакки, мавжуд флоралар ҳақидаги маълумотлар ўтган асрнинг 60-70 йилларида тузилган ва улар Марказий гербарий фондида сақланади, бироқ маълумотларнинг тарқоқлиги, ягона ахбарот базасининг мавжуд эмаслиги туфайли кўпгина мълумотлар қўриқхоначиларнинг қайд дафтарига кирмай қолган.
Ўзбекистоннинг Қизил китобидаги ноёб турлар (жумладан лоланинг барча турлари) га IUCNнинг талаб ва миёрларидан келиб чиқиб баҳо берилган.
Фарғона водийси ва унинг тоғ олди афтрофида аҳоли зич яшаши, ҳудуд ерлари тўла ўзлаштирилган ҳамда ўзининг ажойиб намуналари ва эндимек турларга эга 6 та ботаник ҳудуд мавжудлигига қарамай ўсимлик турлари борасида янги қизиқарли маълумотлар тўпланди. Фарғона водийсида (1909 йилдан бошлаб) тўпланган гербарийлар ҳақида 1550 та қайдни ўз ичига олган маълумотлар базаси тузилди. Ўсимликларнинг ўтмишда ва ҳозирги тарқалиш ҳолатига баҳо бера оладиган Геоинфорацион тизимга асосланган янги хариталари яратилди.
Экологик таълим ва туризмда фойдаланишга мўлжалланган маълумотлар базаси ботаник жиҳатдан жуда ҳам қизиқарли ва кўпчилик ташриф буюрадиган Угам-Чотқол миллий боғи флорасининг рангли дала кўрсаткичи намуна сифатида лойиҳа томонидан тайёрланди. Бу Ўзбекистонда қўриқланадиган табиий ҳудудлар (ҚТҲ) орасида флорага энг бой маскан ҳисобланади, бу ерда 1697 турдаги юқори ўсувчи ўсимлик, жумладан, 61 та Ўзбекистоннинг «Қизил китоб»ига киритилган ва 58 та эндемик тур мавжудлиги қайд этилган. Рангли кўрсаткичда (ўзбек, рус ва инглиз тиллари) миллий боғнинг 350 дан ошиқ энг кўп учрайдиган ҳамда камёб, эндемик турининг ёрқин суратлари билан тақдим этилган.
Ишончимиз комилки, келгусида барча танишиш имкониятига эга бўладиган мазкур маълумотлар базаси Ўзбекистоннинг ўсимликлар оламини асраб қолиш ва ундан оқилона фойдланишга хизмат қилади.

Астрагал (лот. Astragalus leptophysus)
Қўшимча маълумот бўйича куйдаги мутахассисларга мурожаат қилинг:
Тожибаев Комилжон Шаробитдинович, биологик фанлар доктори, ЎзР ФАнинг Ўсимлик ва ҳайвонот олами Генофонди институти директори
Тел.: +998 71 269 00 61
Электрон почта: ktojibaev@mail.ru
Бешко Наталья Юрьевна, биологик фанлар номзоди, ЎзР ФАнинг Ўсимлик ва ҳайвонот олами Генофонди институти
Тел.: +998 71 269 00 61
Электрон почта: natalia_beshko@mail.ru