The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Зарафшон қўриқхонасидаги биологик хилма-хилликни сақлаш лойиҳаси

Зарафшон давлат қўриқхонаси келажак авлод учун ноёб тўқайзорларни сақлаб қолишни кўзда тутади. Ушбу тўқайзор ҳақиқатан ҳам ўзига хосдир. Тўқайзор ҳамма ерда бир хилдай кўринади. Аммо ҳаммаси аксинча. Бу ердаги тўқай бошқаларига умуман ўхшамайди. Бу ерда тўранғи, тол, чаканда, маймунжон ва бошқа кам учрайдиган ўсимликларнинг ноёб ҳамжамияти ажойиб симбиозни яратган бўлиб, бу ер ўсимлик ва ҳайвонларнинг кўпгина турлари учун бошпана ҳисобланади, уларнинг кўпчилиги эса фақат шу ердагина учрайди.

Қўриқхона ходимлари узоқ вақт давомида маҳаллий аҳолининг бу борадаги онгини ошириш мақсадида у билан ишлади. Аммо ҳаммаси беҳудага кетди. Қўриқхона аҳоли пунктларининг ўртасида жойлашган, шу боис яқин атрофда жойлашган посёлкалардаги фуқаролар ёввойи табиатни талон-тарож қилиш ҳисобига бойлик орттириш илинжида бўлади. Қўриқхона томонидан муҳофаза қилинаётган дарахтларни ноқонуний тарзда кесиш бу ердаги биологик хилма- хиллик таҳдид солаётган асосий хавф ҳисобланади. Ўрмон йўқолиши билан эса, у ердаги жонзотлар ҳам йўқолади.

Бу ердаги муаммо ва уларнинг юзага келиш сабаблари батафсил ўрганилганидан кейин Самарқанд вилоятидаги “ТЕРРА” экология маркази, “YODA” табиатни муҳофаза қилиш ёшлар жамоаси қўриқхона илмий ходимлари билан биргаликда маҳаллий аҳоли қўриқхона захираларидан ўзларининг кундалик эҳтиёжини қондириш учун фойдаланмайди, деган хулосага келишди. Аҳоли тегишли қўриқлаш тизими йўқ бўлгани сабабли қўриқхона ҳудудига кириб, биологик хилма-хиллик захираларидан қўшимча инвестиция талаб қилмайдиган, аммо барқарор даромад келтирадиган шунчаки қўшимча пул ишлаб олиш манбаи сифатида фойдаланар экан. Яъни ҳаммаси очиқ – хоҳлаганингни олавер...

Бироқ бундай давом этиши мумкин эмасди. Қўриқхона посёлкалар билан ўраб олингани боис амалий буфер ҳудудини яратишнинг деярли иложи йўқ. Маҳаллий аҳоли қўриқхонанинг бутун параметри бўйлаб пиёда, юк машиналарида, тракторларда кириб, қимматли ёғочни кесиб олиб кетаверади. Бундан ташқари одамлар мунтазам равишда қўриқхона ҳудудида чорвани ноқонуний равишда ўтлатишга ўрганиб қолган.

Узоқ фикр-мулоҳазалардан кейин Самарқанд вилоятидаги “ТЕРРА” экология маркази, “YODA” табиатни муҳофаза қилиш ёшлар жамоаси қўриқхонани талон-тарождан асрашнинг ягона йўли унинг ҳудудига тўсиқсиз киришни бартараф этиш, деган хулосага келишди. Лойиҳа тайёрланди, унга кўра қўриқхонадаги биологик хилма-хилликни сақлашнинг асосий чораси сифатида қўриқхонанинг маҳаллий аҳоли томонидан кўп кириладиган қисмини тўсиб қўйиш таклиф этилди. Жисмоний тўсиқлар тиканли симли ғовдан, қўриқхона ҳудудига юк машиналари ва чорва моллари киришини тўхтатадиган ўралардан ҳамда шу қўриқхонада ўсувчи ва ушбу экотизимга хос бўлган ғов атрофига экилган тиконли ўсимликлар ва буталардан иборат бўлади.

Агар аниқ ва тушунарли қилиб айтиладиган бўлса, лойиҳа доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилади:

1 Тадбир: қўриқхонанинг қонун томонидан белгиланган чегараларини тиклаш.
2 Тадбир: Жомбой ўрмон хўжалигининг қўшимча ерларини ҳамда №3 ва №4 айланмалар ўртасидаги ўрмон ерларини қўшиб олиш.
3 Тадбир: Қўриқхона чегарасидаги огоҳлантирувчи белгилар сонини ва сифатини ошириш, тўртта айланиш жойида дарвозалар ўрнатиш.
4 Тадбир: Қўриқхона чегараси ҳисобланган табиий каналларни чуқурлаштириш ва кенгайтириш.
5 Тадбир: Каналлар бўлмаган жойларда ўраларни яратиш.
6 Тадбир: Симли тўсиқлар ўрнатиш.
7 Тадбир: Лойдан тикланган ғовларни ўрнатиш.
8 Тадбир: Тиконли ўсимлик ва буталарни экиш.
9 Тадбир: Маҳаллий аҳоли билан бир қатор семинарларни ўтказиш.
10 Тадбир: Зарафшон қўриқхонаси базасида илмий-оммабоп экскурсияларни ташкил этиш ва табиатни муҳофаза қилишга қаратилган тадбирларни олиб бориш.
11 Тадбир: Назоратчиларнинг малакаси ва экологик билимини ошириш.

Лойиҳа қуйидаги натижаларни олишни режалаштирган:

Қўриқхонанинг қонуний чегаралари тикланади;
Қўриқхона ҳудуди қўшни майдонларни қўшиб олиш ҳисобига 57 гектарга кўпаяди;
Майдони 220 гектарни ташкил этувчи биринчи айланма қўш ғов билан буткул тўсилади;
Умумий майдони 875 гектар бўлган иккинчи, учинчи ва тўртинчи айланмалар чегаралари бўйлаб ўралар ва чуқурлаштирилган каналлар ва ирмоқлар билан тўсилади;
Қўриқхона режимини бузиш ҳолатларининг олди олинади;
Қўриқхонанинг ўрмон қисмидаги деградация ҳолатига келган экотизим тиклана бошлайди;
Қўриқхона атрофида яшовчи маҳаллий аҳолининг экологик билим даражаси ошади;
Назоратчиларнинг билим ва малакалари ошади.

Мазкур лойиҳа билан батафсил лойиҳа ҳужжати орқали танишишингиз мумкин.
Зарафшон лойиҳаси бўйича ГИЖ КГДнинг лойиҳа ҳужжати.