The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Хоразмда ГЭФ КГД лойиҳалари

Бухородан Хоразмга қараб кетадиган йўл жуда гўзал. Қизилқум саҳроси бўйлаб кетаверасиз. Газлидан сал ўтгандан кейин йўлни доимий равишда қум қоплаб олади, шу пайтда сиз қум устидан ялаб ўтган шамол изининг бир жуфт чиройли кадрини олишингиз мумкин. Йўл ёқаси бўйлаб кетган қумликларда қувноқ хўжасавдогарлар чопиб юрибди. Худди йўл бўйлаб югурадиган (Road runner) қушча ҳақидаги Голливуд мультфильми айнан мана шу жонивордан илҳомланиб олингандай.

қумли йўл

Саксоул қушчаси

Хоразмда ГЭФ КГДнинг 4 та лойиҳаси амалга оширилмоқда: ерларни лазер қурилмасида текислаш лойиҳаси, биогаз бўйича лойиҳа, ирригацияда энергия самарадорлиги бўйича лойиҳа ва индиго лойиҳаси. Бизни Миллий Мувофиқлаштирувчи Қўмитамизнинг аъзоси бўлган профессор Назар Ибрагимов кутиб оляпти. Шунингдек бизни ZEF/Bonn, UNESCO ва Урганч Университетининг ҳамкорликдаги лойиҳаси биносида қувончли қабул кутаётган экан. Лойиҳа раҳбари Жон Ламерс ва жамоа бизни бир қатор қизиқарли тақдимотлар орқали лойиҳа фаолияти билан таништирдилар.

Лойиҳа фаолияти билан танишганимиздан кейин биз қўмитамиз аъзоларини лойиҳаларимиз ва уларнинг лойиҳа ҳудудлари билан таништириш учун йўл олдик.

Биринчи лойиҳа – биогаз бўйича лойиҳа Урганч Давлат университетининг ўқув комбинати базасида. Биогаз қурилмаси базада амалиётни ўтаётган университет талабалари учун ўқув модели бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда қурилма монтаж қилинган бўлиб, газ сақланадиган жойга улаш ҳамда газни базадаги хоналарга етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ишлар тугаганидан кейин мазкур қурилма базада ишлатилади. Синов юкламалари амалга оширилди, газ олинди, қурилма кўнгилдагидай ишлаяпти. Қўмита аъзолар лойиҳа жамоаси аъзолари ҳамда унинг раҳбари Отабек Отамуродов билан суҳбатлашдилар.

Навбатдаги танишув лойиҳаси – бу ирригацияда энергия самарадорлиги бўйича лойиҳа. Бу лойиҳа билан ҳаммаси мураккаб. Лойиҳанинг моҳияти қуйидагилардан иборатлигини яна бир бор эслатиб ўтаман:

Сувни бевосита истеъмолчига, яъни фермерларга етказиб берадиган энг паст даражадаги каналнинг туби полиэтилен билан тўшалади ва тупроқ билан ёпилади. Ташқаридан канал мутлақо одатий кўринишда бўлади. Бироқ бундай изоляция инфильтрацияга кетадиган сувни сезиларли даражада ва арзон камайтиришга ёрдам беради ҳамда сув даражасини қўтариш ва уни эски, самарасиз насослардан фойдаланмасдан ўзи қуйилиб келиши имконини яратади. Лойиҳа ҳақида батафсил унинг саҳифасидан билиб олишингиз мумкин.

Мувофиқлаштирувчи қўмита аъзолари лойиҳа ҳудудига ташриф буюрган пайтда лойиҳа доирасида каналнинг ярми изоляция қилиб бўлинган эди. Энди ишлар қишки суғориш мавсуми тугаганидан кейин давом эттирилади. Шунга қарамасдан, канал ярмининг изоляция қилингани, унинг изоляция қилинмаган қисми билан изоляцияланган қисмини солиштириш имконини беради. Ҳозир ўлчаш ишларининг барча натижалари тайёрланмоқда, улар алоҳида мақола кўринишида нашр этилади.

Қўмита аъзолари турли саволларни берган ҳолда маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашди. Ниҳоят, “Одамлар бундай лойиҳани ўз маблағлари ҳисобига амалга оширишни истармиди?” деган саволга рад жавоби олинди. Балки технология яхши ва арзондир. Аммо “Одамларга сувни тежаш нимага керак?” деган савол саволлигича қоверади. Ахир у бепул-да. Сув бепул экан, уни тежашдан ҳам маъно йўқ. Каналнинг тепа қисмида фаолият юритувчи Сувдан фойдаланувчилар уюшмасига аъзо фермерлар шундоқ ҳам озми-кўпми сувга эгалар. Улар каналга навбатда турувчиларнинг энг бошидалар ва шу боис сувни биринчи бўлиб оладилар. Каналнинг охирида фаолият юритувчи фермерларгагина сувни тежаш фойдали. Бундай лойиҳани фақат биргаликдагина амалга оширишдан наф бўлади – сувни инфильтрациядан бутун канал бўйлаб изоляция қилиш керак. Сувни фақат каналнинг охиридагина тежашдан ҳеч қандай маъни йўқ, чунки у охирига етгунча ерга сингиб кетади. Яъни Сувдан фойдаланувчилар уюшмасининг (СФУ) ичида аниқ ташкилотчилик ишини юритиш ва ҳар бир аъзо томонидан сувдан фойдаланишнинг аниқ назорати зарур. Афсуски иш бундай эмас, чунки ҳозир сувдан фойдаланиш назорати йўқ бўлган бир пайтда СФУнинг ҳар бир аъзосида сувни ишлатиш бўйича турли мотивация мавжуд: кимгадир сув жуда керак бўлса, кимдир уни худди шундай бўлиши керакдай қабул қилади.

Бошқача қилиб айтганда, қўмита аъзолари ушбу лойиҳанинг натижалари бир-бирига зид бўлиши мумкин, деган ягона хулосага келишди. Нафсиламрини айтадиган бўлсак, технологиянинг ўзи бу муаммони ҳал эта олмайди. Бунинг учун ҳам СФУ даражасида, ҳам давлатнинг сувдан фойдаланиш соҳасидаги сиёсати даражасида бошқа тузилмавий ўзгаришлар керак бўлади.

КРАСС ННТнинг далаларни лазер қурилмаси ёрдамида текислаш лойҳаси қўмита аъзолари ташриф буюрган навбатдаги лойиҳага айланди. Профессор Н.Ибрагимов бошчилигидаги ННТ жамоаси қўмита аъзоларини лойиҳа фаолиятининг натижалари билан таништирди. Айни пайтда ушбу технологияни қўллаш натижаларининг иқтисодий таҳлили якунланиб, расмийлаштирилмоқда. Олинган маълумотлардан парчалар эътиборингизга қуйида ҳавола этилади. Ҳозир далани лазер қурилмаси ёрдамида текислаш технологиясидан фойдаланиш бўйича батафсил йўриқнома устидаги ишлар деярли якунланган. Биз беғаразлик асосида 2 йил фойдаланиш учун 2 та СФУ га тақдим этилган ускуна фермерларни қизиқтириб қолади ва улар ўзлари ишлатишлари учун ўз ускуналарини сотиб олишига умид қилгандик. Ҳозирча бу юз бергани йўқ. Балки, бу келгусида, ушбу ускунадан маҳрум бўлганларида, яъни режа бўйича улар КРАСС ННТ томонидан бошқа СФУга мазкур технология билан танишиш учун берилганида, юз берар. Балки шунда бошқа фермерлар бундай ускунани сотиб олишга қизиқиб қолар. Айни пайтда бундай ускунани етказиб берувчи кўплаб фирмалар мавжуд. Биз Ўзбекистонда синаб кўрган асбоб-ускунани Покистоннинг Easy Farming фирмаси етказиб берган. Фирманинг барча координаталарини “Ҳамкорлар” бўлимидан топишингиз мумкин. Кейинги мақоламизда бундай ускунани қаердан ва қандай қилиб сотиб олиш мумкинлиги ҳақида батафсил маълумот берамиз.

КРАСС ННТ қўмита аъзоларини ZEF/Bonn – UNESCO – Урганч Университети лойиҳаси доирасида ўтказиладиган кўп сонли тадқиқот натижалари билан ҳам таништирди. Балки, яқин орада ННТ табиий салоҳиятдан оқилона фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган ва синалган технологияларга янги лойиҳа аризаларини тақдим этар.
Endi esa Qoraqalpog‘istonga yo‘lda