The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Саҳро ўрмонлари – Ўзбекистоннинг катта салоҳияти

«Ўрмонлар - цивилизациялардан олдин пайдо бўлади, саҳролар – улардан кейин»
француз ёзувчиси Шатобриан

Ушбу мақолада Ўзбекистоннинг ривожланишида саҳро ўрмонларининг аҳамияти ҳақида сўзламоқчиман. Биринчидан, бундай ўрмонлар ҳақиқатдан ҳам борлиги хусусида тўхталмоқчиман. Иккинчидан, ўрмонларнинг аҳоли ва умуман мамлакатнинг ривожланиши учун аҳамияти, уларни асраш ва тиклаш ҳақида фикр юритаман. Ва мақоламни Глобал Экологик Жамғарманинг Ўзбекистондаги Кичик Грантлар Дастурининг (ГЭЖ КГД) барча манфаатдор шасхларга бу йўналишда иш олиб бориш ҳақидаги эълони билан якунлайман.

Ёввойи ҳайвонларнинг йиллик ҳисобини юритиш учун Жайрон экомарказига сафарим ушбу қайдларни ёзишга туртки берди. Сафар давомида Қизилқум экотизимига оид қизиқарли фактлар ҳақида сўзлаб бергаётганимда турмуш ўртоғим ҳайрон бўлиб сўради: «Ҳақиқатдан ҳам даштда ўрмонзорлар борми?». Ишга қайтишим билан мен БМТ конвенцияларининг йиғилишларидан бирида саҳролашишга қарши курашга, шу жумладан саҳро ўрмонларига бағишланган ажойиб нутқни тинглашга муваффақ бўлдим. Бунинг белги эканлигини тушундим! Саҳро ўрмонлари ҳақида ёзиши керак.

Саҳрода ҳам ўрмонлар борми?

Мақоламни нотўғри қарашни рад этишдан бошлайман – саҳрода ўрмонлар йўқ, деган ниҳоятда янглиш фикр шаклланиб қолган. Кўпчилик одамларда «ўрмон» ва «саҳро» тушунчалари ҳақида ўз ақидалари бор. Саҳролар, аксарият одамлар учун қум уюмлари, ёки шунчаки қумни, ўрмонзорлар эса – ялпи дарахтзорлар, деган маънони билдиради. Ақидалар ҳамон яшаб келмоқда, ва тасаввуримизда ўрмонлар фақат олис жойларда: Амазония, Россия, Канадада мавжуд бўлиб, у ерларда дарахтлар кўп, улар баланд ва ям-яшил тусда. Ваҳоланки, бундай эмас! Дашт жойларда ҳам ўсимликларнинг турли туркумлари: ёғочсимон, бутасимон ўсимликлар ва ранг-баранг ўтлар мавжуд. Ана шулар саҳро ўрмонларидир. Ва бу ҳақиқий ўрмон бўлиб, ҳатто ўсимликлар ниҳоятда зич жойлашган бўлиши ҳам мумкин.

Бухоро вилоятида сакавулзорлар соясида

Шунингдек, ақидаларни охиригача йўқ қилиш учун, шуни қайд қилиш керакки, саҳро ўрмонлари сайрамиз ўрмонларининг энг катта фоизини – Ердаги барча ўрмонларнинг 40 % дан кўп қисмини ташкил этади.

Дарҳақиқат, бизнинг Ўзбекистонимизда ҳам ўрмонларни учратиш мумкин. Уларни ҳозир ҳам Бухоро вилояти, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистонда кўриш мумкин. Агарда Бухоро-Қарши йўлидан юрган бўлсангиз, бир неча жойларда йўлнинг ҳар икки томонидаги саҳро ўрмонзорларидан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Саҳро ўрмонининг бир парчаси

Саҳро ўрмонлари нима учун керак?

Саҳро ўрмонларини сақлаш ва тиклаш заруриятидан асосий мақсад шундаки, бу иқтисодий жиҳатдан ниҳоятда фойдали. Саҳро ўрмонзорларининг мавжудлиги умуман табиий муҳит саломатлиги учун ниҳоятда муҳим. Афсуски, тўлақонли саҳро ўрмони ҳозир ниҳоятда кам учрайди. Бугунги кунда ўрмонлардан шунчаки фойдаланилмоқда. Афсуски, бундай фойдаланиш оқилона эмас, айни пайтда уларни тиклашга бирон-бир инвестиция сарфланмайди.

Саҳро ўрмонларининг бутун мамлакат ҳаёти ва ривожланиши учун аҳамиятини белгиловчи бир неча сабаб мавжуд. Ушбу сабаблар нафақат ушбу даштларга яқин жойларда истиқомат қиладиган аҳоли учун, балки умуман давлатимиз учун аҳамиятлидир. Мен уларнинг ҳар бирига батафсил тўхталиб ўтаман, ҳозир эса уларни санаб ўтмоқчиман. Саҳро ўрмонлари – бу:

• кенг яйловлар,
• ёғоч манбаи
• қум тўфонларидан ҳимояловчи шифокор
• инфратузилмага зарар етказилмаслиги кафолати демак
• ва бошқа кўплаб омиллар...
Шундай қилиб, саҳро ўрмонларининг амалий аҳамиятини батафсилроқ кўриб чиқайлик:

Ўрмонлар, чорва боқиладиган жой сифатида

Соғлом саҳро ўрмонларининг борлиги чорва учун яхши озуқа базаси мавжудлигининг гарови ҳисобланади. Дарахтларга оид дашт ўсимликлари уларнинг атрофида турли озуқабоп ўтлар ва буталар ривожланиши учун асос ҳисобланади. Даштда қанчалик дарахт кўп бўлса, уларнинг атрофида чорва учун озуқа ҳисобланадиган ўсимликлар туркуми шунчалик кенг ва ранг-баранг бўлади.

Дашт ва озуқанинг мавжудлиги мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги учун стратегик муҳим аҳамиятга эга. Маълумки, Фарғона водийси, Тошкент воҳасидан минглаб бош чорва моллари бошқиш учун даштга чиқарилади, бу моллар кейинчалик аҳоли учун гўштга айланади. Ўзбекистонда таом тайёрлашда гўшт маҳсулотлари кенг ишлатилади. Аҳоли сони эса кўпайиб бормоқда. Ортиб бораётган аҳоли учун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш учун майдонлар зарур. Демак, ҳар бир гектар ер озуқанинг мақбул миқдорини етиштира оладиган вазиятни яратиш керак. Шунда дашт ерларидан самарали фойдаланилмоқда, деб айтиш мумкин.

Дашт яйловлари дарахтларсиз тезда емирилади

Саҳро ҳудудларида озуқабоп экинларни етиштириш самарадорлиги тўғридан тўғри экотизимнинг қанчалик саломат эканлигига, унда турли-туман экинларнинг кўплигига боғлиқ бўлади. Саҳро ўрмонлари зарур. Афсуски, ҳеч ким саҳро ўрмонларини ривожлантиришга маблағ сарфламайди. Ушбу ҳудудларнинг бошқаруви анча қолоқ ҳолатда, чунки дашт ҳудудлари кам самарадор, деган янглиш фикр шаклланган. Бугунги кунга келиб, боқиш меъёрлари бир неча баравар ортиб кетган, яйловларнинг алмашинуви ва дашт ерларининг мелиорацияси мавжуд эмас. Демак, озуқа ҳам камайиб бормоқда.

Ўрмонлар, ўтин манбаи сифатида

Саҳро ўрмонлари маҳаллий аҳоли учун ҳам, савдо учун ҳам ёқилғи ўтинларнинг яхши манбаи ҳисобланади. Масалан, саксавул сифатли, яхши иссиқлик берувчи ўтин ҳисобланади. У узоқ вақт давомида ёниб, кўп иссиқлик ажратади.

Бундай ўтинларга талаб катта. Қидирув тизимидаги оддий сўров шуни кўрсатадики, саксавул бир қутисининг нархи Олма-отада 5 доллардан ортиқ, Москва ва Санкт-Петербургда улгуржи харидорлар учун – бир килограмм ўтиннинг нархи 6,5-7 долларга тенг. Саксавулдан турли ресторанлар ва кафеларда гўштли таомларни пиширишда фойдаланилади.

Бугунги кунда энг катта муаммо шундаки, одамлар саксавулни кесар экан, уни қайта тиклашга сармоя сарфламайди. Барча экинларнинг ўтин сифатида кесиб юборилиши, боз устига ортиқча чорва молларининг боқилиши биргаликда саҳро ўрмонларининг қисқариб кетишига сабаб бўлмоқда. Ўтин ёрдамида одамлар уй-жойини иситади, таом пиширади – булар зарур нарсалар. Аммо шунчаки келиб, даштда ўтинни арралаб кетиш – осон. Эртага ҳам дарахт кўкариб туриши учун ниҳол экиш – бурмунча қийинроқ иш.

Саҳро дарахтлари плантацияларини яратиш – бизнес учун яхши модель бўлиб хизмат қилиш мумкин. Даштда плантациялар учун тупроқни тўғри танлаш орқали тез орада ёқлиғи ўтинларининг яхши плантациясига эга бўлиш мумкин. Саксавулнинг бўйи 4 йилдан сўнг одам бўйидан баланд бўлиши мумкин. Ҳар йили саксавулнинг ён шохлари қуриб қолади, дарахтни кесмасдан туриб, уларни ўтин сифатида кесиб олиш мумкин. Вояга етган дарахни илдизи билан кесилганда, илдизнинг қолган томирпаридан янги ниҳояллар униб чиқади. Демак, муаяйн давр мобайнида янги плантацияни экмасдан туриб, ўтин йиғиб олиш имконияти бор.

ГЭЖ КГД лойиҳаси давомида Сурхандарёда экилган ёш саксавул

Аммо ГЭЖ Ўзбекистондаги КГД томонидан бу соҳадаги тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги иккита уриниши самара бермади. Гап шундаки, одамларни саҳрога маблағ сарфлаш даромад келтиришига ишонтириш ниҳоятда қийин. Ҳозирча Ўзбекистонда бу борада синовдан ўтказилган модель мавжуд эмас. Бундай моделлар Африка давлатларида бор, у ерда саҳро ўрмонларини тиклашга йўналтирилган хусусий инвестициялар ёрдамида бир неча миллион гектар ўрмонзорлар тикланган. Ҳозирча одамлар табиатда қолган дарахтларни кесишни афзал кўрмоқда. Агарда Ўзбекистонда даштга оид дарахтлар ва бошқа экинларнинг плантацияларини яратиш бўйича бизнес ривожлана борса, бизда ҳам саҳро ўрмонзорлари тикланади.

Ўрмонлар, қум бўронларини юмшатиш механизми сифатида

Саҳро ўрмонларининг мавжудлиги қумларни сақловчи яхши воситадир. Ўсимликлар қанчалик кўп бўлса, шамолнинг юзада эсиш тезлиги шунчалик паст бўлади. Шамол қанчалик кучсиз бўлса, қум зарраларининг ҳавога кўтарилиши ва уларнинг узоқ масофаларга кўчирилиши эҳтимоли шунчалик кам. Қум бўронлари – бу табиий офат, ва кўп сонли саҳро ўрмонларининг мавжудлиги бу табиий офатнинг олдини олишга маблағ сарфлаш демакдир. Зеро ундан давлат катта иқтисодий зарар кўриши мумкин.

Самарқанд шаҳрига қум бўронининг ҳаракатланиши

Ўрмонлар, инфратузилмага зарар етказилишининг олдини олиш механизми сифатида

Мамлакатнинг дашт ҳудудларида йўлларни ва бошқа инфратузилмаларнинг қум билан қопланишининг олдини олиш мақсадида катта миқдорда бюджет маблағлари, ва хусусий сармоя ҳам сарфланади. Қизиқ, ҳеч ким давлатимиз томонидан бу ишларга қанча маблағ сарфланишини ҳисоб-китоб қилиб кўрганмикан? Бухоро-Урганч йўли бўйлаб сафар қилган одамлар йўл қисмлари қум остида қолиб кетишининг гувоҳи бўлган. Уни доимий равишда тозалаб туришади. Бу ишларга бюджетдан катта миқдорда молиявий ресурслар сарфланади. Сурхандарёнинг Жарқўрғон туманида бутун бир шаҳарчалар, қишлоқ хўжалиги экинлари қум остида қолади. Бу эса қум қоплашнинг олдини олиш учун яна маблағлар сарфланишини ва унумдор ерлар бой берилиши натижасида даромаднинг йўқотилишини билдиради. Ваҳоланки, тиклаш ишларига сарфланадиган маблағлар, ва қум қопланган ерлардан олинмай қолган даромад бошқа бир самарали ишга ва қўшимча даромад олишга йўналтирилиши мумкин эди. Мамлакатимиз бўйлаб бунга мисоллар жуда кўп.

Бухоро-Урганч йўлини доимий равишда шу тарзда қум қоплайди

Саҳро ўрмонлари бундан сақланишга имкон беради. Дарахтлар, ва уларнинг атрофидаги ўсимликлар туркумлари, қумларнинг ҳаракатланишини тўхтатади, уларни ушлаб туради. Хавф остидаги инфратузилма атрофида ўрмон яратишга бир марта маблағ сарфлаб, биз инфратузилманинг ҳаракаталанувчан қумлардан сақланишига эришишимиз, ҳар йили катта миқдорда маблағ сарфланишидан сақланамиз, айни пайтда яхши яйловлар, маҳаллий аҳоли учун ўтин олиш манбаи каби қатор афзалликларга эга бўламиз.

Саҳро ўрмонларининг мавжудлигидан олинадиган бошқа қимматли фойдалар

Саҳро ўрмонларининг мавжудлигидан олинадиган асосий фойда – бу албатта соғлом атроф-муҳит, соғлом саҳро экотизими ҳисобланади. Одамлар ҳамма нарсага шахсий талаби нуқтаи назаридан ёндашар экан, бу улар учун аҳамиятли эмасдек туюлади. Аммо бундан одамлар фойдага эришиши мумкин.

Соғлом саҳро ўрмони – бу ёввойи табиатнинг яшаш манзилидир. Ўрмон бор экан, ўсимликлар ҳам, ҳайвонлар ҳам бўлади. Улар ўрмонда яшаб, ўсимликлар билан озиқланади, шу экотизимнинг бир қисмига айланади.

Саҳро ўрмонида яшовчи жониворлар. Яқиндагина Жайрон экотизимига қўшилган ҳудудлар

Африкада ёввойи табиат мавжудлигидан катта иқтисодий самара олинган. Ёввойи табиат кенг тарқалган жойларга одамлар томоша қилиш учун боришади. Демак, хизмат кўрсатиш бизнесни йўлга қўйиш мумкин. Бунга транспорт хизматлари, яшаш, овқатланиш хизматлари киради, маҳаллий ашёлардан ясалган буюмлар, совға-саломлар савдосини йўлга қўйиш мумкин ва ҳоказо. Яхши саҳро ўрмонлари бунга замин бўлиб хизмат қилиши мумкин. Аммо ушбу хизматларни кўрсатишдан даромад олиш учун саҳро ўрмонларини тиклашга ва сақлашга маблағ сарфлаш керак. Биз Жайрон экомаркази мисолида ана шундай моделни яратмоқчимиз.

ГЭЖ КГД хулосалари ва таклифлари

Умид қиламанки, мақолани ўқигач, ҳар ким ишонч билан саҳро ўрмонлари мавжуд, ва улар мамлакатимиз ривожланишида муҳим аҳамиятга эга, деб айта олади. Уларни тиклаш ва сақлаш зарур.

Саҳро ўрмонларини тиклашнинг ягона йўли – одамлар учун манфаатли корхоналар томонидан саҳро ўрмонларига маблағ сарфлашдан иборат. Бу ишга хусусий сармояни жалб қилиш мақсадга мувофиқ. Даштларда истиқомат қилувчи, у ерда ер ҳудудларини ижарага олган одамларни саҳрога маблағ сарфлаш яхши даромад келтиришига ишонтириш муҳим аҳамиятга эга.

Ҳудудининг 80 % дан кўп қисми саҳро ва даштлардан иборат мамлакатда бу соҳани ривожлантиришга аҳамият бермаслик мумкин эмас. ГЭЖ КГД учун мамлакатнинг ана шундай кенг ҳудудларида соғлом экотизимни яратиш бўйича ишларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эга. ГЭЖ КГД саҳро ўрмон плантацияларини яратиш бўйича синовдан ўтказиш, намойиш этиш ва илгари суриш моделларни яратишга доир ташаббуслари қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ГЭЖ КГД билан ҳамкорликка очиқ таклифдир. Бизга ўз ғояларингизни етказиб беринг ва биз ГЭЖ КГД ушбу ташаббусларга қандай ёрдам кўрсатиши мумкинлигини муҳокама қиламиз.

Мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Табиат – бу ресурс эмас, бу сармоя, ва уни асраш керак. Ушбу сармояга маблағ сарфлар экансан – у жавобан яхши даромад келтиради. Агарда фақат сарфласанг, сармоя, ишлаб чиқарилаётган дивидендлар сифатида тезда камайиб боради ва йўқ бўлиб кетади. Биз саҳроларимизга, саҳро ўрмонларига сармоялар сарфлашимиз керак. Улар албатта даромад келтиради.