The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Биз безарар транспортни танлаймиз! Ихтиёрий вело-ўйин.

Барча табиатни қандайдир йўл билан муҳофаза қилиш кераклиги ҳақида гапиради. Аммо жуда кам кишиларгина бу борада бирор конкрет ишни амалга оширади. Бахтимизга, мамлакатимизда Ёшлар Экология Тармоғига (ЁЭТ) бирлашган кўплаб йигит-қизлар бор. Улар ҳар доим бирор бир зарур ва тушунарли бўлган ишни бажаришга тайёр. Шундай ҳаракатлардан бири – одамларнинг эътиборини кўпроқ велосипедда ҳаракатланишга, машиналардан иложи борича камроқ фойдаланишга тортишдир. Нима учун деб сўраяпсизми?

Ҳар куни телекомпаниялар экранларидан, журнал ва газеталар саҳифаларидан, шунингдек радиодан иқлим ўзгариши муаммоси ҳақида эшитамиз. Муаммо жуда оддий – биз атмосферага жуда кўп миқдорда иссиқхона газларини ташлаяпмиз. Атмосферада бундай газларнинг миқдори борган сайин ошмоқда, ер ва океанларнинг уларни шимиб олиш қобилияти эса пасайиб бормоқда. Биз ушбу газлар таркибига кирувчи углерод билан озиқланадиган ўрмонларни кесиб ташлаяпмиз. Шу боис энди углерод дарахтларда сақланиб турмасдан, атмосферада учиб юрибди. Биз ердан фойдаланишни ўзгартиряпмиз, бу ҳам олдин ерда сақланган жуда кўп миқдордаги газларнинг ҳавога чиқишига олиб келаётир. Биз ҳатто қисқа масофага ҳам машиналарда юрамиз, пиёда юришга эринамиз. Пиёда сайр қилиш – қанчалик яхши! Ёки велосипедни ҳайдаш!!! Бир йил ичида машина атмосферага шу автомашинанинг ўз массасига тенг газларни чиқариб ташлайди. Хўш, бизда ҳар куни нечта машина сотиб олинади?

Ҳамма машина сотиб олишга ҳаракат қилади. Албатта, автомобиль турмушимизнинг ажралмас қисмига айланиб бўлган. У биз учун зарур бўлган ёвузлик. Аммо ҳозирча улар экологик эмас ва ҳозирнинг ўзидаёқ автотранспортдан ҳавога ташланадиган газларнинг миқдорини камайтириш учун бирор нарса қилиш мумкин. Қандай қилиб, деб сўраяпсизми? Жамоат транспортидан фойдаланган ҳолда. Ёз жазирамасида салқин метрода юришга нима етсин. Шунингдек, бизда маршрут таксилари тармоғи анча яхши ривожланган. Албатта, автобусларнинг ҳаракатланиш жадвали яхши эмас. Бироқ, шунга қарамасдан, такси ёки ўз автомобилингизда юриш ўрнига жетон сотиб олаётганингизда сиз шунчаки поездга билет сотиб олмаётганингиз эсингизда бўлсин. Бу билан сиз атмосферани ҳам асраётган бўласиз. Маблағингизни автомобилдан кўра табиатга фойдалироқ бўлган соҳага йўналтираётган бўласиз.

Аммо транспортнинг бизда унча яхши ривожланмаган яна бир жуда қизиқарли тури бор – бу велосипед. Бельгияда мамлакат бош вазири ишга велосипедда қатнайди ва бу табиий ҳол ҳисобланади. Хитойда бўлса велосипедлар бутун Европадагидан ҳам кўп бўлса ажабмас. Хитойни эса ҳеч ким қолоқ мамлакат деб айтолмайди. Бизда кўп ҳолларда машина соҳиблари велосипедчиларни йўл ҳаракати иштиркочиси сифатида ҳам қабул қилишмайди. Йўл ҳаракати қоидаларини эса ҳали ҳеч ким бекор қилмаган, у ерда велосипедчи – йўл ҳаракатининг тўлақонли иштирокчисидир.

Ушбу вазиятни озгина бўлса-да ўзгартириш ва жамоатчиликнинг эътиборини велосипед каби безарар транспорт турига жалб этиш учун ёш йигит-қизларнинг ташаббускор гуруҳи бир ишни амалга оширишга қарор қилди. Хусусан, барча учун қизиқарли бўладиган ўйинни ташкил этишга уриниб кўрди.

Хўш, бу ўзи нима?

Мазкур ўйин кўпчиликка “хазиналар ови” ўйинини эслатиши мумкин. Ўйиннинг номлари ҳам жуда кўп: изқуварлар, қароқчи казаклар ва ҳ.к. Аммо моҳияти қуйидагича: жамоалар шакллантирилади. Ҳар бир жамоа муайян масалани ечганидан кейин ўйин бошланадиган жойда топшириқ олади. Жавоб сифатида жамоа кейинги топшириқни бажариши ва навбатдаги топшириқ жойига калит олиниши керак бўлган жойнинг номини айтиши керак бўлади. Ўйин шу йўсинда давом этади.

Барча топшириқлар қизиқарли ва табиат мавзусига бағишланган бўлади. Шу боис жамоанинг ҳамма иштирокчилари бу борада тобланган ҳамда биохилмахиллик, иқлим ўзгариши, ер бизга нима беради ва у ҳозир қандай аҳволда экани тўғрисида бироз маълумотга эга бўлишлари керак. Албатта, жамоа қанча кўп нарсани билса, унинг ўйинда ютиб чиқиш имконияти ҳам ошади. Шунинг учун биз барча қатнашчиларга зарур адабиётларни ўқишни тавсия этамиз. Ўйин иштирокчиси билиши зарур бўлган энг кам маълумот – бу “Ҳар доим бўлсин...” мақоласи ва “БИОХИЛМАХИЛЛИК, ЕРЛАР ДЕГРАДАЦИЯСИ ВА ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ” ўқув қўлланмасидир. Биз қўшимча равишда иштирокчилар танишиши лозим бўлган бошқа манбалар ҳақида хабар қилиб борамиз. Аммо ҳозирча, ҳеч бўлмаганда, шуларни билиш лозим.

Ўйин одамларнинг велосипедда тез юришига эмас, балки жамоанинг билими, зукколиги ва жипслигига асосланган. Велосипедларда жамоалар фақат ҳаракат қилишади. Уларнинг барчаси бир хил масофани босиб ўтишлари лозим бўлади.

Шунга қарамасдан, жамоа берилган топшириқларга қанчалик тез жавоб топиши ва барча босқичлардан тез ўтиши иштирокчиларнинг турли қобилиятларига боғлиқ бўлади. Барча босқичлардан тез ўтган жамоа ғолиб ҳисобланади.

Ким иштирок этиши мумкин?

Биз вело-ўйин амалга ошишига ёрдам беришни истаймиз. Шу боис ўйинда қатнашиш учун хоҳловчиларни жамоаларга бирлашишга таклиф этамиз. Афсуски, жамоаларни шакллантириш ёки бирор бир рухсатномани олиш бўйича ишни ўз зиммамизга оломаймиз. Шунинг учун дўстларингиз, курсдошларингиз ва ҳамкасбларингиз билан кўнгилли жамоаларни тузинг.

Ҳаммаси бўлиб ўйинга 6 та жамоа таклиф қилинади. Жамоадаги қатнашчиларнинг максимал сони 6 та, энг ками – 4 та бўлиши лозим. Бунда жамоа аъзосининг камида 2 таси қиз бола бўлиши керак. Кимдир тўлиқ аёллардан иборат жамоани шакллантириши ҳам мумкин.

Ҳар бир жамоа ўйинда қатнашиш учун 2010 йилнинг 15 июнига қадар ариза ёзиши ва бизга тақдим этиши лозим. Ҳозирга қадар бизга 4 та жамоа ариза берди.

Ариза шаклини бу ердан юклаб олиш мумкин.

Аризани тўлдирганингиздан кейин уни электрон почта орқали ГЭЖ КГДнинг Миллий Координаторига alexey.volkov@undp.org манзили бўйича жўнатишингиз ёки уни конвертга солиб, устига “Вело-ўйинда қатнашиш учун” деб ёзган ҳолда, Тошкент шаҳри, 100029, Тарас Шевченко кўчаси, 4, манзили бўйича келиб топширишингиз мумкин. Конверт бошқа хатлар орасида адашиб кетмаслиги учун устига ГЭЖ КГД учун деб ёзиш эсингиздан чиқмасин. ГЭЖ КГД аризалар устида ишлаш ва ташаббускор гуруҳ билан биргаликда иштирокчиларни чақириш учун уларни йиғиб боради.

Нима учун ГЭЖ КГД?

ГЭЖнинг Кичик Грантлар Дастури атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ ҳар қандай хайрли иш каби ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Безарар транспортдан фойдаланишни илгари суриш – сайёрамизнинг иқлим тизимига тушадиган юкламани камайтириш иши билан бевосита боғланган. ГЭЖ дунёнинг кўп миллионли шаҳарларида вело-транспортни ривожлантиришга қаратилган миллионлаб лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. Биз худди шундай ташаббусни озгина бўлса-да Тошкентда қўллаб-қувватлашга қарор қилдик. ГЭЖ КГД мазкур вело-ўйинда ғалаба қозонларга қимматбаҳо мукофотларни ажратган.

Иштирокчиларга қандай талаблар қўйилади?

Талаблар бир нечта:

  1. Велосипедга эга бўлиш ёки, ҳеч бўлмаса, шу куни уни ижарага олиш, уни бошқаришни билиш. Велосипедни прокатга олиш имконияти ҳам бор. Мана бу телефон рақамига кўнғироқ қилишга ҳаракат қилиб кўринг: 4127716. Унинг исми Стас. У ўртоқларидан 3 та велосипедни олиб туриши мумкин. Ким биринчи бўлиб қўнғироқ қилса, ўша велосипедга эга бўлади. Аммо велосипедни дўстларингиздан ҳам олиб туришингиз мумкин.
  2. Йўл ҳаракати қоидаларини ёдлаб олиш, айниқса, велосипедда юришга тегишли қоидаларни билиш зарур. Ҳаракат қоидаларини бу ердан топишингиз мумкин.
  3. Албатта, велосипедни бошқарганда бошга кийиладиган шлем бўлиши шарт, бу хавфсизлик учун керак.
  4. Офтобда куйиб қолмаслик учун ёнингизда қуёшдан қорайишга қарши крем, юпқа, енглари узун кўйлак ва узун почали шим бўлгани яхши.
  5. Ҳар бир иштирокчининг мобил телефони тўлиқ зарядланган бўлиши керак. Бу бизнинг талабимиз. Чунки ўйин пайтида алоқа ва топшириқларни олиш уяли алоқа телефони орқали амалга оширилади. Шу боис телефон ҳар бир иштирокчида бўлиши шарт. Маршрутнинг турли жойларида сигналлар кучидаги фарқ туфайли жамоалар иштирокчиларида турли компанияларнинг телефонлари бўлгани маъқул.
  6. Шунингдек, ҳар бир иштирокчида ичимлик суви солинган фляга бўлиши керак.
  7. Иштирокчилар шу куни камида 50 км йўлни босиб ўтишга тайёр бўлишлари лозим. Бошқача қилиб айтганда, тадбирга жисмоний тайёргарлик зарур. Бу масофа унча кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас. Бироз бўлса-да жисмоний тайёргарлиги бор ҳар қандай киши бу масофани босиб ўтиши мумкин. Аммо, агар юрагингиз ёки соғлиғингиз билан боғлиқ бошқа муаммолар бўлса, ва ушбу масофа ҳамда кун давомидаги ҳарорат саломатлигингизга ёмон таъсир қилса, ўйинда иштирок этманг. Илтимос, бу масалада жиддий бўлишингизни сўраймиз. Ҳар бир иштирокчи ўз саломатлиги ва ўйинга тайёргарлиги бўйича жавобгарликни ўз бўйнига олади.
  8. Бундан ташқари, ўйинда иштирок этишингиз учун ёшингиз 18 дан кичик бўлмаслиги керак.
  9. Ўз саломатлигингиз ва вело-ўйинда иштирокингиз учун масъулият ўз зиммангизда бўлиши керак. Биз сизнинг иштирокингиз учун масъулиятни ўз зиммамизга ололмаймиз.

Албатта, ҳар бир жамоага велосипедлар ёки моторолерлардаги кўнгиллилар кўринишида ҳамроҳлик қилинади ва тиббий маълумотга эга дўстларимиз жамоаси навбатчилик қилади. Ҳар бир дақиқада соғлиғи туфайли маршрутни уддалай олмаган иштирокчи ўйиндан чиқиб кетиши мумкин.

Хўш, кейинчи?

Бу ўйин. Ғолиб бўлганлар, юқорида айтилганидай, совғалар билан тақдирланади. ГЭЖ КГД иштирокчиларга мукофотлар ёқишига ва ўйин мотивациясини кучлироқ қилишига умид билдиради.

Иштирокчиларни қуйидаги мукофотлар кутмоқда:

1-ўрин

Ғолиб чиққан жамоанинг ҳар бир аъзосига – биттадан велосипед

2-ўрин

Жамоанинг ҳар бир аъзосига – Red Fox фирмасининг қопкўрпалари

3-ўрин

Жамоанинг ҳар бир аъзосига – балиқни кучли оқимга эга дарёларда (тоғ дарёлари, Қорасув ва ҳ.к.) тўр билан эмас, балки қармоқ билан тўғри овлаш учун "Shimano" карбон қармоқлари

Мукофотларнинг ҳаммаси ажойиб, шу боис шошилинг. Кўриб турганингиздай барча мукофотлар табиат билан боғланган ва улар табиатни қадрловчи ва севувчи, унинг муҳимлигини тушунувчи одамлар учун тайёрланган.

Бироқ гап совғаларда эмас. Бу ўйинда қатнашиш барча иштирокчиларга қизиқарли бўлишига умид қиламиз. Энг асосийси – иштиёқ, ғалабага интилиш, қизиқиш ва жамоа руҳи. Бу уйда диванда ўтириб, телевизор томоша қилгандан кўра анча қизиқарлироқ.

Шунингдек биз бу ўйин журналистларнинг эътиборидан четда қолмайди ва улар бу ўйинни оммавий ахборот воситаларида тўғри ва чиройли ёритишларига умид қиламиз.

Шундай экан, ўзингизни синаб кўринг. Аризаларингизни кутамиз.

Агар жамоалар 6 тадан кўп бўлса, танлов ўтказилади.

Энди эса, шошилинг.

Жамоаларни тузинг ва аризаларингизни беринг!

Ҳамкорларга мурожаат:

Кимда иложи бўлса – ушбу эълон матнини ўз сайтларингизга жойлаштиринг ва бу ўйин ҳақида дўстларингизга гапириб беринг.