The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Фарғона водийсида томчилатиб суғориш. Тарих. Одамлар. Истиқболлар.

Олис 1968-йилда Наманган вилоятида ёш агроном олим Жамолиддин Болтабоев далага йўл олар экан, ўғлини ҳам бирга олиб кетди. Мақсади – унга томчилатиб суғориш тизимини ўрнатган дастлабки бир гектар ерни кўрсатишдан иборат эди. Абдулвоҳид шу тарзда томчилатиб суғориш тизими билан танишди. Томчилатиб суғориш - бу сувни ва зарур ўғитларни бевосита суғорилаётган экиннинг илдиз олди зонасига узатадиган тизимдир.

Отаси ясаган биринчи тизим жуда оддий эди – боққа тортилган шлангларда ҳар бир дарахт остида қизитилган отвертка билан тешик ясалиб, унга икки тешикли оддий тугма ўрнатилар эди. Тешиклардан бири ҳам отверка билан эритиб, ёпилиб қўйилар, иккинчи тешикдан сув дарахтнинг илдизига томчилатиб турар эди.

Сўнгра Абдулвоҳиднинг отасини яхши ташкилотчи ва мутахассис сифатида вилоятдаги қатор туманларга раислик лавозимларига тайинлашди ва у ўзининг орзуси – томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ишларини амалга оширишга улгурмади. Буни Абдулвоҳиднинг ўзи уддалади.

Абдулвоҳид – касби мухандис, айни пайтда ўзининг фермер хўжалигига эга, уни отасининг шарафига «Жамолиддин -Сардор Ҳамкор» деб атаган, номиданоқ (Сардор) Абдулвоҳиднинг мураккаб ҳозирги шароитда табиий ресурслардан фойдаланишга илғор ёндашувини пайқаш мумкин. Унга отасидан томчилатиб суғоришга доир китоблар, айрим ишланмалар мерос бўлиб қолган. Бир неча йиллик машаққатли изланишлар давомида у кўп усулларни синаб кўрди. Қўл остидаги материаллардан ўзининг пахта даласида 5 гектар ерда томчилатиб суғориш тизимини ўрнатганда, у дастлабки муваффақията эришди. Таъкилаш керакки, унинг даласи дарёнинг собиқ ўзанида жойлашган, у ерда шағал кўп, ҳосилдорлик паст, ернинг балл-бонитети 30 га тенг. Абдулвоҳиднинг ерига қўшни ерларда фермерлар 1 гектардан 5-15 центнер пахта олмоқда. У эса 38 центнерлик ҳосилдорликка эришди. Буни ютуқ деса бўлади.

Вилоятдаги сув ресурсларига оид вазият бирмунча мураккаб. Содир бўлаётган иқлим ўзгаришлари туфайли Наманган вилояти ҳудудидан ўтувчи ва фермерлар даласига сув берувчи Норин дарёсида сув йил сайин камайиб бормоқда. Қатор Ўрта Осиё дарёлари уларнинг ҳудудида бошланувчи қўшни мамлакатлар, ўз навбатида Ўзбекистон ҳудудида оқиб келаётган сувнинг миқдорига ва таркибига таъсир кўрсатмоқда. Шунга қарамай кўпчилик фермерлар ўз ерларни эскичасига суғориб келмоқда. Сувни қандай қилиб тежаш кераклиги ва яхши самарага эришиш йўллари ҳақида ҳамма ҳам бош қотирмайди. Асосан томчилатиб суғориш ҳақида одамлар бироз маълумотга эга эди. Ҳатто катта вилоят миқёсида ҳам бу ерда бошқача фикрлайдиган, бир неча йилдан буён далаларини ўзи ясган томчилатиб суғориш тизими ёрдамида суғораётган фермер тажрибаси ҳақида биладиганлар сони унчалик кўп эмас.

- Ҳудуддаги бошқа вилоятларга нисбатан Наманган вилоятида сув кўп, шу сабабли тежамкорлик ҳақида кўпчилик ўйламайди, - дейди Абдулвоҳиднинг ўзи. Шунга қарамай, туман ҳудудидаги чексиз далалар ва ранг-баранг манзаралар орасида ботартиб, европача қишлоқ манзараларини эслатувчи жойлар ҳам бор. Бу яна бир янгилик тарафдори Носиржон Сайфуллаевнинг ерлари, биз унинг манзилини кўзлаб, йўл олдик. Йўл шимолий Наманган канали бўйлаб давом этади, насослар ишламоқда, адирларга сув тортиб чиқарилмоқда.

Носиржоннинг иккита иссиқхонаси бор, умумий майдони 12 сотих атрофида, биттасида у помидор, иккинчисида бодиринг етиштиради. Бу йил Абдулвоҳиднинг ёрдамида у томчилатиб суғориш тизимини ўрнатди. Абдулвоҳид уни ўрнатиш тартибини тушунтирди, Носиржон эса мустақил равишда иссиқхоналарига ана шу тизимни ўрнатди. Уникига меҳмонга борганимизда, ҳали помидорлар хом эди, бодиринг эса етилган бўлиб, мезбон уни татиб кўришни таклиф қилди. Иссиқхонадаги ҳарорат 34 даража иссиқ, юқори намлик, бодиринглар эса илиқ, лекин жуда мазали эди. - Мен кунига 35 кг гача бодиринг йиғиб оламан ва ҳосил йиғиш август ойининг охиригача давом этади, - дейди Собиржон. У ҳали тизимни тўлиқ мавсумий синовдан ўтказмаган, айни пайтда натижалардан жуда мамнун, келгусида тизимни очиқ далага ўрнатишни режалаштирмоқда. У ерда деҳқон сабзовот ва полиз экинларини етиштиради. Иссиқхоналардан ташқари унинг 2 гектар ери бор, у ерда қатор маҳаллий деҳқонлар сингари экинларни ўзига хос ариқчалардан – тарновсимон эгилган руберодидлардан суғоради.

Сабзовот етиштирувчи деҳқоннинг ерлари Уйчи туманидаги адирларда жойлашган бўлиб, авваллари анъанавий суғориш усулида сув насослар ёрдамида тортиб олинар, ва сув ариқлардан назоратсиз узатилар эди. Сув ерга сингиб, натижада чуқур ўпқонлар ҳосил бўлар эди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, далаларда машина ва тракторлар ботиб қолган. Руберодид-ариқлар муаммони тўла ҳал эта олмайди, ўпирилиш хавфи сақланиб қолади. Шу сабабли деҳқонлар ўз ерларини томчилатиб суғориш тизими билан жиҳозлашга қизиқмоқда. Зеро, томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланиш ҳам фойдали, ҳам истиқболли эканлигини тушунишди. Бир марта ўрнатилган тизим кўп йиллар давомида самара беради. Абдулвоҳиднинг сўзларига кўра, одамлар ҳосилнинг чўғига қараб, хулоса чиқармоқда. Айни пайтда, одамлар томчилатиб суғориш пайтида тупроқнинг ҳосилдор қатлами ювилиб кетмаслигига, ёввойи ўтлар ва меҳнат сарфи кам бўлишига ишонч ҳосил қилди.

Абдулвоҳид томчилатиб суғориш тизими – Ўзбекистондаги суғориладиган деҳқончиликнинг келажаги эканлигига ишонч ҳосил қилгач, у ўзини ушбу технологияни оммалаштиришга бағишлашга, вилоят, водий ва мамлакат фермерлари учун ана шундай тизимни ишлаб чиқаришга қарор қилди.

Шундай қилиб, Абдулвоҳид билан 2010 йилда танишдик. Абдулвоҳид ускунани сотиб олишга ва томчилатиб суғориш тизимини ишлаб чиқарадиган линияни ишга туширишга қарор қилди. Банкдан кредит олишга бир неча бор уринди. Кўп хатти-ҳаракатлардан сўнг у ўзи истаган ускунани харид қилиш учун кредит олди. ГЭЖ КГД ишлаб чиқаришни ишга тушириш, бирламчи зарур хом ашёни харид қилишга кўмаклашмоқда.

Нима сабабдан ГЭЖ КГД ушбу ташаббусга ёрдам кўрсатмоқда. Жавоби аниқ:

Суғориш пайтида фойдаланиладиган сув деярли тўлиқ ҳажмда экинларининг илдизига етиб боради. Сувдан фойдаланиш самарадорлиги қарийиб 90 фоизга етади. Бунда суғориш учун фойдаланиладиган сув миқдори 2-5 баравар камаяди. Бу Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим масала эмас-ми?!;

Экин ўсиши учун зарур бўлган сув ва минерал моддалар сарфи оптимал даражага етмоқда. Экинларнинг ҳар қандай тури учун қулай сув режими ва қулай озуқа муҳити яратилади;

Етиштирилган экинларнинг сифати ва ҳосилдорлиги 30 — 50 % га ортади. Экинлар анча эрта етилади;

Минерал ўғитларни харид қилиш харажатлари камаяди. Бунинг сабаби озуқавий моддаларнинг бевосита экиннинг илдиз тизимига етказиб берилишига боғлиқлигида. Минерал ўғитларнинг тежалиши 30-40% га ошади;

Экинларни ҳимоялашга харажатлар керак бўлмайди. Микросуғориш сув йўналиши билан бирга ўсимликлар қаторидан оқиб боради. Шу тарзда, қатор оралиғидаги ер қуруқ қолади, ёввойи ўтларнинг ўсиши учун қулай муҳит яратилмайди. Бундан ташқари экинларининг шох-шаббаси қуруқ қолади, бу эса касалликлар ривожланишининг олдини олади;

Энергияга сарфланадиган харажатлар жиддий равишда камаяди. Таклиф қилинаётган усул бошқа усулларга нисбатан электроэнергияни 50 — 70 % га кам талаб этади;

Далаларда ишлаш учун ишчи кучини жалб этиш зарурати йўқолади. Бу меҳнат харажатлари қисқаришининг гарови ҳисобланади;

Сувни узатиш тизимларига талаблар энг кам даражада;

Тизимларга минераллашган сув узатиш орқали суғориш варианти ҳам мавжуд. Сувнинг бу туридан бошқача усулларда фойдаланиб бўлмайди;

Микросуғориш тизимидан зарар ниҳоятда кам, ёки умуман мавжуд эмас. Тизимдан фойдаланиш ниҳоятда қулай, уни ўрнатиш ва унга хизмат кўрсатишга катта харажатлар талаб қилинмайди;

Маҳаллий сув манбаларидан (булоқ, дарёчалар ва кўллар) суғориш имкониятлари мавжуд.

Қисқа вақт ичида эришилган ижобий натижалар томчилатиб суғориш тизимининг дунё мамлакатларида кенг оммалашувига сабаб бўлган. Ёмғирлатиб суғоришдан фарқли равишда, томчилатиб суғориш сувнинг кам миқдорда экиннинг илдиз олди зонасига етиб боришига асосланган, сув узатиш миқдори ва даврийлиги экинларнинг талабига кўра тартибга солинади. Сув барча экинларга бир текисда ва бир хил миқдорда етиб боради. Яъни экинга қанча керак бўлса, шунча юборилади, бунда тупроқнинг балчиқланиши ва сув йўқотилишига йўл қўйилмайди. Айни пайтда сув экинга етиб боргунча бўлган жараёнда буғланиш туфайли сувнинг катта ҳажмда йўқотилишига йўл қўйилмайди.

Ҳозирги кунда фермер Болтабаев томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ва улар бир неча боғларда ва пахта далаларида ўрнатилган. Боғ учун мўлжалланган тизимнинг нархи 1 гектар учун ўртача 4.600.000 сўм, ва пахта далалари учун 1 гектарга 6.900.000 сўм, сувни фильтрация қилиш тизимининг нархи бунга кирмайди.

мулоқот учун:

фермер Абдулвохид Болтабоев:

тел. + 998 93 4951198

e-mail: abdulvohid.b@mail.ru

лойиҳа ҳужжатини юклаб олиш (рус тилида)

лойиҳа бюджетини юклаб олиш (рус тилида)