The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

www.home-bertrand.ru

Мазкур фильм ер сайёрасининг гўзаллиги ҳамда инсон фаолияти туфайли юзага келган вайроналикларнинг оқибатини намойиш этади. Саноат корхоналари, уруш оқибатлари, экологик фалокатлар натижасида Ерга етказилаётган ва тузалмаётган яралар томошабинга Ер куррасидаги реал вазиятни очиб беради.

Фильм ҳақида

2009 йил 5 июнь, Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунида Париж, Лондон, Нью-Йорк, Москва, Токио ва дунёнинг бошқа йирик шаҳарларида ўзининг ғояси ва жаҳон киносаноати майдонида амалга оширилиши бўйича мисли кўрилмаган ушбу фильмнинг премьераси бўлиб ўтди.

“HOME” – бу иккита замонавий кино санъати устаси – ёввойи табиат бўйича машҳур сураткаш Янн Артюс-Бертран ва машҳур режиссёр Люк Бессоннинг ҳамкорликдаги ижоди маҳсулидир. “HOME” – бу дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатида бир ярим йил давомида олиб борилган тасвирга олиш ишлари, бу йўқолиб кетиш хавфи остида турган ер сайёрасининг энг гўзал бурчакларидир. “HOME” – бу визуал дурдона, бу ижобий шок, кашфиёт фильмидир.

Янн Артюс-Бертран ўз интервьюларидан бирида фазодан туриб суратга олинган ер сайёрасининг фотосурати ўзининг эмоционал таъсири бўйича энг кучли сурат бўлганини айтади. «Фазодан туриб ерга боқар экансан, дунёдаги барча нарса ўзаро боғлиқлигини, қайси қитъа, қайси шаҳарда яшашингдан қатъи назар, барчамиз – ака-ука ва опа-сингил эканимизни чуқурроқ ҳис қиласан. Ер – бизнинг умумий уйимиз, уни асраб-авайлашимиз, у ҳақда қайғуришимиз керак».
“HOME” фильмининг пайдо бўлишига 15 йиллик меҳнат сарфланди. Ушбу давр ичида дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатларида олинган 500.000 та фотосурат яратилди, 3 миллион дона китоб сотилди, 100 миллиондан зиёд одам ташриф буюрган 100 та бепул “open-air” кўргазмаси ташкил этилди, томошабинлари сони 5 миллион кишини ташкил этган 4 та ҳужжатли фильм тасвирга олинди.

“HOME” фильми ер сайёрасининг гўзаллиги ҳамда инсон фаолияти туфайли юзага келган вайроналикларнинг оқибатини намойиш этади. Саноат корхоналари, уруш оқибатлари, экологик фалокатлар натижасида Ерга етказилаётган ва тузалмаётган яралар томошабинга ер куррасидаги реал вазиятни очиб беради.

Фильмнинг асосий мақсади – сайёрамиз, умумий уйимизнинг гўзаллигини намойиш этиш ҳамда уни асраб-авайлашимиз муҳимлигини таъкидлашдан иборат. Ушбу фильм бу дунёда ҳамма нарса ўзаро боғлиқлиги ва ҳар биримизнинг вазифамиз табиатни ҳамда бутун Ер куррасидаги ҳаётни сақлаб қолиш муаммосига нисбатан инсонда янгича дунёқарашни шакллантиришга чақирилган.

“HOME” фильми бизни сайёрамизни яхшироқ кўриш, уни тушуниш ҳамда унинг гўзаллиги ва бойликларига қандай муносабатда бўлаётганимизни англаш учун бир лаҳзага тўхташни таклиф этади.

Қуйида фильмда тақдим этилган бир нечта фактларни келтирамиз:

Охирги 100-50 йил ичида дунё таниб бўлмайдиган даражада ўзгарди. Инсоният, ўз турмуш даражасини яхшилашни истаган ҳолда, бир қанча ажойиб кашфиётларни амалга оширди ҳамда ҳаётни енгиллаштирувчи ва уни анча қулай қиладиган янги ихтироларга эга бўлди. Ерда (ёши тахминан 4 миллиард йил) 200 минг йилдан буён ҳаёт кечириб келаётган одамзот тирик организмлар яшайдиган деярли барча соҳаларга кириб борди. “Ақл-заковатга эга одамлар” ўзларининг ушбу давр ичидаги ғолибона юриши давомида сайёрадаги экологик мувозанатни деярли тўлиқ вайрон қилишга эришди.

Хўш, ер юзида нечта биологик тур ҳаёт кечириши ҳақида ўйлаб кўрганмизми? Улар қанчалик ўзаро чамбарчас боғланганини тушунамизми? У ёки бу турнинг йўқолиши Ер юзидаги барча тирик жонзотларга қандай таъсир қилиши мумкин? Ер куррасидаги экотизим – ягона организм эканини англаяпмизми? Табиий захираларнинг камайиб кетаётгани, глобал исиш ва атроф-муҳитнинг ёппасига ифлосланиши муаммолари экологлар ва олимлардан ташқари яна кимни ташвишлантиряпти?
Биз нималарни ишлаб чиқаряпмиз?
Нима еб, нима ичяпмиз?
Керакли ва кераксиз(!) предметлар, маҳсулотлар, буюмларни ишлаб чиқариш учун қанча энергияни сарфлаяпмиз?
Она Еримизнинг бойлик ва захираларидан фойдаланиб, унга нимани қайтаряпмиз?
Дарё, тупроқ, атмосферага нималарни ташлаяпмиз?
Асосийси – НЕГА бундай қиляпмиз?

Нисбатан қисқа даври ичида инсон ҳаёт фаолиятининг нооқилона ташкил этилиши натижасида худди фантаст ёзувчиларнинг асарларида баён этилганларга ўхшаш ўзгаришлар юз берди. Аммо, афсуски, улар жуда қайғули:

Ер аҳолисининг 20% табиий захираларнинг 80% ни истеъмол қилмоқда

Лас-Вегаснинг ўзида бир киши ҳар куни 800(!) литр сувни истеъмол қилади

1 кг картошкани етиштириш учун 100 л сув сарфланади

1 кг шоли учун – 4.000 л сув

1 кг мол гўшти учун – 13.000 (!!!) литр сув керак

Ҳолбуки ҳар 6 кишидан биттаси сув ва электр қувватидан фойдалана олмасдан соғлиғи учун ноқулай ёки хавфли шароитларда ҳаёт кечирмоқда

Барча қашшоқлар ва кам таъминланганларнинг ярми табиий захираларга бой бўлган мамлакатларда яшашади

Дунёда 1 миллиард киши очликдан азоб чекмоқда

Аммо бутун дунё бўйлаб сотиладиган доннинг 50%дан кўпи чорвани боқиш учун ишлатилмоқда

Гўштга ошиб бораётган талаб кўпроқ концлагерларни эслатувчи чорвачилик фермаларини яратишни талаб қилди: “яйловларда” ҳеч нарса ўсмаяпти, молларни ғалла ва соя донлари билан боқишмоқда.

Ҳар йили ер юзидан 13 миллион гектар ўрмон йўқолиб кетяпти. Инсон оёғи етмаган ўрмонлар... гўштга айланяпти! (Чунки соя ва ғаллани етиштириш учун янги ер участкаларини ажратиш зарур)

Шу билан бирга экин ерларининг 40% яроқсиз ҳолга келган

Инсониятнинг ярми ўзи ва оиласини боқиши учун деҳқончилик билан... аксар ҳолларда қўл меҳнати билан шуғулланмоқда

Бироқ шахсий транспортда юришни истовчилар сони ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Бугун ер юзида 900 миллион автомобил ҳаракатда. Лос-Анжелесда машиналар сони аҳоли сонига тенг

Сувнинг 70% деҳқончилик учун ишлатилмоқда

Бир пайтнинг ўзида ҳар куни ифлос ичимлик суви туфайли 5000 киши ҳаётдан кўз юмяпти, 1 миллиад киши эса санитария-эпидемия меъёрлари бўйича хавфсиз сувни истеъмол қилишдан маҳрум...


Ушбу барча парадокслар табиий ва инсон захираларига нисбатан лоқайд ва бемулоҳаза муносабатга яққол далил бўлади. Ҳозир дунё талаблари аллақачон оқиллик ва Коинот билан уйғунликка зид бўлган йўлдан бормоқда.

Нега катта шаҳарлар аҳолининг кўпайиб кетишидан азият чекмоқда, худди шу кўчаётган аҳоли учун жонажон уй бўлиши мумкин бўлган, пойтахтдан 100 км узоқликда жойлашган қишлоқлар эса тушкун ҳолатга тушган?

Ҳаммаси иқтисодиётга боғлиқ дейишади, аммо 1 кг гўштни “тайёрлаш” учун 13.000 л сувни сарфлаш иқтисодга тўғри келадими? Табиий захиралардан нотўғри ва енгилтаклик билан фойдлаланиш туфайли бутун бир тамаддунларни йўқотиш иқтисодга тўғри келадими? Экологик ҳалокатлар кўп ҳолларда айнан носоғлом иқтисодий манфаатлар ва калтабин қарорлар шарофати билан содир бўлмоқда.

Иқлим захираларини назорат қилиш тизими бундай исрофгарчилик ва инсоннинг тажовузкорона аралашувига бас кела олмай қолди. «Homе» (Уй) фильмининг муаллифлари Ердаги бостириб келаётган ва орқага қайтариб бўлмайдиган экологик ўзгаришларнинг олдини олиш учун инсониятда кўпи билан 10 йил вақт қолганини таъкидлашади. 2050 йилга келиб, глобал исиш, сув тошқинлари ва бошқа табиий офатлар оқибатлари туфайли иқлимдан қочоқлар сони 2 миллион кишига етиши мумкин.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Сайёрадаги ҳар бир инсон атроф-муҳитни ифлослантиришни ва табиий захираларни йўқ қилишни тўхтатиш учун ўз зиммасига муайян жавобгарликни олиши мумкин. Ҳар бир киши, у бадавлат ёки қашшоқ бўлсин, вазиятни яхшилашга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Баъзи мамлакатлар, бостириб келаётган ҳалокат миқёсларини англаган ҳолда, табиий захираларни турғун бошқаришни кафолатловчи дастурларни амалга ошира бошлади. Буларга тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш дастурлари киради: улар қуёш, тўлқин ва шамол кучини энергияга айлантиришни кўзда тутади.

Масалан, Қуёш 1 соат ичида бутун Ер аҳолиси бир йилда истеъмол қиладиган энергияни беради!

Шундай қилиб, муаммони бартараф этиш имконияти бугуннинг ўзида мавжуд. Йўқотилганлар эмас, балки сақлаб қолиниши мумкин бўлган нарсалар муҳим...
Шахсан Сиз нима қилишингиз мумкин?

Материаллар http://rabotainagrada.wordpress.com/ сайтидан олинди, 2009 йил 15 сентябрь.
Бизда фильмнинг рус ва ўзбек тилларидаги нусхалари бор. Агар сизга фильм нусхалари маърифатпарварлик фаолиятингиз учун зарур бўлса, уни сизга жўнатишимиз мумкин. Бунинг учун биз билан боғланиб, фильм нусхасини жўнатишни илтимос қилишингиз керак.

Филмни шу ссилка орқали ҳам кўриш мумкин: https://www.youtube.com/watch?v=7hFivbgIEqk (Диққат! youtube сайти текин зонада эмас!)