The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Индиго рангидаги ёрдам

Индигофера бошқа дукакклилар сингари атмосферадаги азотни ютиш ва уни тупроққа йиғиш хусусиятига эга. Бошқача қилиб айтганда, ушбу ўсимлик ерларнинг сифатини сезиларли даражада яхшилайди. Бундан ташқари мазкур экин уни етиштирадиган фермерларга ҳам анча фойда келтириши мумкин.

Ерларнинг шўрланиши бугунги кунда бутун мамлакат бўйлаб фермерлик хўжаликлари учун муҳим муаммолардан бирига айланган. Шўрланиш тупроқ ҳосилдорлигини ва унинг исталган экинни етиштириш салоҳиятини жуда пасайтиради. Шунга мувофиқ равишда фермерларнинг ҳам даромад олиш имконияти камаяди. Бундай вазиятда фермерлар учун тупроқ шўрланиши муаммосини ҳал этиш муҳим аҳамият касб этади. Шулардан бири – сифатли дренаж тизимидан фойдаланиш. Аммо бу усул жуда қиммат туради ва, афсуски, маблағ етишмовчилиги туфайли фермерлар томонидан кенг қўлланилмаяпти. Хўш, бошқа, анча арзонроқ, бироқ тупроқ шўрланиши билан самарали кураша оладиган усуллар мавжудми? Албатта, ерларни шўрланишгача етказмаган маъқул. Буни кўплаб амалиётлар ёрдамида бажарса бўлади. Улардан бири билан сайтимизда танишишингиз мумкин.


Аммо шўрланиб бўлган ерларни нима қилиш мумкин?

ЮНЕСКО ташкилоти ЦЕФ (Бонн, Германия) ва УрДУ (Урганч Давлат университети, Ўзбекистон) билан ҳамкорликда лойиҳани амалга оширишмоқда. Бошқа натижалар билан бир қаторда мазкур лойиҳа доирасида Хоразм вилоятининг шўрланган ерларида ўсиши мумкин бўлган турли муқобил экинларни синаб кўриш бўйича тадқиқотлар ҳам олиб борилди. Ушбу тадқиқотлар натижасида Индигофера дуккакли ўсимлиги Орол бўйи шароитларида муваффақиятли етиштирилиши мумкин эканлиги аниқланди. Бундан ташқари ушбу экиннинг “Фируз-1” деб ном олган янги нави ҳам яратилди.

Индигофера бошқа дукакклилар сингари атмосферадаги азотни ютиш ва уни тупроққа йиғиш хусусиятига эга. Бошқача қилиб айтганда, ушбу ўсимлик ерларнинг сифатини сезиларли даражада яхшилайди. Бундан ташқари мазкур экин уни етиштирадиган фермерларга ҳам анча фойда келтириши мумкин. Қайд этиш жоизки, ушбу ўсимликдан турли тўқимачилик, кулолчилик буюмларини бўяшда қўлланиладиган “индиго” бўёғини олинади. Ушбу бўёқ косметика ва фармацевтика саноатида ҳам кенг қўлланилади.
Аммо ушбу экинни кенг етиштириш борасида муайян муаммолар мавжуд:

Ўзбекистондаги фермерлардан деярли ҳеч бири бу экин ҳақида билмайди;

агар улар индиго ҳақида билганларида ҳам, унинг уруғини қаердан сотиб олиш мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай манба йўқ;

уни экишдан олдин ҳар қандай фермер ушбу экинни қанча экиши кераклиги, етиштирилган маҳсулотни кимга ва қанчадан сотиши мумкинлиги ҳақида ўйлайди.


Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида Хоразм вилояти Фермерлар Уюшмаси Урганч Давлат университети ва ЮНЕСКОнинг бевосита иштирокида кўмак сўраб ГЭЖ КГДга мурожаат қилди. Мурожаат бўйича лойиҳа тайёрланиб, айни пайтда у амалга оширилмоқда. Бугунги кунда эса қуйидаги натижаларга эришилди:

1. Ушбу экин ҳақида ҳеч ким билмагани боис, аввало у ҳақда иложи борича кўпроқ одамларга гапириб бериш керак. Бунинг учун лойиҳамиз Ўзбекистон фермерлари иштирокида Урганч шаҳрида ўқув семинарини ўтказди. Унда мамлакатнинг 7 та вилоятидан 40 дан зиёд фермер қатнашди. Семинарда фермерларга индиго қандай экин экани, ундан қай турдаги маҳсулотлар олиниши, ушбу ўсимлик тупроқнинг сифатига яхши таъсир қилиши ҳамда мазкур экинни етиштиришдан қандай фойда олиш мумкинлиги тушунтириб берилди. Семинар давомида амалий машғулотлар ўтказилиб, уларда фермерлар индигони тўғри экиш ва ўсимлик биомассасидан дала шароитларида қандай қилиб бўёқ олиш мумкинлигини ўрганишди. Фермерларнинг ўзлари Урганч университетининг ишлаб чиқариш полигонида мутахассисларнинг бевосита раҳбарлигида индиго уруғини экишди. Кейин улар оддий мосламалар ёрдамида индиго экстрактини (бўёғини) олишни уддаладилар. Шу тарзда фермерлар индигони етиштириш ва якуний маҳсулотни олишни ўргандилар. Лойиҳа доирасида семинарнинг ҳар бир қатнашчисига ўз даласида синаб кўриш учун 0,5 кг дан ушбу экин уруғи тарқатиб чиқилди. Уруғлар ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан лутфан тақдим этилди. Энди уларнинг ҳар бири “индиго” бўёғини, қўшимча ускуна ва мутахассисларни жалб этмасдан, ўз далаларида олишлари мумкин.

Аммо фақат 40 та фермерни ўқитишнинг ўзи етарли эмас. Экин ҳақидаги ахборот кенг ёйилишда давом этиши учун лойиҳамиз доирасида ўқув материаллари тайёрланмоқда. Кейинчалик улар Урганч университети томонидан қўлланилади. Ушбу материаллар бўлғуси фермерлар ва қишлоқ хўжалик мутахассисларини мазкур ўсимликни тўғри етиштиришни, деградацияланган (шўрланган) ерларни тиклашни ва бундан даромад олишни ўргатишга ёрдам беради. Иш тугаганидан кейин ушбу ўқув материаллари эркин фойдаланиш ва барча хоҳловчилар орасида тарқатилиш учун сайтимизга жойлаштирилади.

2 Эсингизда бўлса, иккинчи муаммо индигони экиш учун унинг уруғини қаердан олиш кераклигига бориб тақаларди. Бу мақсадда лойиҳа томонидан Тошкент вилоятининг Қибрай туманида юқори сифатли индигофера уруғларининг ихтисослаштирилган питомниги ташкил этилди. У “Индиго Жонибек” фермерлик хўжалиги базасида яратилди. Хусусий хўжалик далаларининг 3 гектарига 150 кг уруғ экилди. Ҳозирнинг ўзидаёқ питомник 800 кг дан зиёд “Феруз-1” навли юқори сифатга эга индиго уруғини бера олди. Келгусида ҳар йили питомник ерларида 900-1000 кг юқори сифатли индигофера уруғини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ҳозирнинг ўзидаёқ ўз ерларини тиклаш ва даромад олиш мақсадида индиго етиштиришни хоҳловчи ҳар бир фермер уруғларни сотиб олиши мумкин. Уруғларни сотиб олиш учун алоқа телефони: + 998 90 650 22 46; + 998 94 650 22 46 (Абдуқодир Эргашев).


3. Шунингдек тайёр маҳсулотни, яъни индигофера экстракти, бўёғини қаерга сотиш мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Бўлғуси харидор ким бўлиши мумкинлиги, унга қанча бўёқ керак бўлиши, савдо жараёни қандай кечиши ва ҳакозоларга аниқлик киритиб олиш зарур. Олдинига лойиҳа Европа бозорларини мўлжалга олганди. Дастлабки маълумотларга кўра 1 кг табиий индиго бўёғининг нархи Европа бозорларида 200-240 еврони ташкил этади. Бироқ лойиҳа фаолияти давомида ушбу маълумот ўз тасдиғини топмади. Айни пайтда лойиҳа бўлғуси харидорларни ички бозорда ёки қўшни давлатлар бозорида топишни режалаштирмоқда. Лойиҳанинг ушбу қисми якунланганидан кейин биз барча фермерларга тайёр маҳсулотни қаерга, қанча ва қандай нархда сотиш мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни, шунингдек экспорт савдоси тўғрисидаги бутун ахборотни ҳам тақдим этишга умид қиляпмиз. Бошқача қилиб айтганда, биз фермерларнинг маҳсулотни сотиш бўйича ҳаракатларини иложи борича енгиллаштиришни ўйлаяпмиз. Нима учун, деб сўраяпсизми? Чунки шунда кўплаб фермерлар бу экинни етиштиришни хоҳлаб қолишади, демак кўпроқ миқдордаги ерлар тикланади.
Иш якунланганидан кейин Тошкент шаҳрида барча хоҳловчи фермерлар учун ўқув семинари ўтказилади. Бу ҳақдаги маълумот қўшимча равишда сайтимизда тақдим этилади.
Индигоферани етиштириш ерларни (мелиорациясини) тиклашнинг энг арзон йўли ҳисобланди. У дренажга қараганда анча арзонга тушади. Ушбу экинни етиштиришдан олинадиган фойда ҳам талайгина:

табиат учун – ерларнинг тикланиши;

фермерлар учун – ўз ерларини тиклаш билан бир қаторда бошқа экиндан катта ҳосил олиш ва уни (индиго бўёғини) сотишдан кўриладиган фойда;

давлат учун – катта миқдорда давлат субсидияси ва бевосита инвестицияларни талаб қилувчи ерлар мелиорациясини яхшилашнинг қиммат усулларидан воз кечиш; фермерлар, уларнинг оилалари ва улар яшайдиган ҳамжамиятлар фаровонлигини ошириш ҳисобига қишлоқ жойларидаги ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш.

Лойиҳа ҳужжатини юклаб олинг