“Жайрон” экомарказининг янги ҳудудидаги янги вольерга Пржевальский отининг дастлабки айғири қўйиб юборилди!!!!
Бу воқеани анчадан буён кутаётгандик. Ниҳоят, отлар янги ҳудудга кўчиб ўта бошлашди! Агар эсингизда бўлса, лойиҳамиз экомарказ ҳудудини кенгайтириш бўйича ишларни бошлаган эди. Шўртан заводи экомарказга ёрдам берди ва ушбу ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида ажойиб вольер марказини қуриб битказди. Ажойиб вольер.

Янги қурилган вольер мажмуаси ёнидаги муҳокамалар. Чапдан ўнгга - София Ким, Алексей Волков, экомарказ директори Эркин ака, чўлнинг нам ерида ўтирган ҳолда – Наталья Васильевна, Ольга Переладова, WWF Марказий Осиё дастурининг раҳбари, ва Наташа Владимировна Мармазинская.
Шунчаки буларнинг ҳаммаси нима учун бошлангани ҳақида ўтмишга кичик экскурсия.
Экомарказнинг эски ҳудудида кичик муаммо бор эди – кичкина майдон. Бундан яна бир муаммо келиб чиқди – яхши муҳофаза қилинаётган ва яхши қаралаётган қулон ва Пржевальский отлари популяциясининг ўсиши у ерда ем-хашак танқислигини келтириб чиқарди. Буни муаммо деб айтиш қийин, чунки жониворлар сонининг ошаётгани жуда яхши. Аммо ушбу турлар популяциясининг ўсиши билан 5 минг гектар ерга эга экомарказнинг ёпиқ ҳудудида ем-хашак базаси борган сайин камайди. Энди янги ерлар керак эди.
Жониворларни Ўзбекистоннинг бошқа туманларидаги ёввойи муҳитга кўчиришнинг ҳозирча имконияти йўқ, чунки бизда шу экомарказдан ташқари қўриқланадиган чўл ҳудуди мавжуд эмас. Ажабланарли, тўғрими? Ҳудудининг 85% ни чўллар ва ярим чўллар эгаллаган мамлакатда реал қўриқланадиган табиий чўл ҳудудлари йўқ!!! Жониворларни эса қўриқланмайдиган муҳитга чиқариб юбориш ҳозирча хавфли. Одамларнинг онги ҳозирча бунга тайёр эмас – улар ҳайвонларни дарров йўқ қилишни бошлайдилар.
Шундай қилиб, хулоса ўз-ўзидан келди – ҳайвонларнинг бир қисмини кўчириш (айниқса Пржевальский отлари ва қулонларнинг бир қисмини, чунки улар катта, кўп хашак истеъмол қилади ва ерларни кўп босиб ташлашади), популяцияларни асраш ва ҳатто ривожлантириш учун янги ҳудудлар керак! Аммо жониворларни дарров янги ҳудудга кўчириб бўлмайди. Улар бироз вақт вольер мажмуасида мослашиш учун сақланиши лозим.
Лойиҳамиз ниҳоясига етаётган бир пайтда биз лойиҳа бўйича жониворларнинг бир қисмини янги ҳудудга ўтказишни режалаштиргандик. Аммо буни қила олмадик, чунки вольер мажмуасининг қурилиши ҳали тугамаган эди. Ҳайвонлар борасида эса таваккал қилиб бўлмасди. Энди эса вольер мажмуасининг қурилиши якунланди ва жониворларни аста-секин янги ҳудудга ўтказиш мумкин.
Мана ўша кун ҳам келди. Илк Пржевальский айғири янги вольер мажмуасига ўтказилди. Бугун қўнғироқ овозини эшитдим. Қарасам, Наталья Васильевна қўнғироқ қиляпти. Гўшакни олдим ва унинг қувончдан ҳовлиққан овозини эшитдим: “Лёша, плюс 1. Бор. Бошланди!”.
“Нима бошланди, Наталья Васильевна?”
“Бошланди. Биринчи отни ўтказдик".
Ва у менга ҳаммасини гапириб берди, қандай бўлганини... Наталья Васильевна қандай таърифлаган бўлса, ўзимдан озроқ қўшиб, худди шу тарзда ёзяпман:
“... Мана бундай бўляпти – ушлаб оладиган вольерга ем қўйяпмиз, у ерга биттадан отни илинтиряпмиз. От кирганидан кейин, ушлаб оладиган вольерни 1-2 суткага ёпиб қўйяпмиз. Кейин отни, бу сафар айғирдан бошладик, - ушлаб олиш коридорига (ўнг томонда жойлашган) киришга мажбур қиляпмиз, у ерда транспорт қафаси бор, шунинг ичига киритдик (пастдаги фотосуратдаги жараён).

Кейин уни транспорт қафасидан эски ҳудуддан 5 км узоққа янги мослашиш марказига ўтказдик.

Янги ҳудудда транспорт қафаси очилади.

Ва у янги ҳаётга сакраб чопиб кетди.

Энди бу ерда йилқи подасини шакллантирамиз. Кейин уч ойлик мослашув даври бўлади... Кейин отлар янги ҳудудга қўйиб юборилади, у ерда улар эркин, аммо Экомарказ ходимларининг сергак назорати остида яшайди”.

Ҳаммани ҳаёт байрами билан қутлаймиз!