The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Қорақалпоғистонда нол ишлов бериш усулини жорий этиш тажрибасидан

Тупроқнинг шўрланиши, унинг таркибида чириндилар миқдорининг камлиги Қорақалпоғистонда тупроқ ҳосилдорлиги пастлигининг асосий сабаблари ҳисобланади. Бироқ шунга қарамасдан ҳозиргача деҳқонлар ҳар йили қишлоқ хўжалик ўсимликларидан ҳосил олиш мақсадида унинг сабабларига эмас, балки оқибатларига қарши кураш олиб боришимоқда. Хусусан, шўрланишни камайтириш учун улар ҳар йили тупроқни кўп миқдордаги сув билан ювишга ўрганиб қолишган, бунинг натижасида эса ер ости сувларининг даражаси кўтарилиб, уларнинг буғланиши такрорий шўрланишга олиб келмоқда. Бундан ташқари, улар тупроқни органик ўғитлар билан бойитиш ўрнига минерал ўғитлардан фойдаланишни маъқул кўришади.

Бундай хатти-ҳаракатлар, шунингдек ерга ҳар йил жадал ишлов бериш натижасида тупроқдаги органик моддалар миқдори камайиб бормоқда. Ахир тупроқдаги органик модда тупроқ ҳосил бўлиши жараёнларида муҳим роль ўйнайдиган тупроқда яшовчи организмларнинг ҳаёт манбаи ҳисобланади. Маълумки, яхши маданийлаштирилган тупроқдаги тирик организмларнинг умумий массаси 1 гектар ерда 10 тоннагача етади, уларнинг асосий қисмини эса микроорганизмлар ташкил этади. Шу боис Қорақалпоғистондаги деҳқончиликда, биринчи навбатда, тупроқни органик моддалар билан бойитиш ҳамда бу билан тупроқда юз берадиган биологик жараёнларни кучайтириш, яъни тупроқнинг ўзини ўзи тиклаш хусусиятини рағбатлантириш зарур.

Тупроққа ишлов беришнинг мавжуд усуллари тупроқнинг органик моддалар билан бойишига ёрдам бермайди, чунки ҳар йилги ерни ҳайдаш ишлари чириндиларнинг ўсимликлар томонидан тез ўзлаштирилишига ҳамда ҳосил билан бирга чиқиб кетишига хизмат қилади. Унинг ўрнига эса деҳқонлар тупроққа гўнг ташлашади, аммо жуда кам миқдорда. Бунинг устига тупроқдаги ўсимликларнинг қолдиқларини ағдариш агрегатларига халақит бермаслиги учун буткул тозалашади ёки уларни ёқиб юборишади. Бироқ ана шу ўсимлик қолдиқларидан органик ўғит сифатида фойдаланса жуда яхши иш бўларди. А.М.Ликовнинг маълумотларига кўра, 1 тонна похол 170-180 кг чириндини, 1 тонна гўнг эса бор-йўғи 75 кг чириндини ҳосил қилар экан.

Бу вазиятни ўзгартириш учун биз Қорақалпоғистонда тупроққа нол ишлов бериш тизимини жорий этиш керак деган қарорга келдик. Албатта, бу жуда қийин ва бирданига натижа олишнинг ҳам деярли имкони йўқ. Аммо, Қонликўл туманидаги Жайҳун овули аҳолиси билан БМТТД-ГЭЖнинг “Қорақалпоғистонда Амударё дельтасидаги тўқайзорларни асраш ва қўриқланадиган ҳудудлар тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган учрашувларнинг бирида мен уларга янги тизим, яъни тупроққа нол ишлов бериш тизими мавжудлиги, унинг афзалликлари ва камчиликлари ҳақида гапириб бердим. Дарров баҳс-мунозара юзага келди, аммо тамойилларни тушунтириб, мисоллар келтирилганидан кейин фермерлар бу тизимни кичикроқ ер участкасида синаб кўришга эҳтиётлик билан розилик беришди. Мана шу тарзда барча ўтказилаётган амалиётлар намойиш этиладиган нол ишлов бериш бўйича намойиш участкасини яратиш ғояси туғилди.

Одамлар иш жараёнини ҳамда натижаларни ўз кўзлари билан кўрмагунича ишонишга мойил бўлмайдилар. Биз тўқайзор лойиҳасининг PR мутахассиси Ольга Шегай билан биргаликда ГЭЖнинг Кичик Грантлар Дастурига лойиҳа аризасини тайёрлашга киришдик. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари туфайли ҳамда ГЭЖ КГД жамоасининг лойиҳа аризасини тайёрлашдаги кўмаги сабабли грант олишга муваффақ бўлдик. Ушбу грант маблағларига иш учун зарур бўладиган ускуналар, яъни нол экиш учун SA 11500 «Vence Tudo» сеялкаси ва ерларни текисловчи лазер қурилмаси сотиб олинди. Лойиҳа жамоаси ГЭЖ КГДнинг харидлар бўйича ассистенти Жамшид Мақсумовга алоҳида миннатдорчилик билдиради.

2010 йил июнида биз КРАСС ННТ маслаҳатчиси Ойбек Эгамбердиевни лойиҳа участкасига таклиф қилган эдик. У Жайҳун овули фермерлари учун далаларни лазер қурилмаси ёрдамида текислаш бўйича семинар-тренинг ўтказди. Кейин у 2 нафар маҳаллий фуқарони янги ускунадан фойдаланишга алоҳида ўргатди.

Қонликўл тумани ҳокими Толибой Ибрагимов билан лойиҳанинг бошиданоқ жуда яхши муносабатлар йўлга қўйилди. У ҳар доим лойиҳамизни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, 2010 йилнинг августида тумандаги фермерлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатаётган бошқа ишчилар учун кузги ғалла экиш мавсуми бошланишига бағишланган семинар ўтказилди. Унга бизни ҳам таклиф қилишди, мен янги техникамизни намойиш этдим ва ерга нол ишлов бериш усулининг афзалликлари ҳақида гапириб бердим. Шунингдек, семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг вакили Н.Бакиров, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Жокарги Кенеси ва Вазирлар Кенгашининг вакиллари ҳам чиқиш қилдилар. Уларнинг барчаси “Бундай янги технологияларни қўллаб-қувватлаш зарур!” деган фикрни билдиришди.

Нол ишлов беришни бошлашдан олдин, албатта, аввало далани бу ишга пухталик билан тайёрлаш керак: тупроқни чуқур юмшатиш, ағдариш, бороналаш, молалаш ва лазер қурилмаси ёрдамида далани капитал текислаш ишларини амалга ошириш зарур. Бироқ экин мавсумида ҳайдайдиган агрегатлар ва тракторлар танқислиги жуда кескин сезилади, шу боис биз кузги ғалла, тритикале ва нўхатни фақат 21 октябргагина экишга улгурдик. Бахтимизга, кузда илиқ об-ҳаво узоқроқ турди ва биз экинлар бир текис униб чиқишига эришдик.


Фермерларнинг дала кунида мен уларга қуйидагиларни тушунтирдим: “Агар далани биринчи йили шу тарзда тайёрласангиз, келаси йили ерни ҳайдамасдан туриб экишингиз мумкин, бунда ЁММга кетадиган харажат, меҳнат ва вақтни тежайсиз”. Ўша ернинг ўзида мен шолидан бўшаган далаларнинг бирида бевосита похол ва анғизнинг устида кузги ғалланинг қандай экилишини кўрсатиб бердим. Бу ҳар йили ЁММ ва техника етишмовчилиги туфайли кузги ғаллани экиш бўйича режани бажаришга улгура олмайдиган фермерларда катта қизиқиш уйғотди. Улар “Жиддий гапиряпсизми? Наҳотки шу тарзда экилганда ғалла униб чиқса?” – деб қайта-қайта сўрашди. Мен уларга “Ҳа, бунга ишончим комил, шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади!” – деб жавоб бердим. Эртаси куниёқ туман ҳокимининг ўзи шоли далаларида анғизли ерга кузги ғаллани нол усулида экиш ташаббуси билан чиқди. Шу тарзда нол ишлов бериш тизими бўйича 24 гектар анғизли дала экиб чиқилди. Қонликўл туманидаги кўпгина фермерлар кузги ғаллани етиштиришнинг камхаржли усулига гувоҳ бўлдилар.

Шундан сўнг биз Амударё ва Қонликўл туманларида тўқайзор лойиҳаси кўмагида “Тупроққа нол ишлов бериш тизими” мавзусида семинарлар ўтказдик. Натижада ўз далаларида нол ва минимал ишлов бериш тизимини қўллашни хоҳловчи бир нечта киши пайдо бўлди.

Бир неча йил олдин деҳқонлардан бири менга пахта даласининг трактор юра олмайдиган энг чекка қисмини кўрсатганди. Ўша ерга тасодифан бир нечта чигит тушиб қолган экан. Бу ерда униб чиққан ғўза даланинг кўп марта ишлов бериладиган қисмидаги ғўзаларга қараганда баландроқ ва яхши ривожланган эди. Ўшанда у менга шундай деганди: “Нол ишлов беришни тарғиб қилаётганда жуда ҳақсан. Даланинг мана бу кичик чекка бурчагига ҳеч қачон ишлов берилмаган, лекин у ерда қандай соғлом ғўза ўсганини қара!!!”. Бир қарашда унчалик кўзга ташланмайдиган мана шундай мисоллар бизнинг шароитимизда ҳам нол ишлов бериш усулини қўллаш мумкинлигини исботлайди. Аммо фермерларни бунга ишонтириш учун вақт керак.

Одамларнинг онгига асрлар бўйи сингиб келган нарсаларни бирданига ўзгартириш жуда қийин, аммо аста-секин ижобий мисолларни кўрсатган ҳолда, биз ушбу ҳудудда деҳқончиликни юритишнинг энг барқарор (ҳам экологик, ҳам иқтисодий нуқтаи назардан) усули сифатида нол ишлов бериш усулининг кенг қўлланилишига эришишимиз мумкин.

Б.Айбергенов – лойиҳа раҳбари