МАВЗУГА КИРИШ
Иқлим ўзгариши муаммолари кўпчиликнинг жонига теккан бўлса-да, бутун глобал ҳамжамият учун ўзининг фавқулодда (ёки камроқ) долзарблигини йўқотгани йўқ. Атмосферада иложи борича иссиқхона газларининг йиғилиш суръатини камайтириш учун дунёда кўплаб ишлар қилиняпти. Газларнинг кескин концентрациясига олиб келувчи жараёнларни тўхтатишга ҳамон умид бор. Ушбу газлар, ўз навбатида, умумий глобал ҳароратнинг ошиши, музликларнинг эриб кетиши, океан оқимларининг ўзгариши ва барча глобал иқлим жараёнларининг сабабчисига айланиши мумкин.
Глобал Экология Жамғармаси (ГЭЖ) бутун дунё бўйлаб иқлим ўзгаришига қарши курашга қаратилган улкан ишни олиб бормоқда. Бошқача қилиб айтганда, барча эҳтимолий манбалардан иссиқхона газларининг атмосферага ташланишини камайтириш учун курашга қаратилган ишлар. Бундай фаолият Ўзбекистонда ҳам олиб борилаётир. Масалан, айни пайтда БМТ Тараққиёт Дастури республика ҳукумати билан ҳамкорликда ГЭЖнинг “Ўзбекистондаги жамоат биноларида энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳанинг номи у нима билан шуғулланаётганини кўрсатиб турибди.
ГЭЖ асосан мамлакатлар ҳукуматлари билан иқлим ўзгаришларининг олдини олиш масалаларидаги давлатларнинг сиёсатини ўзгартириш ва яхшилаш даражасида фаолият юритади. Шунингдек, ГЭЖ ўзининг корпоратив дастурига ҳам эга – Кичик Грантлар Дастури (ГЭЖ КГД) – у оддий одамлар ва ҳамжамиятлар даражасида ишлайди.
Пастдан, яъни ўз иши, ўз хўжалигига эга оддий одамлардан бошлаган ҳолда, кўп ишларни бажариш мумкин. ГЭЖ КГД айнан шундай кишиларни изламоқда. Оддий кишиларнинг одатларига кўп нарса боғлиқ, масалан, энергия қандай сарфланади, ерга қандай ишлов берилади, ўсимлик қопламаси қандай асралади ёки асралмайдими ва бошқа кўплаб нарсалар. Буларнинг барчаси охир-оқибатда атмосферага қанча иссиқхона газлари тушишига бевосита таъсир қилади. Шу боис ГЭЖ КГД ҳавога ташланадиган чиқиндиларнинг олдини оладиган хўжалик юритишнинг ана шундай амалиётларини намойиш этиш ва оммалаштириш учун ишлайди.
ГЭЖ КГД фокусининг бир қисми иқлим ўзгаришининг сабабчиси бўлган иссиқхона газлари ташланишининг олдини олиш бўйича ишларга йўналтирилган бир пайтда ана шу ўзгаришнинг илк аломатлари ҳозирнинг ўзидаёқ сезилмоқда, бу борада нималар қилиш кераклиги ҳақида ўйлаш лозим. Бошқача қилиб айтганда ҳозирнинг ўзидаёқ қуйидагилар ҳақида ўйлаш керак:
- Ўзбекистонда иқлим қандай ўзгаради;
- бундай ўзгаришлар кишиларга, уларнинг турмуш тарзига ва хўжалик юритиш усулларига қандай таъсир қилиши мумкин;
- бўлғуси ўзгаришларга қандай мослашиш мумкин;
- юзага келган вазиятни чуқурлаштирмаган ва атрофдаги экотизимларнинг одамларга маҳсулотлар ва хизматлар тақдим этиш қобилиятини яхшилаган ҳолда, кишиларнинг ҳаёти ёмон бўлмаслиги учун нималар қилиш керак.
Буларнинг барчаси учун дунёда бир атама қабул қилинган – бу “мослашиш”. Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига мослашиш ўзи нима учун керак?
ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг маълумотларига кўра биз вазиятнинг қуйидагича ривожланишини кутишимиз мумкин:
- Ўртача ҳарорат тўхтовсиз ошиб боради, яъни бизда иссиқроқ бўлади – 38 градусдан юқори бўлган экстремал иссиқ кунлар сони кўпаяди. Шу билан бирга, баъзи ҳудудларда баҳорги пайтда дастлабки аёзлар сони кўпаяди;
- Мамлакат бўйлаб ёғинларнинг ўртача миқдори бироз камайган ва прогноз уларнинг барқарор бўлиб қолишини ёки баъзи жойларда ёғинлар миқдори бироз ошишини кўрсатмоқда. Бу ерда ҳам ўзига хос хусусиятлар мавжуд – ёғинлар ёғиш динамикаси баъзи пайтда ва баъзи жойларда ошиши ҳамда бошқа жойларда бошқа вақтда камайиши билан ўзгаради. Умуман олганда эса, мамлакат хўжалигида фойдаланилиши мумкин бўлган сув танқислигининг ортиши кутилмоқда.
Агар айтилганларга якун ясайдиган бўлсак – мамлакатимизда ҳарорат баландроқ, сув эса камроқ бўлади.
СИМПОЗИУМДА КЎРИБ ЧИҚИЛАДИГАН МАСАЛАЛАР
ГЭЖ учун иқлим ўзгариши кишиларнинг ҳаёт шароитига ва атроф-муҳит ҳолатига қандай таъсир қилиши муҳим. Бу масала бошқарув органлари – республика, вилоят ва туман даражаларидаги ҳокимият органлари олдида ҳам туриши керак. Шунингдек, бу бевосита кишиларнинг ўзига ҳам қизиқарли бўлиши лозим.
Бўлғуси симпозиум иштирокчиларнинг эътиборини кишилар ҳаётининг қуйидаги жиҳатларига қаратишни мақсад қилган:
Энергия – прогноз қилинаётган иқлим ўзгаришлари қандай қилиб уни ишлаб чиқаришга ва фойдаланишга таъсир қилиши мумкин; қандай қилиб бу оддий кишиларда акс этиши мумкин; қандай қилиб инфратузилмада акс этиши мумкин; одамлар, маҳаллий ҳокимиятлар, юқорироқ даражадаги ҳокимиятлар ва асосийси яна шу одамлар қандай эҳтимолий оқибатларни кутишлари керак ва нималар қилиш лозим.
Ер – қурғоқчил иқлим ва сув танқислиги қай тарзда қишлоқ жойида деҳқончиликда; сувдан фойдаланишда акс этиши мумкин, қандай қилиб бу кишиларда, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ва бошқа маданий ўсимликлар ҳосилида акс этиши мумкин; қандай эҳтимолий оқибатлар бўлиши мумкин ва янги иқлим шароитларида хўжалик юритишни мослаштириш учун кишилар ва ҳокимият органлари нималар қилиши керак.
Биологик хилма-жиллик – ўзгараётган иқлим бизнинг табиий экотизимларимизга нималарни олиб келади; иқлим ўзгариши қандай қилиб экотизимларнинг барқарор мавжудлигига ва унинг биологик компонентларига таъсир қилиш мумкин; иқлим қандай қилиб маҳаллий аҳолининг ҳаёт фаолияти учун жуда зарур бўлган биологик захираларнинг мавжудлиги ёки йўқлигига таъсир қилади; экотизимлар ва улар функцияларининг барқарорлигини сақлаш учун ҳокимият органлари ва маҳаллий аҳоли нималар қилиши лозим.
Симпозиумнинг мақсади иқлим ўзгаришларига мослашиш мавзусини шунчаки муҳокама қилишдан иборат эмас. ГЭЖ дастурлари ва лойиҳалари учун яқин келажакдаги конкрет иш йўналишларини аниқлаш ҳам, турли даражадаги ҳокимият органларига тавсияларни бериш ҳам симпозиумнинг натижасига айланиши лозим.
СИМПОЗИУМ ТАШКИЛОТЧИЛАРИ ВА ИШТИРОКЧИЛАРИ
Иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари бўйича шунга ўхшаш учрашувларни ўтказиш ғояси БМТТД-ГЭЖнинг “Ҳамжамиятлар даражасида иқлим ўзгаришига мослашиш” лойиҳасига тегишли, ушбу лойиҳа ГЭЖ КГД орқали дунёнинг 10 та мамлакатида амалга оширилмоқда. Танланган мамлакатлардан бири – бизга қўшни бўлган Қозоғистон. Уларда муайян тажриба тўпланган бўлиб, биз ҳам у билан танишиб чиқсак, ортиқчалик қилмайди. Лойиҳа режаси бўйича Ўрта Осиёдаги бошқа мамлакатларда ҳам – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда муҳокамаларни ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистонда ушбу симпозиумни ўтказиш Ўзбекистондаги ГЭЖ КГД ва БМТТД-ГЭЖнинг “Ўзбекистондаги жамоат биноларида энергиядан самарали фойдаланишни ошириш” лойиҳасининг ҳамкорликдаги ташаббуси ҳисобланади. Тадбир қуйидаги ташкилотлар кўмагида ўтказилмоқда:
- ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази;
- ЎзР Табиатни муҳофаза қилиш бўйича давлат қўмитаси;
Иқлим ўзгариши ва унинг одамлар ҳаётига таъсири масалаларига қизиққан ҳар қандай киши симпозиум иштирокчисига айланиши мумкин. Тадбирда қатнашиш учун иштирокчи анкетасини (илова қилинади) тўлдириш зарур. Анкетада иштирок этиш мақсади тўғрисидаги савол бор, у симпозиум ташкилотчилари томонидан иштирокчилар танлаб олинаётганида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Фақат танланган иштирокчиларгина симпозиумнинг ташкилий қўмитаси томонидан огоҳлантириладилар. Анкетани тўлдириш симпозиумда иштирок этиш учун автомат тарзда рухсат олинишини англатмайди. Ўзбекистон ҳудудларидан вакилларнинг қатнашиши қутланади.
ҚЎШИМЧА ТАДБИРЛАР
Симпозиум пайтида ГЭЖ КГДнинг “Қишлоқ аҳолиси учун мини-энергетик қурилмалар бўйича” лойиҳасининг кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади. Унда маҳаллий аҳоли учун жорий этиладиган технологияларнинг намуналари тақдим этилади ва уларнинг ишлаши намойиш қилинади.
Шунингдек, симпозиум пайтида ГЭЖ КГД лойиҳалари ва мавзу билан боғлиқ БМТТДнинг бошқа лойиҳалари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади.
Лойиҳалар ва технологиялар кўргазмасига кириш барча хоҳловчилар учун очиқ.
Кўргазмада бошқа ҳамкорлар томонидан симпозиум мавзусига тааллуқли бўлган бошқа технологияларнинг намойиши қутланади.
МАҚОЛАЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ УЧУН СЎРОВНОМА
Симпозиум ташкилотчилари энергия, ер ва сув ҳамда экотизимлар томонидан тақдим этиладиган биологик захиралар ва хизматлардан фойдаланиш билан боғланган илмий ходимларни, амалиётчи мутахассисларни; қизиққан талабаларни; халқ хўжалигини бошқариш билан боғланган ишчиларни, шунингдек барча хоҳловчиларни симпозиумнинг юқорида кўрсатиб ўтилган мавзулари бўйича мақолаларни тайёрлаш ва тақдим этишга чорлайди. Мақолалар иқлим ўзгариши ва унинг республика халқ хўжалигида энергия, ер, сув ва биологик захиралардан фойдаланишга таъсири бўйича у ёки бу конкрет масалаларни очиб бериши зарур.
Мақолалар ўқувчиларнинг кенг оммаси танишиши ва фойдаланиши учун илмий-оммабоп тилда баён этилиши лозим.
Танланган мақолалар симпозиумдан кейин чоп этиладиган тўпламда босиб чиқарилади ва бутун республика бўйлаб 500 та намунада тарқатилади. Тўплам республика ҳокимиятлари, вазирликлари ва идораларига, фермерлар уюшмаларига ҳамда олий ўқув юртларининг кутубхоналарига тарқатилади.
Мақолаларни рус тилида ҳам, ўзбек тилида ҳам тақдим этиш мумкин. Мақолаларни тақдим этиш муддати – 2011 йилнинг 15 май кунининг охиригача.
Мақолаларни тақдим этиш формати:
Мақола MS Word форматида, Times New Roman 12 шрифтида, хат бошисиз, абзацлар орасидаги масофа 6 пт, сатрлар орасидаги интервал битталик бўлиши керак. Мақола электрон вариантда alexey.volkov@undp.org манзилига жўнатилиши лозим. Мақола ўлчами 5 МБ дан ошмаслиги зарур.
Симпозиум ташкилий қўмитаси томонидан баъзи мақолалар симпозиумнинг пленар мажлисларида муаллифлари томонидан презентация қилиниши учун танлаб олинади.
ТАДБИРНИ ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА ТАШКИЛИЙ МАСАЛАЛАР
Симпозиум ва кўргазма жума куни, 2011 йилнинг 3 июнида "Шодлик" мехмонхонасида (манзил "Ильхом" театри), бутун дунёда 5 июн куни нишонланадиган Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишлаб ўтказилади. Ўтказиладиган вақти – 8:00 дан 18:00 гача.
Иштирокчи анкетаси электрон почтаси орқали alexey.volkov@undp.org манзилига ёки факс орқали 998 71 120 34 85 рақамига “Симпозиумда қатнашиш учун” деган ёзув билан 2011 йилнинг 15 майигача жўнатилиши зарур. Иштирок этиш тўғрисидаги тасдиқнома фақат танланган қатнашчиларга жўнатилади*. Симпозиумга келувчи иштирокчиларнинг [1] яшаш ва транспорт бўйича барча харажатлари симпозиум ташкилотчилари томонидан тўланади.
Ташкилотчилар томонидан воқеа талабларига жавоб берадиган жой топилганидан сўнг тадбирнинг ўтказилиш жойи тўғрисида қўшимча равишда маълум қилинади.
иштирокчи анкетасини юклаб олинг
Иштирок этиш ва ўтказиш бўйича барча қўшимча саволларни қуйидаги телефонлар орқали беришингиз мумкин:
+ 998 71 120 34 62
+ 998 71 120 34 50 или 120 61 67 (қўшимча 205)
+ 998 97 336 62 41
Шунингдек, alexey.volkov@undp.org ёки jamshid.maksumov@undp.org электрон манзилларига ёзиб юборишингиз мумкин.
* Иштирок этиши симпозиум ташкилотчилари томонидан олдиндан тасдиқланган ва фақат танланган қатнашчиларнинг харажатларигина қопланади. Тасдиқланмаган иштирокчилар, симпозиум меҳмонлари ҳамда эркин қатнашувчиларнинг харажатлари тўланмайди.