Фарғона водийси – бу Ўзбекистоннинг ноёб географик ҳудуди бўлиб, бу ерга келган киши ўзини тоғ тизмалари билан ўраб олинган табиий бодомсимон шаклдаги майдонга тушиб қолгандек ҳис қилади. Бу жойнинг текислик қисми катта эмас - 22 минг км2 (атрофини ўраб турган тоғ тизмалари ва тоғ олди адирлари билан бирга 80 минг км2) га яқин - бу Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу ерда мамлакат аҳолисининг қарийиб учдан бир қисми истиқомат қилади. Бу ерда яшовчи меҳнатсевар аҳоли асрлар давомида асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғилланади. Ҳар икки анъанавий фаолият тури кўп энергия ва меҳнат сарфини, шунингдек, табиий ресурслардан фойдаланишни талаб қилади.
Иқтисодиёт жадал тараққий этаётган ҳозирги даврда муқаррар равишда шундай жараёнлар содир бўладики, улар у ёки бу масалаларни ҳал қилиш бўйича янги усулларни излашга мажбур қилади. Уларнинг асосийси эса — энергияни таъминлаш бўлиб қолаверади. Инсонга энергия турмушнинг барча соҳалари, энергия ресурсларининг ўзини қазиб олиш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, инфратузилмани барпо этиш, соғлиқни сақлашни таъминлаш каби соҳалар учун зарур. Аҳоли, ва бунга боғлиқ равишда эҳтиёжлар тез суръатлар билан кўпайиб бораётган, жадал ривожланиб бораётган ҳудудда энергия таъминотига бўлган эҳтиёжларни қандай қондириш мумкин?
Биогаз технологияси ана шундай муқобил ечимлардан бири бўлиши мумкин. Зеро ушбу технология майда уй хўжаликлари ва фермерларнинг энергияга бўлган эҳтиёжларни қондиришнинг самарали усулидир. Бугунги кунда биогаз технологиялари дунёнинг кўплаб мамлакатларида оқава сувларини тозалаш, чиқиндиларни қайта ишлаш стандарти ҳисобланади.


ГЭФ КГД нинг биогаз технологияларини жорий этиш бўйича навбатдаги лойиҳаси бу гал Наманган вилоятида иш бошлади ва ўз фаолияти натижаларини намойиш этиш босқичига ўтди. 18 февралда Наманган мухандислик-технология институтида муваффақиятли ўтган семинар янги ускунанинг ишга туширилишига бағишланди. Семинар, ва умуман, тадбир «Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида иситиш ва электр энергиясини олиш учун биогаз қурилмаларидан фойдаланишни намойиш этиш» лойиҳаси жамоаси, БМТРД нинг «Миллий иқтисодиётни паст углеродли ривожланишга ўтишида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси (LEDS) ва ГЭФ нинг Кичик Грантлар Дастури томонидан ташкил қилинди.
Семинарда ГЭФ нинг Ўзбекистондаги Кичик Грантлар Дастурининг мавзули йўналишлари ҳақида, унинг томонидан қўллаб-қувватланадиган ва илгари суриладиган технологиялар ва инновациялар ҳақида маълумот берилди. Семинар иштирокчиларига дастурнинг тажрибаси ва ишланмаларидан бевосита фойдаланиш, ГЭФ КГД нинг фаолиятига фаол қўшилиш ва ўз вилояти, умуман, ҳудуди бўйича янги лойиҳавий ғояларни таклиф қилиш тавсия қилинди.
БМТТД (LEDS) лойиҳаси мутахассиси Пўлат Солиҳовнинг турар-жойларнинг энергия самарадорлигига эришиш йўллари ва усулларига оид тақдимоти катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, бунда турар-жойларда иссиқлик йўқотилиши масалалари, иссиқлик қандай йўқотилиши ва бунинг олдини олиш учун нималар қилиш кераклиги масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчилар замонавий материаллар билан уйларни сиртидан иситиш технологияси намойиш қилинган видеороликни қизиқиш билан томоша қилишди.

Биз аввалгидек суғоришнинг мукамал технологияларини, хусусан, томчилатиб суғориш технологиясини имкон қадар кенг тарғиб қилишга интиламиз. Лойиҳамиз доирасида Наманган вилоятининг Уйчи туманида томчилатиб суғориш тизимини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Семинарда ишлаб чиқариш раҳбари Абдулвохид Болтабаев иштирок эта олмади. Чунки у Навий вилоятида иш сафарида бўлиб, Нурота туманида қишлоқ хўжалиги майдонларига эга фермерлар билан 100 гектар майдонга ТСТ ни ўрнатиш бўйича шартнома тузиш ишлари билан машғул экан. Бу янгилик бизни хурсанд қилди, айни пайтда ундан семинарга етиб келишни ва ўз ишлаб чиқариш линияси ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилдик.
Йўлдош технологияларга бағишланган қисқача маърузалардан сўнг навбат биогаз лойиҳасига етди ва унинг раҳбари Зулфия Мамадалиева ўзининг тақдимотида биогаз, унинг олиш технологияси ва биогаз ускунасини (БГУ) қуриш техникаси ҳақида батафсил сўзлаб берди. Ўзбекистонда биогаз технологияларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида маълумот берилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида меҳмонлар ва иштирокчилар фермер хўжалигига таклиф қилинди ва у ерда лойиҳа жамоаси биогаз қурилмасининг иш жараёнини намойиш қилди. Реакторларининг умумий ҳажми 120 куб.м.га ва кунига 300 куб.м.гача биогаз ишлаб чиқариш қувватига эга биогаз қурилмаси ўзининг узлуксиз ишлаб чиқаришини бошлади ва бу инсон фаровонлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Барча янгиликлар — қадимги нотаниш ихтиролардир
Дастлабки ибтидоий биогаз қурилмалари эрамиздан аввал Ҳиндистон, Форс давлати ва Оссурияда фойдаланилган. Орадан 3,5 минг йил ўтгач, XVIII асрда олимлар ботқоқлашган кўл юзасини ёндириш билан боғлиқ тажрибани таърифлашган, бунда ботқоқ газида метан борлиги аниқланган. Метаннинг кимёвий формуласи аниқлангач, биогазни амалда қўллаш соҳасидаги тажрибалар бошланган, бу эса биогаз технологиялари даври бошланганидан далолат берар эди.

Глобал исиш муаммоси атмосферанинг иссиқхона газлари билан ифлосланиши таъсири кучайиб бораётганлиги туфайли инсоният олдига янги технологияларни яратиш ва такомиллаштириш, атроф-муҳит ифлосланишини камайтирувчи муқобил энергия манбаларини излаб топиш вазифасини қўймоқда.
Биогаз технологиялари ривожлантирилган ва кенг жорий қилинган тақдирда зарарли чиқиндиларни қисқартиришда муҳим роль ўйнаши, чорвачилик ва фермер хўжаликларининг энергияга бўлган эҳтиёжларини камайтириши мумкин. Муҳими, улар юқори самарали экологик тоза биоўғит олиш воситасига айланиб, ундан фойдаланиш тупроққа минерал ўғитлар солишни тўлиқ бартараф этиши, тупроқнинг унумдорлигини ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини бир неча баравар оширишга хизмат қилиши мумкин.
Энергиянинг трансформацияси ва айланиши
Тасаввур қилиш мушкул, оддий тил билан айтганда гўнг «ҳар томонлама» бойлик орттириш воситасига айланиши мумкин. Хўжаликни истиш ёки қишлоқ турмуши муаммоларини ҳал қилишдан ташқари гўнгдан олинадиган биоўғит тупроқни бойитади, унинг унумдорлигини ва қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини оширади. Айни пайтда фермер хўжалигига юқори ҳосил олиш имконини яратиб, мўмай даромад келтиради.
Шу тарзда, уй ҳайвонлари озуқа экинлари биомассасини ейишга сарфланган энергия ва экиннинг ўзидан олинадиган энергия йўқ бўлиб кетмайди, балки бир ҳолатдан иккинчи бир шаклга айланади. Ушбу ҳолатда гўнгга айланади. Сўнгра гўнг БГУ реакторида қайта ишлангач, олинган биоўғит қайта ем-хашак ва қишлоқ хўжалиги экинлари биомассасининг кўпайиши учун манба бўлиб хизмат қилади. Яъни, трансформация воситасида энергиянинг ўзига хос айланиши содир бўлади.
Бу галги ҳолатда кичик ускуналар ҳақида сўз бормоқда, уларнинг фермер хўжаликлари кўламидаги самардорлиги бир неча бор исботланган. Муқобил энергия манбаларининг яққол афзалликларига қарамай, ушбу технологиялар мамлакатда ҳали кенг оммалашмаган ва уларни ҳар томонлама рағбатлантириш керак. Биогаз қурилмаларини кенг оммалаштириш учун қуйидаги омиллар зарур:
қурилмалар қийматининг арзонлиги;
бижғиган масса ва биогазнинг қайта ишланиб, юқори қийматли маҳсулотларга тўлиқ айлантирилиши;
фойдаланишда ишончлилик ва хизмат кўрсатишнинг соддалиги;
энергия мустақиллигига эришиш истаги;
давлат томонидан «яшил тарифлар» бўйича ортиқча энергиянинг харид қилиниши, биоэнергия ишлаб чиқарувчиларига устамалар жорий қилиш.
Углеводород хом ашёси мавжудлиги ва мамлакат иқтисодиёти асосини асосан ушбу хом ашёдан фойдаланишга йўналтирилганлигига қарамай, муқобил технологиялардан фойдаланишнинг истиқболи порлоқ. Углеводород, энергия манбаи сифатида, қайта тикланмайди ва ушбу хом ашёнинг ҳар қандай заҳиралари эртами ёки кечми, барибир тугайди.


Лойиҳа ҳақида
«Улуғбеклар» фермер хўжалиги Тўрақўрғон туманида, Наманган вилоятининг аҳоли энг зич жойлашган ҳудудларидан бирида жойлашган. Ушбу хўжалик умумий майдони 2,5 минг кв.м.ни ташкил этувчи иккита иссиқхонага эга ҳамда цитрус экинларини етиштиришга ихтисослашган. Улар орасида хушбўй лимонлар, мандарин ва грейпфрутлар бор, ҳатто иккита банан дарахти ҳам мавжуд. Иссиқхоналарнинг стандарт қурилмалари маҳсулот етиштириш учун қиш фаслида иситишни талаб этади. Масалан, ушбу хўжалик иситиш учун ўтин билан қиздириладиган 4 та печадан фойдаланилади. 2011-2012 йилларда қиш фаслида қаттиқ совуқ туфайли 4 350 000 сўмлик 80 м3 ўтин ёқилди. Аммо бу ҳам етишмаганлиги туфайли ҳосилни асраб қолиш учун қўшимча равишда олтита мевали дарахт кесилди.
Фермерлар навбатдаги мавсумга тайёргарлик кўрар экан, ушбу хўжалик учун иссиқхоналарни сақлаш ва иситиш масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Энергетик эҳтиёжлар ҳақида бош қотирар экан, ф/х нинг раҳбари Махмуджон Қодиров кўп ўйлаб, қатор чораларни амалга оширган, лекин барча уринишлар беҳуда кетган. Ва оқибат-натижада у Наманган мухандислик-технология институтининг ёш олимларига мурожаат қилди. Олимлар бу борада изланишлар олиб боришди. Аммо назарий изланишлардан кўра амалий қарорлар қабул қилиш, мавжуд хўжалик шароитида техник ечимларни топиш жараённи тезлаштиради. Институтнинг икки ёш олимаси Зульфия Мамадалиева ва Елена Тадаева ишга ғайрат билан киришиб, муаммонинг ечимини топа олишди.
Ушбу мақсадлар ўтин ва кўмирдан фойдаланиш экологик жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас ва саломатлик, фарзандлари ва қишлоқдошлари келажаги ҳақида қайғурадиган хўжалик учун мақбул ҳисобланмайди. Шу сабабли лойиҳа иштирокчилари ишлаб чиқариш мақсадлари учун биогаз технологиясидан фойдалана бошлади. Яқинда жамоа интилишлари муваффақиятли якунланди. Улар реакторининг ҳажми 120 м3 га тенг биогаз ускунасини ишга туширишди. Хўжаликда БГУ нинг жорий қилиниши қатор муаммоларнинг ҳал қилинишига ёрдам берди: чиқиндиларни йўқотиш, санитария аҳволини яхшилаш, энергия тақчиллигини бартараф этиш шулар жумласидан. Айни пайтда ускунанинг ишга туширилиши орқали олинган биоўғит тупроқнинг унумдорлигини оширишга хизмат қилади ва унинг харажатлари тез қопланишига хизмат қилади. Муҳими, энди хўжалик ўз эҳтиёжларини қондиришдан ташқари, беғараз тарзда олинадиган биогазнинг бир қисмини қиш фаслида маҳалий мактабни иситишга йўналтириш имкониятига эга бўлди.
«Ўтган йилдан буён ускунани ишга тушириш борасида иш олиб бормоқдамиз. Айрим қийинчиликлар учради, масалан, ускунанинг айрим қисмларини монтаж қилишга нотўғри ёндашиш каби. Малакали мутахассисларни, хусусан, пайвандловчиларни топиш қийин бўлди. Бошқалар ҳам биз йўл қўйган хатони такрорламаслиги учун уларни огоҳлантирамиз – биогаз олиш учун фақат парранда ахлатларидан фойдаланиш нотўғри қадам бўлди, - дейди «Улуғбеклар» ф/х раҳбари Махмуджон Қодиров. - Парранда ахлати заҳарли бўлиб, унга олдиндан ишлов бермасдан биогаз олишнинг имкони йўқ. Биогаз олиш учун йирик қорамол гўнгидан фойдаланиш маъқул, унда метан ҳосил қилувчи бактериялар сероб бўлади. Албатта, бошқа уй ҳайвонлари гўнгидан, оқава сувдан ҳам фойдаланиш мумкин. Аммо ушбу массада қорамол гўнги кўп бўлиши шарт, - деб қўшимча қилди М.Қодиров.
Жамоа аъзолари кўп уринишлар натижасида тўғри ечимни топа олди. Бу ишлар кўп вақт талаб этди, аммо энди улар ўз самарасини бермоқда. Биогаз ишлаб чиқарилмоқда!


Технологиянинг долзарблиги ва унинг салоҳияти
Лойиҳа жамоаси томонидан аҳолини биогаз технологияси билан таништириш ва уни оммалаштириш борасида кўп ишлар қилинди. Хусусан, лойиҳа раҳбари З.Мамадалиева таъкидлаганидек, вилоят фермерлари технологияга қизиқишмоқда ва лойиҳа амал қилган даврда мавзу бўйича 24 та намойиш семинари ўтказилди. Вилоятнинг саккиз фермери ва уч нафар тадбиркори семинар ўтказилишини сўраб, мурожаат қилди, улар БГУ нинг уй-жойларни иситиш имконияти билан қизиқишмоқда. Янгиқўрғон туманидаги хусусий клиникаларидан бирининг шифокори ҳам шу масалада биозгаз имкониятлари билан қизиқмоқда.
Технологияни ривожлантириш ва уни оммалаштириш масалалари бўйича қуйидагиларни қайд қиламиз. “Ҳамкорбанк”нинг Андижон филиалининг шўъба мудири Умидбек Нажмиддинов семинарда бизни қуйидаги маълумотлар билан таништирди.
Жаҳон банки кўмагида Ўзбекистонда Халқаро Ривожланиш ассоциацияси иштрокида “Қишлоқ хўжалигигни барқарор ривожлантириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини қисқартириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги Қишлоқ хўжалиги корхоналарини реструктуризация қилиш агентлиги ижро органи этиб таийнланган, у қайта тикланадиган энергия манбаларини( ҚЭМ) ривожлантириш ва жорий этиш технологияларини қўллаб-қувватлайди. Ушбу лойиҳа “Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. 2-босқич” лойиҳаси доирасида ҚЭМ технологияларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш учун мўлжалланган кредит маблағларининг бир қисми сифатида кредит ажратилаётган кичик корхоналарга, фермер хўжаликларига грант маблағларини ажратади. Грант улуши кредитнинг узвий қисми ҳисобланади. Кредитлаш суммаси шартларига кўра кредит суммаси фақат янги ускуна ва материалларни харид қилиш учун ажратилади. Лойиҳа бюджетининг 100 фоизидан 75 фоизи кредит бўлиб, фермернинг улуши (унинг шахсий сармояси) 25 фоизни ташкил этади.
Лойиҳа ҳужжатига кўра ҚЭМ технологияларига қуйидагилар киради:
– Биогаз ишлаб чиқариш бўйича ускуна;
– Қуёш коллекторлари;
– Фотоэлектр станцияларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш;
– Биомассадан энергия олиш;
– Шамол ёрдамида энергия олиш;
– Микрогидроэлектростанциялар;
– Қишлоқ хўжалигида энерго самарадорликни ошириш;
– Самарали ирригацион насослардан фойдаланиш.
Кредит линияси Ўзбекистон Республикасининг 8 та вилоятини қамраб олади: Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах ва Фарғона вилоятлари.
Лойиҳада иштирок этадиган тижорат банклар қаторида: ГКБ "Ҳалк банк", АКБ "Ўзсаноатқурилишбанк", АКБ "Қишлок қурилиш банк", АКБ "Турон", ОАКБ "Ҳамкорбанк", АИКБ "Ипак Йўли".
Кредит ва грант ажратиш шартлари ва лойиҳа ҳақида батафсил маълумот: http://www.rra.uz/uz/#uz/content/project/active/ Агентлиги сайтидан олишингиз мумкин.
Шу тарзда, Фарғона водийсининг учта вилоятдаги фермерлар замонавий БГУ ни харид қилиш ва ўрнатиш имкониятига эга, Наманган вилоятида эса бундай ускуна ишга туширилган. Биогаз технологиясига қизиқувчилар бу ерга келиб, ускунани ўз кўз билан кўриш, мутахассисларимиздан маслаҳат олиш имкониятига эга. Фарғона водийси аграр зона бўлганлиги туфайли, бу ерда деҳқончилик ва чорвачиликни ривожлантириш имкониятлари катта. Бир неча саноат корхоналари мавжуд, шу сабабли муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ресурсларни тежовчи технологияларни ривожлантириш ва жорий этишнинг келажаги порлоқ. Энергия олишдан кўра уни тежаш бир неча баробар фойдали.
ГЭФ КГД нинг «Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида истиш ва электр энергиясини олиш учун биогаз қурилмаларидан фойдаланишни намойиш этиш” лойиҳаси мутахассислари ҳақида маълумотлар:
Мамадалиева Зулфия (лойиҳа раҳбари): тел. +99893 6785803; Электрон почта: Mamadaliyeva.zulfiya@mail.ru
Тадаева Елена (маъсул ижрочи): тел. +99869 7099039
Қодиров Махмуджон («Улуғбеклар» ф/х раҳбари): тел. +99869 7018035
Энергия самарадор иссиқхоналар бўйича тақдимот:
тақдимотни юклаб олиш (файл ҳажми 2,73 MB)