The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Нурота лойиҳаси

Ўзбекистонда кўпчилик БМТ ТД–ГИЖнинг “Нурота-Қизилқум биосфера резерватини Ўзбекистонда биологик хилма-хилликни сақлаш модели сифатида яратиш” лойиҳасини эсласа керак. Лойиҳа (2001-2007) ҳақиқатан ҳам ажойиб эди. Афсуски, у ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра резерватни яратиш билан якунланмади. Энди бу ёғи мамлакат ҳукуматига боғлиқ.

ГИЖ КГД лойиҳаси ўртача миқёсли (биз учун катта) лойиҳада бошланган ишларнинг кичик давомчиси бўлди, десак адашмаймиз. Келинг, ҳаммасини тартиб билан баён этамиз. Суҳбатни лойиҳа бўйича нимани муҳофаза қилиш кераклигидан бошлаб, кейин хавфлар ва уларни камайтириш учун нималар қилиш кераклиги билан давом эттирамиз.

Лойиҳа қайси глобал аҳамиятга эга биологик хилма хилликни сақлашга йўналтирилган?

Бу биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича лойиҳадир. У биологик хилма-хиллик бўйича ГИЖнинг исталган лойиҳаси каби биринчи навбатда ниманидир муҳофаза қилади. Лойиҳа амал қиладиган ҳудуд ҳозирги Нурота қўриқхонаси атрофига қаратилган, кенгроқ маънода эса, потенциал биосфера резервати ҳудудига йўналтирилган. Биз ҳамон унинг яратилишига умид боғламоқдамиз.

Хўш, бу ҳудудда ўзи нима бор?

Лойиҳа ҳудуди Ўзбекистон Республикасининг Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятлари туташган зонада жойлашган. Физик-географик жиҳатдан у тоғ этаги текисликлари билан (Фориш чўли) Нурота ва Қойтош (Помир-Олойнинг шимоли-ғарбий тармоқлари) тизмаларини, Мирзачўлнинг ғарбий қисмини, Писталитоғнинг қодиқ тизмасини, Қизилқум саҳросининг жануби-шарқий қисмини ва Ҳайдаркўл-Арнасой кўллар тизимини ўз ичига олади. Ҳудуднинг тексилик қисми лойиҳа ҳудудининг тахминан ¾ қисмини эгаллаган, бу ерда йилига ўртача 200 мм ёғин ёғади, тоғ қисмида эса ёғинлар 300-400 мм ни ташкил этади. Ҳудуднинг иқлим шароитлари Ўзбекистон иқлимининг асосий белгиларини яхши акс эттирган – яъни қурғоқчил ва континентал.

Ушбу ҳудуд биологик ва ландшафт жиҳатдан хилма-хил эканлиги билан Ўрта Осиё учун ноёбдир. Мазкур ҳудуд Помир-Олой ва Тянь-Шан тоғ тизмалари ҳамда Турон пасттекислигидаги дашт текисликлари орасидаги оралиқ зонада жойлашган бўлиб, бутун Ўрта Осиёнинг ўзига хос кичрайтирилган модели ҳисобланади. Бу ердаги нисбатан унча катта бўлмаган майдонда Ўрта Осиёга хос бўлган табиий комплексларнинг кўплаб турлари, шу жумладан қум, гипс, тупроқли ва шўрхок чўллар, қолдиқ пасттоғлар, ўрта баландликдаги тоғлар, адирлар, текисликли ва тоғли сув-сув атрофи экотизимлари тақдим этилган. Фақат баланд тоғлар йўқ, холос.

Ҳудуддаги энг хавф солинадиган ва қимматли экотизимларга тоғ ўрмонлари ва тўқайлар, биринчи навбатда, Нурота тоғ тизмасидаги қайир ёнғоқ дарахтзорлари киради. Улар ёнғоқнинг турли қадимий навлари ва бошқа ёнғоқ дарахтлари навларининг ноёб генетик фондини ташкил этади. Қизилқум чўлининг жануби-шарқий қисмидаги катта майдонни Ўзбекистон ҳудудида бошқа мавжуд бўлмаган табиий саксовул ўрмонлари эгаллаган. Умуман олганда, ўрмон билан қопланган ҳудуд қарийб 49 минг гектар ерни (ҳудуд ерларининг 5% дан камини) ташкил этади. Ўрмон ерларининг катта қисми (46 минг гектарга яқини) Фориш ўрмон хўжалиги таркибига киради, қолганлари эса Нурота қўриқхонаси ҳудудида жойлашган.

Лойиҳа ҳудуди ҳайвон ва ўсимликларнинг кўплаб маҳаллий, ноёб ва қимматбаҳо турларини ўз ичига олувчи бой ҳамда ўзига хос флора ва фаунага эга. Ушбу ҳудуддаги флова ва фаунанинг каттагина қисмини Турон ва Туркистон эндемиклари ташкил этади. Флора ва фаунанинг тур таркиби Ўзбекистондаги флора ва фаунага нисбатан анча юқори репрезентативдир. Ҳайдаркўл-Арнасой кўллар тизими ва Нурота тоғ тизмаси Ўрта Осиёнинг муҳим орнитология ҳудуди рўйхатига киритилган. Ҳайдаркўл-Арнасой кўллар тизими сувда сузувчи ва сув яқинида яшовчи 100 дан зиёд турдаги қушларнинг бошпанаси ва муҳим оммавий қишлов жойларидан бири бўлган минтақадаги энг йирик экотизим ҳисобланади. Ушбу сув ҳавзасини Рамсар конвенцияси рўйхатига киритиш кўзда тутилган.

Бу ердаги флора 1200 турга яқин олий ўсимликларни ўз ичига олади, улардан 41 тури, шу жумладан лолаларнинг 7 та тури, астрагалларнинг 5 та тури, эремурусларнинг 4 та тури, пиёзларнинг 3 та тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Лойиҳа ҳудудидаги ўсимликларнинг 32 та тури Нурота тоғларининг эндемиклари ҳисобланади (шу жумладан, 1 та эндемик монотип Anura тури), 1 та тури – Писталитоғ қолдиғининг эндемиги ва 14 та тур – Қизилқум саҳросининг эндемиклари ҳисобланади.

Ҳудуд фаунаси 2000 та турдан зиёд умуртқасиз ҳайвонларни ўз ичига олади, улардан 11 таси миллий Қизил китобга киритилган. Умуртқали ҳайвонлар фаунаси 409 та турдан иборат: балиқларнинг 22 та тури, амфибияларнинг 2 та тури, рептилияларнинг 32 та тури, қушларнинг 314 та тури (шу жумладан 166 та турдаги кўчиб юрувчи қушлар) ва сут эмизувчиларнинг 39 та тури. Ҳудуддаги фауна умуртқалиларининг 5 та тури I CITES Иловага, 51 та тури – II Иловага киритилган. Лойиҳа ҳудуди орқали кўчиб ўтадиган қушлар орасида Бонн Конвенциясининг I Иловасига киритилган 10 та турдаги ва II Иловага киритилган 79 турдаги паррандалар мавжуд.

Лойиҳа ҳудудида МСОП Халқаро Қизил китобига киритилган 2 турдаги рептилиялар яшайди: Ўрта Осиё тошбақаси ва Ўрта Осиё кобраси. Рептилияларнинг 3 та тури эса Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Мазкур ҳудудда учрайдиган қушларнинг 19 та тури Халқаро Қизил китобга, 37 та тури – Ўзбекистон Қизил қитобига киритилган. Ушбу ҳудуд ноёб ва йўқолиб бораётган қуш турларининг (қўнғироқ бирқозон, “белоглазая чернеть”, қора лайлак, чўл қуйқаси, қора калхат, болтаютар, бургут, илонхўр бургут, тувалоқ (дрофа-красотка) ва бошқ.) муҳим уялаш жойи ҳисобланади.

Лойиҳа ҳудудида яшовчи сут эмизувчиларнинг 7 та тури Халқаро Қизил китобга ва 4 та тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Уларнинг орасида тоғ қўйларининг эндемик тури бўлган Северцов қўйи йўқолиш хавфи остида турибди. У фақат Нурота тоғларида ва Қизилқум қолдиқларида учрайди. Нурота тоғ тизмасида Северцов қўйларининг дунё бўйича популяциясининг 80% дан ортиғи яшайди.

Шундай қилиб, ҳудуднинг ноёб биогеографик характери ва унда кўплаб эндемиклар ҳамда йўқолиш арафасида турган ўсимлик ва ҳайвон турларининг мавжудлиги ушбу ҳудудга биологик хилма-хиллик нуқтаи-назаридан шубҳасиз оламшумул аҳамиятни беради.

Ушбу биологик хилма-хилликка нима хавф солмоқда?

Жиззах вилоятининг Фориш туманида инфратузилма ва ишлаб чиқариш жуда заиф ривожланган, ишсизлик даражаси юқори, шу боис шахсий ёрдамчи хўжалик (аввало, уй чорвасини етиштириш) ва “табиат инъомлари”ни йиғиш маҳаллий аҳолининг асосий ҳаёт манбаини ташкил этади. Аҳолининг қашшоқлиги ва экологик билимга эга эмаслиги, тегишли билим ва кўникмаларнинг йўқлиги ҳамда шунга мос келадиган давлат назорати ва бошқарувининг йўқлиги туфайли табиий захиралардан ваҳшийларча экстенсив усул билан фойдаланишни келтириб чиқармоқда. Одамларнинг онги ва хатти-ҳаракатида табиатга нисбатан истеъмолчилик ва бир сониялик фойда олиш муносабати биринчи ўринда туради.

Ушбу ҳудудда 30 йилдан зиёд ОПТ мавжуд бўлса-да, бу нафақат биологик хилма-хиллик муаммосини ҳал этмаяпти, балки уни қайсидир маънода чуқурлаштиряпти ҳам. Қўриқхона ва ўрмон хўжалиги ходимлари ҳамда атрофдаги қишлоқлар аҳолиси ўртасида ўткир зиддият мавжуд. Маҳаллий аҳоли хўжалик юритишнинг беқарор экстенсив шаклини юргизмоқда, унинг сони кун сайин ошиб бораётир, ер, сув ва бошқа захиралар танқислиги борган сайин кучаймоқда, одатий ҳаёт тарзи ва иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш қийинлашиб бормоқда. Ҳозирги қўриқхона ва ўрмон хўжалигининг ерлари олдин шахсий боғлар ёки жамоа яйловлари ва пичанзорлари бўлган, шу боис маҳаллий аҳоли ҳозиргача ўз аждодларининг ерларидан фойдаланишга “ахлоқий ҳуқуқи” борлигини ҳис қилади. Қонунчилик аҳолига қўриқхона ерларидаги захиралардан фойдаланишни тақиқлаб, ўрмон хўжалиги ҳудудидаги табиий захиралардан фойдаланишни чеклаб қўйган. Бу эса низоларнинг асосий сабабчисига айланмоқда. Бунинг устига маҳаллий аҳоли қўриқхона ва ўрмон хўжалиги захираларидан уларнинг ходимлари ўз мақсадларида фойдаланаётганини мунтазам кузатиб туради. Совет давридан кейинги ҳудуддаги мураккаб ижтимоий-иқтисодий ҳолат бу вазиятни янада чуқурлаштирди (хусусан, қўриқхона ишчилари жуда кам иш ҳақи олгани боис ОПТ захираларидан ноқонуний фойдаланиш ҳисобига яшашга мажбур).

Лойиҳа ҳудудидаги салбий антропоген омилларни учга ажратиш мумкин. Улар биологик хилма-хиллик ва экотизимларга энг миқёсли ва вайронали таъсирга эга:

чорвани ҳаддан зиёд ўтлатиш;

ёввойи ҳайвон ва ўсимликларнинг инсон томонидан бевосита йўқ қилиниши;

дарахт ва буталарнинг кесилиши.

Анча узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган чорвани ҳаддан зиёд ўтлатиш энг катта салбий таъсирга эга. Бунинг натижасида лойиҳа ҳудудида чўллашиш жараёни ривожланмоқда, ерлар ва ўсимлик олами деградацияга учрамоқда, ўсимликлар туркумининг табиий доминантлари уларнинг ёввойи турлари билан алмашмоқда, тоғ ва чўл ўрмонлари майдони қисқармоқда, тупроқ эрозияси кучаймоқда, гидрологик тартиб бузилмоқда, булоқлар қуриб қолмоқда ва тоғ дарёларидан тушадиган сув миқдори камаймоқда.

Бундан ташқари, ўтлатиш оқибатида флора ва фаунанинг ноёб турлари яшайдиган жойлар бузилиб, уларнинг сони камайиб кетмоқда. Масалан, айни пайтда Нурота тоғ тизмасидаги Северцов қўйи ўтлайдиган деярли барча яйловларни (қўриқхонадан ташқари) уй чорваси эгаллаб олган. Уй чорваси ёввойи қўйларнинг ем базасини йўқ қилиши билан бирга бу ерда чорва ва одамларнинг мунтазам бўлиши кучли ташвиш омилини яратади. Натижада экотизимлар деградацияси, безовталиги ва ноқонуний ов туфайли Северцов қўйлари яшаш учун катта майдон мавжуд бўлса ҳам қўриқхонада жуда кўп учрамоқда, ундан ташқарида эса жуда камдан кам ҳолларда кўриш мумкин. Ҳудуддаги ўсимликларнинг эндемик ва ноёб турларига нисбатан эса, чорвани ҳаддан ташқари ўтлатиш биринчи рақамли хавфни ташкил этади. Бунда топтаб ташланишдан ҳатто чорва томонидан истеъмол қилинмайдиган ўсимлик турлари ҳам зарар кўради. Масалан, Қизил китобга киртилган “зайцегуб опьяняющий” ўсимлиги.

Дарахт-бута ўсимликларини йўқ қилиш яна бир жуда кучли салбий атропоген омил ҳисобланади. Аҳоли сонининг тезлик билан ўсиши туфайли маҳаллий аҳолининг қурилиш эҳтиёжлари учун ёғочга ва ёғоч ёнилғисига бўлган зарурати бир неча бараварга ошди. Ёғоч ўтин ҳудуддаги деярли барча қишлоқ аҳолиси учун уй хўжалигини юритишда асосий ёнилғи манбаи ҳисобланади. Лойиҳа ҳудудида фақат бир нечта аҳоли нуқтасигина газлаштирилган. Тошкўмир ва суюлтирилган газдан қимматлиги ва етказиб бериш қийинлиги туфайли деярли фойдаланилмайди.

Шу боис ҳудуддаги дарахтлар ва буталар маҳаллий аҳоли томонидан ўтин ёки қурилиш материаллари учун назоратсиз равишда кесилиб кетилмоқда, уларнинг табиий тикланиши эса чорвани ҳаддан зиёд ўтлатиш туфайли деярли йўқ . Қизилқумнинг жануби-шарқий қисмидаги ноёб тўқайзорлар ёввойиларча кесиб ташланмоқда ва тракторлар ёрдамида илдизи билан қўпорилмоқда. Таъкидлаш жоизки, бунда нафақат қуриган, балки ҳали тирик дарахт ва буталар ҳам йўқ қилинмоқда. Олдинлари анча катта участкаларни эгаллаган тоғ этаклари текисликларига сунъий тарзда экилган қора саксовулзорларнинг катта қисми ҳам ўтин учун кесилиб кетди.

Бунинг натижасида, бутун лойиҳа ҳудуди бўйлаб охирги ўн йиллар ичида сув ва тупроқни муҳофаза қилиш бўйича муҳим аҳамиятга эга, ҳайвонларнинг кўплаб ноёб турлари учун бошпана ҳисобланган ҳамда катта иқтисодий қийматга эга тоғ ва чўл ўрмонларининг майдони сезиларли даражада қисқарди. Кўп ҳолларда тўқайзорларни кесиш, шу жумладан ўрмон хўжалиги ва қўриқхона ҳудудида ҳам ноқонуний равишда амалга оширилади. Дарахт-бута ўсимликларини йўқ қилиш ҳаддан ташқари ўтлатиш билан биргаликда чўллашиш, қумларнинг ҳаракатга келиш жараёнларини келтириб чиқаради. Лойиҳа ҳудудининг тоғли қисмида ўрмонлар кесилиши натижасида сел хавфи сезиларли даражада ошди. Агар 1970 йилгача Нурота тоғ тизмасида селлар жуда кам ҳолатларда қайд этилган бўлса, яъни юз йилдан бир неча марта, ҳозирги кунда бундай табиий офатлар деярли ҳар йили юз бермоқда.

Ҳудуддаги биологик хилма-хилликка таъсир кўрсатувчи учинчи кучли салбий омил – бу инсон томонидан ёввойи ҳайвон ва ўсимликларнинг йўқ қилинишидир. Ов маҳаллий иқтисодиётда муҳим рол ўйнамайди, аммо ҳайвонот оламига сезиларли салбий таъсир кўрсатади. Ов қилинадиган ҳайвонлар ўлжасининг реал ҳажмлари номаълум, чунки ов кўп ҳолатларда назоратсиз, браконьерлик усули билан олиб борилади. Бунда овлаш муддатлари ва қоидаларига амал қилинмайди, нафақат нар, балки ҳомиладор урғочилар ва ёш ҳайвонлар ҳам овланади. Бунинг асосий сабаблари аҳолининг табиатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилигини билмаслиги, табиатга нисбатан истеъмолчилик муносабатида бўлиши ҳамда давлат табиатни муҳофаза қилиш тузилмаларининг самарасиз фаолиятига бориб тақалади.

Лойиҳа ҳудудидаги тартибга солинмаган ов натижасида ёввойи ҳайвонларнинг ноёб турлари (Северцов қўйлари, тувалоқлар (дрофы-красотки), оқ қоринли булдуруқ (белобрюхий рябчик)) камайишда давом этмоқда. Ушбу турлар Қизил китобга киритилганига ва қонун томонидан муҳофаза қилиниши, ва уларни овлаганлик учун катта миқдорда жарималар жорий этилганига қарамасдан, маҳаллий аҳоли ушбу ҳайвонларни овлашда давом этаётир. Нурота қўриқхонаси ташқарисида ҳаёт кечирадиган Северцов қўйлари жуда тезлик билан браконьерларнинг қурбонига айланмоқда. Қўриқхона ҳудудида ҳам браконьерлик ҳолатлари тез-тез учраб туради. 1970-йиллар охирига келиб ушбу ҳудудда жайронларнинг буткул йўқ қилиниши овнинг салбий таъсирига яққол мисол бўла олади.

Шунингдек ноёб турларга кирмайдиган оддий ҳайвон турлари ҳам, масалан, ёввойи тўнғиз ва жайраларнинг фаол равишда таъқиб қилиниши одатий ҳолга айланган. Ушбу ҳайвонларнинг сони фақат қўриқхонадагина яхши, бошқа ҳудудларда эса назоратсиз ов туфайли жуда камайиб кетган.
Овланадиган ҳайвон турларидан ташқари бошқа ёввойи ҳайвонлар ҳам шафқатсизларча йўқ қилинмоқда. Масалан, тоғларда чорва боқувчи маҳаллий ўсмирлар “эрмак учун” қора калхатларнинг уяларига тош отишади. Ҳамма жойда рогатка ушлаб, майда қушларни отаётган ёки уларнинг уяларини вайрон қилаётган болаларни кўриш мумкин. Ҳудудда учрайдиган илонларнинг 10 та туридан фақат гюрза ва жуда кам учрайдиган кобра илонлари одам учун хавфлидир. Шунга қарамасдан, маҳаллий аҳоли қўрққанидан йўлида учрайдиган ҳар бир илонни ва ҳатто илонга ўхшаш калтакесак-сариқ илонни ҳам ўлдиради. Северцов қўйлари озуқа етишмаслиги туфайли заифлашган ва қорли участкаларда тез ҳаракатлана олмайдиган аёзли қишларда қўриқхона чегарасида жойлашган Ухум ва бошқа қишлоқлар аҳолиси (кўп ҳолларда ўсмирлар ва ёш йигитлар) силласи қуриган жониворларни чуқур қорга қувиб, уларни таёқ ва тошлар билан ўлдиради. Мисолларни узлуксиз келтириш мумкин.

Аҳолидаги экологик онгнинг паст даражаси ва экологик саводсизлик табиатга нисбатан бундай муносабатнинг асосий сабабчисидир.

Ёввойи тарзда ўсадиган доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари аҳоли томонидан бепул ва ҳеч кимники бўлмаган “табиат инъомлари” сифатида қабул қилинади. Фориш ўрмон хўжалиги ўсимлик хомашёсининг баъзи турларини режали тартибда тайёрлайди, маҳаллий аҳоли эса ёввойи ўсимликларни назоратсиз йиғади, шу боис бундай маҳсулотларнинг ҳақиқий ҳажми номаълум. Ўсимлик хомашёсини тайёрлаш беқарор усулда олиб борилади, чакалакзорлардан фойдаланишнинг даврийлигига амал қилинмайди, бу популяцияларга жиддий зарар етказади. Айниқса ер остидаги органлари (илдизлари, пиёзлари) тайёрланадиган ўсимлик турларига катта зарар етказилади. Бундай ваҳшийларча ўсимлик хомашёсини тайёрлаш натижасида “аллохруза качимовидная”, “лук смешанный” каби ўсимлик турлари жуда камайиб кетди ва Қизил китобга киритилди.

Хўш, лойиҳа қандай ёрдам беради?

Лойиҳанинг мақсади Нурота қўриқхонаси ва Фориш ўрмон хўжалиги яқинида жойлашган туман маркази ва бир нечта асосий аҳоли пунктларида иш олиб бориш йўли билан лойиҳа ҳудудидаги биологик хилма-хиллик ва экотизимларга кўрсатилаётган салбий таъсирни камайтиришдан иборат.

Мақсадга эришиш учун лойиҳа доирасида биологик-хилма-хилликка таҳдид солаётган хавф-хатарни юмшатиш учун иккита йўналишда иш олиб борилади: 1) маҳаллий аҳолининг хўжалик фаолиятидаги чорвачиликка муқобил равишда этноэкологик сайёҳликни ривожлантиришга кўмаклашиш ва 2) лойиҳа ҳудудидаги аҳоли томонидан биологик хилма-хиллик аҳамиятининг тушунилишини яхшилаш ва бунинг натижасида уларнинг табиатга муносабатини ўзгартириш.

Албатта, юқорида санаб ўтилган салбий омилларни бартараф қилиш учун лойиҳанинг кучи ҳам, ваколати ҳам етмайди, бунинг учун бутун давлат ва фуқаролик жамиятининг давомий ҳамда катта миқёсли саъй-ҳаракатлари талаб этилади. Лойиҳа фаолияти аниқ жойга йўналтирилган, унинг доирасидаги тадбирлар Янгиқишлоқ туман маркази ва қўриқхона ҳамда ўрмон хўжалиги яқинида жойлашган бир нечта асосий аҳоли пунктларида олиб борилади. Мазкур лойиҳа муаммонинг баъзи сабабларига таъсир кўрсатишга ва катализатор ролини ўйнашга қодир. Бунинг натижасида ҳудуддаги вазиятни яхши томонга йўналтириш имкони пайдо бўлади.

Мақсадга эришиш учун лойиҳа ўз олдига иккита аниқ ва ўзаро боғланган вазифани қўйган:

1-вазифа. Биологик хилма-хилликнинг аҳамиятини тўлиқроқ тушуниш учун ўсиб келаётган авлодни экологик онги ва билимини ошириш;

ушбу вазифа доирасида:

(I) ҳудуддаги биологик хилма-хилликдан ҳикоя қилувчи кўчма экспозиция яратилади. Бирталай кўчма стендлар рангли катта форматли фотосуратлар ҳамда маҳаллий флора ва фауна турлари, биринчи навбатда, йўқ бўлиб кетиш арафасида турган ўсимлик ва ҳайвонлар ҳақидаги оммабоп маълумотлар билан жиҳозланади. Экспозиция гиднинг оғзаки тушунтиришлари билан тўлдириладиган визуал ахборотни тақдим этиш орқали аҳолининг хабардорлигини ошириш воситаларидан бири сифатида таъсир қилишга мўлжалланган;

(II) экология сўқмоғи яратилади – мактабдаги дарсларда ёки визуал тарзда ахборотни тақдим этиш ёритилаётган муаммони тўлиқ англаш учун етарли эмас. Бизнинг ҳолатимизда кўчма экспозиция эффекти экология сўқмоғини яратиш эффекти билан кучайтирилади. Ушбу сўқмоқда табиий шароитларда одамлар биологик хилма-хилликнинг бойлиги ва аҳамиятини, шунингдек инсон фаолиятининг оқибатларини кўришлари, ҳас қилишлари ва ўзларига сингдиришлари мумкин бўлади. Экология сўқмоғи нафақат билим орттиришга хизмат қилади, унинг асосий вазифаси табиатда ўзини тута билиш каби экологик маданиятни тарбиялашдан иборат бўлади.

(III) ҳудуддаги биологик хилма-хиллик бўйича электрон маълумотлар базаси яратилади, у барча манфаатдор томонларга лойиҳа ҳудудидаги биологик хилма-хиллик ҳақидаги батафсил ахборотни олишга ёрдам беради;

ва

2-вазифа. Этно-экологик сайёҳликни ривожлантиришга кўмаклашиш;

ушбу вазифа доирасида:

(iv) маҳаллий сайёҳлик маҳсулоти ишлаб чиқилади ва илгари сурилади; ҳамда

(v) маҳаллий сайёҳлик хизматларини ривожлантириш бўйича тадбирлар ўтказилади.

Лойиҳадан ҳозирнинг ўзида олинган натижалар.

Лойиҳа фаолияти авжида бўлса ҳам, ҳозирнинг ўзидаёқ баъзи натижалар ҳақида гапириш мумкин. Улар билан қуйида танишсангиз бўлади:

Лойиҳанинг биринчи вазифаси бўйича лойиҳа жамоаси томонидан улкан ишлар амалга оширилди. Наташа Бешкога алоҳида миннатдорчилик билдиришни хоҳлардик, тайёрланган материалларга у ўзининг билимлари ва қайноқ юрагини берди.

Биз сизга кўчма экспозицияни яратиш учун тайёрланган лойиҳа материаллари билан танишиш имкониятини тақдим этамиз. Экспозиция учун маълумотлардан нафақат лойиҳа ҳудудида, балки бутун Ўзбекистон бўйлаб фойдаланиш мумкин. Чунки ушбу ҳудуд бутун Ўрта Осиё минтақасининг кичрайтирилган нусхаси ҳисобланади.

Бу ерда сиз экспозиция учун тайёрланган лойиҳа ҳудудидаги биологик хилма-хиллик бўйича маълумотлар билан танишишингиз мумкин. Маълумотлар жуда яхши танлаб олинган, чиройли ва ёрқин фотосуратларда тақдим этилган ҳамда ўзбек ва рус тилларидаги матнлар билан бирга берилган. Деярли барча жойда инглиз тилига таржимаси ҳам мавжуд.

Материаллар кўп жойни эгаллаган бўлиб, уларни юклаб олиш учун сизга кўп вақт керак бўлиши мумкин. Аммо агар уларни юклаб олсангиз, бу ўзингиз учун ҳам, маърифатпарвалик фаолиятини юритиш учун ҳам ажойиб материал бўлади. Фотосуратлар жуда яхши сифатда берилган. Тушунишимча, бу Наталья Бешконинг фотосуратлари.

Шундай қилиб,

Йиртқич қушлар (ҳажми 5 МБ)

Қушлар (6 МБ)

Сут эмизувчилар (5 МБ)

Дарахт ва буталар (10 МБ)

Сувда сузувчи қушлар (6 МБ)

Умуртқасизлар (5 МБ)

Амфибия ва рептилиялар (10 МБ)

Ноёб ўсимликлар (8 МБ)

Лойиҳа доирасида мактаб, коллеж ва бошқа ўқув муассасаларининг ўқитувчилари учун “экологик сўқмоқ” ёрдамида машғулотларни қандай қилиб қизиқарли ўтказиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилди. Деярли ҳар бир киши бундай “сўқмоқ”ни яратиши ва мактаб ўқувчилари ҳамда талабалар билан ўтказиладиган машғулотларни қизиқарли қилиши мумкин. Ўз ўрнида бу уларга табиат ва биологик хилма-хиллик нима учун муҳимлигини тушуниб етишга ва уларнинг бу борадаги билимларини оширишга ёрдам беради. Биологик хилма-хилликни ҳамма ерда кўришимиз мумкин – у истиқомат қиладиган ҳудудимизда, бутун мамлакатда, дунёда мавжуд.

Ишлаб чиқилган қўлланмани қуйида юклаб олишингиз мумкин.

Услубий қўлланмани юклаб олиш (Диққат! Ўлчами 1 Мбайт)

Иккинчи вазифа бўйича ҳам кўп ишлар бажарилди. Дяели бир нечта сайёҳлик маҳсулотлари тайёрлаб бўлинди, ҳозир уларни сайёҳлик хизматлари бозорида илгари суриш ишлари фаол кетмоқда. Шундай йўналишлардан бири ҳақида батафсил бу ерда танишишингиз мумкин. Сиз ва дўстларингизга ундан фойдаланишни жуда маслаҳат бераман. Сарфланган пулларингизга ачинмайсиз. Оилангиз, дўстларингизни олиб, ушбу ноёб жойларни бориб кўринг.