The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Тоғли Чош қўрғонимиздан хабарлар

Анчадан бери бизнинг тоғли Чош қўрғонимиздан хабар йўқ эди. Биз уларда иш қандай кетаётгани билан қизиқдик. Сентябрнинг эрта тонгида ГЭЖ КГД жамоаси узоқ сафарга жўнаб кетди.

ГЭЖ КГД жамоаси тоғли Чош қишлоғи томон йўлда (чапдан ўнгга: Гаррий, Алексей, Жамшид)
Йўл анча узоқ бўлиб, бизни лойиҳанинг асосий иштирокчилари – Александр Глазков ва Абдумурод – Денов шаҳри касалхонасида кутишаётганди. Айнан уларнинг иккаласи тегирмон иши учун микроГЭСни ўрнатишда қишлоқ аҳолисига ёрдам беришмоқда. Деновда биз УАЗикка ўтирдик, чунки у ерда бошқа машина юра олмайди. Чош қишлоғига элтадиган йўл ҳақиқатан ҳам кишини ўзига мафтун этади.
Йўлга чиқдик. Олдинда узоқ йўл. Довонда ағдарилиб ётган КА-700 тракторига кўзимиз тушди. Ҳайдовчи бизга яқинда бу йўлда КАМАЗ ағдарилиб кетганини айтиб берди. Унга трактор ёрдамга келган, лекин йўлнинг қиялигига дош беролмай у ҳам ағдарилган. Афсуски, одам ҳалок бўлган экан.

Йўлимизни чиройли жойлар бўйлаб давом эттиряпмиз. Бизнинг асосий йўлбошловчимиз Гаррий техникани ўзи бошқармаганлиги боис ўзини ноқулай ҳис этаётган бўлса, ажабмас. Ёнида унга далда берган ҳолда Жамшид ўтирибди.


Тез орада пастда бизнинг қишлоқ ҳам кўриниб қолди. Тегирмончининг уйигача келдик. Меҳмондўст уй соҳиблари бизни дарҳол дастурхонга чорлашди, аммо олдин ҳамма ишларимизни ҳал қилишимиз лозим. МикроГЭС қаерда қурилганини кўриш учун пастга қараб йўл олдик.

Пастда дарё бўйида бизга таниш бўлган қадимий тегирмон тошига кўзимиз тушди, шу ерлик одамлар ундан ўнлаб, балки юз йиллар олдин фойдаланишган.
Яқинлашаётиб айланаётган ғилдиракдан сочилаётган томчиларни яққол кўрдик. Ишлаётганга ўхшайди. Яқинроқ келдик. Бизнинг айланаётган ғилдирагимизга тошдан тўшалган канал олиб боради. Унинг тепаси сув босимини тартибга солувчи оддий қопқоқ билан ёпилади. Ғилдирак тез айланяпти, у генераторга уланган. Одамларнинг айтишича, уни синаб кўришга улгуришибди, генератор ҳам яхши ишлаётган экан, лекин мен унчалик ишонмадим. Бундан ташқари, лойиҳа шартлари бўйича конструкцияни табиат инжиқликларидан ҳимоя қилиш учун одамлар кичик уйча қуришлари керак эди. У йўқ. Ён томонларида фақат қандайдир бутловчи қисмлар ётибди, холос. Унчалик қувончли бўлмаган манзара. Аммо конструкциянинг ўзи ишчи ҳолатда турганга ўхшайди.


Назаримиз аҳоли томонидан қазилган каналга тушди. У микроГЭС учун барпо этилган тармоғимизни сув билан таъминлаш ва кейин яна дарёга қайтариш мақсадида сувнинг бир қисмини олиб қолади. Сентябрь ойида кузатиладиган тоғли иқлим ҳавосининг ҳарорати қулай бўлмаса-да (сув ҳарорати ҳақида гапирмасаям бўлади), сув шу даражада шаффофки, ўзимни дарёда чўмилишдан тийиб туролмадим. Жаннатнинг ўзи.

Шошяпман, шошяпман
Кўзда тутилган ишлар нима учун ҳалигача бажарилмагани тўғрисида гаплашиш учун қишлоққа қайтяпмиз. Улар кўплаб омилларни рўкач қилишди. “Улар учун шунчалик зарур бўлган тегирмон учун ёрдамимиз, бошқа ҳамма нарсалар бор бўла туриб, одамлар ҳеч нарса қилишмаса, унда, умуман, бошқа лойиҳалардан нимани кутиш мумкин?!” – деган ўй миянгдан кетмайди. Умид қилишдан бошқаси қолмади. Ҳамма электрик топишни ва бир ҳафтадан сўнг бошланган барча ишларни якунлашни қасам ичиб ваъда қиляпти.
Ертўлада ўрнатилган тегирмонни кўрдик, у ишлашни бошлаш учун электр қувватини кутяпти, холос. Тегирмон бу ердаги барча одамларнинг дастурхонига нон бўладиган унни чиқарган ҳолда тез орада ишлашни бошлашига жуда умид қиламиз.


P.S. Сафаримиздан сўнг бир ҳафта ўтганидан кейин яхши хабарлар олдик – тизимни қуриш ва созлаш бўйича барча ишлар ўз ниҳоясига етибди. Буни тасдиқловчи фотосуратларни ҳам олдик.
Ҳозир маҳаллий аҳоли тегирмондан ортиб қоладиган электр қувватини ўзаро тақсимлаш ва унинг учун ким ва қанча тўлаши ҳақида келишиб олиш устида ишлашяпти.

МикроГЭСнинг ушбу моделини йиғиш бўйича йўриқнома тайёрланяпти, биз уни тез орада эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Фотосуратларимизни томоша қилинг ва тоғли Чош қишлоғи аҳолиси учун суюнинг.