The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Томчилатиб суғориш ҳақида бир неча сўз

Йўл ҳамма вақт қизиқ кечади. Машина ойнаси ортида ҳамма нарса ўзгариб туради, ҳар доим олдингидан ҳам янгироқ нарсалар чиқади. Мамлакат бўйлаб сафардан сўнг ортга қайтар эканмиз, яна бир қизиқ нарсага дуч келдик. Дўстимизни кўриб ўтишга қарор қилдик. Биз янги танишларимизнинг илтимосига кўра бу қаерда бўлиб ўтганини гапириб ўтирмаймиз. Кейинроқ ўзингиз англаб етасиз. Дўстимиз табиатни муҳофаза қилиш ишлари билан шуғулланишимизни яхши билади, у бизга мана бу воқеани сўзлаб берди:

У яшайдиган қўрғон ёнида чўл бор эди – гиёҳ ўсмайдиган мутлақо текис ер, яйлов сифатида ҳам унчалик яхши эмасди. Барибир қурғоқчил ҳудуд-да. Баъзи бир одамлар умумий майдони 400 гектар келадиган бу майдонни олиб, у ерда замонавий томчилатиб суғориш тизимини ўрнатишади ва ажойиб ҳосил олишади. 400 гектар ернинг ҳаммасига маккажўхори экишган экан. Одамларнинг айтишича, улар бу ишга 3 миллиард сўм маблағ сарфлаб, 18 миллиард сўм миқдорида даромад олишган. Аммо бу одамлар орасидаги миш-миш холос. Албатта, бундай ахборотни бизга ҳеч ким ҳеч қачон бермайди. Аммо биз миш-мишларни синаб кўриш учун бу мўъжизани ўз кўзимиз билан кўришга қарор қилдик.

Биз атайлаб йўлдан четга чиқдик ва бу ерларни топдик. Биз ҳақиқатан ҳам маккажўхори билан қопланган улкан далаларни кўрдик. Ҳар бир қаторга махсус трубка ўтказилган, ҳар бир ўсимликнинг остида сув томчилаб турибди. Ҳаммаси автоматлаштирилган. Биз яқинроқ келиб, фермерлар билан танишдик. Улар бизга технология ҳақида, бу ишларни қандай бошлаганлари ва ҳаммаси қандай ишлаётгани ҳақида гапириб беришди. Албатта, молиявий ахборотни беришгани йўқ ва улар ким, бу қаерда эканини айтмаслигимизни илтимос қилишди. Аммо факт фактлигича қолаверади. Демак, томчилатиб суғориш технологияси Ўзбекистонда жуда яхши ишлар экан.

Бу, шубҳасиз, ушбу технология қиммат, Ўзбекистондаги сув муаллақ заррачаларга бой, улар оғир ва бизнинг мамлакатимизда ишламайди, деб гапирувчилар учун фактдир. Ишлаяпти! Ким хоҳласа, ўша ишлайди. Биз бу манзарадан лол қолдик. Демак, бизда ҳам табиий ресурсларга капитал сифатида қарайдиган, уни асраб, оқилона фойдаланадиган, унга сармоя сарфлайдиган фермерлар ва ақлли инвесторлар бор экан. Улар сарфлаган сармоя ошиғи билан қайтмоқда. Қишлоқ хўжалиги, ҳар қандай ишлаб чиқариш каби, аниқ, профессионал ёндашувни талаб этади. Бунда ишлаб чиқаришдаги барча омиллар эътиборга олинади, ер ва сув ҳам капитал ҳисобланади, у сизга бирор нарса бериши учун унга ниманидир сарфлашингиз керак. Томчилатиб суғориш ҳақидаги кичик ҳикоямиз ана шундан иборат.