Дўстлар, ҳаммага салом!
Бизда ажойиб янгилик бор, у ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди деб умид қиламан.
Биз Ўзбекистоннинг ёввойи табиатини ҳимоя қилишни тарғиб этиш бўйича лойиҳамиз учун энг яхши слоган танловини эълон қиламиз.
Лойиҳада кўплаб ҳамкорлар иштирок этмоқда, аммо, келинг, ҳаммасини бир бошдан бошлаймиз.
Бироз тарихдан
Лойиҳа ғояси менинг дўстимда, яъни дизайнер Екатерина Ковшовада пайдо бўлди. Айнан у бошқа мамлакатларда ушбу йўналишда кўп ишлар қилинаётгани (масалан, ҳозир Россияда йўлбарс, сайғоқ ва ҳоказоларни асраш бўйича дастурлар фаол тарзда қўллаб-қувватланмоқда), аммо, афсуски бизда бу борадаги ишлар ҳали камлиги тўғрисидаги баҳсни бошлаб берди.
Кишиларнинг эътиборини жалб этиш учун шундай қилиш керакки, кишиларнинг эътибори ўз-ўзидан шунга қараши лозим. Тафтология, аммо шунга қарамасдан, буни қандай амалга ошириш мумкин? Бу ишга ўзимизнинг ҳамма танийдиган таниқли ўзбекистонлик кишиларни (эстрада, спорт юлдузлари) жалб этиш ғояси туғилди. Машҳур кишилар ёввойи ҳайвонлар кўринишида чизилади, кейин яхши сураткаш томонидан фотосуратга олинади ва шу кўринишда тақдим этилади.
Бунда машҳур кишилар ўзларининг ёввойи табиатга муносабатини оғзаки билдирадилар.
Шу тарзда ёввойи, аммо “ёқимтой” ҳайвон ниқоби остидаги машҳур киши кўринишидаги визуал образ якуний объектга айланиши режалаштирилмоқда. Унинг ёнида эса фамилияси ва айтган сўзлари бўлади, буларнинг барчаси битта шиор (слоган) остида бирлаштирилади.
Боди-арт ёрдамида визуал образни Екатерина Ковшованинг ўзи яратадиган бўлди. Таналари чизилган юлдузларнинг ажойиб фотосуратларини яратишга эса ажойиб сураткаш Светлана Канаки ва унинг студияси рози бўлди. Ҳозир биз юлдузларни ва улар учун образларни излаяпмиз.
Иккита юлдуз ҳозирнинг ўзидаёқ ушбу тадбирда қатнашишга рози бўлди. Бу DJ Petishka ва Лариса Москалева. Биз лойиҳамизда иштирок этишга рози бўлгани ва биринчилардан бўлишга қўрқмагани учун улардан беҳад миннатдормиз. DJ Petishka укки кўринишида, Лариса Москалёва эса силовсин кўринишида тақдим этилади.
Илк чизгиларни кўришингиз мумкин. Ҳозир бошқа юлдузлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Агар ҳамкорлар ёрдам бермаганида, буларнинг барчаси ғоялигича қолиб кетарди. Хўш, булар қаерда намойиш этилади. Бу борада биз JcDecaux реклама кампаниясининг ёрдамига умид қиляпмиз. Айнан шу компания беғаразлик асосида шаҳар бўйлаб ижтимоий рекламани жойлаштиришда БМТнинг Тараққиёт Дастури (БМТТД)га ёрдам беришга рози бўлди. Айнан шунинг учун биз бу образларнинг барчасини миллионлаб кишилар, жу жумладан пойтахт меҳмонлари ҳам кўришига умид қиляпмиз.
Тошкент кўчалари бўйлаб билбордларни жойлаштиришдан ташқари, тақвим яратиш ва уни йил якунида бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқатиш ғояси ҳам туғилди. Тақвимда 12 та ой, демак бизга 12 та машҳур шахс керак. Аммо биз юлдузларнинг 11 та образини яратмоқчимиз, 1 та образни эса танловимиз ғолиби учун қолдирамиз.
Энди эса, танлов ҳақида...
Ушбу лойиҳа учун энг яхши слоган танлови эълон қилинади. Илья Ибулаевдан битта ғоя ҳозирнинг ўзидаёқ бор, уни бу ерда мисол сифатида келтираман – “Ноёб кишилар, ноёб ҳайвонлар ҳақида”. Оламда шундай лўнда слоганлар борки, кишининг юрагида қолади. Шахсан менга, масалан, Levi’s компаниясининг кийимлар ҳақидаги слогани ёқади - “We keep them simple, you make them special” (эркин таржима – “Биз либосларимизни оддий қилишга ҳаракат қиламиз, аммо айнан сизлар уни ноёб қиласизлар”).
Слоганни рус тилида ҳам, ўзбек тилида ҳам жўнатишингиз мумкин. Агар иккала версияда ҳам берсангиз, сиздан жуда миннатдор бўлардик. Агар бунинг иложи бўлмаса, ҳеч бўлмаганда битта тилда жўнатинг. Таржимасини ўзимиз бажаришга ҳаракат қиламиз.
Демак, кимки ғолиб бўлса, кимки лойиҳамиз учун энг яхши слоганни юборса, ўша киши юлдузларимиз ёнидан жой оладиган қаҳрамонимизга айланади.
Албатта, танловимизга слоганингизни жўнатар экансиз, биз ундан лойиҳамиз учун эркин ва бепул фойдаланишимизга рози бўлишингизни эслатиб ўтиш, ортиқча деб ўйлаймиз. Ўз слоганларингизни шу ернинг ўзига жойлаштиришингиз мумкин. Эълон ҳам параллел равишда ГЭЖ КГДнинг Facebook даги саҳифасида жойлаштирилган.
Слоганни ГЭЖ КГД нинг интернетдаги саҳифасида жойлаштириш тақдим этилган иш сифатида қабул қилинади.
Шундай қилиб, дадиллик билан ишга киришинг! Креатив ғояларингизни кутиб қоламиз.