The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Арид шароитларда қишлоқ хўжалиги – муаммонинг ечими бор!

Мени тасодифан нолга тенг технологиялар бўйича семинарлардан бирига таклиф қилишди. Ушбу семинар ИКАРДА ва ФАО лойиҳалари натижаларига бағишланган эди. Мен у ерга олимлардан бири билан учрашиб, шартли равишда суғориладиган ва лалмикор ерларда алмашлаб экиш имкониятлари ҳақида суҳбатлашиш учун келган эдим. Ҳозирги пайтда Жиззах вилоятида ана шундай лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

Ҳар доим қанчалик кўп қизиқарли ва янги маълумотларни билиб олиш мумкинлигига ҳайрон қоламан. Жамоамиз нолга тенг ишлов бериш технологияси билан яхши таниш, деб ўйлаган эдим. Бизнинг ўз лойиҳамиз, мақолаларимиз ва олинган сабоқларимиз бор. Барибир бу масалада ҳам янги фикрлар билан танишиш мумкин. Муҳими – ана шу янгиликни Ўзбекистонга олиб келиш, бу ерда татбиқ қилиш, шу заминга бирон бир фойда келтириш мумкин.

Ана шу семинар давомида ҳам мен Ўзбекистонга татбиқ этиш мумкин бўлган қатор янгиликларни билиб олдим.

Биринчидан, мен яна бир бор шунга ишонч ҳосил қилдимки, бизнинг қурғоқчил, сув бебаҳо неъмат ҳисобланган, қишлоқ хўжалигини суғоришсиз юритиш мумкин бўлмаган, унумдор тупроқларнинг ҳажми чекланган шароитларимизда муаммонинг ягона ечими – бу деҳқончиликни тупроқни ҳимоялаш усулига ўтказишдан иборат.

Фақат шу йўл билан суғориладиган ерларимиз чекланган бир шароитда биз ҳосилдорликни сақлашга ва оширишга эришишимиз мумкин. Ушбу технология тупроқни сақлайди, ҳосилдорлигини оширади, демак биз бой ҳосилга эга бўламиз. Нолга тенг ишлов бериш сувни тежайди, демак тежалган сувни бошқа муқобил ишлаб чиқаришга ёки фойдаланишга (шу жумладан экологияга оид, денгизга оқишга имкон берадиган тарзда) йўналтириш мумкин бўлади. Шу жиҳат ҳам муҳимки, мамлакатимиз аҳолиси сони тобора ортиб бормоқда, ер ҳажми эса ўзгаришсиз қолаверади. Яъни, йил сайин аҳоли жон бошига нисбатан мавжуд ерларимизнинг ҳажми қисқариб боради. Айни пайтда аҳолини боқиши лозим бўлган унумдор ерлар камайиб бормоқда. Ҳолбуки аҳоли кўпайиб боргани сайин майдон бирлигига нисбатан кўпроқ ҳосил олиш керак бўлади. Ҳосилнинг сифати ва унумдорлик тушиб бораётган бир шароитда бунга қандай қилиб эришиш мумкин? Келгусида бу борада инқирозга йўл қўймаслик учун, бир йил ҳам кечиктирмай туроқнинг сифатига бугун сармоя сарфлашимиз зарур. Шу сабабли ГЭФ КГД бу йўналишда фаол иш олиб боради.

Тупроқни ҳимояловчи деҳқончиликка ўтишнинг иккинчи муҳим омили тобора яққолроқ намоён бўлмоқда, зеро ушбу технология ёғилғи ресурсларини тежайди. Ҳозирги пайтда дизель ёқилғиси қиммат туради, ва қишлоқ хўжаликлари амалиётларини бажаришга етишмайди. Семинарда қизиқарли диаграмма келтирилди – ёқилғи нархлари ошишини ва Қозоғистонда дон нархи ошиши билан қиёслаш. Мен Ўзбекистон бўйича нархлар билан таниш эмасман, аммо диаграмма умумий вазият ҳақида тушунча бериши билан қизиқарлидир. Ёқилғи нархларининг (қизил чизиқ) ва дон нархларининг (кўк чизиқ) ўсишини қиёсланг.

Қозоғистонда дон (буғдой) нархи ва ёқилғи нархини қиёслаш (1982-2012)

Фарқини кўряпсизми? Нолга тенг, тўғридан тўғри экиш пайтида экинга боғлиқ равишда ёқилғи харажатларининг қисқариши 30 дан 60 % гача бўлган миқдорни ташкил қилади. Ерга ишлов бериш амалиётлари, ёқилғи, меҳнат, суғориш харажатлари ва бошқа амалиётлар харажатлари қисқаради. Дастлабки йилларда анъанавий ишлов беришга нисбатан ҳосилдорликнинг бирмунча, жуда кам миқдорда қисқаришига қарамай (тупроқ таркиби табиий жараёнлар билан тикланмагунча, нолга тенг ишлов беришнинг рентабеллиги анъанавий усулга нисбатан 20-40 % ортиқдир. Нолга тенг ишлов бериш самараси 5 йил узлуксиз қўлланилганидан сўнг намоён бўлади. Бунда тупроқнинг ошган сифати амал қила бошлайди, демак юқори ҳосил олинади, рентабеллик ҳам ортади.

Ҳозирги пайтда ушбу технология барча жойларда қўлланилади, аммо Ўзбекистонда ҳамон оммалашмаган. Зеро, ҳосил олиш учун ерни ҳайдаш керак, деган қарашни ўзгартириш жуда мушкул. Тупроқни шудгор қилмаслик нотабиий. Қозоғистонда тупроқни ҳимояловчи деҳқончиликни қўллаётган фермерларга ҳукумат 1 гектар учун 6 доллардан маблағ бермоқда.

Технология оммалашувининг муҳим омилларидан бири ускуналардан фойдаланиш имконияти ҳисобланади. Йирик ишлаб чиқарувчиларда нолга тенг (тўғридан тўғри) экиш сеялкасининг нархи 40 мингдан 500 минг долларгача бўлган қийматни ташкил қилади. Семинар давомида шуни билиб олдимки, Сирия ва Ироқда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар оддий устахоналарда ана шундай сеялкаларни ишлаб чиқарар экан, ва уларнинг нархи бир неча баравар арзон – 2,5 мингдан 10 минг долларни ташкил этар экан. Ва улар амалда яхши ишламоқда. Балки мамлакатимизда ҳам ана шундай сеялкаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкиндир? Мен Қашқадарё ғаллачилик институти ва КРАСС ИИБ ана шундай сеялкаларни ишлаб чиқариш бўйича тажрибалар ўтказаётганини эшитдим. ГЭФ КГД ана шундай сеялкаларни маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ривожлантиришга кўмаклашиш ниятида.

Мен семинарда билиб олган яна бир ажойиб ғоя - alley cropping, ёки қаторли (аллеяли) деҳқончилик ҳақида эди. Ўзбекистонда мен бундай усулни томорқаларда кузатган эдим, аммо буни йирик фермер хўжаликларида қўллаш ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. Ғоя эса ажойиб бўлиб, қайсидир жиҳатдан далани ҳимояловчи ўрмон полосаларини эслатади. Биз эса буни ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз.

Қаторли деҳқончилик аслида экинларни азотни тутувчи дарахтлар ва буталар ўртасида экишни кўзда тутади. Дарахтлар ёки буталар тупроқнинг чуқур қатламларидан озуқа моддаларини сўриб олиб, тупроқнинг устки қатламларида азотни бириктиради, ернинг сифатини яхшилайди ва қатор оралиғида экилган экинларга зарур элементларни етказиб беради.

Айни пайтда бундай технологиянинг яна бир яхши томони бор. Бизнинг қурғоқчил шароитларда лалмикор ерларда бундай технологияни қўллаш орқали кўпроқ ҳосил етиштиришимиз мумкин. Чунки дарахтлар ва буталар қаторлари ҳимояловчи полосалар сифатида амал қилади, шамолнинг тезлигини, тупроқнинг юзасидан буғланишни қисқартиради, тупроқнинг намлигини сақлайди. Демак бундай технология экинларнинг яхшироқ парваришланишига ёрдам беради. Бундан ташқари, юқоридаги расмда кўрсатилганидек, буталар қаторлари ҳосил йиғиб олингандан кейин чорвани боқишда табиий тўсиқ сифатида амал қилади. Бу усулнинг фойдаси кўп.

Ҳозирги пайтда ГЭФ КГД ушбу технологияни фаол ўрганиб, унинг мамлакатимизда қўлланишини оммалаштиришни режалаштирмоқда. Биз тупроқни ҳимояловчи деҳқончиликни, айни пайтда қаторли деҳқончиликни қўллаб-қувватлаймиз. Дунёда ушбу технологиялар биргаликда қўлланилади.

Барча фермерларга, уларнинг танишларига мурожаат қиламиз – зеро кўпроқ одамлар ушбу ахборотдан хабардор бўлсин. Биргаликда Ўзбекистондаги тупроқнинг сифатини яхшилаб, унумдорлигини оширайлик.