The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Форишда экологик танлов якунланди

Форишда маҳаллий ўрта умумтаълим мактабларининг ўқувчилари орасида ўтказилган “Жонажон ўлкам табиати” экологик танлови ўз якунига етди.
Баҳорги мактаб таътили даврида Жиззах вилоятининг Фориш туманида ГЭЖ КГДнинг ““Нурота-Қизилқум” ахборот экология марказини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ўтказилган экологик танлов якунланди.

Фориш туман халқ таълими бўлими ва ГЭЖ КГДнинг миллий координатори томонидан тасдиқланган танлов Низомига кўра танловнинг биринчи босқич иштирокчилари ёзма уй вазифасини тайёрлашлари, яъни “Жонажон ўлкам табиати” мавзусида иншо ёзишлари керак эди. 2010 йилнинг 9-15 март кунлари кўчма фотокўргазма чоғида ва туман халқ таълими бўлими йиғилишида танлов ҳақидаги эълонлар Фориш туманида жойлашган барча мактабларга тарқатилди. Охирги иншолар 2010 йилнинг 22 мартида топширилди. Ҳаммаси бўлиб танловнинг биринчи босқичида 22 та умумтаълим мактабининг 7-9 синф ўқувчиларидан 42 та ўқувчи қатнашди.

Иншолар иккита мезон бўйича баҳоланди:

1) мазмуни (мавзунинг тўлиқ очиб берилиши, баён этиш кетма-кетлиги, услуби, берилган мавзу бўйича ўз нуқтаи-назарини баён этиш қобилияти, бадиий адабиётлардан ва бошқа ахборот манбаларидан фойдаланиши, эмоционаллиги);
2) билимдонлиги. Ҳар бир кўрсаткич бўйича максимал баҳо – 5 балл, иншо учун умумий максимал баҳо – 10 баллни ташкил этди.
42 та иншодан максимал 10 баллни уч нафар иштирокчи, 9 баллни – олтита иштирокчи, 8 баллни – йигирма учта иштирокчи, 7 баллни – еттита ва 6 баллни – учта иштирокчи қўлга киритди.

Биринчи босқич натижалари бўйича иккинчи финал босқичига 10 нафар иштирокчи чиқди. Уларнинг орасида энг катта баҳони олган (9-10 балл) 9 та иштирокчи ва 8 балл тўплаган энг яхши иншолардан бирининг муаллифи бор. Ўн нафар иштирокчи танловнинг биринчи босқичидан муваффақиятли ўтди. Булар Мафтуна Норбекова (5-сонли мактаб, 9-синф), Мафтуна Очилова (12-сонли мактаб, 9-синф), Шохруҳ Бобоев (15-сонли мактаб, 9-синф), Ойдин Садфуллаева (20-сонли мактаб, 8-синф), Чарос Элибоева (33-сонли мактаб, 9-синф), Бинафша Мавлонова (55-сонли мактаб, 7-синф), Барчиной Турғунова (59-сонли мактаб, 7-синф), Шодиябегим Шарофий (59-сонли мактаб, 8-синф), Дилдора Тўғилбоева (68-сонли мактаб, 8-синф), Маҳлиё Иняминовалар (79-сонли мактаб, 9-синф).

Ҳакамлар ҳайъати таркибига ўқитувчилар, журналистлар, туман халқ таълими бўлими ходимлари, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассислари кирди. Улар бир овоздан берилган мавзуни яхши очиб берган 5 нафар иншо муаллифини танловда фаол қатнашгани учун фахрий ёрлиқлар ва рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирлашга қарор қилишди. Матонатли курашда ғалабани энг яхши ўқувчилар қўлга киритди: улар – Машҳура Одилова (1-сонли мактаб, 7-синф), Шоҳида Хафизова (1-сонли мактаб, 8-синф), Гулшода Алибекова (7-сонли мактаб, 8-синф), Зарнигор Амирова (12-мактаб, 7-синф), Дилноза Фархатова (15-сонли мактаб, 7-синф).

Танловга тақдим этилган иншолар бўйича Шодиябегим Шарофий, Маҳлиё Иняминова ва Барчиной Турғуновалар ўзларининг адабий қобилиятларини ёрқин намоён этишди. Ушбу иштирокчиларнинг иншоларини туман ва вилоят матбуотида, шунингдек ГЭЖ КГД сайтида чоп этишга қарор қилинди.

Иккинчи босқичда иштирокчилар 4 та савол ва бир топишмоққа жавоб беришди. Тўғри жавоб берганлар қўшимча саволга ҳам жавоб беришди.
Экологик викторина натижалари бўйича ўн нафар иштирокчи орасидан энг катта 21 баллни Кулба қишлоғидаги 12-сонли мактаб ўқувчиси Мафтуна Очилова тўплади. У биринчи ўринни қўлга киритиб, рақамли фотоаппарат билан тақдирланди. Иккинчи ўрин Эгизбулоқ қишлоғидаги 15-сонли мактаб ўқувчиси Шохруҳ Бобоевга насиб этди. Унга дурбин совға қилинди. Мавлянова Бинафша – Паст кишлогининг 55-сонли мактаб ўқувчиси учинчи ўринни қўлга киритди. Унга фотоаппарат тақдим этилди.

Ғолибларни тантанали равишда лойиҳа ходимлари ва ГЭЖ КГДнинг ассистенти Нодира Муҳаммадқуловалар тақдирлашди. Иштирокчилар нафақат ГЭЖ КГДнинг совғаларига, балки “Камолот” ЁИҲ туман бўлимининг фахрий ёрлиқларига ҳам эга бўлишди. Танлов иштирокчилари ўқийдиган мактабларга лойиҳанинг “Муҳим орнитологик ҳудудлар” деб номланувчи плакатлари ҳам топширилди. Бундан ташқари, ғолибларга “Ўзбектелефильм” ДУК режиссёри Э.Мирзаевнинг табиат тўғрисидаги “Нуротанинг тўрт фасли”, “Морхўр изидан”, “Табиат билан юзма-юз” ҳужжатли фильмлари ҳамда инсоннинг сайёрага таъсири ҳақидаги “HOME” (Сайёра билан учрашув) ҳужжатли фильми ёзилган CD-дисклар тақдим этилди.

Танлов якунида ўқувчилар ва ўқитувчилар ҳамда фарзандлари учун қайғуришга келган ота-оналар танлов ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб, ўз мактабларида ҳам атроф-муҳит муҳофазаси мавзусида шундай танловларни ўтказишга қизиқиш билдиришди.
Фотосурат http://www.sxc.hu сайтдан олинди.