Ўтган душанба куни, 2010 йилнинг 13 сентябрида, янги таркибдаги грант қўмитамизнинг дастлабки мажлиси бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, лойиҳаларни маъқуллаш бўйича қарорларни қабул қиладиган Миллий Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг янги, ҳисоб бўйича иккинчи таркиби тасдиқланган эди. Охирги тасдиқдан кейин юз берган ягона ўзгариш – бу БМТТД дан илгари сурилган номзод. Хуршид Рустамов бошқа ишга ўтиб кетди, шу боис айни пайтда БМТТД грант қўмитаси аъзолигига янги номзодни кўриб чиқмоқда.
Шундай қилиб, янги қўмита биринчи бор учрашди ва натижаларни олишга ҳам улгурди. Олдинига, янги таркиб учун ГЭЖ КГД қандай ишлаши ҳамда лойиҳаларни кўриб чиқиш асосида қандай мезонлар ётиши тўғрисида ўқув семинари ўтказилди. Тренинг якунида кўриб чиқишга мисол сифатида ГЭЖ КГД га тушган реал ариза олинди. Бу Қорақалпоғистонда фито-мелиорация бўйича ариза эди.
Мунозаралар узоқ ва қизғин кечди. Фермерлар уюшмасининг вакили Мирзоҳид Йўлдошев бу масалани муҳокама этишда қатнаша олмади, чунки ариза Қорақалпоғистон Фермерлар Уюшмасидан берилган эди. Шунингдек, мажлисда Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг вакили ҳам қатнаша олмади. Шу тарзда, қарор қабул қилишда фақат 7 киши иштирок этиши мумкин эди, бироқ ГЭЖ КГД регламенти бўйича қарор бир овоздан қабул қилиниши керак. Афсуски, бу юз бермади. Катта баҳс-мунозарадан сўнг 4 киши лойиҳа “тарафдори”, 3 таси эса “қарши” ёки бетараф бўлди.
Миллий Координатор иш борадиган туманлардаги фермерлар билан уларнинг хоҳиш-истаклари ва лойиҳага муносабатини аниқлаш мақсадида учрашиши керак деган хулосага келинди.
Эртасига Миллий Координатор (МК) маҳаллий ҳокимият органлари ва фермерлар билан учрашиш учун Қорақалпоғистонга йўл олди. МК тасодифий фермерларни сўровдан ўтказиши кўзда тутилган эди. Аммо бунинг иложи бўлмади. Шунчаки бунга вақт етмади. Аммо Қонликўл ва Кегейли туманларининг ҳокимлари билан суҳбат жуда унумли ўтди. Воқеа қуйидагича юз берди.
Илк учрашув Қонликўл тумани ҳокими Тулубай Турсунбаевич Ибрагимов билан бўлди. Мазкур туман БМТТД-ГЭЖ нинг “Қорақалпоғистонда Амударё дельтасидаги тўқайзорларни сақлаш ва муҳофаза қилинадиган ҳудудлар тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳасининг иштирокчиси ҳисобланади. Лойиҳа учун бу туманнинг танланиши ҳам тасодиф эмас. Бўлғуси тўқай биосфера резерватининг буфер зонаси ҳудудида биз жорий этадиган барча яхши технологиялар шу ҳудудда яшовчи одамларга ижобий таъсир қилади ва муҳофаза қилинаётган биологик захираларга тушадиган юкламани камайтиради. Айни пайтда Қонликўл туманида ерга нулли ишлов бериш лойиҳаси фаолият кўрсатмоқда.
Биз Қонликўл тумани ҳокими билан икки соатдан кўпроқ суҳбат қурдик. Ҳоким масаланинг моҳиятини яхши тушунар экан, ҳаммасини батафсил сўраб олди, ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди. Умуман олганда, Ҳоким бизга жуда муҳим қўшимча маълумотларни берди, деб айтиш мумкин. Масалан:
Одамлар Қорақалпоғистонда қадимдан ўзларининг беда ўсимлиги билан машҳур бўлишган. Уларда совет даврида машҳур уруғчилик хўжаликлари фаолият юритган. Беда ҳам ҳар доим буғдой билан бирга экилган. Қорақалпоғистонликлар буни қандай қилишни яхши билишади. Фермерларда “агар беда эксанг, у буткул айнигунича 4-5 йил даладан ўриб олмаслик керак”, деган одат ёки стереотип мавжудлиги бошқа гап. Лойиҳамиз томонидан таклиф этилаётган схема – “2 йил беда экилиб, яна бир ҳосилни
баҳорда олиш” – жуда мафтункор ғоя бўлиб, бу уларга ёқиши мумкин. Иккинчи йили беда энг катта ҳосилини беради. Учинчи йилда ҳам ҳосил яхши бўлади. Умуман олганда, ҳоким бу таклифга жуда қизиқиб қолди ва кўпгина фермерлар бу усулни жорий этишга рози бўлишларини айтди.
Тритикале-нўхат – бу ҳам кишини ўзига тортувчи ғоя, аммо унинг ўзига хос жиҳати бор. Гап шундаки, ғўза асосан апрелда экилади. 15 май – ғўза экишнинг энг кеч муддати. Лойиҳа режаси бўйича эса тритикале+нўхат яшил массасини май ойининг бошида йиғиб олиш керак. Пахта экишнинг энг кеч муддатига қадар кўпи билан фақат 10 кун қолади. Умуман олганда, улгуриш ва уни синаб кўриш мумкин. Кечки пахта ҳар доим бор ёки тритикале+нўхатни эртароқ йиғиб олиш мумкин, яъни бу вариант ҳам қизиқарли. Аммо баҳорда жуда аниқ ишлашга тўғри келади: дуккакли-бошоқли аралашманинг яшил массаси йиғиб олинганидан сўнг дарҳол унинг илдизлари ва поялари ҳайдалиб, пахта экилади.
Шундай қилиб, жаноб Ибрагимов ғоямизни қўллаб-қувватлади ва лойиҳа уни камида 15 гектар ерда синовдан ўтказиши кераклигини айтди. Афсуски, ҳозирча бизда бундай миқдорда уруғ йўқ.

Беда – тупроқ учун жуда фойдали ўсимлик
Қонликўл ва ортга – 300 км йўл, кейин яна Кегейлига, бизни Кегейли тумани ҳокими Полатбой Базарбаевич Иматов кутаётганди. Жаноб Иматов ғоя муаллифлари ва ғоянинг ўзи билан анчадан бери таниш. Шу боис суҳбатимиз тафсилотларни муҳокама қилиш йўналишида ўтди. Маълум бўлишича, у бу ғояни яхши биларкан ва қўллаб-қувватлар экан. Шу ернинг ўзида инновацияларга тайёр ва янги технологияни синаб кўришни истаётган ёш фермер билан гаплашдик. Ҳокимнинг ўзида ҳам лойиҳага киритиш мумкин бўлган таклифлар бор эди. Масалан, бедани лойиҳада таклиф этилганидай 2 йил эмас, балки 3 йил экиш, кейин эса пахтага ўтиш (2 йил). Бу фермерларнинг бедадан иложи борича кўпроқ фойдаланиш истагини бузмайди ва беда-буғдой аралашмасидан яхши натижалар олиш имконини беради. Бундан ташқари, ҳоким кичик синов участкасида беданинг ўрнига соя экиб кўришни ҳам таклиф қилди.
Бошқача қилиб айтганда, лойиҳа ғоясининг ўзи маҳаллий ҳокимият томонидан жуда ижобий қабул қилинди. Биладиган одамлар фермерлар инновацияларни эҳтиёткорлик билан қабул қилади, дейишмоқда. Агар биз шунчаки “Келинглар, уриниб кўрамиз” деб айтсак, фермерларнинг кўпчилиги “йўқ” дейиши шубҳасиз. Бу шунчаки янги нарса бўлгани учун, албатта, одамлар шаклланиб бўлган фаолиятларини ўзгартиришдан чўчишади. Аммо, агар лойиҳа энг фаол фермерлар билан ишлашга уриниб кўрса ва уларга ёрдам берса, унда 1-2 йилдан сўнг бу фермерлар бу яхши технология эканини эътироф этиб, у бўйича ишлашда давом этишлари мумкин. Уларнинг ортидан эса бошқалар ҳам эргашади.
Афсуски, фермерлар билан кўп гаплашолмадик. Аммо жойларга бориб келганимиздан кейин ушбу усулнинг истиқболлари тўғрисида жуда ижобий таассурот пайдо бўлди. МК сафар натижалари борасида ММҚ аъзолари билан ўртоқлашди. Электрон форматда ўтган қўшимча мунозарадан сўнг қўмитанинг қолган аъзолари лойиҳани қўллаб-қувватлашга рози бўлди.
Шундай қилиб, лойиҳа маъқулланди ва у бўйича иш бошланмоқда. Лойиҳа «Кўриб
чиқилмоқда» тоифасидан «Жорий лойиҳалар» тоифасига ўтди.
Қўшимча равишда лойиҳа саҳифасини бу ерда кўринг.