The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

SERHOSIL – Тупроқнинг унумдорлигини сақлаш ва ҳосилни кўпайтириш учун нима қилиш керак?

Ўзбекистон минтақавий давлат бўлиб, географик жиҳатдан қулай жойлашган. Мамлакатимиз ҳудудининг катта қисми Ўрта Осиёнинг икки азим дарёси – бир пайтлар тўлиб-тошиб, шиддат билан оққан Амударё ва Сирдарё оралиғида қулай жойлашган. Бундай мақбул шарт-шароитлар бу ерларда истиқомат қилаётган аҳоли турмушини таъминловчи асосий машғулот – деҳқончиликнинг ривожланиши учун асос яратди. Бизнинг аждодларимиз ўзларининг кўп асрлик тарихи давомида асосан ўтроқ ҳаёт кечириб, деҳқончилик билан шуғилланиб келган. Ер уларни боққан, дарё сувлари водийларга ҳаёт ато этган. Ҳаёт ўз маромида давом этиб келган.

Ўзбекистон ҳудуди кўп йиллар давомида ўзгаришсиз қолиб келмоқда, ер ҳажми кўпайгани йўқ. Аммо эндиликда манзара ўзгача. Кўп йиллар давомида Ўзбекистон аҳолисининг сони изчиллик билан ортиб бормоқда. Мамлакат аҳолиси, саноат асри бошланганидан буён, бошқа давлатларда бўлгани каби, бир неча баравар ортган. Мисол тариқасида бир неча рақамни келтирсак: ҳар 65.18 сонияда битта бола туғилади. Бир соат ичида Ўзбекистон аҳолиси 55.2 болага кўпаяди1. Бугунги кунга келиб, мамлакат аҳолисининг сони 30 миллионга яқин. 2050 йилгача, шу суръат сақланиб қоладиган бўлса, Ўзбекистон аҳолисининг сони 43 миллиондан ортиқ бўлади2.

Аҳоли сонининг ортиши ва шунга боғлиқ озиқ-овқат эҳтиёжлари - муқаррар фактлардир.

Шунга боғлиқ равишда ичимлик суви ва ер ресурслари тақчиллигининг ортиб бориши тенденциялари кузатилади. Ер аста-секин таназзулга учрайди, қишлоқ хўжалигини юритиш учун яроқли ресурсларини йўқотади ва сув тақчиллигига учрайди, у аввалгидек ўсиб бораётган аҳолини боқишга ва ўзининг табиий вазифалари бажаришга қодир эмас. Биз ерга ҳалокатли таъсир қилишда давом этмоқдамиз, суғоришнинг анъанавий усулларини қўллаш, ўғитлар ва кимёвий воситаларни катта миқдорда ишлатиш натижасида унинг функцияларига салбий таъсир кўрсатмоқдамиз. Бизга озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириб бериш, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун ермизга неча тонна минерал ўғитлар, пестицидлар, гербицидлар ва бошқа препаратлар солинади? Айтиш мумкинки, бу рақамлар ниҳоятда катта. Ҳолбуки, буларнинг барчаси кимё саноати маҳсулотларидир. Ушбу моддаларнинг катта қисми, эримасдан ерга чўкиб қолади, суғориладиган сув билан дренаж тизимига, ундан сўнг каналларга ва дарёларга ўтади. Сув айланиши бу жараённи такрорлайди. Аслида бизга ёрдам бериш учун яратилган ушбу кимёвий воситалар, натижада ерни заҳарлайди, уни кераксиз чиқиндилар билан тўлдиради.

Ушбу омиллар аграр ривожланиш салоҳиятини чеклашга олиб келади.

Мазкур хулосалар асосида ҳақли саволлар туғилади: Тупроқнинг унумдорлигини сақлаш, унда кечаётган табиий жараёнларни яхшилаш ва ҳосилдорлигини ошириш учун нима қилиш керак?
Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш учун нималар қилиш керак? Етиштирилаётган маҳсулотнинг сифатини яхшилаш, ёки ҳеч бўлмаганда уни сақлаш учун нималар қилиш керак? Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши таннархини пасайтириш ва рентабеллигини ошириш учун нималар қилиш керак? Ушбу масалалар ер ресурсларини бошқарувчи қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларига ва қарор қабул қилувчи шахсларга қаратилган. Яқинда ЎзР ФА нинг Микробиология институти билан бошланган лойиҳа ана шу масалаларнинг айримлари билан шуғилланади.

Белгиланган масалаларни хулосалаб, асосий вазифани қуйидагича белгилаш мумкин: кам харажат сарфлаб, табиатга антропоген ва техноген таъсирни оқилона қисқартириш орқали озиқ-овқатнинг максимал даражасига ва маҳсулотларнинг экологик хавфсизлигига қандай эришиш мумкин? Қўйилган вазифанинг ҳал қилиниши қишлоқ хўжалиги мутахассисларидан инновацион ёндашувларни ва ресурсларни тежовчи технологияларни талаб этади.

Институт олимларининг мавжуд муаммо бўйича олиб борган тадқиқотлари ўз самарасини берди ва унинг кутилмаган ечими топилди. Бу - Scenedesmus турига мансуб микро сув ўтларидир. Бу ҳақида янгиликларимизда ёзган эдик.

Ҳозирги пайтда Глобал Экологик Жамғарманинг Кичик Грантлар Дастури Микробиология институти билан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида янги биологик препарат – Serhosil ни кичик тоннажли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда. Ушбу препарат Scenedesmus турига мансуб микро сув ўтлари асосида яратилган бўлиб, у тупроқдаги микробиологик ва биокимёвий жараёнларни яхшилаш, тупроқларимиз унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Ушбу биопрепарат сув ўтларининг қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсишини рағбатлантириши хусусиятига асосланган.

Мазкур ажойиб биопрепарат ЎзФА Микробиология институти тупроқ микробиологияси лабораторияси олимлари ва мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Препаратдан экишдан олдин уруғларга ишлов беришда, шунингдек, барча турдаги экинларни суғориш пайтида (илдиз остига) ва баргларга сепишда (илдиздан ташқари) қўшимча озиқлантириш мақсадида фойдаланилади. Serhosil биопрепаратининг муҳим фарқли жиҳати бор – у инсон ва ҳайвонлар учун мутлақо зарарсиз бўлиб, айни пайтда тупроқдаги микроорганизмлар учун жуда фойдалидир. Айнан шу хусусияти тупроқнинг унумдорлигини таъминлайди.

Препарат, унинг таъсири, қўллаш афзалликлари ва имкониятлари ҳақида лойиҳавий ҳужжатда ўқинг. Қуйида лойиҳанинг бюджети ҳам келтирилган.

лойиҳа хужжатини юклаб олиш

лойиҳа бюджетини юклаб олиш