The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Суғориладиган сувларни тежашда лазерли режалаштиришдан фойдаланиш

Жамият ва табиатнинг ўзаро алоқаси мураккаб ва ўзгарувчан жараён ҳисобланади. Инсоният табиат неъматларидан қанча кўп фойдаланса, унинг атроф-муҳитга таъсири ҳам шунча юқори бўлади. Ҳозирги пайтда замонавий жамият олдида табиат бойликларини асраб қолиш ҳамда унинг келгусидаги салбий оқибатларидан огоҳлантириш мақсади турибди. Экологик мувозанатни сақлаган ҳолда, қишлоқ хўжалик маданий ўсимликларидан юқори ҳосил олишга эришиш ва иқтисодий фойдани кўпайтириш ҳисобига Ер сайёрасининг ўсиб бораётган аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш устувор вазифага айланган. Захираларни тежовчи инновацион технологияларни, шу жумладан қишлоқ хўжалигида ҳам қўллаш барқарор ривожланишга эришишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Ерларни лазер қурилмаси ёрдамида режалаштириш технологиясини “барча янги нарсалар – бу унутилган эски нарсалардир” деган иборага қиёслаш мумкин. Лазер ёрдамида режалаштириш Совет Иттифоқи даврида Марказий Осиёдаги янги суғориладиган ерларни ўзлаштиришда қўлланилган. Дунё бўйлаб технологияларнинг қизғин ривожланиши билан ўзининг самаралилиги ва нисбатан арзонлиги туфайли лазерли қурилмалар инсон ҳаёт фаолиятининг кўпгина соҳаларида фойдаланила бошланди. Охирги пайтларда унинг турли вазифаларни ҳал этишга қаратилган кўплаб мослаштирилган моделлар пайдо бўлди.

Хусусан, қишлоқ хўжалигида сув истеъмолини қисқартириш, суғоришга кетадиган вақтни камайтириш, ўсимликларнинг бир текис ва қийғос униб чиқишига эришиш мақсадида ерни режалаштириш (текислаш) учун лазер қурилмасидан фойдаланиш инновация ҳисобланади. Ушбу инновацион технологиянинг ерларни анъанавий режелаштиришдан афзаллик томонлари шундаки, бунда суғориладиган сувларнинг 15-20% тежалади, сувдан фойдаланишнинг умумий самарадорлиги ошади ва ҳосилдорлик 5-7 центнерга ўсади.

Глобал Экология Жамғармасининг Кичик Грантлар Дастури 2009 йилдан буён “Хоразм вилоятида қишлоқ хўжалигини турғун ривожлантириш учун захираларни тежовчи технологияларни оммалаштириш” лоҳайисини амалга оширишда Хоразм Агро-маслаҳат Марказини (KRASS) қўллаб-қувватламоқда. Мазкур лойиҳа доирасида 2010 йилнинг 17-18 май кунлари ZEF/UNESCO KRASS Ўзбекистон-Германия лойиҳаси билан ҳамкорликда навбатдаги семинар-тренинг ҳамда иккита Сувдан фойдаланувчилар ассоциацияси – Қўшкўпир туманидаги “Аширмат” СФА ва Урганч туманидаги “Амир Темур” СФАнинг намойиш ер участкаларида дала кунлари ўтказилди. Тадбирда вилоят ва туман фермерлик ассоциациялари, сувдан фойдаланувчилар ассоциациялари вакиллари, қишлоқ ва сув хўжалиги вилоят бошқармаси ходимлари ҳамда фермерлик хўжаликларининг раҳбарлари иштирок этди.

Урганч Давлат университетининг ректори, биология фанлари доктори Р.А.Эшчанов ва KRASS ННТнинг директори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Н.М.Ибрагимов ушбу лойиҳани амалга ошириш методлари ва натижалари ҳамда унинг келгусидаги ривожи ҳақида маъруза қилишди. Захираларни тежовчи технологиялар бўйича мутахассис, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди О.Эгамбердиев лазерли режалаштириш қурилмасининг ишини далада намойиш этди ва ушбу ускунанинг техник ва экологик афзалликлари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, KRASS маркази ходимлари ҳам тадбир иштирокчиларига лазерли режалаштириш қурилмасини сотиб олиш бўйича иқтисодий ҳисоб-китобларни ҳамда ундан қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида фойдаланишнинг иқтисодий афзалликларини намойиш этишди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.