The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Тошкент шаҳридаги кўп хонадонли уйларни иситиш тизимларининг энергия самарадорлиги

Ушбу лойиҳа Жайрон лойиҳасидан кейин ГИЖ КГДга тақдим этилган иккинчи лойиҳа ҳисобланади. Лойиҳа мазмуни жуда оддий – Тошкент шаҳридаги кўп хонадонли уйларда иситиш тизимини, бир пайтнинг ўзида атмосферага ташланадиган иссиқхона газлари миқдорини қисқартирган ва катта миқдордаги энергияни давлат учун тежаган ҳолда, самарали ўрнатиш мумкинлигини кўрсатиш.

Глобал иқлим ўзгариши муаммоси, атмосферага иссиқхона газларини ташлаш мавзуларини деярли барча йирик саммитлар ҳамда давлат ва ҳукуматлар раҳбарларининг учрашувларида, ОАВда ва ҳатто уй олдида ўтирадиган қари бувижонларнинг суҳбатида ҳам эшитиш мумкин. Улар ушбу муаммолар ҳақида турлича гапиришади.

Ҳолбуки ҳар биримиз мазкур муамони ҳал этишимиз учун бирор ишни қилиш қўлимиздан келади. Ушбу лойиҳа ҳам шуни кўзда тутади. Лойиҳанинг моҳияти қуйидагича:

Тошкентдаги кўп хонадонли уйларнинг аксарияти ҳамон темир трубалардан иборат иситиш тизимига эга. Улар занглайди ва жуда тез тиқилиб қолади. Ҳар 5 йилда янги трубаларни сотиб олиш ва эскиларининг ўрнига ўрнатиш учун пул сарфланиши керак бўлади. Бу ишни тез-тез бажариш кўпчилик учун оғир, албатта. Натижада нима юз беради? Трубалар ўз ўрнида қолади, аммо уларнинг тешиги керакли миқдордаги ва босимдаги иссиқ сувни ушлаб туриш учун анча кичрайгани (металл заки билан қоплангани) боис сувнинг иситиш тизимида ҳаракатланиши учун нимадир қилиш керак бўлади. Бунинг ечими оддий: иситиш тизимидаги сувни “тўкиб ташлаш”. Тизим ичида ҳаракатланиши лозим бўлган иссиқ сув энди канализацияга тўкиб ташланади. Унинг ўрнини тўлдириш учун эса яна кўп иссиқ сув, уни иситишга газ ёки кўмир керак бўлади. Яъни катта миқдорда сув, табиий захиралар ва пул маблағлари сарфланади.

«Мустақиллик Иккинчи Коммуналчи» уй-жой мулкдорлари ширкати (УЖМШ) муаммони ҳал этишнинг глобал эмас, ўз уйлари учун тўғри келадиган ечимини таклиф қилишди. ГИЖ Кичик Грантлар Дастурига кўриб чиқиш учун тақдим этилган лойиҳа Ширкатдаги кўп хонадонли уйлар мисолида ўтказилди. УЖМШ таркибига мухандислик коммуникацияларига эга еттита кўп хонадонли уй киради, уларда 334 та оила ёки мингга яқин киши истиқомат қилади, шу жумладан 93 та оила кам таъминланган ва ижтимоий заиф қатламлар сирасига киради. Лойиҳа УЖМШга қарашли кўп хонадонли уйларнинг иситиш тизимини модернизация қилишни кўзда тутади. Модернизация ишлари эски темир трубаларни замонавий пластик трубаларга алмаштириш орқали амалга оширилади.

Лойиҳа бундай алмаштиришни намойиш қилишга, глобал атроф-муҳит учун иссиқхона газларининг атмосферага ташланишининг қисқариши кўринишида иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини кўрсатишга йўналтирилган. Бунда чиқинди газларнинг қисқаришига иситиш учун ишлатиладиган иссиқ сув истеъмолини камайтириш ҳисобига эришилади. Ахир ушбу иссиқ сувни чиқариш учун ҳам углеводород ёнилғисини ёқиш талаб этилади-да. Хонадонлар соҳиблари лойиҳани ишлаб чиқишда трубалар фақат уларни алмашатиришга қурби етадиганларнинг хонадонларидагина эмас, балки барча хонадонларда алмаштирилган тақдирдагина амалий натижа бўлишини ҳисобга олдилар. Шундай қилиб, лойиҳа нафақат муҳим ижтимоий масала, яъни 93 та кам таъминланган оила хонадонларидаги трубаларни алмаштириш масаласини, балки унинг атроф-муҳит учун фойдали эканини ҳам ҳисобга олди.

Ҳисоб-китобларга кўра минимал экологик самара УЖМШ бўйича табиий газни йилига 2,244 метр кубга, иссиқ сувни 8,370 метр кубга ва электр-энергиясини йилига 72,360 квт/соатга тежашни ўз ичига олади. Меъёрий ҳисоб-китоблар бўйича иссиқхона газларининг атмосферага ташланиши модернизация қилинган уйлар учун йилига СО2 эквивалентида камида 158,9 тоннага қисқаради.

Лойиҳа маъқулланиб, амалга оширилишга рухсат этилди.

Лойиҳа иловаси

Лойиҳа натижалари тез орада сайтимизга юклаб олинади.