The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

5 июндан сўнг...

Концертнинг охирги садолари жаранглашдан тўхтади, Тошкент шаҳрига тун қоронғилик пардасини тортди, бир қўшиқда куйланганидай, кун “аста-секин ўтмишга айлана бошлади”.

Хўш, бу кундан нима қолди? Ҳозирнинг ўзидаёқ форумларда бу байрамни ўтказмаслик керак эди, унинг ўрнига бирор фойдали ишни бажариш яхшироқ бўларди, деган бир қатор фикрларни учратиш мумкин. Таниқли бир аёл менга байрамни ўтказиш ўрнига ўзимиз ташаббус билан чиққан ғоя, яъни экомарказга ем-хашак олиб беришга ёрдам берган фойдалироқ бўларди, деб ёзиб юборибди. Бу фикрга қўшилиш ҳам, қўшилмаслик ҳам мумкин. Байрамга тайёргарликни 3 ой олдин бошлаганимизни айтиш жоиз, ем-хашак муаммоси эса экомарказда яқинда пайдо бўлди. Аммо гап бунда ҳам эмас. Мен кўпчиликнинг бу байрамни ўтказиш шарт эмасди, бу кўргазманинг нима кераги бор, ундан кўра бирор конкрет фойдали иш қилиш зарур, деган фикрларига қўшила олмайман. Балки мен ноҳақдирман, балки байрамни ўтказиш шарт эмаслигида қандайдир мантиқ бордир. Эҳтимол. Фақат шуни айтмоқчиманки, бизнинг дастуримиз шундоқ ҳам жуда кўп фойдали ишларни амалга оширмоқда. Биз табиат учун фойдали ишларни бажариш учун ташкил этилганмиз. Ўйлайманки, кўп ишларни уддалаяпмиз ҳам.

5 июнь санаси ҳам айнан шу мақсад учун эълон қилинган – яъни ҳозирги кунда табиат билан нималар юз бераётгани, қандай муаммолар мавжудлигини, мамлакатимизда бу вазиятни яхшилаш учун қандай ишлар олиб борилаётганини бошқалар билан ўртоқлашиш учун эълон қилинган. Ушбу тадбир ташқаридан бекорчиликдай туюлса ҳам, бу куннинг аҳамияти жуда катта. Мен ҳеч бўлмаганда бир нафар киши ўзининг табиат неъматларидан фойдаланиш борасидаги фикрларини ўзгартиришига ишонаман. Бу ерда ҳам капалак эффекти амал қилади: кимдир чироқни ўчиришни ёки сув келадиган кранни ўчириб қўйишни бошлайди, балки тежалган энергия ёки бир томчи сув сайёрамизнинг бирор бурчагида ҳаётнинг давом этишига имкон берар. Бу бизнинг тоғларимиз, ёки бошқа вилоятдаги узоқ бир қишлоқ бўлиши мумкин, бу ҳаёти сув билан боғлиқ бўлган бирор турнинг сақланиб қолиниши бўлар. Табиат – катта ва нозик тармоқ бўлиб, ундаги ҳар бир бўғин иккинчиси билан бевосита боғланган, у эса, ўз навбатида, учинчисига боғлиқ ва ҳоказо. Шу боис ҳар бир кичик ҳаракат, агар буни ҳар биримиз бажарсак, ёрдам беради. Бунинг учун эса, гапириш, одамларга нима ва қандай эканини тушунтириш лозим. Бу борада бир талай имкониятлар мавжуд. Улар сирасига, албатта, шу каби байрамлар ҳам киради.

Кейин инсонийлик нуқтаи-назаридан ҳам ушбу кун байрам сифатида яхши ўтди, у одамларга кўплаб қувонч келтирди. Бунга деярли ишончим комил.
Мен баҳсни ушбу хабар билан очмоқчиман. Одамлар келгусида бундай байрамларни ўтказиш тарафдорими ёки йўқ – ўзларининг бу борадаги фикрларини билдиришсин. Биз одамларнинг қалбига нима яқинлигини билишимиз, агар бу одамларга ёқмаса, келгусида шундай байрамларни ўтказиш шартми ёки йўқлигини тушунишимиз зарур. Шунингдек, эътиборингизга байрамдан тайёрланган фоторепортажни ҳам тақдим этамиз.

Томоша қилинг, завқланинг, ўз фикрларингизни қолдиринг. Улар учун сиздан миннатдор бўламиз.