Барчангизга маълумки, ҳар йили 5 июнда барча тараққийпарвар инсоният атроф-муҳитни ҳимоя қилиш кунини нишонлайди. Бу кун инсонлар эътиборини она-табиатда юзага келган муаммоларга қаратишга; борлиғимиз бевосита мавжуд экотизимнинг саломатлиги билан алоқадорлиги ҳақида ўйлаб кўришга; агар ҳозирданоқ бизга сув, ҳаво, гўзал турмуш тарзимиз учун қулай иқлим яратаётган, озиқ-овқат, кийим-кечак, бор нарсаларимизни муҳайё қилувчи буюк бойлигимиз саналмиш табиат ҳақида қайғурмасак нималар рўй бериши ҳақида ўйлаб кўришга яна бир бора имкон яратади.

ЎзР атроф-муҳитни асраш Давлат қўмитаси, Глобал Экологик Жамғарманинг Кичик Грантлар Дастури (ГЭЖ КГД) ҳамда Ўзбекистон Ёшлар Экологик Тизими (ЁЭТ) бир қатор алоҳида, бироқ бир мавзу доиросида бирлаштирилган тадбирларни тайёрлади. Шундай қилиб, 3 июнь куни энергияни асраб-авайлаш, ер ва сув ресурсларидан рационал фойдаланиш, шунингдек ўзгариб бораётган иқлим шароитларида биохилма-хилликни сақлаб қолиш мавзусига бағишланган Миллий анжуман бўлиб ўтади. Анжуманда кўтариладиган бош мавзу бу иқлим ўзгариши инсонларнинг ҳаётида, хўжалик юритишлари-ю доимий тарзда даромад олишларида қай тарзда акс этаётгани, мамлакатимиз мисолида ер ва сув захираларидаги биохилма-хилликнинг унумли ишлатилаётгани масаласи бўлади. Иқлим ўзгариши ва унинг инсон ҳаётига таъсири масалаларига бефарқ бўлмаган ҳар бир одам анжуман иштирокчиси бўлиши мумкин. Қатнашиш учун иштирокчи анкетасини тўлдириш зарур. Батафсил маълумотни шу ерда ГЭЖ КГД саҳифасидан топишингиз мумкин. Аризалар бериш 2011 йил 27 майга қадар узайтирилди.

ГЭЖ КГД ҳамда ЁЭТнинг ҳамкорликдаги мини-энергетик қурилмалар лойиҳаси қишлоқ аҳолиси учун “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ аҳолиси ўртасида кичик масштабли альтернатив ва энергиядан самарали фойдаланувчи қурилмаларни тадбиқ этиш” технологиялар кўргазмасини ўтказади. Бу технологиялар лойиҳа томонидан мамлакатимиз худудида тадбиқ этилади. Бу қурилмалар содда ва қулай бўлиб, қишлоқ жойлардаги аҳоли ҳаёт тарзи учун ўта муҳим бўлган энергияни асраш имконини беради. Барча хоҳловчилар қизиқарли мусобақаларда иштирок этишлари, қурилмаларни ишлатиб кўришлари, викторина саволларига жавоб бериб, кўплаб совринларни қўлга киритишлари мумкин.
Шунингдек, имкониятдан фойдаланган ҳолда, кўргазмада ГЭЖ КГДнинг бошқа лойиҳалари ҳам намойиш этилади. Кўргазма 3кун давомида - 3, 4 ва 5 июнь кунлари ўтади.
Бундан ташқари, 3 июнь куни Ўзбекистон ёшлари «Қадам ташла!» Ёшлар Экологик Форумида иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. Бу тадбирда энг ташаббускор ҳамда теварак-атроф учун бирон-бир кўмак киритишни истаганлар экологик лойиҳалар ёзишни, ўзларининг ташаббусларини амалга оширишни ўрганадилар, шу билан бирга бугунги кунда муваффақиятли тарзда ишлаётган эколойиҳалар билан танишадилар. Анжуманда иштирок этиш учун бизнинг саҳифамиздаги шаклни шу ерда тўлдириб, рўйхатдан ўтиш зарур.
Александра Поварич расмлари.