Тартиб билан бошлаймиз. Бизда далаларни лазер қурилмаси ёрдамида текислаш лойиҳаси мавжуд. Лойиҳани Урганчдаги КРАСС ННТ олиб бормоқда. ННТнинг номи ўзбек тилида қўйидагича бўлади – Khorezm Rural Advisory Support Services ёки Қишлоқ аҳолиси ёки жойларини қўллаб-қувватлаш бўйича Хоразм маслаҳат маркази. Аммо кўмак жуда эътиборли соҳага – фермерлар ва қишлоқ аҳолисига хўжалик юритишдан нафақат турғун даромад олиш, балки табиий капитални асраш имконини берувчи қишлоқ хўжалигини оқилона усулда юритишга йўналтирилган. Яъни қишлоқ хўжалигини юритиш асосларига қаратилган. Яхши ҳосил ва даромад олиш учун ер, сув ва табиий капиталнинг (биз атайлаб “капитал” сўзини ишлатдик! Ресурслар эмас! Капитал!) бошқа элементларидан қандай қилиб тўғри фойдаланиш мумкин?! Мазкур марказ ана шундай саволларга жавоб беради.
Марказ Урганч Давлат университети, UNESCO ва ZEF/Bonn Университетининг ҳамкорликдаги лойиҳасининг фаолияти доирасида яратилган эди. Ҳозирги пайтда у ресурсларни тежовчи технологияларни оммалаштириш бўйича ўз фаолиятини нафақат Хоразм вилоятида, балки бутун мамлакат бўйлаб кенгайтиришни бошлади. Биз тез орада КРАСС ННТ Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини турғун юритиш соҳасидаги энг ишончли ва профессионал таҳлил марказларидан бири сифатида танилишига жуда умид қиламиз.
Энди Наманган ва Андижонда айнан нималар бўлиб ўтгани ҳақида. Маълумки, академик кишиларни кўп ҳолларда профессионал ва дўстона алоқалар боғлаб туради. КРАСС ННТ директори профессор Назар Ибрагимовнинг Андижон қишлоқ хўжалик институтида бир нечта аспирант талабалари ва ҳамкасблари бор. Улар орасида, албатта, мунтазам мулоқот мавжуд. Андижонлик дўстлар ZEF/Bonn ва КРАСС ННТ лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида билиб қолиб, бундай технологиялар бўйича институтнинг талабалар ва ўқитувчилар таркиби учун ўқув семинарини ўтказишга таклиф қилишди. КРАСС ННТ жамоаси дарров рози бўлди, тақдимотлар тайёрланди ва Андижонга сафар ташкил этилди. Фарғона водийсига йўл олишар экан, бу имкониятдан иложи борича кўпроқ фойдаланиб қолишни ўйлашди. Наманган иқтисодиёт-муҳандислик институтининг таклифига биноан бундай ўқув тренингини Наманган институтида ҳам ўтказишга қарор қилинди.
2 декабрь. Йўлга чиқдик. Об-ҳаво анча аёзли бўлса-да, очиқ эди. Довондан хотиржам ўтиб олдик. Тушликдан сўнг Наманганда, институтда эдик. Одатга кўра кутубхонага ташриф буюриб, у ерда талабалар учун табиат бўйича турли ахборот материалларини қолдирганимиздан кейин, семинаримизни бошлаймиз.
Биринчи бўлиб Ойбек Эгамбердиев сўзга чиқди. У далаларни лазер қурилмасида текислаш технологияси, яъни ГЭЖ КГДнинг ҳамма томонлама намунавий лойиҳаси ҳақида оддий ва тушунарли тилда гапириб берди.
Ойбекнинг лазер ёрдамида текислаш бўйича тақдимоти билан танишиш (ўзбек тилида)
Кейин лойиҳанинг ва ННТнинг етакчи иқтисодчиси Инна Руденко сўз олиб, виртуал сув концепцияси ҳақида сўзлаб берди. Бу концепция барча талабалар ва ўқитувчилар учун янгилик. Умуман олганда эса, у ҳақда Ўзбекистонда жуда кам билишади. Бироқ ундан яхшигина фойдаланиш мумкин. У ҳақиқатан ҳам мамлакатнинг табиий капиталдан фойдаланиш сиёсатини тузишда жуда муҳим. Қандай қилиб, деб сўраяпсизми?
Қисқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳар қандай маҳсулотни ишлаб чиқариш учун сувдан фойдаланилиши ҳақида ўйлайдиганлар жуда кам. Сув сероб. Ана шу маҳсулотда уни ишлаб чиқаришга кетган бутун сув мужассам бўлади, таркибида эмас, айнан ишлаб чиқаришида гавдаланади. Нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришда сув ишлатилади; буғдойни унга айлантиришда сув ишлатилади; буғдойни етиштиришда сув ишлатилади; ун, буғдой ва бошқаларни ташиш учун бензин ишлаб чиқарилишида сувдан фойдаланилади. Сувнинг бевосита нон таркибидаги миқдори эса жуда кам. Аммо агар шу нонни ишлаб чиқариш учун бутун жараёнлар занжири давомида умуман қанча сув сарфлангани ҳисоблаб чиқилса борми, унда 1 дона нонни ишлаб чиқариш учун 2000 литрдан зиёд сув сарфлананишини билиб оламиз. Ўзбекистонда 1 кг мол гўштини ишлаб чиқариш учун 50 минг литр сув талаб этилади. Мана шу виртуал сув концепцияси демакдир.
Иқтисодий таҳлилни ўтказганда мана шундай хулосаларни қилиш мумкин. И.Руденко ўзининг ишида қуйидагиларни кўрсатиб берди:
Агар биз қайта ишлаш саноатини фаолроқ ривожлантиришни бошласак, пахта экини учун фойдаланиладиган ерлар миқдорини ҳамда пахта хомашёсини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган сув миқдорини анчага қисқартирган бўлардик. Ҳар қандай буюм кўринишидаги қайта ишланган пахтани қўшимча қиймат занжирида сотиш шунчаки хомашёни сотишдан кўра фойдалироқ. Биз пахтани қайта ишлашимиз ва уни сотишдан худди шундай ялпи даромад олишимиз мумкин. Масалан, 1 кг мато, 1 тонна пахта хомашёсини сотган каби сотилади. Айтиш жоизки, 1 кг матони ишлаб чиқариш учун камроқ пахта хомашёси кетади, демак пахта учун ажратилган ер ва сарфланадиган сув, энергия миқдори ҳам қисқаради.
Аммо ҳисоб-китобларда янада чуқурроқ кириб бориш мумкин. Ҳар бир кейинги буюмни ишлаб чиқариш учун сув сарфланади. Агар биз мамлакат сифатида сувни асраш ва ундан турли мақсадларда оқилона фойдаланишни истасак, биз учун мато ёки майкаларни ишлаб чиқариш эмас, балки ип ишлаб чиқариш ва сотиш анча фойдалироқ бўларди.
Учрашув иштирокчилари янги концепцияни катта қизиқиш билан тингладилар.
Иннанинг виртуал сув концепцияси ҳақидаги тақдимоти билан танишиш (рус тилида)
Кейин Акмал Акрамхоновнинг ахборот технологияларидан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш тўғрисидаги тақдимоти тингланди. Акмал талабалар ва ўқитувчиларни географик ахборот тизимларидан (ГАТ) фойдаланиш имкониятлари, бу тизимнинг афзалликлари, асосий тушунчалари ва ҳоказолар билан таништирди.
Акмал Акрамхоновнинг ГАТ бўйича тақдимоти билан танишиш (рус тилида)
Ундан сўнг Юлдуз Жуманиёзова Greenseeker асбоблари ҳақида гапириб берди, бу ҳам тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бундай асбоблар етакчи мамлакатларнинг қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланилади, улар маданий ўсимликларни етиштиришга кетадиган сарф-харажатларни сезиларли даражада камайтириш ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради. Бу асбобни аниқ деҳқончиликнинг элементларидан бири дейиш мумкин, у ўғитлардан оқилона фойдаланишда қўлланилади. Аниқ деҳқончиликда бундай асбоблардан фойдаланиш навигация тизимлари билан биргаликда ўғитлар, озиқлантирувчи элементлар ва дориларни даланинг конкрет майдонидаги агрокимёвий кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда тақсимлаш имконини яратади. Асбоб махсус платформага ўрнатилади, трактор ҳаракатланганда асбоб трактор ўтаётган майдондаги ўсимликларнинг вегетатив ҳолатига баҳо беради, азот ёки бошқа ўғитлардан қанча кераклигини ҳисоблайди ва айнан шу миқдордаги ўғитларни киритиш буйруғини беради. Шу тариқа, даланинг ҳар бир участкаси ва ҳар бир ўсимлик ўзининг сифатли ривожланиши учун қанча зарур бўлса шунча миқдорда ўғит олади.
Юлдуз Жуманиёзованинг тақдимоти билан танишиш (ўзбек тилида)
Кейин ўз тақдимоти билан Елена Кан чиқиш қилди. У олиб бораётган тадқиқот ишининг мавзуси – ресурсларни тежовчи технологиялар бўйича билим ва технологияларни илгари суриш учун ахборот-маслаҳат хизматларининг (extension service) аҳамияти ва ишлаш амалиёти.
Елена Кан тақдимоти билан танишиш
Семинар якунида Алексей Волков сўз олиб, ГЭЖ КГД ва табиий капитални муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун Глобал Экология Жамғармаси (ГЭЖ)нинг маблағларидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида сўзлаб берди. Иштирокчилар катта қизиқиш билан амалга оширилаётган ГЭЖ КГД лойиҳалари ҳақида билиб олдилар. Аквамаданият, ерга нолли ишлов бериш, биогаз ва бошқалар бўйича лойиҳалар тилга олинди.
Семинар охирида тингловчиларни ГЭЖ КГДнинг кичик совғалари ўйналадиган қизиқарли викторина кутарди. Йиғилганларга баён этилган мавзулар бўйича саволлар берилди. Саволларга энг яхши жавоб берган кишилар кичик совғаларга эга бўлишди.
Эртаси куни, 3 декабрда, худди шунга ўхшаш семинар Андижонда, қишлоқ хўжалиги институтида ўтказилди. Ўша куни ҳаво жуда совуқ эди, Тошкентда қор ёққанди. Андижонда эса қор йўқ бўлса ҳам, жуда совуқ эди.
Андижондаги тренинг иштирокчилари жуда фаол бўлишди, кўплаб саволларни беришди ва ўтказилган тренингдан кўнгиллари тўлиб, миннатдор бўлиб қолишди.
Жўнаб кетишдан олдин бизни шаҳар қаҳвахоналаридан бирига таклиф этишди. У ерда мен ҳаётимда биринчи марта метрлаб сотиладиган кабобни татиб кўрдим. Бутун жамоамизга 3 метр кабоб етарли бўлди. J