The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Велосипед ғояси давом этмоқда!!

Агар эсингизда бўлса, яқиндагина биз вело-ўйинни ўтказган эдик. У жуда қизиқарли тарзда ўтиб, унда кўплаб ёш йигит-қизлар қатнашди. Ўйиннинг моҳияти одамларнинг эътиборини табиатга ҳеч қандай зарар етказмайдиган ушбу ажойиб транспорт турига жалб этишдан иборат бўлди.

Аммо ўйиндан сўнг оз вақт ўтган бўлса-да, ҳамма жимиб кетди ва унинг самараси ҳам сезиларли бўлмади. Балки, биз ушбу масалага оммавий ахборот воситаларининг қизиқишини уйғота олмагандирмиз. Биз ўйинда иштирок этган йигит-қизлардан бу борада нималарни ўзгартириш, нималарни яхшироқ қилиш мумкинлигини сўрадик. Иштирокчи қизлардан бири ўйинни шаҳарда ўтказиш керак эди, деб жавоб берди. Қатнашчилар шаҳар бўйлаб велосипедда юрганларида одамлар улар нега велосипедда юришибди, деб сўраган бўлардилар, балки шунда аҳолининг қандайдир бир қисми ўйин ғоясига қизиқиб қолармиди...

Албатта, бу тўғри. Аммо биз иштирокчиларнинг хавфсизлиги ҳақида қайғурган ҳолда бошқача қарор қилгандик. Шу боис журналистлар, электрон ОАВ ва бошқалар велосипеднинг фойдаси ҳақида одамларга етказадилар деган умидда ўйинни мутлақо хавфсиз жойда ўтказдик. Бироқ, афсуски, бу юз бермади.

Ўйиннинг яна бир жиҳати бор эди. Унда жуда кўпчилик қатнашгиси келди, аммо уларнинг аксариятида велосипед йўқ эди. Улар уни қаердан топишни ҳам билишмасди. Ҳамма велосипедни дўстлари, танишларидан сўраб олиб турди. Шунга қарамасдан, кўпчилик бир кунга бўлса ҳам “темир дўст”ни топа олмади.

Бироқ ҳаётда бирор воқеа ўз-ўзидан содир бўлмайди. Ҳамма нарсанинг ўз белгилари бор, ҳаммаси бир-бири билан боғлиқ. Кимдир ниманидир жуда қаттиқ истаса, мақсадига эришиш йўлини ҳам топади. Ҳаёт эса унга белгиларни берган ҳолда, фақат ёрдам беради. Айнан шундай белгини яна бир марта олдик.

Ҳар иш кунимни офисга келишим биланоқ почтани ўқишдан бошлайман. Бугун менга Македониялик ҳамкасбимдан хат келибди. У ерда ГЭЖ КГД жуда фаол ишлайди. У, албатта, бизнинг ўйинимиз ва кўпчилик велосипед ғоясини ҳаётга татбиқ этиш учун ёрдам бермоқчи экани ҳақида ҳеч нарса билмаган.

Хатда Македония пойтахти Скопье шаҳрида бўлиб ўтган ГЭЖ КГД лойиҳаси ҳақида ёзилган экан. Лойиҳа жуда оддий ва шу билан бирга ажойиб! Одамларда велосипед йўқми?! Унда уларга велосипеддан фойдаланиш имконини беринг. Лойиҳа ушбу транспорт турида ҳаракатланишни хоҳлаган барча фуқаролар учун велосипедларни ижарага олиш бўйича офисни ташкил этишга ёрдам берган. Ижара хизмати 100 та велосипедни ишга солган. Натижада: Македония пойтахтининг аҳолиси ва меҳмонлари эндиликда велосипедни ижарага олиши ва ундан истаган пайтда фойдаланиши мумкин. Табиатга эса зарар етказилмайди, чунки бунда углеводород ёқилғиси ёнмайди ва атмосферага турли-туман зарарли ва ёмон газлар ташланмайди. Офис эса ўз фаолиятини велосипедлар ижараси ҳисобига юритади.

Хўш, бу Ўзбекистонда ҳам такрорласа бўладиган яхши ғоями?

Албатта, у ерда лойиҳа ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланган. Бизда ҳозирча бундай кўмакни олиш сал қийинроқ кечмоқда. Скопье шаҳрида велосипед ижараси бўйича офисни очиш маросимида шаҳар мэри, муниципалитет мэри ва ГЭЖ КГД координатори яшил лентачани тантанали тарзда қирқишган.