The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Қорақалпоғистон – умидлар ва натижалар

Хоразмда бўлганимиздан кейин Қорақалпоғистонга қараб йўл олдик. У ерда бизни 2 та лойиҳа – ерга нол ишлов бериш лойиҳаси ва фитомелиорация лойиҳаси кутарди. Қўмита аъзолари Урганчдан Тошкентга учиб кетишди.

Нукусга етиб келишимиз билан энг асосий ҳамкоримиз ва ГЭЖ бўйича катта акамиз бўлган БМТТД-ГЭЖнинг “Амударёнинг қуйи дельтасида тўқайзорларни асраш” лойиҳасининг офисига йўл олдик. Тўқай лойиҳасининг раҳбари бўлган Ҳалилулло Сатимович Шеримбетов ГЭЖ КГД га доимий тарзда кўмак кўрсатиб туради. Ерга нол ишлов бериш лойиҳасининг ғояси ҳам деярли тўқай бўйича лойиҳа доирасида туғилганди:

  • бутун жараённи қоғозга туширган ва ташаббус билан чиққан лойиҳамиз раҳбари Бахитбай Айбергенов жамоа ўрмончилиги бўйича тўқай лойиҳасининг маслаҳатчиси ҳисобланади;
  • лойиҳасиз учун лойиҳа ҳудуди сифатида олдин режалаштирилган Қонликўл туманидаги биосфера резерватининг ҳудуди танланган;
  • ерга нол ишлов бериш бўйича ишлар тўқай лойиҳаси доирасида бошланган эди, аммо лойиҳага алоқаси бўлмаган сабабларга кўра якунига етмади.

Мазкур лойиҳа ҳамкорликда бошланиб, ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу ГЭЖнинг катта лойиҳаси кичиги билан биргаликда қандай ишлай олишига яхши намуна бўла олади.

Халилулла Сатимович маҳаллий раҳбариятни ишлардан хабардор қилиб боришни маслаҳат беради. Йўл-йўлакай маҳаллий Қонликўл тумани ҳокимиятига кириб ўтдик. Ҳоким Тулубай Турсунбаевич Ибрагимов барчасидан хабардор ва лойиҳанинг боришини диққат билан кузатиб бораётган экан. У энг бошиданоқ лойиҳани қўллаб-қувватлади – ерни ҳосилдор қилиш ва Оролбўйи ҳудудига жудаям зарур бўлган яхши ҳосилни олиш учун қандайдир янги нарсаларни синаб кўриш керак. Ҳоким бизни ишлар кетаётган жойга кузатиб қўйиш учун ёрдамчисини берди.

Бахитбайга қўнғироқ қилдик. У бизни ўша жойда, далада кутаётган экан. Лойиҳа ишлари қизғин паллада. Тўғрисини айтсам, нол ишлов бериш лойиҳасига бошиданоқ эҳтиёткор муносабатда эдик. Ҳа, бу амалиёт ҳозирги пайтда энг прогрессив усуллардан бири ҳисобланади. Ҳа, суғориладиган деҳқончиликка эга барча мамлакатлар бу амалиётдан борган сари кўпроқ фойдаланишмоқда. Ҳа, бу технология ерни ҳайдашдан кўра самаралироқ ва ерга нисбатан яхшироқ муносабатни билдиради. Аммо у Ўзбекистонда оммалашармикан? Фермерларнинг ўзлари уни қандай қабул қилишади? Бу ҳақда мана билиб олишимизга ҳам оз қолди.

Жайхун қўрғонига қарашли далаларга келдик. Бизни Бахитбай, фермерлар кутиб олишди. Ишларнинг бориши ҳақида гапириб беришди, ўзимиз ҳам техника ишлаётганини кўрдик. Фермерлар ҳақиқатан ҳам янги ускуна ва янги технологияга қизиқиб қолишди. Умуман олганда, технология жуда оддий бўлиб, у учта асосий элементдан иборат: ерни ҳайдамаслик ва экинни тўғридан-тўғри экиш; тупроқ устини қоплайдиган ўсимлик қолдиқларини дала юзасида қолдириш; маданий экинларни алмашлаб экиш. Айни пайтгача режалаштирилган дастлабки 10 га ер эмас, балки 24 га ер майдонига янги технология бўйича ишлов берилган. Режадаги тадбирлардан ташқари, лойиҳа доирасида 120 дан зиёд иштирокчига (туман фермерларига), ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Жўқорғи Кенес, ЎзР ва ҚР қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, туман ҳокимияти вакилларига лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил семинар ҳам ўтказилган. Тақдимот семинарида нол усулида экиш учун сеялкалар ва ерларни текислаш учун лазер қурилмасининг иши намойиш этилган.

Бунда лойиҳанинг яхши раҳбари Бахитбай Айбергеновнинг хизмати катта, шунингдек Қонликўл тумани ҳокими жаноб Ибрагимовнинг ҳамда тўқай лойиҳаси ва лойиҳанинг бутун жамоаси кўрсатаётган кўмак туфайли иш қизғин кетмоқда. Ҳар доим шундай бўлсин. Сезиб турибмиз, ушбу лойиҳа ГЭЖ КГДнинг энг етакчи лойиҳаларидан бирига айланади.

Қонликўл ва Кегейли туманлари ҳудудида амалга оширилаётган иккинчи лойиҳа ўз фаолиятини эндигина бошлади. Оралиқ экиш методи бўйича қишга чидамли маданий экинларни экиш ишлари ўтказилган эди. Илк натижаларни баҳорда кўриш мумкин бўлади. Ҳозирча эса, бирор нарса дейиш қийин.
Monitoring safari haqida yana bir eslatma bor - tomchilatib sug'orish haqida. U sizga qiziq bo'lishi mumkin. Bu yerda.