The GEF Small Grants Programme

in Uzbekistan

Билимлар ярмаркаси - 2013.Постфактум.

Аввал хабар қилинганидек, Глобал Экологик Жамғарманинг Ўзбекистондаги Кичик Грантлар Дастури (ГЭЖ КГД) ўзининг 5-йиллигини нишонлади. Дастуримиз ҳаётининг воқеалар хронологиясидан "Redisson Blu" отелида ўтказилган май конференцияси кўпчиликнинг ёдида қолди. Ушбу конференцияни расмий учрашув ва ўзига хос машқ деб ҳам аташ мумкин. Катта учрашувнинг сценарийсини ёзиш, барча ролларни, саҳналарни белгилаш ва уларни ташкил этиш ишларини бошлаш керак эди. Бизнинг ҳолатда лойиҳалар ижрочилари – айнан улар бош ролларнинг ижрочиси – мураббийлар, ўз роллари ва мажбуриятларини ёддан биларди. КГД жамоаси йилнинг бошидан барча дўстлар, ҳамкасблар, маслакдошлар ва ўзларининг асосий тингловчилари – фермерлар, табиий ресурслардан фойдаланувчилар, талабалар, олимлар ва бошқа манфаатдор шахсларни тўплаган ҳолда беш йилликни нишонлашни мўлжаллаган эди. Бу давр ичида дастур кўп тажриба ва билим орттирди ва миннатдор тингловчилар билан ўртоқлашиш фурсати келди.

Ва ниҳоят, Мустақиллик байрами ва билимлар куни арафасида, 20-21 август кунлари Тошкентда «Билимлар ярмаркаси- 2013» бўлиб ўтди. Бу гал меҳмонларни Тошкент Ирригация ва Мелиорация институти қабул қилди. Ушбу ярамаркада бизнинг дастуримиз ҳамкорлари билан биргаликда ўзининг инновацион технологияларини тақдим этди ва улар ҳақидаги билимлари билан ўртоқлашди. Тадбир кўнгилдагидек ўтди ва ташкилий жиҳатдан савияси баланд бўлди. БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва КГД жамоаси институт ректоратига яратилган имкониятлар ва биз учун аҳамиятли бўлган анжуманни ўтказишда кўрсатилган ёрдами учун миннатдорлик билдиради. ТИМИ проректори Султанов Тохиржонга ярамаркамизни ўтказишда фаол иштирок этгани учун алоҳида миннатдорлик билдирамиз.


Ярмаркани ТИМИ нинг илмий ишлар бўйича проректори, доцент Султанов Тохиржон Закирович очди.

Сенатор, Аграр ва экология масалалари қўмитасининг аъзоси, "Тошкент Оқшоми" газетасининг бош муҳаррири Акрамов Акмал Махмудович ярмарка иштирокчиларига табрик сўзи билан мурожаат этди.

Ярмарка Ўзбекистондаги БМТТД, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, «Экосан» жамғармаси кўмагида, Узгидромет, Тошкент Ирригация ва Мелиорация Институти кўмагида ва иштирокида, Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши, Хоразм Агромаслаҳат маркази (KRASS), мамлакат илмий-тадқиқот марказлари, институтлари ва университетлари ҳамкорлигида ташкил қилинди.
Тошкент Ирригация ва Мелиорация Институтида бўлиб ўтган ярамарканинг бош мақсади табиатдан фойдаланишнинг энг яхши амалиётларини намойиш қилиш, барча манфаатдор томонлар билан табиий ресурслардан оқилона, барқарор фойдаланиш бўйича мулоқот ўрнатишдан иборат.

Ярамаркага келган экологлар, олимлар, асосий вазирликлар ва идоралар, ННТ вакиллари, шунингдек республиканинг барча ҳудудларидан келган фермерлар, журналистлар институт фойесида ташкил қилинган кўргазма орқали янги, айни пайтда синовдан муваффақиятли ўтган ишланмалар ва экологик инновациялар билан танишиш имкониятига эга бўлди.


- Мелиорация ҳақида билишни истайсизми? Яқинда қўлланма чоп этилади.
- Менинг исмим Александр Морозов.
- Китобнинг тақдимотига таклиф қиламан.

Технологиялар ҳақидаги батафсил маълумотлар уларнинг бевосита муаллифлари ва ижрочилари томонидан ярамарка дастури бўйича ўтказилган тақдимотлар ва ўқув семинарлари жараёнида тақдим қилинди. Улар орасида ердан самарали фойдаланиш ва тупроқнинг унумдорлигини ошириш, суғоришнинг самарали технологияларини қўлланган ҳолда суғориш сувларидан оқилона фойдаланиш бўйича технологиялар ва амалиётлар, муқобил энергия ишлаб чиқариш, мамлакатдаги биохилмахиллик ва табиий ресурслар салоҳиятидан фойдаланиш бўйича минитехнологиялар бор. Ярмаркада Ўзбекистондаги ГЭЖ КГД фаолиятининг турли соҳаларига оид жами 17 та инновацион технология намойиш қилинди. Улар орасида дастур томонидан муваффақиятли синовдан ўтказилганлари ҳам, айни пайтда халқ хўжалигида қўлаш учун синовдан ўтказилиши керак бўлган технологиялар ҳам бор.

ГЭЖ КГД томонидан Ўзбекистонда жорий қилинаётган муваффақиятли технологиялардан бири чорвачилик чиқиндиларидан биогаз олиш технологияси ҳисобланади. Ярамаркада намойиш этилган технология анъанавий энергия манбаларидан фойдаланишнинг самарали муқобили ҳисобланади. Ҳозирги пайтда кўплаб аҳоли яшаш пунктларида анъанавий энергия манбаларига боғлиқ муаммолар мавжуд, шу сабабли айниқса қишлоқ жойларида муқобил энергия манбаларини жорий этиш зарурияти туғилмоқда. Энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш вариантларидан бири – бу биогаз ускунаси бўлиб, у чорвачилик ишлаб чиқариш чиқиндилари, маиший чиқиндилар ва озуқа қолдиқлари ҳисобига ишлайди. Биогаздан фойдаланиш технологияси айниқса чорва моллари оғилхонада боқиладиган фермер хўжаликларида юқори самара беради.


Ирина Дергачева биогаз ҳақида

Замонавий биогаз ускуналари чорвачилик чиқиндилари ва маиший чиқиндилардан қимматли органик ўғит ва биогаз (асосан метан) олиш имконини беради. Биогаз ускунасидан фойдаланиш мавжуд йирик қорамол ва чўчқалардан ҳосил бўладиган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш органик чиқиндиларни (гўнг, тезак, ахлат, қаттиқ маиший чиқиндилар, озиқ-овқат қолдиқлари, ўсимликлар қолдиқлари) газсимон ёқилғига, ва ундан сўнг электр ва иссиқлик энергиясига айлантиради.

Айни пайтда, гўнгни қайта ишлаш натижасида экологик тоза қаттиқ органик ўғитлар олинади, улар нитратлар ва нитритлар, бегона ўтлар уруғлари, патоген микрофлора, гельминтлар тухумлари, бадбўй ҳидлардан холи бўлади. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши қолдиқлари ва гўнгдан олинадиган ўғитлар, қўлланилиши билан ўсимликка таъсир кўрсатади, тупроқдаги кислота миқдорини камайтиради, ўсимликларнинг муҳитнинг салбий таъсирларига, айниқса қурғоқчиликка чидамлилигини оширади. Бундай ўғитлардан барча иқлим зоналарида, барча турдаги тупроқлар учун фойдаланиш мумкин, бунда уларнинг унумдорлиги ошади ва экологик ҳолати яхшиланади.

Ирина Дергачева "Биогаз қурилмалар келажак энергияси - экологик тоза энергиянинг альтернатив манбаи"

Тупроқнинг емирилишига қарши кураш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича технологиялар тақдимотида қайд қилинганидек, ўзгараётган иқлим, сув тақчиллиги ва бошқа замонавий шароитлар ноқулай оқибатларни келтириб чиқаради. Шу сабабли тупроқни ҳимоя қилиш, унинг унумдорлигини тиклаш ва ресурсларни сақлашга йўналтирилган инновацион технологияларни жорий қилиш долзарб аҳамият касб этади. Ўзбекистон шароитида ўзининг амалийлигини намойиш этган ва кундалик амалиётга жорий этиш учун долзарб ҳисобланган бундай технологиялар қаторида дунёда яхши маълум бўлган ва кенг қўлланиладиган тупроққа нолга тенг ишлов бериш технологияси қайд қилинди.

Ушбу технологияни синовдан ўтказиш учун Қорақалпоғистон минтақаси танланди, зеро бу ерда тупроқнинг емирилиши дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан кенг қулоч ёйган. Ушбу технология КГД нинг «Тупроқни ҳимоялаш технологияларини жорий қилиш» лойиҳаси доирасида республиканинг Қонликўл туманида синовдан ўтказилди. Тупроққа нолга тенг ишлов бериш – бу ўтган йилги ҳосилдан сақланган ангизга ва ўсимликлар қолдиқларига, тупроққа ҳеч қандай ишлов бермаган ҳолда, шу мақсадга мўлжалланган дискли сошник ёрдамида тўғридан тўғри экишдир. Бу усул тупроқда кечаётган табиий жараёнлар ёрдамида тупроқнинг унумдорлигини тиклаш ва сақлашга йўналтирилган.

Нолга тенг ишлов бериш технологияси ўсимликлар қолдиқлари ёрдамида тупроқ таркибидаги гумусни тиклаш, намликни сақлаш ҳисобидан тузларнинг мавсумий йиғилишини камайтириш, тупроқнинг унумдорлигини ошириш, айни пайтда унинг минерал ва озуқавий моддаларини шамол ва сув эррозиясидан асраш, тупроқнинг биологик фаоллигини ошириш, механик ишлов бериш сонини камайтириш орқали энергетик ва меҳнат сарфини қисқартириш, атмосферага иссиқхона газларининг чиқарилишини камайтириш ва етиштирилаётган маҳсулотнинг таннархини пасайтириш имконини беради.

Бахытбай Айбергенов "Қорақалпоғистоннинг суғориб экиладиган, шўрланган ерларида тупроқ ҳимояловчи технологияни кўллаш амалиёти"

Ярмаркада қорақалпоғистонлик б.ф.н. А.Тилеумуратов ерларнинг фитомелиорацияси лойиҳаси натижаларини тақдим этди. Бу ерларнинг унумдорлиги ва самарадорлигини оширишга янгича ёндашувдир. Ушбу усулдан фойдаланиш, асосий экинлар (пахта ва буғдой) экиш талабларини бузмаган ҳолда ер ва сувдан нооқилона фойдаланиш, тупроқнинг иккиламчи шўрланиши ва унумдорлиги пасайиши муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради. Ушбу тупроқни ҳимоя қилиш тизими унумдорликни ошириш, намликни сақлаш ва чорвачилик учун озуқа базасини кенгайтириш борасида анча самарали ҳисобланади.

Амалиётнинг моҳияти мавжуд алмашлаб экиш таркибига (пахта, буғдой) дукаккли ўтларни киритишдан иборат. Асосий экинларни экиш оралиғида куз-қиш мавсумида оралиқ дуккакли-бошоқли экин экиш ва кузги буғдой қатлами остига бедани қўшиб экиш усулларидан фойдаланилди. Ушбу технологияга кўра узлуксиз занжир сақланади, бунда тупроқ ҳар доим тирик ўсимлик қатлами ҳимояси остида бўлиб, унинг органикасидан озиқланади.

Азат Тилеумуратов "Ерларни фитомелиорация қилиш орқали қўшимча даромад олиш ва тупроқнинг унумдорлигини яхшилаш"

- Умуман олганда, "Билимлар ярмаркаси" муваффақиятли ўтди, - дейди Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг ўсимликшунослик кафедраси профессори Насриддин Халилов . Барча маърузалар ва тақдимотлар экология ва қишлоқ хўжалигининг долзарб масалаларига бағишланган. Бизнинг фикримизга кўра, фермерлар ва амалиётчиларда қишлоқ хўжалиги экинларига ишлов беришнинг ресурсларни тежовчи технологиялари алоҳида қизиқиш уйғотди. Тупроққа нолга тенг ишлов бериш, жадал озуқавий алмашлаб экиш, Индигоферани ўстириш, тоғ олди ҳудудларидаги пистазорлар, асаларилар ёрдамида чанглатиш ва бошқа кўплаб мавзулар ва йўналишлар шулар жумласидан. Фикримизча, бундай ярмаркаларнинг ўтказилиши нафақат фермерлар учун, балки қишлоқ хўжалиги корхоналари, ўқув юртлари раҳбарлари, агрономлар, зоотехниклар, олий ўқув юртлари талаблари ва б. лар учун фойдалидир.

Профессор Н. Халилов ярмаркада 4 та далали ем-хашак экинларини алмашлаб экиш технологиясини тақдим этди. Ушбу технология ердан ем-хашак етиштириш мақсадида янада самарали фойдаланиш ва айни пайтда тупроқнинг унумдорлигини тиклаш ҳамда унинг келгуси емирилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Насриддин Халилов "Самарқанд вилояти шароитида жадал ем-хашакка оид экинларни алмашлаб экишда ерларни лазерли текислаш технологиясини ва тупроқни ҳимоялаш деҳқончилигини жорий этиш орқали иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш ва ерларнинг ҳолатини яхшилаш"

Республика манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг бош илмий ходими Люциан Николяи писта дарахти кўчатлари ва уларни доимий ўсиш жойига экилганидан сўнг парваришлаш чоралари ҳақида сўзлаб берди.

Республика манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг етакчи илмий ходими, қ.х.ф. доктори Галина Черновадарсдан ташқари ... Шунчаки писта дарахти ҳақида...

Кенг кўламда синовдан ўтган ва жорий этилганидан сўнг кенг оммалашган технологиялардан бири сифатида қурғоқчил тоғ олди ҳудудларидан пистазорлар плантацияларини ўстириш орқали фойдаланиш технологияси хусусида тўхталиб ўтиш керак. Писта дарахти қурғоқчил тоғ олди ҳудудларида етиштириш учун иқтисодий жиҳатдан ниҳоятда қулай экин ҳисобланади. Ўзбекистонда бундай ерлар мамлакатнинг 12 та вилоятидан 9 тасида мавжуд бўлиб, уларнинг ҳажми 400 000 гектардан ортиқ. Бундай вилоятларда, одатда лалмикорлик билан шуғилланишади, мойли экинлар, буғдой етиштиришади ёки қорамол боқишади. Бундай ерларнинг унумдорлиги ниҳоятда паст. Чорванинг ортиқча боқилиши даражасининг юқорилиги умумий ва кенг тарқалган муаммо ҳисобланади, бу эса кўчатлар ва кўп турдаги ўтлар қатламининг тикланишига йўл қўймади.

Ўсимлик қатламининг йўқлиги ерлар емирилиши ва унумдор ерларнинг йўқ қилиниши борасидаги дастлабки ҳаракатлантирувчи омил бўлиб, оқибатда даромаднинг йўқотилишига олиб келади. 2009 йилда биринчи лойиҳа иш бошлади. Унинг ёрдамида 50 гектар майдонда пистазорлар плантациялари яратилди. 2011 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида мавжуд плантация негизида пистазорлар бизнеси бўйича «ўсиш нуқтаси» яратилди. Кейинчалик Андижонда бутун Фарғона водийси учун навбатдаги ўсиш нуқтасини яратиш бўйича лойиҳа ўз ишини бошлади. Бугунги кунда писта дарахти кўчатларини Жиззах вилоятида, Қашқадарёда ва Андижонда учратиш мумкин. Мамлакат бўйича фермерлар ва деҳқонлар томонидан мустақил ўситирилаётган писта дарахтлари сони кун сайин ортиб бормоқда.

Тижорий пистазорлар плантациялари қурғоқчил тоғ олди ҳудудларида ердан фойдаланишнинг энг унумли усули сифатида муваффақиятли синалган ва текширилган. Ишонч билан айтиш мумкинки, пистазорлар плантацияларининг яратилиши ва юқори ҳосил олиниши Ўзбекистонда деҳқончиликнинг ушбу турини саноатлашган даражага олиб чиқилишига хизмат қилади. Ўзбекистоннинг табиий шароитлар ва имкониятлари жаҳон бозорида писта экспорти бўйича етакчилар сафидан ўрин эгаллаш имкониятини беради.

Евгений Ботман "Писта плантациялари – Ўзбекистоннинг қурғоқчил тоғ олди ҳудудларида ердан самарали фойдаланиш бўйича янги усул"

Тирик балиқ ва аквакультура ҳақида

КГД томонидан тарғиб қилинаётан технологиялардан яна бири – Ёпиқ Сув таъминоти Қурилмасида (ЁСҚ) балиқ етиштириш технологиясидир. Ўзбекистондаги табиий сув ҳавзаларининг ҳудуди катта эмас, шунингдек янги сунъий ҳовузларни яратиш учун бўш ер ҳам йўқ. Шу сабабли ҳозирги пайтда Ўзбекистондаги бундай шароитларни ҳисобга олганда балиқ етиштириш бўйича долзарб технология ЁСҚ да балиқ етиштириш технологияси ҳисобланади. Ушбу технологияга кўра илиқ сувда ва тропик ўлкаларда яшайдиган балиқларни етиштиришга мўлжалланган бўлиб, унумдорлиги 40 кг/м3 ни ташкил этади (ҳовузли хўжаликларда балиқ етиштиришга нисбатан 1000 баравар юқори), бунда юзаки оқим ёки сув ҳавзасининг мавжудлиги аҳамиятга эга эмас.

Технологияга кўра, хона ичида бетондан ясалган (қиймати арзон) бассейнлар яратилади. Хона майдони аквакультура фабрикасига боғлиқ ҳолда ўзгариб туради, айни пайтда, ҳам шаҳар марказида, кичик ер майдонида, бевосита истеъмолчиларга яқинда жойлашиши мумкин. Қурилманинг ишини таъминлаш учун насослар ёрдамида сувнинг циркуляция қилиш тизимини яратиш керак, бу эса сувни такроран, ёпиқ циклда ишлатиш имконини беради. Қурилманинг фильтрация тизими билан таъминланиши балиқ етиштиришда сувнинг сифатини назорат қилиш имкониятини беради. Йил давомида ҳавонинг мўътадил ҳароратини сақлаш учун сувни иситиш тизими мавсумийликни истисно этади ва йил давомида балиқ вазнининг ўсишини таъминлайди. Етиштирилаётган балиқларнинг мувозанатланган озиқланишини таъминлаш балиқ вазнининг мақбул ўсишига эришиш имконини беради.

Бахтияр Камилов "Жадал аквакультуралар технологиялари ва Ўзбекистонда уларнинг истиқболлари"

Юрий Мундан «Қуёшли чой»!
Юрий Мун NTT канали томошабинларига муқобил технологиялар ҳақида, хусусан, анъанавий энергия турларидан фойдаланмай туриб, чой қайнатиш ва «чўлда омон қолиш ва меҳмондўст бўла олиш» тўғрисида сўзлаб берди.

Ярмаркада намойиш этилган асосий технологиялардан яна бири томчилатиб суғориш технологияси, хусусан, Ўзбекистон шароитига мослаштирилган, боғлар учун ҳамда пахта, буғдой каби анъанавий экинлар учун мўлжалланган томчилатиб суғориш тизимлари бўлди. Ушбу технология синовдан ўтказилган ва лойиҳа доирасида Наманган вилоятининг Уйчи туманида уни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Томчилатиб суғориш технологияси амалиётга жорий этиш босқичида турибди. ГЭЖ КГД БМТРД кўмагида бундай кейин ҳам бутун мамлакат бўйлаб ушбу технологияни оммалаштиришга кўмаклашади. Фермерлар учун харажатлар ва даромадлар таҳлили (ХДТ) амалга оширилди, ҳукумат томонидан ушбу технологияни жорий этишга мўлжалланган харажатларини ҳисобга олган ҳолда харажатлар ва даромадлар таҳлили устида иш олиб борилмоқда. ХДТ нинг дастлабки натижалари шуни кўрсатмоқдаки, технологияни жорий қилишда чегирмалар ва солиқ таътилларнинг киритилиши мамлакат бўйлаб тарқатилишига ва жорий қилинишига кўмаклашади. Бундай шароитлар мева-сабзовотларни етиштириш секторини жиддий тарзда рағбатлантириши мумкин, аммо бундан ташқари, технологияни оммавий экинларга, пахта ва буғдой каби экинларга кенгроқ тарқатиш учун шарт-шароитларни яратиш зарур.

Ўзбекистон шароитларига мослаштирилган пахта, буғдой ва боғлар учун томчилатиб суғориш тизимини ишлаб чиқарувчиси, "Жамолиддин Сардор Хамкор" фермер хўжалиги раҳбари - Абдулвоҳид Болтабаев,тўлқинланиб томчилатиб суғориш тизимининг афзалликлари ва уни жорий этишдан олинадиган даромадлар ҳақида сўзлаб берди.

- Мен Глобал Экологик Жамғарманинг Кичик Грантлар Дастури билимлар ярмаркасида иштирок этишга таклиф қилинганимдан ниҳоятда хурсандман, - деди "Жамолиддин Сардор Хамкор" фермер хўжалиги раҳбари Абдулвоҳид Болтабаев. - Барча ташкилотчиларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Билимлар ярмаркасида республикамиз тараққиёти йўлидаги янги ютуқлар билан танишиш баробарида янги дўстлар орттирдим.

Республикамиз аҳолиси йил сайин кўпайиб бормоқда. Биз эса табиий ресурсларни ва атроф-муҳитни асраш йўлидан оғишмай, қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил олишнинг янги усулларини излашимиз зарур. Қишлоқ хўжалиги экинларини замонавий усулларда етиштиришда Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилган ва ярмаркада намойиш этилган "Серҳосил" биопрепаратидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ушбу биопрепарат билан республикамизнинг барча фермерларини таъминлаш зарур, - деб таъкидлайди А. Болтабаев.

- Ярмаркада, тақдимотим пайтида менга молия вазирлигидан мутахассис саволлар билан мурожаат қилди. Мен маърузамни тугатганимдан сўнг кўчага чиқдик ва суҳбатимиз давом этди. Унинг айтишича, ҳозирги пайтда фермерларимизнинг янги технологияларга муносабати кўнгилдагидек эмас. Мен айтимки, фермерлар янги технологиялар ҳақида билишлари ва уларни жорий этишлари учун жойларда кўргазмали ўқув машғулотларини ташкил қилиш керак, - дейди Абдулвохид Болтабаев. Сўзининг якунида Абдулвохид Болтабаев ярмарка ташкилотчиларига мустаҳкам соғлиқ ва бошлаган хайрли ишларида муваффақият тилади.

Абдулвохид Болтабаев "Ўзбекистондаги томчилатиб суғориш"

Даврон Ниязметов "Томчилатиб суғориш технологиясининг иқтисодий самарадорлиги"

Ярмаркада тақдим қилинган навбатдаги технология каналлар тубини пластик қоплама билан изоляция қилишга бағишланган эди. Ушбу технология ярмарка иштирокчиларида ва маъруза тингловчиларида жонли қизиқиш уйғотди. Айни пайтда кўплаб саволлар берилди, баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди, таклифлар илгари сурилди. Ушбу технология илк бор Ўзбекистонда, Хоразм вилоятида, КГД ва Янгиариқ Сувдан фойдаланувчилар уюшмасининг лойиҳаси доирасида жорий қилинди. Ҳозирги кунда ушбу инновацион ёндашув синовдан ўтган ва унинг жорий қилиниши ўз натижаларини берди ва технология самараси ойдинлашди. Сувни тежаш бўйича аъло кўрсаткичларга эришилди – бу усул сув оддий каналдан олинишига нисбатан икки баравар самарали бўлиб чиқди. Оддий каналда сув тупроққа фильтрация қилиниши натижасида йўқотилади ва уни тортиб олиш учун насослар талаб қилинади. Таклиф қилинаётган усулда эса каналнинг туби изоляция қилинади ва қияли қилиб режалаштириладики, токи сув йўқотилмасин ва далаларга ўз оқими билан узатилсин. Натижада насослардан фойдаланиш, ва уларга боғлиқ бўлган бошқа харажатларга йўл қўйилмайди.

Ҳозирги пайтда ушбу технологиянинг харажатлари ва фойдаси таҳлил қилинмоқда. Туби бетон билан изоляция қилинган ва қилинаётган каналларга нисбатан, мавжудларини замонавийлаштириш ва янги каналларни барпо этиш мақсадида ушбу технологиянинг жорий қилиниши давлатга катта фойда келтириши мумкин. Жойларда технологиянинг жорий қилиниши Сувдан фойдаланувчилар уюшмасига ва сув ресурсларидан бевосита фойдаланувчиларга – фермерларга пул маблағларини тежаш имконини беради. Аммо ҳар қандай инновация каби ушбу технологик усул давр синовидан ўтиши керак ва ҳозир синаб кўрилмоқда.

Каналлар изоляциясига доир инновацион технология ва уни жорий этиш натижалари ҳақида билимлар ярмаркасида Хоразмдаги "KRASS" ННТ нинг катта илмий ходими Инна Руденко ва мухандис-гидролог Хўжас Жабборов сўзлаб беришди. Ярмаркадан сўнг улар ўз таассуротлари билан ўртоқлашди ва қуйидагилар ҳақида тўхталиб ўтишди:

- Бизнинг технологиямизга бағишланган семинар давомида асосан техник тусдаги саволлар берилди, - дейди Хўжас Жабборов. - Изоляция учун қандай пленка тўғри келади? Неча микрон бўлиши керак? Бу технология қанча вақт хизмат қилади? Сув оқими, айниқса, канал ёнларидан пленкани кўчириб олиб кетмайдими? Экскаватор ёрдамида балчиқларни олиб ташлашда қийинчиликлар туғилмайдими? Изоляциядан кейин ҳақиқатдан ҳам насослар керак бўлмайдими?

Бундан сўнг, Инна Руденко семинар иштирокчиларининг истаклари ҳақида сўзлаб берди:

- Семинар иштирокчилари узоқ муддатли самарага эришиш учун изоляция қилинган каналларнинг мониторингини давом эттиришди сўрашди. Семинарда иштирок этган банк хизматлари соҳаси мутахассислари ушбу технология муаллифларига Ислом Тараққиёт Банки иштирокида бошланган «Тошсоқ ирригация тармоғини тиклаш» лойиҳасига киритиш учун Техник Иқтисодий Асослашни ҳамда иш режасини ишлаб чиқишни маслаҳат беришди. Тошсоқ ирригация тармоғи Хоразм вилоятидаги ирригация тармоқларининг энг йиригидир, шу сабабли ҳудуд учун алоҳида муҳим аҳамиятга эга. Семинар иштирокчилари шунингдек ушбу технология афзалликлари ва самараларидан Хоразм ҳокимиятини ва бошқа манфаатдор шахсларни хабардор қилиш зарурлигини таъкидлашди, - деди сўзининг якунида Инна Руденко.

Хужяз Жаббаров "Ер ва сув ресурсларини бошқариш бўйича инновациялар"

Ирина Руденко "«Каналларни пластик қоплаш: афзалликлар, хисоб-китоблар, истиқболлар (Хоразм вилояти)»"

Қашқадарё вилояти Китоб туманидан келган фермер энергия самарадор иссиқхона технологиясини тақдим этди. Ушбу иссиқхона қуёш нурлари ҳисобидан иситилади, бундан қуёш энергияси иссиқхонадаги кўчатларни парваришлаш учун зарур бўлган иссиқлик энергиясига айлантирилади. Иссиқхонанинг ўзига хос тузилиши қуёш нурларини фотосинтез учун ҳамда иссиқхона ичидаги микроиқлимни йил давомида сабзовот ва кўкатларни етиштириш учун зарур бўлган миқдорда сақлаш имконини беради. Жумладан, қиш фаслида +5 +15°С ҳарорат таъминланади.

Ушбу иссиқхонанинг анъанавий иссиқхонадан афзаллиги нимада, деган саволга фермер шундай деб жавоб берди: - Ушбу иссиқхона қатор афзалликларга эга. 2013 йилда мен 2-йиллик лимон кўчатларини, оралатиб булғор қалампирини экдим. Қалампирдан даромад олдим, энди лимонлар ҳосилга кирган. Ушбу иссиқхона қуёш энергияси ҳисобидан ишлайди. Йилнинг совуқ фаслида 1 соткалик майдонга эга иссиқхонани истиш учун 4-5 тонна кўмир ёқилса, ушбу иссиқхонадан фойдаланишда бу маблағлар тежалади. Айни пайтда бундай иссиқхонадан фойдаланиш орқали ўтин учун дарахтлар кесилишининг олди олинади. Умид қиламанки, ушбу технология ўтин ва ёқилғи ёнишидан атмосферага чиқариладиган иссиқхона газаларини камайтиришга, бозорларда иссиқхона хўжаликлари маҳсулотларининг нархини арзонлаштиришга ёрдам беради. Аҳоли эса маблағларини тежаш ва турмушининг бошқа соҳаларини яхшилаш имкониятига эга бўлади, - деди фермер А. Ашуров.

Абдумурод Ашуров "Энергия тежамкор иссиқхоналар"

Рустамжон Тошматов электроэнергия ишлаб чиқариш бўйича минитехнологиялар ва унинг олис туманлар турмушидаги аҳамияти ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.

- Корхонамиз Андижон вилоятида жойлашган, Заврак1 ГЭС ини ишга туширдик. Бу йўлда биз қатор қийинчиликлар ва муаммоларга дуч келдик. Республикамизда фаолият кўрсатаётган ГЭЖ КГД бизга кўп жиҳатдан ёрдам берди. Айни пайтда биз қўшма лойиҳа устида ҳам иш олиб бормоқдамиз. Ҳозирги пайтда КГД Заврак1 ГЭС учун 200 кВт қувватга эга генераторни харид қилиш бўйича иш олиб бормоқда, - деди Рустамжон Тошматов.

Микро-гидроэнергетикага бағишланган маъруза ушбу технологияни жорий этиш, уни жойига, шу билан бирга аҳолига, қарор қабул қилувчи шахсларга мослаштириш йўлидаги қийинчиликлар ҳақида сўз юритилди. Микро-гидроэнергетиканинг ривожланиши ва ҳудудларда энергия таъминоти борасида учрайдиган қийинчиликлар бўйича кўплаб саволлар берилди. Биз ўз тажрибамиз билан ўртоқлашдик.

Фикрингизча, ушбу технологиянинг жорий қилиниши ва 200 кВт қувватга эга ГЭС нинг ишга туширилиши қандай имкониятларни беради? - Ҳозирги пайтда қишлоқ жойларида, хусусан бизнинг вилоятимизда электр таъминотида қийинчиликлар мавжуд. Аҳоли сони ўсиб бориши баробарида мавжуд қувватлар етарли эмас. Қиш фаслига келсак, умуман шароит йўқ, электр энергияси ҳам деярли берилмайди. Моддий ёрдамга таяниб, 200 кВт қувватга эга ГЭС нинг ишга туширишга эришсак, яқин атрофда жойлашган Заврак ва Янги Тўлқин қишлоқларини таъминлай оламиз. Инфратузилма яхшиланади, янги иш жойлари яратилади ва энг муҳим муаммо – ёшларнинг қишлоқлардан кетиб қолишининг олдини олиш мумкин бўлади. Ижобий ўзгаришлар кўзга ташлангач, ёшлар иш излаб, бошқа жойларга кетиб қолмайди. Турмушнинг изга тушиб, яхшиланаётгани кўринади, аҳолининг фаровонлиги ошади. Натижада улар ўз қишлоқларида жойлашиб, оиласи ва Ватани равнақи йўлида меҳнат қилади.

Мутахассис сифатида, 200 кВт қувватга эга ГЭС нинг ишга туширилишининг афзалликлари ҳақида нималарни айта оласиз? – Электроэнергия олишдаги билвосита фойдаларга тўхталадиган бўлсак, ишонч билан шуни айта оламанки, ҳаёт ва меҳнат учун шарт-шароитларнинг яратилиши маҳаллий аҳоли ва ёшларнинг интеллектуал ривожланишига хизмат қилади. Қаерда электроэнергия бўлса, у ерда ривожланиш ҳам бор!

Келгуси режаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. - Мавжуд электрстанциялар тизими поғонали тизимга асосланган. Улар бирин-кетин жойлашган. Ўзбекистонда кўп ҳудудларда бундай станциялар мавжуд. Аммо олдимизда бошқа вазифамиз бор. Аввалгисидан беш баравар қувватли бўлган Заврак2 ГЭС ни қуришни мўлжалламоқдамиз. Уни ишга тушириш учун бор имкониятларимизни сафарбар этиб, ҳаракат қилмоқдамиз, чунки ушбу ГЭС ни албатта ишга туширишимиз зарур. Заврак2 ишга туширилса, атрофдаги барча қишлоқлар доимий асосда (буни алоҳида таъкидлаш керак) – электр энергияси билан таъминланади.

Бу эса ўз навбатида атроф-муҳитни соғломлаштиришга ва ҳаётнинг яхшиланишига хизмат қилади. Бундай технология аҳолини соф энергия билан таъминлаш имконини беради. Бу ҳолда ўтин учун дарахт кесиш керак бўлмайди. Ушбу ГЭС нинг ишга туширилиши турмушнинг соғломлаштирилишига, маҳаллий аҳоли турмушини яхшилашга хизмат қилади, - деб сўзини якунлади Р.Тошматов.

Рустам Тошматов "Андижон “Заврак ГЭС”.Имкониятлар. Истиқболлар"

Синаб кўрилиши зарур бўлган технологиялар қаторига мамлакат қишлоқ хўжалиги учун янги бўлган биопрерапарт SERHOSIL дан фойдаланиш ҳам киради. Ундан фойдаланиш тупроқдаги микробиологик ва биокимёвий жараёнларни жиддий яхшиланишига хизмат қилади, ва натижада ерларимизнинг ҳосилдорилигини оширишга ёрдам беради.

- Барча жойлардаги қишлоқ хўжалигида ҳозирги пайтда қийинчиликлар кузатилмоқда. Дунёда сиёсатчилар ва ер ресурслари бошқарувчиларининг олдида сайёрамизнинг тобора кўпайиб бораётган аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш муаммоси турибди. Зеро, ер ва сув ресурслари чекланган, тупроқнинг емирилиши ва ҳосилдорликнинг камайиши жараёнлари кузатилмоқда. Ушбу муаммо қишлоқ хўжалиги олдига муайян вазифаларни қўймоқда: қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини қандай ошириш мумкин; ишлаб чиқариладиган маҳсулотларининг сифатини яхшилаш, ёки аввалги даражада сақлаш учун нима қилиш керак; маҳсулот таннархини пасайтириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши рентабеллигини ошириш учун нима қилиш керак? - дейди биология фанлари доктори, ЎзР ФА Микробиология институти тупроқ микробиологияси лабораториясининг етакчи ходими Гулнора Жуманиёзова.

Гулнора Жуманиёзова янги "SERHOSIL" биопрепарати афзалликлари ҳақида сўзлаб берди.

Кутилмаган факт шундаки, қишлоқ хўжалиги муаммоларини ҳал қилишга сув ўтлари ёрдамида эришиш мумкин экан. Аниқроғи, экологик жиҳатдан хавфсиз, Scenedesmus турига мансуб яшил сув ўтлари асосида яратилган янги Serhosil биопрепаратининг қўлланилиши ўсимлик ўсишини рағбатлантиради. Амалиётда шунга ишонч ҳосил қилдикки, ушбу препаратни қўллашда уруғларнинг унуши тезлашади ва кўпаяди. Етилиши муддати 10-15 кунга жадаллашиб, ҳосилдорилиги ортган, - дейди Гулнора Жуманиёзова.

Гулнора Жуманиёзова "Янги SERHOSIL биопрепарати"

Ерларни лазерли текислаш. Ушбу технология кенг жорий қилиниб, қўлланилиши фақат Хоразм вилояти бўйича йилига 18 млн. АҚШ долл. миқдорида фойда келтириши мумкин. Ҳозирги пайтда ушбу технологияни бутун Ўзбекистон бўйлаб жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ойбек Эгамбердиев "Ерларни лазер нивелирида текислаш технологияси"

Юқорида санаб ўтилган технологиялар бошқа технологиялар билан бир қаторда, КГД томонидан жорий қилиниб, синовдан ўтказилгач, фермерлар, аҳоли ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланувчилар орасида кенг оммалашмоқда. Бугунги кунда ушбу технологиялар мамлакатда тобора кенг ёйилмоқда, янгидан янги ерларни ўзлаштирмоқда, ресурсларни ва атроф-муҳитни ҳимоя қилишга, ҳудудлар ва умуман мамлакат иқтисодиётни барқарор ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Тақдимотлар

Қуйида эътиборингизда бошқа технологиялар ҳавола қилинади:

Шавкат Якубов, МКВК ИИМ "CФУ ва суғориш жадваллари чегарасида сувни тақсимлашнинг кундалик режасини тузиш"

Ислом Бойжанов "Қуйи Амударё минтақаси ўрмон массивлари кесилишининг олдини олишга йўналтирилган хусусий уйлар ва коттежларда энергияни тежовчи иситиш тизимлари"

Ислом Бойжанов "Қуйи Амударё минтақасида ўрмон массивлари кесилишининг олдини олиш мақсадида ўсимликлардан ва агро чиқиндилардан ёқилғи брикетларини ишлаб чиқариш ғоясини илгари суриш"

Абдуқодир Эргашев "Орол бўйидаги емирилган ерларда Индигоферани биотехнологияси ва култивацияси"

Александр Морозов "Фермерлер учун “Ер мелиорацияси ҳақида содда тилда” китоби тақдимоти"

Евгений Ботман "ТУПРОҚНИНГ УНУМДОР ҚАТЛАМИНИ САҚЛАШ ВА ЭРОЗИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ УЧУН ЎРМОН ПОЛОСАЛАРИ"

Марсел Минзафаров "Асаларичилик ҳосилдорликни ошириш омили сифатида"

Инна Руденко - Асия Хамзина материаллари асосида "Таназзулга юз тутган ерларни қайта тиклаш ва фаровонликни яхшилаш учун агро-ўрмон-мелиорация инновациялари"

Тохиржон Султонов "Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг инновацион ишланмалари"